Яхши видео суратга олиш учун қимматбаҳо профессионал ускуна сотиб олиш шарт эмас. Смартфон, мобил штатив ва микрофон бўлса, суратга тушириш, монтаж ва ишлов бериш учун бир нечта махсус иловаларни юклаш кифоя – бу тўплам материалнинг профессионал даражага яқин бўлишини таъминлаш учун етарли.
Бу йўналишда тажрибали продюсер, журналист, монтажчи-оператор Марат Содиқов мобил қурилмаларда видео тасвирга олиш ва монтаж қилиш бўйича тренинг қатнашчиларига машғулотлар ўтади. “Янги репартёр” ушбу мураббий билан суҳбатлашди ва суратга тушириш, монтаж ҳамда видеога ишлов бериш жараёнида энг кўп учрайдиган 10 та хатолик рўйхатини тузди.
1. Ёмон овоз
Суратга олиш жараёнида ёмон овоз, айниқса, суҳбат пайтида суҳбатдошнинг айтганларини тушунишнинг иложи бўлмаса, бу – фожеа. Томошабин бундай видеони кўрмайди. Бу ташқи микрофон ва овоз бошқаруви ёрдамида ҳал қилинади. Битта улагичга микрофон ва иккинчисида қулоқчин ўрнатилган махсус мослама сизга суратга олиш пайтида овоз сифатини тинглаш имконини беради. Агар бунинг иложи бўлмаса, синов ёзувини амалга оширишингиз керак. Агар ҳаммаси кўнгилдагидек бўлса, ёзинг. Мабодо сизда микрофон бўлмаса, лекин ёзиб олиш шарт бўлса, суратга олиш учун энг сокин жойни танланг. Орқа фонда кондиционер, мусиқа ва бошқа шовқинлар бўлмаслигига эътибор беринг.
2. Ўқиб бўлмас ёзув(титр)лар
Титрлар билан кўплаб муаммолар юзага келади. Биринчидан, дизайн: ранг жуда ёрқин бўлмаслиги керак, осон қабул қилинадиган бўлсин – йирик ҳарфлар ва минимал матн. Токи кўзлар титрдаги маълумотни осон ўқисин, хижжаламасин. Яъни томошабин тасвирга қарайди, лекин кўз қири билан матнни кўради ва тушунади. Асосий қоида: битта фикр — битта жумлада. Жумлалар жуда сиғимдор – тўрт-беш сўздан иборат бўлиши лозим. Шрифтни аниқ, тез ўқиладиганини танланг. Ўқишга улгуряпсизми ёки йўқми – ўзингизда синаб кўринг.
3. “Нафас ростлаш” кадрлари
Бу суратга олиш пайтидаги равшанлик “сакраб” ўйнайдиган (бирёруғ, бир қоронғу) ёки фокус маркази (гоҳ аниқ, гоҳ ноаниқ) билан боғлиқ хатолик. Бу сиз автомат режимида видео суратга олганингиз учун рўй беради. Аммо бу масалани жуда осон ҳал қилиш мумкин: иловани юклаб олиш кифоя. Androidс мартфонлари учун Open Camera, IOS учун ProMovie каби иловалар мавжуд. Улар суратга олиш пайтида ёрқинлик ва фокусни қулфлаш имконини беради. Кадр ҳеч қандай тарзда ўзгармайди. Айрим смартфонлар аллақачон ўрнатилган қулфлаш функцияси билан ишлаб чиқарилмоқда.
4. Штативёки электрон стабилизатордан воз кечиш
Титровчи кадр – аслида иккита сабабга кўра ёмон манзара. Биринчидан, томоша қилиш жуда қийин. Иккинчидан, видео профессионал олинмаган деб қабул қилинади. Ҳар доим штатив ёки электрон стабилизатордан фойдаланинг. Сизнинг смартфон камерангиз балки стабилизаторга мослашган бўлиши мумкин. Бундай ҳолларда, уни ёқишни унутманг. Камеранинг титрашига фақат фавқулодда ҳолатларда: мухбир қочишга ва йўл-йўлакай суратга олишга мажбур бўлган қўпорувчилик, ёнғин пайтлари йўл қўйилади. Бундай ҳолларда титраш оддий қабул қилинади. Агар бирон тинч воқеани тасвирга тушираётган бўлсангиз, албатта штативдан фойдаланишингиз керак.
5. Монтаж динамикасининг бузилиши
Баъзан мавзуга оид бўлмаган ва умуман кераги йўқ ўта динамик монтажли видеолар учрайди. Агар сиз ҳаракатлар, спорт, экцремал спорт турлари ҳақида видео ролик суратга олаётган бўлсангиз, унда динамик монтаж ўзини оқлайди. Агар бу симфоник мусиқали концерт бўлса, унда ҳаддан ташқари динамикага йўл қўйиб бўлмайди. Бу ноўрин кўринишдан иборат бўлиб қолади. Мобил captiоn-видеода йирик план қўллаб-қувватланади. Уларни иложи борича кўпроқ тушириш керак. Қаҳрамоннинг касби, ёки вазият, ёки ҳис-туйғулар ҳақида узлуксиз гапириш лозим. Масалан, сиз этикдўз ҳақида ҳикоя қилмоқчисиз. Этикдўзларда одатда катта, кучли, қўпол, бироз букилган бармоқлар бўлади. Улар одам ҳақида дарҳол кўп нарсаларни айтиб беришади. Кўзлар, қўллар тасвиридан ҳар доим унумли фойдаланиш мумкин.
6. Видеонинг боши, ўртаси ва якуни
Томошабин видеони томоша қилиш-қилмасликни бир неча сония ичида ҳал қилади. У тасмани айлантириб, орасидан ўтиб, бирон бир қизиқарли нарсани кўрса, ўшанда тўхтайди. Шунинг учун биринчи кадр диққатни ўзига торта олиши керак. У ҳақида ҳар доим ўйлашингиз керак. Агар биринчи кадрда умумий пландаги қандайдир мажлис тасвири бўлса, томошабин узоқ вақт қолмайди. Шунинг учун қизиқарли бошланиш, яхши ўрталик ва мантиқий якун – бу материалнинг асосий учта устуни.
7. Материал мантиқ бўлмаса…
Баъзида муаллифлар ўз материалларига аниқ бир мавзуни белгилаб олишмайди, чунки уларнинг ўзлари видео нима ҳақида бўлиши кераклигини тушунмайдилар. Мавзу кенг бўлиши мумкин, аммо видеода бу нарса аниқ кўрсатилиши керак. Масалан, мактабда ўспиринлар муаммоси. Сиз битта йўналишни белгилаб олишингиз лозим. Айтайлик, тазийққа учраган йигит ҳикояси. Унга нима бўлди? Қандай қилиб қийинчиликларни енгди? Унга ким ёрдам берди? Ҳар қандай ҳикоя инсон орқали кўрсатилиши керак – бу унинг ҳаётида қандай акс этди ва у қандай хулосалар чиқарди. Одамлар ҳар қандай янгилик, ҳар қандай маълумотни, агар унинг ўз ҳаётларига таъсир қилишини тушунсалар, катта қизиқиш билан қарши оладилар. Шунинг учун, ҳикоянинг мантиқий мазмуни аниқ, содда ифода орқали бўлиши лозим.
8. Узоқ синхронлар
Caption-видео, репортаж жанрлари учун маълум стандартлар мавжуд. Кадрдаги “гапираётган бош”ни 20 сониядан ортиқ томоша қилиб бўлмайди. Буни эшитиш ҳам қийин. Шунинг учун, агар синхрон чўзилиб кетса, уни кадрлар билан ёпиш яхшироқ самара беради – суҳбатдош гапида давом этаверади, овоз кетаверади, лекин тасвир ўзгариб туради. Муҳими, олдиндан материал сценарий режасини тузиш, видео нима ҳақида бўлишини аниқлаб олиш. Тайёргарлик кўрмасдан интервьюни суратга олишга келсак, суҳбатдош қандай мавзуда гапиришини, ундан нима хоҳлашимизни билмасак, ноқулай вазиятга тушиб қоламиз. Суҳбатдошни олдиндан тайёрлаш керак. Унга узун интервьюни жойлаштира олмаслигингизни тушунтиринг. Шундай савол бериш керакки, токи суҳбатдош сизга керакли тарзда жавоб берсин. Албатта, интервбю олиш катта санъат, аммо машқ қилиш лозим.
9. Ҳақиқатнинг бузилиши
Монтаж – унинг самарасида инсон идроки 180 даражага ўзгариб кетиши мумкин. Масалан, сиз суратга олиш учун бирорта уйга келдингиз. Кўряпсизки, бу ерда ҳамма нарса ёмон, у ер деярли ҳароба. Аммо сизга бу ерни ҳудди рисоладагидек қилиб суратга олиш кераклиги айтишди. Сиз озми-кўпми, муносиб тасвирларни танлашингиз керак. Ва бу ерда ҳамма нарса унчалик ҳам ёмон эмаслигини кўрсатишингиз лозим. Бу, албатта, манипуляция. Ёмон томондан кўрсатиш учун ҳам худди шундай йўл тутилади. Дейлик, сиз қувуридан сув оқаётган уйни суратга туширишингиз керак. Эҳтимол, у яқиндагина бузилган бўлиши мумкин, лекин журналист келиб, қувурни йирик планда суратга олиб кетади. Аммо бутун уй тўлиқ кўрсатилмади. Бу ҳам ғалати. Мувозанатни сақлаш керак. Тасвирга олиш ва монтаж орқали ҳақиқат бузиб кўрсатилиши мумкинлигини тушуниш мақсадга мувофиқ.
10. Ахлоқ қоидаларининг бузилиши
Ахлоқий тамойиллар омма билан ишлайдиган ҳар қандай одамда бўлиши лозим. Сиз ота-оналарнинг рухсатисиз болаларни суратга олиш мумкин эмаслигини тушунишингиз керак. Зўриқиш ҳолатидаги инсон қаршисига ҳам камера ўрнатиб бўлмайди. Биз қаҳрамонимиз учун жавобгарликни ўз зиммамизга оламиз. Эҳтимол, сизга суратга олиш учун рухсат беришгандир. Аммо агар одам ҳозир вазиятга тўғри баҳо берадиган ахволда эмаслигини кўрсангиз, яхшиси суратга олишни тўхтатинг. Балки, қаҳрамонингиз вақт ўтиши билан бундан афсусланиши мумкин. Сиз инсонийлик намуналарини кўрсатинг. Шунчаки суратга олманг, балки ўйланг ҳам: бу менинг қаҳрамонларимга қандай таъсир қилади? Кейинчалик бу уларга ёмон таъсир қилмайдими?
Муаллиф: Ольга Королева