No menu items!
More
    ДомойМустақил ўрганиш“Одамлар янгиликларни калькулятор билан ўқимайдилар”: коронавирус сабаб матбуот иши қандай ўзгаради

    “Одамлар янгиликларни калькулятор билан ўқимайдилар”: коронавирус сабаб матбуот иши қандай ўзгаради

    Қанча одам коронавирус юқтириб олди? Қанчаси вафот этди ёки тузалди? Инфекция ўчоғи қаерда? Бугун ушбу саволларга жавобларни деярли барча оммавий ахборот воситаларида топиш мумкин. Ўқувчиларга бу маълумот етарли эмас, улар нима бўлишини билишни, вазиятни ўрганиш ва прогнозлар олишни хоҳлашади.

    Internews таҳририяти маслаҳатчиси, BBC бутунжаҳон хизматининг Европа минтақаси раҳбари Артём Лисс ва BBC Украина хизмати собиқ раҳбари, “Микробиология” ихтисослиги бўйича биология фанлари номзоди, “Илмий журналистика” университет курси муаллифи Нина Курята Internews ташаббауси билан ОАВ мутахассислари учун веб-семинар ўтказдилар. Унда оммавий ахборот воситалари пандемия шароитида қандай ишлаши ва ўзгариши лозимлиги ҳақида сўз борди. “Янги репортер” вебинардаги асосий фикрларни ёзиб олди.

    Ўқувчилар контекст мазмунини англашлари жуда мухим

    БИЗ “ҚАНЧА ОДАМ ВАФОТ ЭТГАНИ” ҲАҚИДА ХАБАРЛАР ТАРҚАТИШНИ ЭМАС, ЎҚУВЧИЛАРГА КЕЛАЖАК РЕЖАЛАРИНИ ТУЗИШДА ЁРДАМ БЕРИШНИ ЎЙЛАШИМИЗ ЛОЗИМ.

    Пандемиянинг дастлабки кунларида одамлар интернет хабарларини зўр қизиқиш билан кузатиб бордилар. Шу туфайли кўплаб веб-ресурсларнинг оммавийлиги бир ярим бараваргача ошди. Энг кўп ўқиладиган янгиликлар, албатта, коронавирус ҳақида. Бу бошқа янгиликлар ўқилмайди дегани эмасми?

    Би-би-си материаллари олтита тоифага бўлинади: илҳомлантирувчи, ажаблантирувчи, ўргатувчи, истиқболни кўрсатувчи, трендлар ҳақида гапирувчи, сўнгги воқеалардан хабардор қилувчи Бу йўналишларнинг барчаси ўқувчи учун муҳим ва пандемия шароитида ҳам ўзини оқлайди. Аудиторияга нима қилиш кераклиги ва буларнинг барчаси қандай бўлиши ҳақида айтилган мақолалар оддий янгиликларга қараганда кўпроқ ўқилган. Сўнгги янгиликлар, албатта, бундан мустисно.

    McKinsey визуализацияга яхши мисол келтиради: Жанубий Корея, Хитой ва Италияда коронавирусдан ўлим даражаси ёш бўйича тақдим қилинади.

    Статистикани тақдим этиш муҳим, албатта, аммо ўқувчилар фақат рақамлар билан нима юз бераётганини тушуниб олишлари қийин. Ҳеч ким янгиликларни калькулятор ёрдамида ўқимайди. Фақат контекст ва фон одамга тушунча олишни осонлаштиради: бу рақам қўрқинчлими ёки қўрқинчли эмасми? Вазият яхшилаяптими ёки ёмонми? Шундан сўнггина у контекстни тушуниб, вазиятни боҳолашни бошлайди.

    Дизайнерлар учун бу ўз маҳорат ва ижодий салоҳиятларини намойиш этишнинг ажойиб имкониятдир, чунки бундай вазиятда энг яхши формат графикалар ва инфографика орқали ифода этишдир, бунда рақамлар аниқ кўрсатиб берилади, уларни бошқа мамлакатлар ёки касалликлар билан таққослаш имкони бор, натижада хулоса чиқариш ҳам осон кечади. Подкастлар, прогнозлардан фарқли ўлароқ, оммавийлигини йўқотмоқда – одатда уларни ишга кетаётиб ёки қайтаётганда тинглашади, энди тингловчиларда бунга вақт сарфлаш зарурати йўқ.

    Биз ўқувчиларга янгиликлар тақдим қилишдан бошқа яна қандай ёрдам бера оламиз?

    • Фактчек. Таҳририят нафақат ёлғон хабарларни рад этади, балки олим ва шифокорлардан шарҳ ва изоҳлар ҳам олади.
    • Интервью. Олдиндан пухта тайёргарлик кўринг, чунки сизнинг мақсад умумий саволлар бериш эмас, балки ўқувчига янги маълумот бериш ҳамдир.
    • Маслаҳатлар. Нима қилиш керак? Қаерга бориш лозим? Кимга мурожаат қилиш керак? Ким ёрдам бериши мумкин?
    • Қўлланмалар. Ўз қўлингиз билан ниқобни қандай тикиш керак? Қандай қилиб изоляция пайтида хотиржамликни сақлаш лозим? Уй шароитида дезинфекция суюқлигини қандай тайёрлаш мумкин? Смартфонни ишдан чиқармаслик учун уни қандай тўғри ишлатиш керак?
    • Касаллик тўғрисида маълумот. Буни расмий манбалардан олиш яхшироқдир. Агар сиз кенг қамровли материал тайёрлашни хоҳласангиз – чиқиш йўллари қандай, бу ўзи қандай вирус, бундан кейин нима бўлади каби саволлар билан мутахассислар, олимлар, вирусологларга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ.
    • Инсон омили. Илк касалланувчи билан интервью / илк тузалган бемор билан суҳбат, мамлакат карантин пайтида қандай яшаяпти. Одамлар билан суҳбатлашинг, улар жойларда қандай муаммоларга дуч келаётганини ёритинг.
    • Вазиятнинг ривожланиши. Мослашиш босқичи яқинлашмоқда. Бизнинг вазифамиз — жамият қандай қилиб янги вазиятда яшашни ўрганаётганини кўрсатиш.
    • Иқтисодий прогнозлар. Коронавирус глобал иқтисодиётга қандай таъсир қилади?
    • Интерфаол хариталар. Касалликнинг тарқалиши ва бошқа тегишли маълумотларга маҳаллий ҳокимият органларининг турли хил муносабатлари.

    Бошқача вазият бўлиши ҳам мумкин: одамлар коронавирусдан чарчашади ва бу ҳақда ўқиш ҳамда эшитиш учун ўзларида куч топа олмайдилар. Россия сайтларидан бири ўз ўқувчиларига “коронавирусни ўчириб қўйиш”ни таклиф қилди. Сиз тахмин қилганингиздек, ушбу функция ёрдамида сиз янгиликлар тасмасидан коронавирус ҳақидаги барча хабарларни олиб ташлашингиз мумкин.

    Қандай қилмаслик керак?

    Бунинг мисоли – ўлим ҳақидаги хабарларда инсонлар тасвирини бермасдан тақдим қилиш.

    Шунга қарамай, оммавий ахборот воситалари айнан ўз чиқишларига эътибор қаратишга ҳаракат қилмоқда. Бу ҳар доим ҳам муваффақиятли амалга ошяпти, деб бўлмайди. Оммавий ахборот воситалари йўл қўяётган айрим хатоликлар, уларни такрорлаш тавсия этилмайди:

    • “Хитой вируси – ўлим вируси, ўлим касаллиги” – бундай иборалардан сақланинг. Коронавирус ва вабо ёки эбола – ўлим даражаси юқори бўлган касалликлар ўртасида ўхшашликлар излашга ҳожат йўқ. Материалларда Хитой номининг ортиқча таъкидланиши ўқувчилар орасида синофобияни келтириб чиқаради.
    • “Машҳур Фалончида коронавирус аниқланди” каби баландпарвоз сарлавҳалардан қочинг. Бу вазиятни кескинлаштиришнинг бир кўриниши. Бу инсонлар уй карантинида бўлиши мумкин.
    • Фотосуратларни текширинг: улар материалда ёзилганларга мос келадими? Ерда ётган одамларнинг ёнида махсус кийимдаги шифокорларнинг фотосуратлари гўё касаллик ўта жиддий экани, одамлар кўча-кўйда ҳушидан кетиб қолаётгани ҳақида нотўғри тасаввур уйғотади. Мантиқан ўйлаш керак: коронавируснинг охирги босқичидаги касал одам шаҳар кўчаларида хотиржам юриши мумкинми?
    • Агар сиз қанча одам вафот этгани ҳақида ёзсангиз, ушбу хабарни касалхоналарда даволанаётган тирик одамларнинг фотосуратлари билан безаманг. Улар ўз расмлари бундай маълумотнинг бир қисми бўлишини хоҳламасликлари аниқ.
    • Нашрларнинг бирида эркак кишининг коронавирусдан вафот этган турмуш ўртоғи ҳақидаги ҳикояси табассум қилиб турган аёлининг сурати билан берилган. Бу эрнинг ҳиссиётлари билан боғлиқ ҳикоя бўлгани сабаб, яхшиси унинг фотосуратини бериш керак эди.
    • “Аслида қанча одам коронавирус юқтирган?” каби мавзудаги материаллардан эҳтиёт бўлинг. Ҳатто ЖССТда ҳам бундай маълумот мавжуд эмас, чунки ҳар бир мамлакатда касалларни, алоқадорларни ва шифо топганларни ҳисобга олишнинг ўзига хос усуллари мавжуд.

    Масофадан ишлаш этикаси

    Онлайн усулда ишлаш жараёнида, ходимлар низоларнинг олдини олиш ва ўз вазифаларини самарали бажаришда ёрдам берадиган ахлоқий қоидаларга риоя қилишлари муҳимдир:

    • Ҳиссиётларни назорат қилинг. Матнли хабарлар ҳиссиётларни нутқ каби аниқ етказа олмайди. Айрим ҳолларда, эҳтимол уларни алоҳида ифодалаш керак: ҳазил, йиғлаяпман, кулаяпман каби. Баъзида нотўғри тушунилган хабар жиддий зиддиятларга олиб келиши мумкин.
    • Онлайн алоқада қайси тил мақбуллигини танланг. Экспрессив луғатни қўллашнинг пайтими? Жамият томонидан тақиқланган иборалар мулоқотда одатий ҳол ҳисобланиши мумкин, аммо матн шаклида бошқача қабул қилинади.
    • Иш билан боғлиқ ва шахсий вазифаларни аниқлаб олинг. Оддий иш соатларида ишлаш анча самара беради, эҳтимол ишга борганда кийиб оладиган либосда бўлсангиз, психологик жиҳатдан осонроқ кечиши мумкин. Компьютер қаршисида иш пайтида овқатланмасликка ҳаракат қилинг. Чалғиш жараёнида овқатланаётганингизни ҳам сезмайсиз ва бундан ишингизга ҳам путур етади.
    • Турли каналларда турли мавзуларни ажратиб олинг. Вазифаларни шошилинч, муҳим, шошилинч эмас ва муҳим бўлмаган қисмларга ажратинг. Бу сизга кейинги босқични муваффақиятли бажаришга ёрдам беради.
    • Қайси ходимлар билан қандай мавзуларда фикр алмашиш кераклигини ўйлаб кўринг. Масалан, Францияда иш вақтидан ташқари ходимларни безовта қилиш тақиқланади. Акс ҳолда, вазият кескин тус олиши мумкин.
    • Ҳар қандай учрашувга таклифни электрон почта ёки Google-тақвим орқали тасдиқлаган маъқул. Учрашув якунида натижаларни муддатлар ва номлар билан қайд қилинг – акс ҳолда диққат ва эътибор четда қолади.

    Масофавий иш учун восита ва хизматлар

    • Айрим таҳририятлар ўз ишларини пандемия давридан аввалроқ онлайн шаклига ўтказдилар. Meduza беш йил олдин Slack орқали ишлашни йўлга қўйди, аммо нашрнинг ўша пайтдаги маслаҳатлари бугунги кунда ҳам долзарб. Бу қандай ишлашини аниқлашнинг энг яхши усули — Meduza эслатмасини ўқиш ва уни ўзингизда мустақил синаб кўриш.
    • Zencaster – онлайн аудио интервьюларни ёзиб олиш воситаси. Суҳбатдош ҳаволани олади, устига босади ва битта тугмачани босиш орқали микрофонга гапиради ва сиз mp3 шаклидаги файлга эга бўласиз. Дастур кичик ҳажмлар учун бепул.
    • Snagit – видео интервью ёзиб олиш дастури. Албатта, сиз скайп каби оддий усулдан фойдаланишингиз ҳам мумкин, аммо Snagit тасвир ва овоз сифати юқорилигини таъминлайди. Дастур пуллик.
    • Масофавий таҳририятда файлларни сақлаш учун умумий хизмат мавжуд бўлиши керак. GoogleDrive ёки OneDrive – истаганингизни танлашингиз мумкин. Google Microsoft билан солиштирганда бир мунча хавфсиз, аммо унда онлайн таҳрир амалиёти қулайроқ.

    Коронавирус пайтида журналистлар хавфсизлиги

    Guardian блогерлари билан ишлаш тажрибаси – эркак Италиядаги вазият ҳақида ҳикоя қилади

    Қандай қилиб асосий вазифани бажариш – маълумот тўплаш ва ҳокимиятга кескин саволлар бериш мумкин? Ҳеч ким коронавирус билан касалланганлар кўп бўлган жойга мухбир жўнатмайди. Шу сабабли, шароит туфайли бундай ҳудудларда бўлган блогерларнинг ишига қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Ўйлаб кўринг, эҳтимол зарар кўрган ҳудудда сизнинг дўстларингиз, ҳамкасбларингиз бордир ва сизга бу ҳақда бирон бир нарсани айтиб беришлари мумкиндир? Агар сиз бундай материални олсангиз, сизнинг зиммангизга тушадиган масъулиятни унутманг: ахборот тақдим этувчи сизга берган маълумотни текшириб кўришингиз мушкул иш.

    Агар сиз барибир журналистни хавфли ҳудудга юборишга қарор қилсангиз, хатарларни баҳоланг. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси журналистлар учун бундай шароитда қандай ишлаш бўйича тавсиялар эълон қилди. Аксарият тавсиялар аниқ ва ҳамма учун тааллуқли тавсиялар, аммо баъзилари, фақат ОАВ мутахассисларига тегишли. Масалан, микрофон-тўғноғични ишлатишдан воз кечиш ва оддий микрофондан фойдаланиш. Барча тавсияларни бу ерда ўқишингиз мумкин.

    Масофадан ишлаётган ходимлар ҳам хатар ҳудудида ҳисобланадилар, фақат тиббий эмас, балки руҳий хавф остида. Фожиали вазиятларни узоқ вақт ёритиб келаётганлар психологик жароҳат орттириб оладилар. Бунга қарши нима қилиш керак? Ушбу материалларни ёзиш учун журналист сарфлайдиган вақтни чеклаш лозим. Сизни масофадан қўллаб-қувватлайдиган психолог топинг, ҳамкасбларга бундай имконият мавжуд эканидан хабар беринг.

    Муаллиф: Ольга Королева

    Таржимон Нодир Маҳмудов
    Таржимон Нодир Маҳмудов
    Журналист, шарҳловчи, таржимон. Ўзбекистоннинг бир қатор марказий нашрларида фаолият юритган.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read