No menu items!
More
    ДомойМедиа танқидЖаннатдан Хабарлар

    Жаннатдан Хабарлар

    Уч йил олдин Ўзбекистонда янги «Ўзбекистон24» телеканали фаолиятини бошлаган эди. Режага кўра, телеканал суткасига 24 соат мамлакатда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида ҳикоя қилиши лозим эди. «Янги репортер»нинг медиатанқидчиси Наргис Қосимова Ўзбекистон учун муҳим бўлган мавзулар телеканал ижодкорлари томонидан қандай ёритилаётганлигини таҳлил қилиш учун «Ўзбекистон24» ни бир неча кун кузатди.

    Мамлакатимизда юз бераётган янгиликлардан бохабар бўлиш учун телевизор пульти орқали “Ўзбекистон 24” ахборот-таҳлилий телеканалига олгач, шу хабарларни интернет сайтларидан кўрсам бўлар экан, деган уй кечди. Нега дейсизми? Чунки мамлакатда бир кунда содир бўлаётган ўнлаб воқеалар четда қолиб, 2-3 кун олдин тайёрланган лавҳалар такрор ва такрор берилади. Уларнинг барчаси фақат ижобий кўринишга эга. Масалан, 22.06.2020 куни эфирга узатилган “Янгиликлар 24” информацион дастурида Андижон, Наманганда тадбиркорларга “кенг шароитлар” яратиб берилаётгани ҳақида телеканал мухбирлари тўлиб тошиб гапиришди, аммо Қашқадарё вилояти Косон тумани ҳокими тадбиркорни қўллаб-қувватлаш ўрнига, унинг балансидаги савдо биносини ўзбошимчалик билан тортиб олиб, ободонлаштириш ва давлат хизматлари маркази идорасига айлантиргани ҳақида телеканал журналистлари сукут сақлашни афзал билишди. Ёки шу куни Сирдарё вилоят ҳокимияти олдида юздан зиёд тадбиркор норозилик акцияси ўтказиб, Гулистондаги кийим-кечак бозори ёпилганига қаршилик билдиргани ҳақидаги маълумот умуман тилга олинмади. Ижтимоий тармоқда тарқалган Чимёнда аҳоли уйларининг ноқонуний бузилаётгани ва бузиш қарори Олий суд томонидан бузиладиган жойнинг ўзида қабул қилаётгани ҳақидаги видео эътиборсиз қолди.

    Шунингдек, телеканалнинг 22 .06.2020 кунги сонида “Студия 24” рукни остида журналист Сарвар Раҳимов Ўзбекистон Президенти имзолаган “Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонинини шарҳлаш учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Умид Шодиевни суҳбатга тортди. Суҳбат жараёнида юртимизда инсон ҳуқуқлари ҳимояси борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўлиб, тошиб гапирилди. Аммо бирор маротаба ҳам Стратегия нима учун ишлаб чиқилгани, ижтимоий тармоқларда мана салкам бир йилдан буён ноқонуний уй бузилишлари, Андижонда тергов жараёнида гумондор шахснинг уриб ўлдирилиши, Сардоба сув омборидаги техноген фалокат оқибатида уйи яроқсиз бўлиб қолган фуқаролар ҳануз турли хил коллеж ва бошқа яшашга мослашмаган жойларда яшаётганлиги ҳақида эса гапирмаслик афзал кўрилди.

    “Ахборот24” информацион дастурида Андижон вилояти Халқ қабулхонаси томонидан ёшларни иш билан таъминлаш, Ўзбекистон-Малайзия туризм соҳасини ривожлантириш бўйича онлайн форум, “Ёшлар Иттифоқи” томонидан Ички ишларга тартиб сақлашда ёрдам бериш мақсадида “Фидокор ёшлар” гуруҳининг тузилиши ва унга аъзо бўлган ёшларга бериладиган имтиёзлар, сенаторнинг Гематология илмий-текшириш институтига дозаторларни совға қилиши ҳақида гапирилди. Юртимиздаги иқтисодий, ижтимоий, экологик, таълим соҳаларидаги мавжуд муаммоларнинг бирортаси тилга олинмади.

    Шу куни эфирга узатилган “Репортаж 24” Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан ҳамкорликда тайёрланиб, иссиқ ёз кунлари сув ҳавзаларида чўмилишда эҳтиёт бўлиш, сувда чўкиш каби ҳолатларнинг сони кўпаяётганлиги қайд этилди. Сувда чўмилаётган болалар туширилган кадрларни инобатга олмаса, асосан кўрсатув Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ахборот хизмати раҳбари Самандар Хикматуллаев ва вазирликнинг Тошкент шаҳар бўлими ахборот хизмати раҳбари Анвар Рустамовдан интервью олинди. Репортаж жанрига хос бўлган жабрланганлар оилалари билан суҳбатлашилмади, журналистнинг “мен”и намойиш этилмади.

    Жорий йилнинг 06 июль куни телеканалдаги “Муносабат” ток шоуси юртимизда халқ таълими сифатига бағишланди. Ниҳоят, бир неча кундан бери юртимизда умуман муаммо йўқ эканда, деб ўйлаб юргандим кўрсатувга таклиф этилган экспертлар (ХТВ мутахассиси, фан номзодлари) халқ таълими тизимидаги муаммоларни, тизимдаги коррупция масалаларини очиқ айта бошлашди. Ток шоу бошловчиси Қуддус Аъзам аввалига бундай очиқ гаплардан бироз шошиб қолди (унинг сценарийсида бу ёзилмаган шекилли) сўнг, ўзини тезда ўнглаб олиб, экспертлар гапига қўшилиб, уларнинг айтганларини бот- бот такрорлай бошлади. Кўрсатув таълим сифати масаласига жиддий қараш, коррупциянинг олдини олиш борасидаги чораларни кучайтириш лозим, деган ҳар доимги гаплар билан якунланди.

    Кейинги кўрсатувлар яна ўз ўзанида, юртимизда олиб борилаётган ислоҳатлар ва уларнинг самараси, “эришилаётган улкан ютуқлар”ни телеканал аудиториясига намойиш этиш билан давом этди.

    Юқорида тилган олинган кўрсатув ва янгиликларни мисол тариқасида келтиришимизнинг сабабларидан бири, уларнинг мунтазам равишда телеканалда бериб борилиши ва телетомошабинлар юртимизда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалардан айнан улар орқали бохабар бўлишга интилишларидир.
    Мазкур телеканал нима сабабдан ташкил этилган эди?

    2017 йилгача, яъни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ўзбек телевидениесини танқид қилгунига қадар, “Ўзбекистон” каналида эфирга узатиладиган асосий информацион “Ахборот” дастурини халқ ичида ҳазиллашиб, “Жаннатдан хабарлар” деб аташарди. Зеро, мазкур дастурни Президент кўриши рўкач қилинган ҳолда, унда умуман танқид берилмас, дастурдан ўрин олган барча лавҳалар “ҳаётнинг ёрқин тарафини кўрсатарди”, холос. Танқиддан сўнг таҳминан бир ой ўтгач, Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси ташкилий тузилмасида ўзгаришлар бошланди. 2 май куни эса Мирзиёев туну-кун ишлайдиган миллий “O‘zbekiston 24” ахборот-таҳлилий телерадиоканалини ташкил қилиш тўғрисидаги қарорни имзолади. 2017 йил 24 июль куни соат 10:00да Президентнинг туғилган кунида “Ўзбекистон 24” ахборот-таҳлилий телеканали эфирга чиқди. Бунга қадар Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг 9 та каналида 56 та янгиликлар дастури эфирга узатилган эди. Уларнинг барчаси ёпилиб, янги информацион-таҳлилий каналга жамланди ва бир вақтнинг ўзида “O‘zbekiston 24” ва “Ўзбекистон” каналларида намойиш этилувчи “Ахборот” ва “Таҳлилнома” ахборот-таҳлилий дастурлар тайёрлана бошланди. Канал ўша пайти ёпилган Diyor канали частоталарида фаолият кўрсата бошлади. Қарорда кўрсатилишича, янги телерадиоканалнинг асосий вазифаларига мамлакатдаги ва хориждаги “воқеаларни ўз вақтида ва ишончли ёритиш”, “уларни холисона ва объектив баҳолаш”, бундан мақсад “аҳолининг сифатли ахборот олиш эҳтиёжини қондириш ва ишончсиз, сиёсий жиҳатдан нотўғри ва бошқа хилдаги ташқи деструктив ахборотлар ва ғояларнинг тарқалишига йўл қўймаслик” кириши лозим эди. Аммо телеканал томошабинларнинг кутувларини оқламади, яъни “воқеалар холисона ва объектив тарзда” ёритилмаяпти. Ҳануз Ўзбекистондаги содир бўлаётган ислоҳотлар, воқеалар фақат бир томонлама, ижобий ёритилмоқда. Телеканалда айрим воқеалар тезкорлик билан ёритилмай, аҳоли улар ҳақида бошқа манбалардан хабардор бўлгач, берилади.

    Ҳақиқатан ҳам, телеканални кузатар экансиз, бугунги кунда Ўзбекистон фуқароларини ўйлантираётган муаммоларнинг бирортаси унда акс этмаётганлигини кўриш мумкин. Кўрсатувлар “Репортаж 24”, “Янгиликлар 24”, “Махсус репортаж”, “Студия 24”, рус тилида “Новости 24”, “Тафсилот” рукнлари остида эфирга узатилади.

    Бу фақатгина телеканал бир кунлик эфиридан жой олган айрим кўрсатувларнинг таҳлили, холос. Ўзаро суҳбатларда ўзбекистонликларнинг “мен Ўзбекистон телеканалларини кўрмайман” деган гапларини кўп эшитиш мумкин эди. Бунинг асосий сабаби, давлат телеканаллари ва радиостанциялари орқали бугунги ўзбекистонликлар учун қизиқ, уларни ўйлантирган долзарб мавзулар етарли даражада ёритмай келаётганлигидадир. Президент Мирзиёев 2017 йил 30 март куни бўлиб ўтган мажлисда давлат телерадиоканалларининг фаолиятини танқид қилиб: “Ура-урачилик замони ўтди. Телевизорда танқидий ва таҳлилий материаллар бериш керак. Одам кўрсатувларни соғиниб кутиши керак. “Ахборот” кўрсатувини ўзгартиришимиз керак”, деб айтган эди. Афсуски. Орадан салкам уч йил ўтди. Не-не орзулар билан ташкил этилган “Ўзбекистон 24” ахборот-таҳлилий телеканали томошабинларнинг кутувларини ҳозирча оқламади. Ҳануз юртимизнинг асосий телеканалидан фақатгина ижобий, халқ тили билан айтгандан “жаннатдан хабарлар” берилмоқда.

    Афсуски, юқорида тилган олинган янгиликлар ва телекўрсатувларнинг Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг mtrk.uz сайтида топиш қийин, аммо аксариятини youtub.com каналидан топса бўлади.

    Наргис Қосимова
    Наргис Қосимова
    Журналист ва фрилансер. nargis.uz, ekolog.uz сайтларини юритади. Шунингдек t.me/ekologuz Telegram канали муаллифи.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read