No menu items!
More
    ДомойМедиа танқидЎзбекистоннинг рейтинги баланд телеканалларида дам олиш кунлари: қандай дастурлар эфирга узатилмоқда?

    Ўзбекистоннинг рейтинги баланд телеканалларида дам олиш кунлари: қандай дастурлар эфирга узатилмоқда?

    Ўтган йилнинг июль ойида «Янги репортёр» Ўзбекистон миллий телеканаллари аудиторияси ҳамда юқори рейтингдан ўрин олган каналлар ҳафтанинг беш иш кунида нималар намойиш этишини ўрганиб таҳлил қилган эди. Бу сафар «Янги репортёр»нинг медиа-танқидчиси Навруз Хуррамов рейтинги баланд миллий телеканалларнинг томошабинларга тақдим этаётган дастурларини кузатди.

    «Zo’r TV» телеканали

    Дам олиш кунлари соат 6-00 дан пешинга қадар телеканал кўрсатувлари жадвали «Бу кун» янгиликлар дастури, «Доброе утро» кўрсатуви форматидаги «Эрталабдан салом» дастури, бир телесериал ёки миллий фильм, мусиқа, аввалги кунларда намойиш этилган кўнгилочар дастур ва шоуларнинг такрорий намойишларидан иборат. Ҳафтанинг бошқа кунларида тушга қадар эфирга узатиладиган теледастурлар сеткасидан яққол фарқ — дам олиш кунлари кўнгилочар дастурлар мавжудлигидир. Мантиқан қаралганда бу тушунарли ҳол: юмор, саҳналаштирилган ҳазил-мутойиба ва турли шоулар ҳордиқ чиқариш онлари учун айни муддао.

    Шанба куни соат 12.00дан 18.00 гача бўлган дастур жадвалини клиплар, концерт дастурлари ва фильмлар эгаллайди. Кейин эса кечқурун (соат 23-30)га қадар канал ижодкорларининг муаллифлик телекўрсатувлари эфирга узатилади. Улар орасида «Бу кун» дастурининг кечки янгиликлар сони, етим болалар тақдиридан ҳикоя қилувчи ижтимоий лойиҳа, юмористик руҳдаги ва бошқа мазмундаги шоу-дастурлар бор.

    Таниқли актриса Гавҳар Зокирова бошловчилигидаги «Йиғламагин» дастурида етим болалар, уларнинг ҳаёти, ота-онасидан айрилиб, қаровсиз қолишига сабаб бўлган ҳолатлар ҳақида ҳикоя қилинади.

    «Скетч Шоу» телекўрсатуви қисқа юмористик саҳналардан иборат. У турмушимизда учрайдиган турли вазиятлар ҳақидаги юмор бўлиб, шакл-шамойили ва жанрига кўра, Россия телеканалида намойиш этиладиган «6 кадров» комедик скетч-шоусини эслатади.

    Шоу-бизнес оламидаги машҳурлар ва турли соҳаларда фаолият юритаётган таниқли кишилар «Алдама мени» номли кўрсатувга таклиф қилиниб, қаҳрамоннинг шахсига дахлдор у ёки бу миш-мишларнинг қанчалик ҳақиқатга яқин эканлигига аниқлик киритилади. Дастур давомида бошловчи бу одамга тааллуқли сир ва ғийбатларга ойдинлик киритиш учун зарур деб билинган саволларни беради. Дастурнинг томошабинлар учун қизиқарлилиги сабабини ушбу ҳақиқат билан изоҳлаш мумкин: таниқли кишиларнинг шахсий ҳаёти ва унга оид турли тафсилотлар, икир-чикирлар омма учун ҳамиша қизиқ бўлган. Қолаверса, «ҳақиқатни билиш» — доимий трендда. Аммо дастур муаллифлари «Қаҳрамон бошловчининг саволларига жавоб беришни истамаган тақдирда нима қилиш керак?», деган саволни ўзларига беришган ва шунчаки савол-жавоб шаклидаги суҳбат билан чекланиб қолишмаган. Агар қаҳрамон қайсидир саволга жавоб беришни истамаса, у ўргимчак, илон ва шунга ўхшаш ҳашаротларни ушлаши ёки уларни бир идишдан бошқасига солишига тўғри келади. Умуман олганда, оригинал ғоя ва уни франшиза деб ҳам бўлмайди, чунки кўрсатув титрларида бу хусусда ҳеч бир маълумот йўқ.

    «Зўр бекат» телелойиҳаси муаллифларининг ғояси Тошкент метрополитенида шундай виртуал бекатни яратишдир. Йўловчилар — асосан актёрлар, қўшиқчилар, шоу-бизнес ва бошқа соҳа одамлари бўлиб, гўё тасодифан ёки атайлаб ушбу виртуал метро станциясига чиқишади. Уларни бошловчилар кутиб олади ва ўзаро салом-аликдан сўнг ҳазил оҳангидаги енгил суҳбат бўлиб ўтади. Тахминан бир соат давом этадиган дастур мобайнида турли ҳазиллар айтилиб, қўшиқ ва рақслар ижро этилади. Шунингдек, кўрсатув қаҳрамонларига студиянинг ўзида чучвара тугиш ёки икки метрли илон ёнида туриш каби дастур меҳмонлари ҳамда томошабинни ҳаяжонга солувчи бошқа хатти-ҳаракатлар таклиф этилади.

    «Хафа бўлиш йўқ» деб номланган телешоуда дастур қаҳрамонлари учун кутилмаган вазиятлар аввалдан тузилган режа асосида тайёрланади. Икки бошловчи актёр, қўшиқчи, қизиқчи сингари шоу-бизнес вакилларини «чув туширади». Лойиҳанинг асосий ғояси кўрсатув қаҳрамони бундай вазиятларда ўзини қандай тутишини яширин камера ёрдамида кузатишдир. Кўрсатув ижодкорлари огоҳлантирганидек, бундай ҳазиллардан «хафа бўлиш йўқ». Бу бутун жаҳон телеканалларида намойиш этиладиган ва анча йиллардан буён ҳаммамизга таниш «Скрытая камера» мазмунидаги кўрсатувларнинг муқобилидир.

    Шанба оқшоми дастурлари қаторига «Автотюнинг» якун ясайди. Теледастурнинг номланишидан ҳам тахмин қилиш мумкинки, у турли русумдаги автомашиналарни таъмирлаш, «апгрейд» қилиш ёки қайта тиклашга қизиқувчи автоҳаваскорлар ва усталарга мўлжалланган.

    Якшанба дастурларининг ҳам аксарияти муаллифлик кўрсатувларидан иборат. Худди шанба кунидагидек, тушгача кўрсатувлар сеткаси телесериал билан бошланади. Сўнг эрталабки янгиликлар ва шанба оқшоми ёки аввалги кунлар эфирга узатилган телекўрсатувларни қайта томоша қилиш мумкин. Куннинг иккинчи ярмида: таниқли кишилар хотирасига бағишланган кўрсатув, кўплаб мусиқий дастурлар, клиплар, кечки янгиликлар ва юмористик руҳдаги «Аристократлар» шоуси намойиш этилади.

    «Сукунат туғёнларида» номли дастурда марҳум санъаткорлар, кино, эстрада юлдузлари ва бошқа таниқли шахслар ёдга олинади. Хусусан, марҳум ижодкорнинг дўстлари ва яқинлари билдирган фикрлар, уларнинг ҳикоялари, архив фотосуратлар ва видеокадрлар намойиш этилади.

    Муаллифлик дастурларининг якшанба кунги жадвалини соат 22-30да «Аристократлар» юмористик концерт дастури якунлаб беради. У шу номдаги қизиқчилар гуруҳининг саҳна кўринишларини, оилавий муносабатлар билан боғлиқ турли мавзулардаги юмористик саҳналарни ўз ичига олган.

    «Sevimli» телеканали

    «Sevimli» телеканалининг шанба кунги дастури соат 8-30да «Шўрданак» юмористик дастури билан бошланади ва сўнгра жонли эфирдаги «Замон» янгиликлар дастури эфирга узатилади. Кейин эса соат 9-30дан 16-30га қадар канал эфир вақти мультфильмлар, миллий ва турк фильмлари, шунингдек, аввал узатилган муаллифлик дастурларининг такрорий намойиши билан тўлдирилади. Вақт оралиғида (соат 13-00 да) — «Замон» янгиликлар дастурининг жонли эфирдаги кундузги сони намойиш қилинади.

    Шанба дастурининг кечки қисмида Sevimli канали қуйидаги муаллифлик дастурларини тақдим этади: «Қалпоқ» ҳажвий дастури, «BBC Дунё» янгиликлар дастури (BBC News ахборот агентлиги билан ҳамкорликдаги лойиҳа), жонли эфирда «Замон» янгиликлар кўрсатувининг кечки сонлари (соат 17-00 ва 20-00да) ва машҳурлар хотиралари ҳақидаги иккита дастур.

    «Изларим» номли кўрсатувда қаҳрамон ўзининг ёшлиги ва болалигини эслайди. Бунинг учун у бошловчи билан биргаликда пойтахтдан ўзи туғилган ва болалиги ўтган вилоятга саёҳат қилади. Кўрсатув қаҳрамони туғилган шаҳри (ёки қишлоғи), уйи ва кўчасига бораркан, қадрдон мактабидан то ҳозирги кунга қадар босиб ўтган йўли ҳақида ҳикоя қилиб беради. Дастур иштирокчилари актёрлар, қўшиқчилар ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётган таниқли кишилардир.

    «Ҳар нафасда уйғоқман» деб номланган яна бир кўрсатув марҳум шоирлар, хонандалар ҳамда бошқа таниқли шахслар хотирасига бағишланган. Дастур қаҳрамонининг ҳаёти ва фаолияти ҳақида унинг ҳамфикрлари ва яқинлари ҳикоя қилади. Кўрсатувда архив фотосуратлар ва видеолар ҳам намойиш этилади.

    Якшанба куни эрталаб канал бадиий фильм, мультфильм, ҳажвий дастур ва янгиликларнинг эрталабки сонини тақдим этади. Улар орасида «Қалпоқ» юмористик дастури (шанба кунги эфирнинг қайта намойиши) ҳамда соат 9-00 ва 13-00 даги «Замон» янгиликлар дастури бор. Сўнг соат 17.00 га қадар фильм, телесериал, теленовелла ва концерт дастурлари берилади.

    Якшанба дастурининг кечки қисмидаги муаллифлик кўрсатувлари рўйхатида кечки янгиликлар (соат 17-00 ва 20-00даги «Замон» ахборот дастури), «Комедиант шоу» ҳажвий кўрсатуви, хотира кўрсатуви, етим болалар тўғрисидаги ижтимоий лойиҳани кўришингиз мумкин.

    «Эслаб, эслаб…» деб номланган телекўрсатувда актёр, режиссёр, композитор ва қўшиқчилар, шунингдек, илм-фан, маданият ва санъат арбоблари бир даврага жам бўлади. Теледастур ғояси ўтмишдаги муҳим саналар, воқеалар ёки таниқли шахслар (уларнинг ютуқлари, ижоди, шахсий ҳаёти билан боғлиқ қизиқ воқеалар ёки ҳолатлар)ни ёдга олишдан иборат. Кўрсатув суратга олинадиган студия ҳам мос равишда ретро усулда безатилган.

    Unicef билан биргаликда амалга оширилаётган «Йўқотилган болалик» номли ижтимоий лойиҳа етим болалар тақдиридан ҳикоя қилади. Теленовелла шаклидаги мазкур дастурнинг ҳар бир сони бир вояга етмаган боланинг ҳаётига бағишланган. Актёрларни жалб қилган ҳолда (болалар ролини кичик актёрлар ижро этади) деярли бир соат давомида қаҳрамоннинг кечинмалари, унга нисбатан жамиятнинг муносабати, бола қандай қилиб мураккаб вазиятга тушиб қолгани сабаблари очиб берилади. Новелла реал воқеалар асосида суратга олинади.

    Milliy TV телеканали

    Milliy TV телеканалининг дам олиш кунларидаги муаллифлик теледастурлари тўплами «Телеинтернет» кундалик халқаро янгиликларни, қаерга бориш ва нималарни кўриш туркумидаги дастурларни, ҳажвий, пазандалик ва бошқа турли йўналишдаги кўрсатувларни ўз ичига олади.

    «Сайр.уз» телекўрсатуви бўш вақтингизда пойтахт ва Тошкент вилоятининг диққатга сазовор гўшаларига боришни тавсия этувчи дастур. Телешоу бошловчилари Тошкентдаги маданий-кўнгилочар масканлар, шунингдек, шаҳар ташқарисидаги дам олиш зоналарига боришади. Буларнинг бари экранда кўрсатилар экан, бошловчилар томошабинга бу жойлар нимаси билан қизиқ эканлиги ва ўзига хос хусусиятлари ҳақида сўзлайди. Ушбу кўнгилочар масканлардаги хизматлар нархи ҳақида ҳам маълумот берилади. Аммо дастурнинг одатий концепциясига фарқли равишда кўрсатувнинг сўнгги сонларидан бирида бошловчилар негадир Тошкентдан Самарқандга йўл олишди. Бизнингча, кўрсатув шаклан ўзгаришларга юз тутаётган кўринади.

    https://youtu.be/2avCt1AhbyI

    Milliy TV каналининг «Бахтлимиз» деб номланган лойиҳаси одамларнинг кўп йиллик орзуси амалга ошишида ёрдам беришни мақсад қилган. Албатта, қандай орзулар ва уларни қай тариқа амалга ошириш — дастур ҳомийларининг имкониятлари даражасидадир. Сўнгги сонларнинг бирида бир неча йил аввал турмуш қурган, бироқ айрим сабаблар (шу жумладан, моддий сабаблар)га кўра, турмуш қурса-да, тўй-томоша қила олмаган икки ёш танлаб олинди. Улар қачонлардир элга тўй бериш ва жамият, қўни-қўшни, қариндош-уруғлар наздида никоҳларини «қонунийлаштириш» орзуси билан яшашган. Ярим соат мобайнида томошабин ёш оила орзуларининг рўёбга чиқишига гувоҳ бўлди ва қаҳрамонларнинг орзуси ушалди.

    «Аёл бриллиант» дастурининг асосий ғояси оддий — худди олмосга моҳирлик билан сайқал бериб, у қимматбаҳо тошга айлантирилганидек, ташқи атрибутлар (кийим, соч турмаги ва макияж)ни танлашга профессионал ёндашув ҳар бир аёлни бриллиантга айлантира олади. Ушбу ғоя Россиянинг машҳур «Модный приговор» дастури ғоясига ўхшаш бўлишига қарамай, бир қатор фарқлари мавжуд. Масалан, дастур қаҳрамонини танлашда ижтимоий аҳамият роль ўйнайди. Кўрсатувнинг бир сонида бошловчи Меҳрибонлик уйига борди ва болалар уйи жамоасининг фикри билан шу ердаги энг яхши ўқитувчини дастур қаҳрамони бўлиши учун танлаб олди. Бошқа бир сонда эса уйи ёниб кетган ва қийин шароитларда яшайдиган аёл кўрсатувга таклиф қилинди. Бундан ташқари, дастурда қаҳрамоннинг шахсияти ва ички дунёсини ҳам очиб беришга ҳаракат қилинади.

    «Овсинлар» пазандалик шоуси турли таом ва ширинликлар тайёрлаш билан бирга, қайнона-келин муносабатларини ҳам акс эттирган. Дастур муаллифлари одатий ёки айтайлик, «стандарт» пазандалик шоусини турли саҳна (меҳмон — дўстлар, қариндошлар ёки шоу-бизнеснинг таниқли вакилларини кутиб олиш ҳамда юмористик чиқиш)лар билан бойитишга ҳаракат қилишган.

    «Ҳорманг» номли кўрсатув, асосан, Тошкент шаҳри ва вилоятидаги турли масканларда суратга олинади, бошловчилар ҳунармандлар устахонасига ташриф буюришади ва уларнинг маҳсулот тайёрлаши жараёни билан қизиқишади. Ҳунармандлар эса ўз ишининг нозик жиҳатлари ва тафсилотлари билан ўртоқлашишади.

    «Гап» дастурининг мазмун-моҳияти номидан ҳам маълум. Бир гуруҳ аёллар, яъни таниқли актриса, қизиқчи ва хонандалар иштирокида ўтказиладиган «гап»да оилавий муносабатлар, болалар тарбияси, шунингдек, турли ғийбатлар муҳокама қилинади.

    «Мени кечир» деб номланган дастур қаҳрамонлари бир пайтлар қилган хатолари учун бирор яқини ё танишидан кечирим сўрайди. Бошловчи — таниқли актриса Раъно Зокирова кечирим сўрамоқчи бўлган киши билан учрашади. 45 дақиқа давомида қаҳрамон билан суҳбатлашилиб, унинг нима учун ва кимдан кечирим сўраши баён қилинади. Қаҳрамон ўз хатосини тушуниб етгани ва бу борадаги ички кечинмалари ҳақида сўзлаб бергач, кўрсатув якунида ундан кечирим сўрайди.

    «MTV Show» — бу телеканал студиясида бўлиб ўтадиган «актёрлар — актёрлар билан» форматидаги суҳбат. Икки бошловчи таниқли кино ва театр ижодкорлари — актриса Ситора Фармонова ва актёр Азиз Раметов ҳамкасбларини студияга таклиф қилади ва уларнинг ижоди ҳақида суҳбатлашади. Суҳбатда бошловчилар актёрларнинг қайси фильмларда суратга тушиш билан банд эканлиги, уларнинг ижодидаги қизиқарли ҳолатлар, шунингдек, шахсий ҳаётининг баъзи тафсилотлари билан ҳам қизиқишади.

    Ушбу дастурнинг «MTV Show Kids» деб номланган болалар учун мўлжалланган версияси ҳам мавжуд.

    «М-коктейл» телекўрсатуви шоу-бизнес вакиллари, кўпинча, хонандалар, уларнинг ижодий фаолияти, таржимаи ҳоли ва шахсий ҳаётига дахлдор 15 дақиқалик интервью шаклида тайёрланади.

    Юқорида санаб ўтилган кўрсатувлардан ташқари Milliy TVнинг дам олиш кунлари эфирга узатиладиган муаллифлик дастурлари рўйхатига бир нечта ҳажвий дастурлар ҳам киритилган: «Кулдирги» — «бир актёр театри» форматидаги чиқишлар ва ҳажвий саҳналардан иборат «А …кула» дастури.

    Кузатувларнинг қисқача хулосаси

    Умуман олганда, Zo’r TV, Sevimli, Milliy TV телеканалларининг дам олиш кунлари контенти йўналишлар бўйича ҳам, турли жанр ва форматлар жиҳатидан ҳам ранг-барангдир. Рейтинги юқори телеканаллар шанба ва якшанба кунлари телетомошабинларнинг бўш вақтини ҳажвий шоулар, концертлар, миллий ва турк сериаллари, хотиралар, ижтимоий лойиҳалар, шунингдек, турфа кўнгилочар муаллифлик дастурлари билан бойитишга ҳаракат қилади. Контент сифати каналдан-каналга, дастурдан-дастурга қараб фарқ қилади ва бу келажакда ҳар бир дастурни батафсил таҳлил қилиш учун сабабдир; аммо ишонч билан айтиш мумкинки, ушбу каналлар деярли ҳар қандай дидга мўлжалланган ҳафта якуни дастурларини тақдим этишга ҳаракат қилмоқда. Кўплаб дастурлар (янги тафсилотлар ёки деталлари билан) оригинал маҳсулотга ўхшайди ва ушбу лойиҳаларнинг аксариятига техник жиҳатдан яхши ёндашилган.

    Шу билан бирга, трансляция сеткасини тузишда турлича ёндашув яққол сезилади. Zo’r TVда асосий эътибор муаллифлик дастурларига қаратилган, каналнинг аксарият дастурлари кўнгилочар характерга эга. Sevimli эса ўз муаллифлари тайёрлаган телевизион дастурларни имкон қадар кўпроқ эфирга узатиш вазифасини мақсад қилмаган, кўпроқ мувозанатни сақлашга ҳаракат қилади. Лекин, муаллифлик дастурлари таркибида «хотира-кўрсатувлар»га кўпроқ урғу берилган, яъни хотиралар ҳақида турли версиядаги учта кўрсатув мавжуд. Мilliy TVнинг дам олиш кунларидаги муаллифлик контенти тўпламида устунлик қилувчи бирор йўналишни ёки жиҳатни яққол ажратиб кўрсатиш қийин. Муаллифлик ва номуаллифлик дастурларининг нисбати, шунингдек, ўз контенти йўналиши ва хусусияти нуқтаи назаридан қараганда, каналнинг ҳафта якуни эфир сеткасини тузишга ёндашувини юқоридаги икки телеканал ёндашувларининг ўртасида деб баҳолаш мумкин.

    Sevimli каналида UNICEF билан ҳамкорликда амалга оширилаётган етим болалар тақдири тўғрисидаги «Йўқотилган болалик» ижтимоий лойиҳасини алоҳида қайд этиш мумкин. Муваффақиятли танланган жанр (теленовелла), яхши сценарий ва яхши актёрлик — ҳаммаси биргаликда ҳикоя ва намойишнинг таъсирли чиқишини таъминлаган. Айни дамда Zo’r TV телеканалининг «Йиғламагин» номли шунга ўхшаш лойиҳасини ҳам айтиш жоиз. Фақат бу телеканал лойиҳа учун бошқа формат ва жанрни танлаган. Ҳар икки кўрсатув ҳам маълумот бериш ва тарбиялаш хусусиятига эга, катталарга мана бу гапни айтади: сизнинг ўзаро чигал муносабатларингиз сабаб болалар азият чекмоқда, уларнинг келажагига салбий таъсир кўрсатмоқда. Аммо ҳеч ким бу болаларни асраб олишни таклиф қилмайди.

    Навруз Хуррамов
    Навруз Хуррамов
    Журналист, редактор

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read