29 март куни Медиатанқид устахонаси доирасида тожикистонлик журналист, “Янги репортёр” сайтининг “Медиатанқид” бўлими муҳаррири Лилия Гайсина ўз тажрибаси билан ўртоқлашди. У келтирган асосий фикрларни сиз билан бўлишамиз.
Медиатанқид формати мен учун янги йўналиш эди, одатий журналистикадан кейин унга мослашиш мушкул кечди. Мен доим журналистлар қайсидир воқеа ёки қаҳрамон ҳақида гапирадиган анъанавий тилда эмас, балки журналистлардан фарқли ўлароқ барчаси ҳақида ўз тилимда айтиб беришни, баъзи фактларни мустақил топишни хоҳлардим. Аммо бу ўтиб кетди. Шарҳлар – бу ҳисобот ёки маъруза эмас, балки тўлақонли ҳикоядир. Яхши материал учун бизга қаҳрамон, контекст, воқеа жойи, сюжет ва мақсад керак. Медиатанқидда ҳеч нарса ўзгармаган, барчаси ўша-ўша. Фақат биз уларни матбуотдаги ҳамкасбларимиз материалларидан топамиз.
Медиатанқидчининг шарҳли материали муаллиф ҳиссиёти натижаси бўлгани яхши. Журналистнинг қоидаси: агар бизда қандайдир ҳис-туйғу уйғонса, демак, яхши материал чиқади. Медиатанқидда ҳам бари худди шундай ишлайди. Икки йил аввал Зеленскийни Украина президенти этиб сайлашди. Шунда биз Марказий Осиё матбуоти бирдан жонланганини сезиб қолдик – ҳамма ёш президентни гўзал рафиқаси ва ҳазиллари билан ёқтириб қолди. У ҳақида ҳудди супер юлдуз сифатида гапира бошлашди. Ушбу вазиятда бундай ҳисни тушунса бўлади. Маълумот тўплашимиз жараёнида шу нарса ойдинлашдики, ҳозир биз ўзимиз тушиб қолган сиёсий вазиятдан жамият анча чарчаган экан. Бу ҳикоя шу тарзда дунёга келди. Медиатанқиддаги шарҳли материал – бу ижтимоий муаммолар ҳақида гапириш учун имкониятдир. Фақат техник масалалар устида тўхташнинг ва ҳамкасблар материалларини саралашнинг имкони йўқ, янада кенгроқ назар ташлаш керак. Матбуотда содир бўлаётган нарсалар бу реалликнинг аксидир.
Шарҳли материалда аниқ асослар келтирилиши лозим. Тез-тез мунозаралар, тортишувлар бўлиб туради, лекин биз улардан муносиб чиқиб кета оламиз, чунки биз фактлар заҳирасига таянамиз. Доим кимдир келиб, камчиликларни рўкач қилиб, биз билан тортиша бошлайди. Одамлар танқидни ёқтирмайдилар, камдан-кам киши уни қабул қила олади. Тожикистонда медиабозор анча кичкина, биз ҳаммамиз бир-биримизни таниймиз. Шунинг учун медиатанқид муаллиф учун қийин кечади. Қаҳрамонларга ҳам осонмас – кимдир уларнинг ишини таҳлил қилиши ғайриоддий ҳолат. Танқид қилаётган кишилар билан дўстлашманг. Агар дўст бўлсангиз, унда муносабатлар бузилишига тайёр туринг.
Медиатанқидда биз ёритишимиз керак бўлган сиёсий мураккаб масалалар мавжуд. “Тожикистон ва Қирғизистон ОАВ чегарадаги можарони қандай ёритдилар?” деган мавзуда мақола бор эди. Бизда кўпинча чегараларда можароли ҳолатлар юз бериб туради – мавзу ўта нозик, журналистлар уни қандай тақдим эта олиши масаласи жуда муҳим. Чегара ҳудудларида истиқомат қилувчиларда ҳам интернет бор, улар ҳам ОАВни ўқиб, кузатиб борадилар, материал эса албатта уларнинг кайфиятига ва у ердаги воқеаларнинг келгуси ривожига таъсир қилади. Агар ОАВни фақат бир томонлама ўқисангиз, у ҳолда бир томонлама хулоса чиқади: Тожикистонда бир хулоса, Қирғизистонда бошқача. Билишимча, ҳозир икки мамлакат нашрлари меморандум имзолашган ва улар энди маълумот алмашиш имкониятига эга.
Шарҳли материаллар учун тезкорлик ва долзарблик катта аҳамиятга эга. Масалан, бутун таҳририят бўлиб “Олмаота яқинида самолёт ҳалокати: матбуот қандай ишлади” материали тайёрланди. Биз турли онлайн ОАВ ва телеканаллар ахборотни қандай ишлаб чиққанларини ёритиб бердик, материал ўша куниёқ чоп этилди. Мазкур материал ўқувчилар учун воқеалар занжирини яратишга ёрдам берди, бутун аудиторияга журналистлар қандай ва нима учун айнан шундай ишлашини тушунтириб берди.
Шарҳли материалларда ўзининг маълум ижтимоий вазифаси бор. Медиатанқидда нафақат ҳамкасбларнинг нуқсон ва хатоларни кўрсатиш керак, балки оддий журналистика соҳасидаги муҳим вазифаларни ҳам бажариш лозим. Буни ОАВ ногиронлиги бўлган инсонлар ҳақида қандай ҳикоя қилаётгани мисолида ҳам кўриш мумкин. Биз “Тожик журналистлари ногиронлиги бор инсонлар мавзусини қандай ёритишади” мақоласини таҳлил қилдик. Унда “жиннихонага тушиб қолди”, “руҳий бемор” ва бошқа шу каби одатда ҳақорат сифатида ишлатиладиган сўзларга дуч келдик. Аслида, ОАВ ёрдам беришнинг иложи бўлмаган инсонлар қиёфасини яратишда, ёрлиқлар осишда давом этдилар: “Агар у ногиронлар аравачасида ўтирган бўлса, нега унинг учун муносиб инфратузилма қуриш керак? У барибир бахтсиз бўлади, фақат садақа эвазига яшайди”. Мақолада биз Россиянинг “Такие дела” нашри берган ақлий қобилияти чекланган инсонлар ҳақида қандай тўғри ёзиш кераклиги ҳақидаги эслатмадан иқтибос келтирдик. Биз материалда эслатиб ўтган нашрлардан бири мақолани ўз сайтида қайта нашр этди ва бошида шундай кириш сўзи ёзди: “Бизни танқид қилишмоқда ва биз камчиликларни тузатишга ҳаракат қиляпмиз”. Шундан кейин уларда бундай хатолар такрорланмади. Шунингдек, биз зўравонликдан азият чеккан болаларнинг тасвирлари намойиш қилинмаслигини ва умуман, журналистлар улардаги эмоцияни камерага муҳрламасликларини кузатиб борамиз.
Бизда “Тожикистонда вирус йўқ” материаллар туркуми ҳам бўлган. Тожикистон Марказий Осиёда коронавирусни рўйхатдан ўтказган сўнгги мамлакат бўлди. Аммо ҳозир ҳам касаллик деярли рўйхатга олинмайди, одамлар асосан “пневмониядан” ўлим топмоқда. Бундан ташқари: қонунчиликка журналистлар коронавирус ҳақида фақат давлат идораларидан расмий маълумот олсаларгина гапириш(ёзиш)лари мумкинлиги ҳақида тузатишлар киритилди. Коронавирус мавзусини ёритиш нафақат журналистнинг профессионаллигидан далолат беради. Бу ҳокимият ўз аҳолиси билан қандай алоқада бўлиши, улар қанчалик очиқлиги, вазиятни қанчалик назорат қилишидан ҳам воқиф этади. Бу, умуман, катта ижтимоий муаммо. Минтақада медиатанқид бўй кўрсата бошлагач, жамоатчилик матбуоти ҳам ушбу муаммога эътибор қарата бошлади: давлат ОАВ у ёки бу масалани қандай ёритиши ҳақида материаллар пайдо бўлди.