No menu items!
More
    ДомойВоқеа"Журналистиканинг асосий кўникмалари” онлайн тренинги бошланди

    «Журналистиканинг асосий кўникмалари” онлайн тренинги бошланди

    26 май куни “Журналистиканинг асосий кўникмалари” онлайн тренингига старт берилди. Internews Network Қозоғистон ваколатхонаси директори Марат Бигалиевнинг таъкидлашича, журналистиканинг асосий кўникмаларига оид дастур янги тенденциялар билан боғлиқ бўлиб, “аввалги таълим дастурлари бунга улгура олмаётган паллада” ўта долзарбдир. Шунингдек, унинг сўзларига кўра, нафақат журналистлар, балки шифокор, ўқитувчи ва бошқа касб вакиллари ҳам доимий равишда тегишли билимларни эгаллашга эҳтиёж сезадилар.

    Тадбир учун танловда бир жойга уч киши даъвогарлик қилди, жами 100 нафар иштирокчи машғулотларга киришди. Айниқса, ўзбекистонлик иштирокчилар катта қизиқиш билдиришди. Беш кунлик интенсив машғулотларда бошловчи журналистлар, Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистондаги журналистика факультетлари талаба ва битирувчилари қатнашмоқдалар. Тренинг рус тилида олиб борилади ва қозоқ, тожик, ўзбек тилларига синхрон таржима қилинади.

    Мураббийлар таркиби Буюк Британия, Россия, Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистоннинг энг яхши мутахассисларидан ташкил топган. Машғулотларнинг биринчи куни тарихчи, журналист, медиа-мураббий, ТВ2 янгиликлар агентлигининг бош муҳаррири Виктор Мучникнинг (Россия) “Журналист: воқеликнинг бетараф кузатувчисими ёки фаол иштирокчиси?” мавзуидаги маърузаси билан бошланди.

    Мутахассислиги тарихчи бўлган Виктор Мучник замонавий журналистнинг роли, у фаол иштирокчи бўлиш ҳуқуқига эгами ёки атрофдаги воқеликларни холис ёритиши керакми, деган масалаларга ойдинлик киритди.

    Бундан ташқари, шу куни “Янгиликлар қийматини аниқлаш ва ахборот оқимида қандай адашмаслик мумкин?” мавзусида мунозаралар ҳам ўтказилди. Иштирокчилар – уч мамлакат муҳаррирлари: журналист, “Aзиа-Плюс” медиа-гуруҳининг бош муҳаррири Ольга Тутубалина (Тожикистон), журналист, медиа-мураббий, Anhor.uz ахборот-таҳлилий веб-сайтининг бош муҳаррири Лола Исломова (Ўзбекистон), медиа-мураббий, журналист, QOS live лойиҳаси муаллифи Aйнур Коскина (Қозоғистон). Ушбу чиқишлар ҳақида батафсил маълумот тез орада “Янги репортёр” веб-сайтининг “Мустақил таълим” бўлимида эълон қилинади.

    Шунингдек, онлайн-мактаб доирасида 4 июнга қадар қуйидаги чиқишлар режалаштирилган: журналист, оператор, продюсер, медиа-мураббий Денис Бевз (Россия), Al Jazeera English журналисти Робин Форрестьер-Уокер (Британия), медиа-мураббий, МДУ журналистика факультети ўқитувчиси, “Янгиликлар интернет журналистикаси” китобининг муаллифи Aлександр Aмзин (Россия), ТВ ва онлайн продюсер, медиа-мураббий Ержан Сулейменов (Қозоғистон), ҳужжатли фильмлар муаллифи, медиа-мураббий Мариам Эль Маракеши (Миср), тарихчи, журналист, телебошловчи, педагог Юлия Мучник (Россия). Ўқув курслари тугагандан сўнг, иштирокчиларга ўз материалларини яратиш учун маслаҳат ва ёрдам кўрсатилади.

     

    Мазкур лойиҳа Америка халқининг AҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали кўмаги билан амалга оширилди ва USAID молиявий кўмагида Internews томонидан ташкиллаштирилган MediaCAMP Марказий Осиё дастури доирасида тайёрланди.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read