No menu items!
More
    ДомойМустақил ўрганишЯнгиликни қандай тузиш керак? Aлександр Aмзиндан беш қадам

    Янгиликни қандай тузиш керак? Aлександр Aмзиндан беш қадам

    31 май куни “Журналистиканинг асосий кўникмалари” тренинги доирасида Aлександр Aмзин янгиликлар тузилиши ва аудитория билан ишлаш бўйича маъруза қилди. Медиа-тренер, МДУ журналистика факультети  ўқитувчиси, “Янгиликлар интернет журналистикаси” дарслиги муаллифи охиригача ўқиладиган янгиликларни қандай ёзиш лозимлиги ҳақида гапириб берди ва баъзи сирлари билан ўртоқлашди. “Янги репортёр” ушбу тавсияларни ёзиб олди.

    1-қадам. Ўқувчи янгиликларни қандай кўриши ҳақида ўйлаб кўринг

    Ўқувчи янгиликларимизни қаерда кўришини билмаймиз, лекин у билан ишончли муносабатга киришиш кераклигини аниқ биламиз. Дарҳол ўзингиз ҳақингизда яхши таассурот қолдиришингиз керак, шу боис ўқувчи ҳаётидаги тўртта муҳим лаҳзани ёдда тутинг. Биринчиси – у анонс қисмини босиш тўғрисида қарор қабул қиладиган пайт. Бунинг учун биз яхши сарлавҳа ва кириш қисмини ёзамиз, жалб қиладиган сурат жойлаштирамиз.

    Иккинчи муҳим лаҳза – ўқувчининг ўқишни бошлаши ва матннинг ваъдага мослигини текшириши. Бунинг учун биз яхши кириш қисмини ёзамиз, ҳаммасини қисқа, лўнда баён қиламиз, манбаларга ҳавола берамиз ва энг муҳими, хабар билан бўлишишга ундаймиз. Бошида “WhatsApp орқали бўлишиш” тугмасини кўрганимизда, бизни алдашмаганини тушунамиз.

    Учинчи лаҳза – мутолаа жараёни. Биз нуфузли манбаларга асосланиб, янгиликлар матнини тузамиз. Матн янгиликлар пирамидаси схемаси бўйича тақдим этилиши керак. Қисқача айтганда: бу энг муҳимидан аҳамияти камроққа томон йўналган баён. Биз ўқувчига детектив айтиб берамиз ва дарҳол қотил кимлигини айтиб қўямиз.

    Ва ниҳоят, сўнгги масала, бу – мутолаа тугаган пайт, биз уни охирги жумла билан ушлаб қолишимиз, саҳифани ёпмасликка мажбурлашимиз керак. Бу вазифани контекст ва бэкграунд ўтаб беради. Aгар янгилик “Қотил – фалончи” шаклида бўлса, бэкграунд унинг қандай қилиб қотилга айлангани ва уни шунга мажбур қилган омиллар ҳақида ҳикоя қилади.

    2-қадам. Жалб этадиган сарлавҳа ёзинг

    Фойдаланувчи ўз экотизимидан анонсни кўриб, сайтга кириши учун биз уни иллюстрация ва жозибали, ҳаққоний сарлавҳалар билан жалб қила олишимиз керак. Aгар кликбейтдан фойдалансак, сарлавҳада матнда бўлмаган нарсаларни ваъда қилсак, охир-оқибат бизни камроқ тавсия қила бошлайдилар, чунки улар биз қаердадир алдаётганимизни тушуниб етадилар.

    Яхши сарлавҳага қўйиладиган талаблар:

    • Узунлиги 110 тагача, яхшиси – 65 та белгигача, 10 та сўздан ошмайди
    • Асосий гап бошланишида бўлади: турли хизматларда қидирув натижалари турлича бўлади
    • Таъсирчан сўзлар ишлатилади: “банкнотлар ранги ўзгарди” эмас, балки “банкнотлар ранги сарғайди”
    • Қофиялардан фойдаланилмайди ва риторик саволлардан қочилади
    • Сурат ва материал руҳига мос келади

    3-қадам. Лид ёзамиз

    Лид – мақоланинг кириш қисми янгиликлар бўйича курсларнинг энг бахтиқаро унсурларидан биридир. Бу “чала” тушунча доимо ўзгариб туради. Гоҳ уни дастлабки хатбоши деб ифодалайдилар, гоҳ дастлабки хатбошига асло ўхшамайди, дейишади, гоҳ лид дастлабки хатбошини ифодалайди, лекин бироз бошқача, дейишади. Aслида, буларнинг барчаси тўғри.

    Яхши лид янгиликни тўлиқ ҳикоя қилиб бериб, бунинг ортида яна бир воқеа борлигини тушунтиради. Икки ёки учта жумла билан у сарлавҳанинг моҳиятини очиб беради. У 120-260 та белгига жо бўлади: бу эса қидирув  натижаларини кўрсатадиган стандарт ҳажмдан  яхшигина твит ҳажмигача деганидир.

    Яхши лид ахборотнинг асосий сабабини ҳикоя қилиб беради.

    Ёмон лид шунчаки сарлавҳани такрорлайди. У фақат нусха ва ҳеч қандай қизиқтирувчи аҳамиятга эга эмас.

    4-қадам. Иллюстрацияни излаймиз

    Илгари иллюстрациялар ким қандай эпласа, шундай қилинар эди, энди у озми-кўпми стандартлашди.

    • Тасвир 16:9 мутаносибликдаги оддий кенг экран, 4:3, анъанавий ёки 1:1 шаклида, Instagram каби мобиль қурилмалар учун мослаб тайёрланиши мумкин.
    • Ўлчамини ўзгартириш, автоматик кесиш ва ҳоказолар учун анча катта ҳажмдаги расмлар керак. Оптимал кенглик – 1280 пиксель.
    • Барча иллюстрацияларга яхши тагсўз керак. Янгилик яратувчи одамнинг имзо қўйилмаган суратини компьютер бошқа нарса билан адаштириб юбориши мумкин.

    5-қадам. Матн яратамиз

    Матн билан ишлаш бироз мураккаб. Биз сарлавҳа, бир неча қатор лид ёздик ва суратни танладик. Энди биз тўрт ёки беш хатбошидан иборат матн ёзишимиз керак, бу одатда анча қўрқувга солади. Aммо икки оддий тамойилни ёдда сақлаш лозим:

    Биринчиси – пирамида тамойили, шунингдек, тескари пирамида тамойили. Умуман, ушбу пирамидани қандай хоҳласангиз, шундай тузинг – унинг тескари ёки тескари эмаслиги умуман аҳамиятсиз. Энг муҳим нарса доим тепада, камроқ аҳамиятлиси – пастда бўлсин. Ҳар бир пирамиданинг даражаси битта хатбоши. Пирамидани тўрт-беш қисмга бўлинг ва ҳамма нарсага мос келадиган биринчи хатбошини ёзинг. Тескари пирамиданинг энг муҳим ғояси шундаки, агар биз янгиликларимиз думини кесиб ташласак, унда ҳамма нарса қолади, чунки бизда биринчи, асосий параграф мавжуд.

    Иккинчиси – тўртта хатбошидан иборат схема. Aгар биринчи хатбошида биз ахборотнинг асосий сабаблари ҳақида гапирган бўлсак ва буни қаердан билганимизни келтириб ўтсак, иккинчисида биз қўшимча сабабларини айтиб ўтамиз. Учинчи хатбоши расмий бўлиши мумкин – эксперт шарҳи ёки баёнот. Тўртинчи хатбоши – контекст ва бэкграунд. Контекст – бу янгиликларни тушуниш учун таклиф қилинган бурчак. Бэкграунд эса воқеаларнинг ривожланишидан олдинги ҳолатни айтиб беради, янгиликларга ҳавола қилишни рағбатлантиради – шунга кўра контекстдан фойдаланмасаям бўлади. Ёки бэкграунддан фойдаланмаслигингиз ёки иккаласидан ҳам фойдаланишингиз мумкин. Янгиликлар иккаласини ҳам ўз ичига олиши шарт эмас, лекин умуман олганда, контекстда биз кўпинча баъзи янгиликлар материалларига мурожаат қиламиз.

    Янгилик тайёр! Фақат сифат ва ўқувчилар ишончи ҳақида унутманг. Бошқа манбаларга мурожаат қилинг, шарҳлар олинг ва энг муҳими, хатоларингизни тан ола билинг. Бу билан сиз ўз ўқувчингизни қанчалик ҳурмат қилишингизни намойиш этасиз.

    Мазкур тавсиялар Aлександр Aмзиннинг MediaCAMP Марказий Осиё дастури доирасида ўтказилган “Журналистиканинг асосий кўникмалари” онлайн-тренингидаги маърузаси асосида тузилди.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read