No menu items!
More
    ДомойЮридик кўмакЮридик, жисмоний ва рақамли. Юрист Ўзбекистонда журналистлар хавфсизлиги ҳақида

    Юридик, жисмоний ва рақамли. Юрист Ўзбекистонда журналистлар хавфсизлиги ҳақида

    Медиаюрист Карим Баҳриев махсус “Янги репортёр” учун  Ўзбекистонда журналистлар хавфсизлиги ҳақида мақола тайёрлади. Мутахассис журналистлар хавфсизлигига таъриф берар экан, уни таснифлайди, шунингдек, юридик хавфсизлик бўйича кўрилиши керак бўлган чоралар ҳақида сўз юритади.

    Журналистлар хавфсизлиги журналистларнинг юридик муаммоларга, жисмоний ва маънавий хавф-хатарларга дуч келмасдан ахборотни эркин излаш, олиш, ишлаб чиқариш ва тарқатиш лаёқатидир.  Муаммолар суд билан боғлиқ бўлиши, қамоққа олиш ва қоралаш, ўлдириш, ўғирлаш, одамларни гаровга олиш, тармоқ орқали ёки тўғридан-тўғри таъқиб қилиш, қўрқитиш, зўравонлик ортидан ғойиб бўлиш, ўзбошимчалик билан қўлга олиш ва қийноққа солиш, шунингдек, кибер-хўрлаш, кибер-таъқиб қилиш, доксинг, троллинг, хат алмашинувини қўлга киритиш ва ошкор этиш, оммавий суд, ҳақоратлар, қўрқитиш ва дўқ-пўписа қилиш бўлиши мумкин.

    Журналистлар хавфсизлигининг турлари қандай бўлиши мумкин?

    Мутахассислар журналистлар хавфсизлигини уч турга бўлади: юридик, жисмоний ва рақамли.

    Юридик хавфсизлик журналистларнинг юридик муаммоларга дуч келмаслик учун қонунларни, норматив ҳужжатларни, шунингдек, ўз касбий фаолиятига тааллуқли қонунларга киритилаётган турли хил ўзгартиришларни яхши билишидир. Лекин журналистлар учун қонунчилик нормаларини билиш ва улар ҳақида тасаввурга эга бўлиш камлик қилади, уларни амалда қўллай олиш муҳим.

    Жисмоний хавфсизлик журналистларга оммавий зўравонликлар ҳақида материаллар тайёрлашда, митинг ва намойишларни ёритишда, ҳарбий тўқнашувларда ҳамда фавқулодда вазиятларда керак. Журналистикани хавфсиз касб деб бўлмайди. Баъзан у жисмоний хавф ҳам туғдириши мумкин.

    Рақамли хавфсизлик деганда нимани тушуниш мумкин? Рақамлаштириш даврида журналистлар ўз ахборотларини, манбалар билан ўзаро хат  ёзишувларини ҳамда муносабатлар ҳақидаги маълумотларни ҳимоя қилиши керак бўлади. Фаолиятни ўзи,  ҳамкасблари ва ахборот манбалари учун имкон қадар хавфсизроқ амалга ошириш  учун журналист энг янги IT-ишланмаларни ўзлаштириши ҳамда рақамли хавфсизликнинг энг сўнгги технологияларини таниши, бузиб киришлардан, фишинглардан ва таъқиблардан эҳтиёт бўлиши керак.

    Ўзбекистондаги журналистлар учун юридик хавфсизлик талабларига риоя қилиш журналистларнинг қонунчиликни яхши билишини, қамалиб ва судланиб қолмаслик, жарима ва суд даъволарига жалб этилмаслик учун унинг талабларидан ўз фаолиятида самарали фойдаланишни назарда тутади.

    Юридик хавфсизлик соҳасида қандай хавф-хатарлар мавжуд?

    Юридик хавфсизлик қоидаларига риоя этмаслик туфайли келиб чиқадиган ва кенг тарқалган хавф жиноий жавобгарликдир. Бу — энг сезиларли ва оғриқли хавф. Жиноий жавобгарлик ёлғон ахборот тарқатганлик, экстремизм, ҳукумат вакилини ҳақоратлаш ва бошқа ҳолатларда юзага келади.

    Журналистлар ва улар ишлаётган ОАВ учун иккинчи жиддий хавф — ОАВни ёпиб қўйиш ёки сайтни блоклаш. Бу журналистнинг ўз ишини йўқотишига ҳамда жамиятга фикр ифодалаш минбаридан айрилишига олиб келади. Яна журналистлар ва улар ишлаётган ОАВ учун оғриқли учинчи хавф тўғрисида ҳам унутмаслик керак. Бу —  диффамация (қадр-қимматини ҳимоя қилиш ҳақида) ҳақидаги даъволар. Диффамация ҳақидаги даъволар маъмурий, фуқаролик ва жиноий жавобгарлик билан боғлиқ бўлиши мумкин.

    Айниқса, онлайн-ОАВ ва ижтимоий тармоқлар цензурадан нисбатан эркин бўлгани боис онлайн-мақолалар билан боғлиқ хавф-хатарлар кўпайди. Мақолаларда қайд этилган шахсларнинг обрўсига путур етказиш ҳолатлари учрайди, бу эса мақола қаҳрамонларининг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоялаш, туҳмат ва ҳақорат, шунингдек, шахсий ҳаётга аралашиш: уларнинг шахсий маълумотларини тарқатиш тўғрисидаги даъволарни келтириб чиқаради. Шунингдек, муаллифлик ҳуқуқининг,  жумладан, фотомухбирлар муаллифлик ҳуқуқининг бузилиши ва суратларда акс этган одамлар  ҳуқуқларининг поймол этилиши ҳоллари учраб туради.

    Ўзбекистонда ОАВга нималар тақиқланган?

    «Оммавий ахборот воситалари тўғриси»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 6-моддасига мувофиқ оммавий ахборот воситалари эркинлигининг суиистеъмол қилинишига йўл қўйилмайди. Амалдаги конституцион тизимни, Ўзбекистон Республикаси ҳудудий яхлитлигини зўравонлик йўли билан ўзгартириш, урушни, зўравонлик ва терроризмни, шунингдек, диний экстремизм, сепаратизм ва фундаментализм ғояларини тарғиб қилиш, миллий, ирқий, этник ва диний жанжалларни келтириб чиқарувчи ахборотларни тарқатиш, наркотик, психотроп моддаларни ва прекурсорларни (Ўзбекистон Республикасининг «Гиёҳвандлик воситалар ва психотроп моддалар тўғрисида»ги қонуни, 34-модда), порнографияни тарғиб этиш, қонунга мувофиқ жиноий ва шу каби жавобгарликлар келтириб чиқарадиган бошқа ҳаракатларни амалга ошириш мақсадида ОАВдан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

    ОАВ орқали фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, уларнинг шахсий ҳаётига аралашиш тақиқланади. Прокурор, терговчи ёки суриштирувчининг ёзма рухсатисиз дастлабки тергов материалларини эълон қилиш, муайян иш бўйича суд қарори чиқмасдан туриб ёки суднинг ҳал қилув қарори ёхуд ҳукми қонуний кучга кирмай туриб, судга ўзгача йўл билан таъсир кўрсатиш тақиқланади.

    Журналист юридик хавфсиз ҳолатда бўлиш учун қандай ишлаши керак?

    «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси  қонунининг 6-моддасига мувофиқ журналист: қонунчилик ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари талабларига риоя этиши; ўзи тайёрлаётган материалларининг тўғри ёки нотўғри эканини текшириши ва холис ахборот тақдим этиши; айбсизлик презумпцияси принципига амал қилиши; журналистика соҳасининг сирини ошкор этмаслиги; журналистларнинг касбга оид одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этиши; шахснинг ҳуқуқлари ва эркинликларини, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиши шарт.

    Журналист Ўзбекистон Республикаси жиноят қонунчилиги билан тақиқланган ахборотларни тарқатмаслик учун жуда эътиборли бўлиши ҳамда журналист мажбуриятига жиддий ёндашиши керак. Масалан, давлат сирларини (давлат, ҳарбий, хизмат сирлари), махфий ахборотни ўз ичига оладиган, кўрсатилиши чегараланган ахборотлар билан ишлашни (Ўзбекистон Республикасининг «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги қонуни, 3-моддаси биринчи қисми, 9-хат боши) билиши керак.

    Махфий ахборот нимани ўз ичига олади?

    Бу жисмоний шахсларнинг шахсга тааллуқли маълумотлари (Ўзбекистон Республикасининг «Шахсга доир маълумотлар тўғрисида»ги қонуни, 13-моддаси иккинчи қисми, Ўзбекистон Республикасининг «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги қонуни, 13-моддаси иккинчи қисми), қимматли қоғозлар бозорининг  профессионал иштирокчилари мижозлари ҳақидаги  маълумотлар, шунингдек, касбга оид сирлар — банк сири (Ўзбекистон Республикасининг «Банк сири тўғрисида»ги қонуни, 3-моддаси); солиқ сири (Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 76-моддаси); шифокор сири (Ўзбекистон Республикасининг «Фуқаролар соғлигини сақлаш тўғрисида»ги қонуни, 45-моддаси); адвокат сири (Ўзбекистон Республикасининг «Адвокатура тўғрисида»ги қонуни, 9-моддаси); нотариал ҳаракатлар сири (Ўзбекистон Республикасининг «Нотариат тўғрисида»ги қонуни, 6-моддаси); суғурта сири (Ўзбекистон Республикасининг «Суғурта фаолияти тўғрисида»ги қонуни); васият сири (Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1128-моддаси); асраб олиш сири (Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 153-моддаси, сирларни ноқонуний ошкор қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 125-моддасида жавобгарлик белгиланган); тижорат сири (Ўзбекистон Республикасининг «Тижорат сири тўғрисида»ги қонуни) ва бошқалар.

    Журналист хавфсизлигига ким ва нима хавф солиши мумкин?

    Асосан бундай даъволарга журналистнинг ўзи сабабчи бўлади. Бунга унинг ҳуқуқий билими саёзлиги ва сўзларни эҳтиёт бўлиб ишлатмаслик олиб келади. Ундан ташқари, ОАВ фаолиятини мувофиқлаштирувчи қонунчилик ва унинг Ўзбекистондаги амалда қўлланилиши унчалик такомиллашмаган ва ўзгарувчан. Бу эса журналистлар фаолиятини мураккаблаштиради.

    Бир шахсда профессионал журналист ва профессионал юристни уйғунлаштириш зўр иш бўлар эди. Лекин бундай уйғунлик жуда кам учрайди. Лекин журналистларга юридик билим зарур.

    Ўзбек журналисти қандай қонунларни ва норматив ҳужжатларни билиши керак?

    Ўзини юридик жиҳатдан ҳимояланган ҳис этиш ва суд даъволарини минимум даражага тушириш учун ҳар бир журналист қуйидаги қонун ва норматив ҳужжатлардан фойдалана олиши керак:

    1. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ( 12-, 29-, 67- ва бошқа моддалари).
    2. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси (99- ва 100-моддалар — шаъни ва қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси дахлсизлиги; шунингдек, маънавий зарар ва уни компенсация қилишга оид нормалар).
    3. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси (129-модда — туҳмат; 130-модда – ҳақорат ва бошқалар).
    4. Ўзбекистон Республикасининг «Оммавий ахборот воситалари тўғриси»ги қонуни.
    5. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг «Судлар томонидан фуқаролар ва юридик шахсларнинг қадр-қиммати ва обрўси, шунингдек ишдаги обрўси ҳимоясига оид ишларни кўриб чиқишда пайдо бўладиган баъзи масалалар тўғрисида»ги қарори.
    6. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг маънавий зарарни компенсация қилиш ҳақида қонунчиликни қўллаш масалалари бўйича қарори.

    Афсуски, Ўзбекистонда кўпгина журналистлар уларнинг фаолиятини мувофиқлаштирадиган норматив ҳужжатларни билмайди.  Ушбу ҳужжатларда Ўзбекистонда журналистика таянадиган асосий принциплар шакллантирилган.

    Карим Бахриев
    Карим Бахриев
    Сфера интересов: медиаправо, медиамониторинг, журналистика и литература.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read