Ўзбекистон журналистлари ва ОАВ таҳририятларида суд амалиётининг очиқлиги тўғрисида кўплаб саволлар келиб чиқади. Медиаюрист Карим Баҳриев “Янги репортёр” учун махсус Ўзбекистонда судларнинг очиқлик ҳолати бўйича қўлланма тайёрлади. Ушбу туркум мақолалардан 5 та мавзу ва 28 та саволга жавоблар ўрин олган. Бешинчи мақолада “Очиқ суд жараёнини ёритишда муаммоларга дуч келсангиз, нима қилиш керак?”, деган саволга жавоб берилган.
Қандай ҳолларда суд журналистларга процессуал қонунчиликда назарда тутилган таъсир чораларини қўллаш ҳуқуқига эга?
Жавоб: Суд мажлиси жараёнини қонун билан рухсат этилган шаклларда қайд этиб борувчи шахсларнинг ҳаракатлари суд мажлисини олиб бориш тартибига халақит бермаслиги керак. Суд мажлисида қатнашувчи ва ушбу ҳуқуқдан фойдаланувчи шахсларнинг суиистеъмолчиликка йўл қўйиши суд мажлисидаги тартибни бузиш ҳисобланади. Бундай ҳолда, суд айбдор шахсларга процессуал қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган таъсир чораларини қўллашга ҳақлидир.
Қонунчиликда журналистларнинг очиқ суд мажлисига киришини чекловчи ёки тақиқловчи шароитлар яратиш процессуал қонунчиликни бузиш ҳисобланадими ва бунинг учун жавобгарлик назарда тутилганми?
Жавоб: Олий суд ўз қарори билан судларнинг эътиборини ушбу жараённинг иштирокчилари бўлмаган шахслар, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари вакиллари учун очиқ суд мажлисига киришни чеклайдиган ёки истисно қиладиган шароитлар яратиш тақиқланганига қаратди, бу процессуал қонунчиликнинг бузилиши ҳисобланади ва жавобгарликни келтириб чиқаради.
***
Энди Ўзбекистондаги суд ишларининг шаффофлиги бўйича қўлланмамизни якунлаб, хулоса чиқарамиз.
Кўриб турганимиздек, бизда Ўзбекистон учун мажбурий бўлган халқаро қонунчилик нормалари, бир қисми қайта кўриб чиқишни талаб қиладиган қонунчилик ҳужжатлари мавжуд, аммо истаймизми-йўқми, уларни қўллаш амалиёти ҳам бор. Бир томондан, суд ҳокимияти эски буйруқбозлик-маъмурий тизимга мувофиқ яшаш имконсиз ва бу ҳақиқат эканини ҳисобга олиши керак, айниқса, глобаллашув, интернет ва AКТ асрида. Ошкораликни ёмонлик сифатида эмас, балки инъом деб қабул қилиш керак.
Бошқа томондан, суд мавзуини ёритишга ихтисослашишни истаган журналистлар қонунчиликни чуқур ўрганишлари, шунингдек, айбсизлик презумпцияси ва журналист ахлоқ қоидаларига риоя қилишлари зарур.
Суд жараёнларининг очиқ ва шаффофлиги, умумий юрисдикция судлари фаолияти тўғрисида жамиятни ўз вақтида, малакали, холисона ахборот тақдим қилиш суд тизими ва суд жараёнлари ҳақида ҳуқуқий хабардорлик даражасини оширишга ёрдам беради, шунингдек, суд тизими фаолияти устидан жамоатчилик назоратини таъминлайди. Очиқ суд мажлиси – судларга нисбатан жамоатчилик ишончини пайдо қилиш воситаларидан биридир.