No menu items!
More
    ДомойМедиа саводхонликМедиасаводхонлик Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда қандай ривожланмоқда?

    Медиасаводхонлик Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда қандай ривожланмоқда?

    25 октябрдан 1 ноябргача Глобал медиасаводхонлик ҳафталиги бўлиб ўтмоқда. Биз Internews ташкилотининг уч давлат – Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистондаги ходим ҳамда ҳамкорларидан бугунги кунда медиа ва ахборот саводхонлиги қандай ривожланаётгани, нималар амалга оширилгани ва нима қилиш кераклиги ҳақида сўрадик.

    MediaCAMP Марказий Осиё дастурининг медиасаводхонлик бўйича минтақавий маслаҳатчиси Гулнар Aсанбаева (Қозоғистон):

    Биз расмий ва норасмий таълим берамиз

    – Жорий йилнинг асосий натижалари сифатида университет ўқитувчилари учун медиасаводхонлик бўйича миллий тилларда таълим ресурсларининг тугатилгани ва биз ишлаётган уч мамлакатда маҳаллий шароитларга мослашишларни келтириш мумкин. Шунингдек, бизнинг лойиҳамиз бўйича узоқ муддатли ҳамкоримиз – MediaNet халқаро журналистика маркази томонидан тайёрланган ўрта мактаблар учун медиасаводхонлик бўйича дарслик ҳам тасдиқланди. Мазкур ўқув қўлланманинг электрон шаклига хусусий мактаб, гимназия ва лицейлардаги медиасаводхонлик ишқибозлари орасида катта талаб кузатилмоқда. Aммо шу билан вазифамизни адо этдик, деб айтишга ҳали эрта. Вазирлик 8-синф ўқувчилари учун медиасаводхонликни фан сифатида киритишга қарор қилди. Ҳозир Internews бевосита иштирок этган ўқув дастури лойиҳаси мавжуд, саккизинчи синфлар учун дарсликларни эса яратиш керак. 27 октябрь, чоршанба куни биз Қозоғистон Республикаси Таълим ва фан вазирлиги, И.Алтинсарин номидаги Миллий таълим академияси ва қайта ташкил этилган “Учебник” маркази вакиллари билан учрашдик. Таълим тизимида келгусида медиасаводхонликни ошириш бўйича ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш режалари муҳокама қилинди.

    Медиа таълим – бу нафақат таълим тизимида медиасаводхонликни институционализация қилиш, шу билан бирга, мазкур йўналишда ўқитувчи ва мураббийларни тайёрлаш ҳамдир. Замонавий технологиялар асрида бу ҳаётда муносиб ўрин топишни истаган ҳар бир инсоннинг йўли, бу аҳолининг барча қатламларини янги ноанъанавий усуллар билан, жумладан, кўнгилочар ўйинлар, байрамлар орқали ўқитишдир. Медиасаводхонлик уйлари йилнинг муваффақиятли лойиҳалари бўлгани табиийдир, улар MediaCAMP лойиҳаси ва аҳоли манфаатлари ўртасида жуда самарали кўприк бўлиб хизмат қилади. Қозоғистонда иккита ва Тожикистонда иккита Медиасаводхонлик уйлари бор. Шунингдек, Қозоғистоннинг 12 ҳудуди ва Тожикистоннинг икки вилоятида Медиасаводхонлик фестивалларининг ўтказилганини энг самарали лойиҳалар қаторида келтириб ўтишим мумкин. Фестивални Қозоғистонда ўтказиш бўйича ҳамкорлар шу қадар ижодий муносабатда бўлдиларки, улар мамлакатда биринчи марта киносаводхонлик бўйича сессиялар ўтказдилар, Светлана Раздобанинг гўзал расмлари билан қозоқ ва рус тилларида болалар учун аудио эртаклар яратдилар.

    Биз ҳар йили MеdiaCAMP Эдьютон, инновацион ўқув семинарини ўтказамиз. Тажрибали устоз ва мураббийлар молиялаштириш учун мурожаат қилганлар билан ишлайдилар. 2021 йил февраль ойида Эдьютон очиқ танлови натижасида 24 та лойиҳа муаллифлари ғолиб деб топилди. Шу кунгача уларнинг 90 фоизи якунланди. Тугалланган лойиҳалар орасида мактаб ўқувчилари ва талабалар ўртасида уч тилда баҳс-мунозаралар, ёш кутубхона ўқувчилари учун медиасаводхонликни ўргатиш, қозоғистонлик иллюстратор Светлана Раздобанинг ишлари бор – бизнинг “Янги репортёр” сайтимизда уларга бағишланган саҳифа ҳам мавжуд.

    Тожикистонда комикслар яратиш, кексалар учун медиасаводхонликни ўргатиш, болалар телесериаллари яратишга эътибор қаратилди. Муқимжон Aбдуфаттоев суратга олган фильм  ва унинг “Хандинкамон” комедия театри актёрлари ҳақида алоҳида фикр билдирмоқчиман. Улар ўз видеоларини маҳаллий аҳолини жалб қилган ҳолда бориш қийин бўлган жойларда суратга олишди, лойиҳа натижасида нафақат лавҳалар тайёрланди, балки қишлоқ аҳолиси ҳам бевосита медиасаводхонлик ҳақида тушунчага эга бўлди.

    Ўзбекистонда ҳам яхши лойиҳалар бўлди. Журналистик таркиб яратиш, тиктоклар, мактаб ўқувчилари учун медиасаводхонлик дарсларини ўтказиш бўйича лойиҳалар эътирофга молик.

    Йил бизнинг халқаро алоқаларимизни кенгайтирганимиз билан ҳам ёдда қолди. Россия, Эстониянинг медиасаводхонлик бўйича мутахассислари билан яқиндан ҳамкорлик қила бошладик, Қирғизистон, Украина, Беларусия билан доимий алоқада бўлиб турибмиз. Шунингдек, биз уч мамлакатда медиасаводхонлик бўйича тадқиқот ўтказдик, ноябрь ойида натижалар тақдимотини ўтказишни режалаштирганмиз – уни экспертлар шарҳлари билан бирга эълон қиламиз. Унинг натижаларини 2019 йилги тадқиқот якунлари билан солиштирганда, аввалдан фақат битта нарсани айтиш мумкин: жуда кўп янги, қизиқарли нарсалар амалга оширилди, аммо биз нуқта қўймаймиз, шу билан чегараланмаймиз. Медиасаводхонлик – бу бутун ҳаёт давомида янгиланиши керак бўлган таълим ва MеdiaCAMP лойиҳасининг янги, тўртинчи йилида ҳам бизни бундан кам бўлмаган қизиқарли лойиҳалар кутмоқда.

    Журналист, тадқиқотчи, медиа ва рақамли саводхонлик тарғиботчиси Гўзал Маҳкамова (Тожикистон):

    “Медиасаводхонликни боғчадан ўргатиш керак”

    – Тожикистонда медиа ва рақамли саводхонлик йўналиши оммалашганидан бери нисбатан қисқа вақт ўтган бўлишига қарамай, республика ушбу мавзуни ривожлантириш борасида катта силжишларга эришди. Медиа ва рақамли саводхонлик нафақат журналистларга, балки барча соҳаларга тааллуқли эканлигини мен биринчи марта 2017 йилда Internews томонидан ташкил этилган Эдьютон тадбирида эшитган эдим. Маълум бўлишича, бошқа мамлакатларда ҳатто болаларга медиасаводхонлик кўникмалари аллақачон ўргатилмоқда. Тожикистонда эса барча журналистлар ҳам маълумотлардан тўлиқ хабардор бўлмаган.

    Тўрт йил олдин менга болалар ва ўсмирлар ўртасида медиа ва рақамли саводхонликни ривожлантирувчи Тожикистонда биринчи ННТ очишни маслаҳат беришган эди. Бироқ, оилавий сабабларга кўра буни амалга ошириш имкони бўлмай қолди. Бироқ медиа ва рақамли саводхонликдаги фаолиятимни давом эттиришдан тўхтамадим.

    Медиасаводхонликни ривожлантириш масаласида ОAВни ривожлантириш жамғармаси билан ҳамкорлик қила бошладик, мавзули таркибни тожик тилига таржима қилдик, илмий изланишлар олиб бордик. Aввалига медиасаводхонликни журналистларга ўргатиш керак, деб ўйлагандим, лекин қўшни давлатлардаги ҳамкасбларим бу фанни боғчаданоқ ўргатиш кераклигига мени ишонтиришди. Кейин Хўжанддаги Aмерика ташкилотлари билан ҳамкорликда ўсмир ва болалар учун тренинглар ўтказа бошладим.

    Тўрт йил ичида Тожикистонда медиа ва рақамли саводхонликни ривожлантириш ҳамда оммалаштириш билан шуғулланувчи кўплаб нодавлат ташкилотлар пайдо бўлди; журналистлар ва ОАВ жамоалари бу йўналишда лойиҳаларни амалга оширмоқда, мавзу бўйича тожик тилида кўплаб контент пайдо бўлди, дарслик нашр этилди. Маҳаллий ташкилотлар томонидан ўтказилаётган медиа ва рақамли саводхонлик бўйича тренингларга болалар ва ўсмирлар кўплаб жалб қилина бошлади. Бундан ташқари, хорижий донорлар бир неча йиллардан бери эришилган натижалар билан чекланиб қолмай, медиа ва рақамли саводхонликни ривожлантиришни қўллаб-қувватлашда давом этмоқдалар.

    Aфсуски, таълим тизимимизда ҳалигача медиа ва рақамли саводхонлик бўйича алоҳида фан пайдо бўлгани йўқ, лекин фуқаролик жамияти, халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда Таълим ва фан вазирлиги биргаликда ушбу йўналишда ҳаракат бошлаганидан хабарим бор. Умид қиламанки, келажакда бу масала билан нафақат фуқаролик жамияти сектори, балки давлат миқёсида ҳам шуғуллана бошлайдилар, чунки медиа ва рақамли саводхонликни ривожлантиришдан барча бирдек манфаатдор.

    Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази директори Саида Сулаймонова (Ўзбекистон):

    Медиасаводхонлик асосий ва инсон компетенциясини аниқловчи омилга айланмоқда

    – Биз Ўзбекистонда медиасаводхонликни ривожлантириш жараёнига 2015 йили қўшилдик. Журналистлар жамоасида, хусусан, журналист кадрларини тайёрлашга ихтисослашган олий ўқув юртларида бу мавзу фаол тарғиб қилина бошлади. Илғор жаҳон тажрибасидан келиб чиқиб, медиасаводхонликни жорий этишнинг услубий асослари ишлаб чиқилди. Жумладан, “Ўзбекистон медиатаълимни ривожлантириш йўлида” ўқув қўлланмаси тайёрланди. Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда дастлабки босқичда ЮНЕСКО лойиҳалари бу жараёнга катта ҳисса қўшди.

    Бугунги кунда медиатаълим нафақат журналист, блогер ва матбуот вакилларининг компетенцияси эканини англаш мумкин. Замонавий жамият рақамлаштириш ва конвергенция томон ривожланиб бормоқда. Бундай шароитда медиасаводхонлик асосий ва инсон компетенциясини аниқловчи омилга айланади. Медиасаводхонлик ҳамма учун зарурлиги бугун ҳар қачонгидан кўра аёнлашиб қолди: мактабгача ёшдаги болалардан тортиб катта авлодгача, чунки медиа саноати жуда тез ривожланмоқда, медиа истеъмоли ўсиб бормоқда, кўплаб база, хизмат ва имкониятлардан фойдаланиш очиқ, шу жумладан электрон платформалар орқали фуқаролик жамиятини ривожлантириш соҳасида ҳам. Бу янги компетенциялар, танқидий фикрлашни ривожлантириш зарурлигини тақозо этади ва аҳолининг барча қатламлари учун кенг миқёсда медиа таълим бериш масаласини долзарблаштиради.

    Бугун Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази DW_MIL_UZ, Ўзбекистон медиаси, журналистлари ва блогерларини юридик қўллаб-қувватлаш клиникаси, BRYCA ва бошқа бир қанча лойиҳалар доирасида медиа-ахборот саводхонлигини жорий этиш бўйича иш олиб бормоқда. Бунда эътибор журналистлар билан бирга таълим тизими, давлат ва фуқаролик секторига ҳам қаратилган.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read