No menu items!
More
    ДомойМедиа танқидЎхшаш жанр, ўхшаш формат. Бошқа-бошқа ғоялар

    Ўхшаш жанр, ўхшаш формат. Бошқа-бошқа ғоялар

    ATV телеканалининг ATV SHOW ҳамда Tanilmag’an talant iyesi кўрсатувларининг ўхшаш томонлари форматида: яъни иккаласи ҳам студияда, суҳбат шаклида олиб борилади. Аммо муаллифларнинг сўзларига қараганда, уларнинг ғояси фарқли эмиш. Ушбу мақолада бу кўрсатувларнинг ғоялари мазмунига мос келяптими ёки икки дастур бири-бирини такрорлаяптими, деган саволга жавоб қидириб кўрамиз.

    Олдин айтилмаган гаплар

    Ҳар бир телевизион маҳсулотнинг ғояси бўлади. ATV SHOWнинг асосий ғояси — халққа таниқли санъаткор ёки соҳа ходимларининг кўпчилик билмайдиган, «олдин айтилмаган гаплар»ини ҳавола қилиш. Бу ҳақда дастур бошловчиси ҳам таъкидлаб ўтади. Тўғри, маҳаллий кўнгилочар телеканалларда эстрада юлдузлари иштирокидаги дастурлар сони кўп, айрим кўрсатувларнинг ғоялари ҳам ўхшаш. ATV SHOWнинг ушбу дастурлардан фарқи нимада? Мазмун ғояга мос келадими?

    Ғоянинг бўлгани яхши. Аммо студияга юлдуз меҳмонни чақириб, оддий ёки тушунарсиз саволлар билан қаҳрамонларнинг кўнглига йўл топиб бўлмайди. Масалан, дастурда бошловчи меҳмонга «Әрман дедиңиз, арзыў дедиңиз. Әрманды қалай түсинемиз, арзыўды қалай түсинемиз?» деган риторик савол беряпти.

    Қорақалпоқ тилида «арзый-әрман» бир-бирига синоним сўзлар, буни «Қарақалпақ тилиниң түсиндирме сөзлиги» ҳам тасдиқлайди. Демак, иккаласи бир маънони билдирадиган сўзларни фарқлаш мантиққа тўғри келмайди, жавоб ҳам шунга яраша мавҳум бўлади. Бошловчи яна меҳмонни саволга тутади: «Көркем-өнерде сиз жақтырмайтуғын қосықшы. Ким ҳәм неге?». Биринчидан, армон ва орзу ҳақидаги савол билан ундан кейин берилган бу савол ўртасида мантиқий боғлиқлик йўқ. Иккинчидан, кўрсатув қўшиқчиларни бири-бирига душман қилиб қўймоқчидек таассурот уйғотади.

    Гоҳида бошловчининг саволлари умуман нотўғри қўйилаётгани ачинарли ҳолат: «Сизиң қосықларыңызды көплеген республика ўәкиллери, Қайрат Нуртас Қазақстан Республикасынан ҳәм Жангелди Болатбек Қырғызстан Республикасынан айтып шыққан екен. Шет ел қосықшылары, шет ел жулдызлары менен дуэт айтыў мақсет бар ма?». Бошқа давлат артисти қўшиқ муаллифидан рухсат сўрамасдан қўшиқ куйлайдиган бўлса, қайси бир эстрада юлдузи бунга рози бўлади?! Қолаверса, шу қўшиқчи билан дуэт айтиш фикрига қандай муносабат билдириши мумкин?

    Телевидениенинг интервью форматидаги дастурлари вақтини ихчамлаштиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда. ATV SHOW нинг янги фасли нақ қирқ дақиқадан ортиқ, студия шаклида, интервью жанрида олиб борилади. Тўғри, студияда қирқ дақиқа давомида ток-шоулар олиб бориш мумкин. Аммо интервью олиб бориш мушкул ва телетомошабинларни зериктириб қўйиши мумкин.

    Бундан ташқари, бошловчиларнинг суҳбатга тайёргарлиги алоҳида мавзуга айланиб бормоқда. Сабаби, суҳбат жанрида биринчи навбатда олдиндан тайёрланган, яъни тахминий саволлар жамланмаси бўлиши керак. ATV SHOW бошловчиси бу қоидани билмайди ёки унга амалга қилмайди, бундай дейишимизга бир қатор сабаблар бор. Масалан, бошловчи шундай фикрни билдиряпти: «Жеке өзим билетуғыным бәлким шығарған шығарсыз. сизди хит дәржесине алып шыққан жүрегимниң гүли қосығы. Және Лаура атлы қосық». Демак, бошловчи олдиндан қўшиқчининг икки қўшиғидан бошқа қўшиғи бор ёки йўқлигини билмаган, унинг ижоди билан танишиб чиқмаган.

    Яна бир сонида бошловчи студияга меҳмонга чақирилган вайнерга «Халықта сондай гәп бар. Арзан нәрсениң қәрыйдары көп дейди. Сонда сизиң өнимиңиздиң қарыйдары көп. Қарақалпақстан көлеминде есапқа алатуғын болсақ, сонда қалай болғанлығы, сизиң өнимиңиз арзан болғаны ма?» деган саволдан вайнернинг ўзи ҳам чўчиб кетди, саволнинг ноўринлигини билиб, у ҳам қарши ҳужумга ўтди ва «келешекте көрсетиўим үлкен көрсетиў болсын десең майда сораўлар берме» деди.

    Демак, респондентнинг ўзи ҳам саволнинг ноўрин ёки аҳамиятсиз эканини эфирда таъкидламоқда. Дастурни кўрар экансиз, бошловчининг саволлари орасида оддий саволлар салмоғи кўпмикан деган ҳаёлга бориб қоласан киши. Масалан: «Әжинияз Пегас ол күнине интернет ушын 24 сааттың неше саатын телефонға арнайды?». Ушбу респондент билан суҳбат чоғида бошловчи «биз инсон руҳиятини очиш учун шундай саволларни берамиз» деб оддий савол берганини ўзи ҳам тан олади. Савол туғилади, инсоннинг неча соат интернет билан банд бўлиши билан унинг руҳий ҳолатини очиб бериш орасида қандай боғлиқлик бор?! Менимча, бу каби савол билан респондентнинг ички дунёсига кириб бориш қийин. Мантиқан олиб қаралса, саволнинг жавоби олдиндан маълум, сабаби — респондент вайнер бўлгач, ўз-ўзидан унинг ижтимоий тармоқларни кўриб боришига кўп вақти кетади.

    Юқорида қисқача дастурнинг хусусиятларини таҳлил қилишга ҳаракат қилдик. Аммо у ўзининг асосий мақсадига тўлиқ эришган, деб бўлмайди. Биринчидан, унинг асосий мақсади олдин кўпчилик орасида айтилмаган гапларни очиқ-ойдин гапириш, яъни ҳақиқатни айтиш (дастур бошловчисининг фикрича), тўғри дастурларда баъзан ҳақиқат айтилган бўлиши мумкин. Аммо жамиятни ҳайратлантирадиган, кўпчиликни ўйлантириб қўядиган ҳақиқат юзага чиқмади. Иккинчидан, оддий ва «навбатчи» саволлар билан респондентнинг кўнглига йўл топиш осон иш эмас. Учинчидан, айрим ҳолатларда бошловчининг тажрибасизлиги оқибатида қаҳрамонларнинг саволлардан қочиши ёки респондентнинг бошловчидан устун келиши ҳолатлари кўзга ташланиб қолади.

    Tanilmag’an talant iyesi ёки кўпчилик танимаган қаҳрамонлар

    ATV телеканалида шакл ва жанр томонидан бир-бирига ўхшаш лойиҳалар кўп. ATV SHOWга ўхшаш, студия шаклида ва суҳбат жанрида эфирга чиқадиган дастурлардан бири — «Tanilmag’an talant iyesi» кўрсатуви. ATV SHOWдан фарқли ўлароқ, кўрсатувда кўпчилик учун таниш бўлмаган талант эгалари студияга чақирилади. Кўрсатувнинг мақсади ҳақида бошловчи Қидирнияз Бабаниязов дастурнинг дастлабки сонларида шундай фикр билдиради: «Елимизде халқымызда елди таң қалдыратуғын талантқа ийе досларымыз бар, инилеримиз бар, ағаларымыз бар дегендей заманласларымыз арасында талантлы инсанлар оғада көп, бизлердиң мақсетимиз соларды жарыққа шығарыў, олардың пәлек астында қалып кетпей ел-халықтың алдына шығып өзлериниң талантын көрсетиў ушын бизлер усындай иканият бериў нийетиндемиз».

    Тўғри, дастурнинг ҳар бир сони кутилмаган меҳмоннинг ташрифи билан бошланади. Ғоя тўғри, халқ танимайдиган истеъдод эгаларини телетомошабинларга ҳавола қилиш ҳам телевидениенинг вазифаларидан бири. Аммо дастурнинг айрим сонларида асосий мақсад бир четда қолиб, умумий саволлар атрофида ўралашиб қолиш ҳолатлари кўп учрайди. Асадбек Ўразимбетов меҳмонга чақирилган сонда кўрсатувнинг 4 дақиқасигача меҳмоннинг қандай ҳунари бор экани мени қизиқтирди. Бошловчи гапни узоқдан айлантириб, умуман Асадбекнинг истеъдодига боғлиқ бўлмаган масалаларни очиб берадиган саволлар билан кўрсатувни ярмига яқинлатиб қўйди.

    Ростини айтиш керак, Tanilmag’an talant iyesi дастури телеканал томонидан эфирга олиб чиқилаётган лойиҳалардан унча фарқ қилмайди. Ушбу дастурга кўпроқ санъат йўналишида ўзини энди синаб кўраётган «дилетантлар» чақирилмоқда. Хоҳлаймизми-йўқми, санъат соҳаси маълум бир талаблар, қоидалар асосида талантларни саралаб боради. Ижодий кенгашлардан ўтмаган ва устоз ёзувчи ва шоирлардан дарс олмаган ижод аҳлини эфирга олиб чиқиш нечоғли тўғри? Фикримча, халқ орасидан талантларни танлашда таҳририят ҳали ҳам изланишда бўлиши кераклиги кўзга ташланиб қолмоқда. Сабаби, бугунги томошабин ўзгача ҳунарга, талантга эга қаҳрамонни кутади.

    Икки дастур орасида ўхшашликдан кўра фарқлар кам экани маълум бўлди. ATV SHOWда олдин айтилмаган гаплардан кўра кўпчилик биладиган маълумотлар сони кўп. Tanilmag’an talant iyesi да эса истеъдод эгаси фақат битта соҳа билан чекланиб қолаётгани, студияга чақирилган меҳмонлар ҳам ўз истеъдодларини тўлиқ намойиш эта олмаётгани ушбу лойиҳанинг янада сайқалланиши лозимлигини кўрсатмоқда.

    Хурмет Атажанов
    Хурмет Атажанов
    Доцент кафедры журналистики Каракалпакского государственного университета имени Бердаха.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read