Ишлаб чиқаришнинг жадал ривожланиши, инсониятнинг табиатга истеъмолчи сифатидаги муносабати оқибатида экологик муаммолар жаҳонда, хусусан, Ўзбекистонда ҳам ўта долзарб тус олмоқда. Бугун Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида Орол фожиаси асосий экологик муаммо сифатида кўрсатиб келинса-да, бошқа экологик муаммоларни ёритиш ва аҳолининг экологик онгини шакллантиришдаги роли жуда ҳам катта. Биринчидан, улар экология билан боғлиқ жараёнларни акс эттириб, аудиторияга экологик муаммолар мавжудлигини эслатиб туради. Зеро, аксарият одамлар барча экологик муаммоларни билмайди. Уларни у ёки бу экологик муаммо тўғрисида ОАВ ва блогерлар хабардор қилишади. Аҳолининг қарашлари, воқеага баҳоси, муносабати айнан оммавий ахборот воситалари томонидан тарқатилаётган ахборот асосида шаклланади. Иккинчидан, ОАВ тўғридан-тўғри ёки қисман экологик муаммолар, воқеа ва ҳодисаларга ижтимоий муносабатни, аксарият ҳолатда уларнинг фуқаролик позициясини шакллантиради, ҳаракатга ундайди. Учинчидан, ОАВ турли экологик акциялар ташаббускорлари бўлиши мумкин. Бунда улар ахборий кўмакчи вазифасини ўташади. Тўртинчидан, ОАВ аҳолининг экологик онгини шакллантириб, экологик маданият ва экологик тарбия кўникмаларини беришда ҳам муҳим роль ўйнайди. Бешинчидан, экологик журналистика жамиятда ижтимоий, хусусан экологик назоратни амалга ошириб, унинг мониторинги, маъмурий органлар фаолиятини баҳолаш, экологик муаммоларни бартараф этишда қонунчилик ҳужжатларини илгари суриш вазифасини ҳам амалга оширади. Аммо юқорида санаб ўтилган имкониятларга қарамай, асосан экология ва атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида ОАВ ўз зиммасига юклатилган вазифани тўлиқ бажармаяпти. Бунинг асосий сабаби журналистларда экологик билимнинг етишмаслиги, экологик муаммоларнинг нақадар долзарблигини тушунмаслик, уларга юзаки қарашдир.
Бугунги кунда Ўзбекистондаги мавжуд 1893 та ОАВ (2021 йил 12 ноябрь ҳолатига кўра) атиги 11 таси экологик йўналишдадир. 52 тасида экологик рукн мавжуд. Шундан 37 та экологик рукн теле-радиоканалларда бўлиб, атроф-муҳит муҳофазасига бағишланган ижтимоий-сиёсий, таълимий-маърифий-оммабоп кўрсатув ҳамда радиоэшиттиришлардир. Бунга биз нисбий равишда халқаро экологик ташкилотлар ва мессенжерлардаги каналларни ҳам қўшдик. Улар расмий ОАВ мақомига эга бўлмаса-да, экологияга оид маълумотларни самарали тарқатишмоқда. Бугунги кунда ОАВнинг аксарият аудиторияси ижтимоий тармоқларга кўчди. Telegram мессенжеридаги 22 та экоканал (10.06.2022 ҳолатига кўра) ҳам бугунги кунда аҳолини тўлиқ экологик маълумотлар билан таъминлаяпти, деб бўлмайди. Чунки уларнинг умумий аудиторияси сони 2022 йил 10 июнь ҳолатига кўра, 20347 нафар обуначини ташкил этади, холос. Бу эса мавжуд интернет фойдаланувчиларининг атиги 9 фоизи қамраб олинган деганидир. Ўзбекистон аҳолисининг деярли 4/3 қисмини интернетда қамраб олган янгиликлар сайтлари ҳамда Ўзбекистон ахборот агентлигининг расмий uza.uz сайтида ҳам экологияга бағишланган махсус рукн йўқ.
Бугунги кунда Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси таркибига кирувчи қатор теле ва радиоканалларда, хусусан “Дунё бўйлаб”, “Маҳалла”, “Ўзбекистон”, “Ўзбекистон-24”, “Ёшлар”, “Оилавий” телеканаллари, “Маҳалла” ва “Ўзбекистон” радиоканалларида экологияга бағишланган кўрсатув ва эшиттиришлар сони секинлик билан бўлса-да, ортмоқда. Аммо хусусий теле ва радиоканалларда Ўзбекистон миллий телерадиокампанияси тасарруфига кирувчи теле ва радиоканаллардан ташқари экологияга бевосита ёки билвосита бағишланган ёки боғлиқ бўлган кўрсатув ва эшиттиришлар йўқ. Юқоридаги диаграммадан кўриниб турибдики, Ўзбекистондаги экология мавзусида фаолият юритувчи ОАВ ва Telegram каналидаги гуруҳларнинг қисқача рўйхати шундан иборат. 35 миллион аҳолига эга Ўзбекистон учун бу рақам жуда оз. Бугунги кунда мамлакатда оммалашган янгиликлар сайтларида бевосита экологияга оид алоҳида рукн бўлмаганининг ўзи ҳануз Ўзбекистон журналистларининг экологик муаммолар нақадар долзарблиги, экология бевосита инсон ҳаётининг асосини ташкил этишини тўлиқ англаб етмаганликларини билдиради.
Долзарб экологик муаммолардан бири бўлган сув муаммоси миллий ОАВда жуда кам ёритилмоқда. Мамлакатда ичимлик ва суғориш сувларининг тақчиллигини ва сувни тежаш борасида аҳолининг маданияти ва оқибатлари ҳақидаги хабардорлиги етарли эмас. Шунга қарамай, сув ва ундан фойдаланиш муаммосига бағишланган алоҳида нашр ёки интернет сайти йўқ. Етакчи интернет нашрлари, босма ОАВ, радио, ТВда ҳам сув муаммоси кўтарилганида камдан-кам ҳолатда мазкур мавзу чуқур таҳлил этилади. Масалан, “Халқ сўзи” газетасида 2021 йил 1 декабрда чоп этилган “Сув танқислиги шароитида оқилона ёндашув” мақоласида А.Йўлдошев Самарқанд туманидаги Захлик қишлоғида жойлашган сув тозалаш иншооти Франциянинг “SADE” компанияси томонидан қайта реконструкция қилингани ва унга 12,5 миллион доллар сарфлангани ҳақида хабар беради. Аммо унда оқова сувлар муаммоси ва қайта ишланган сувдан фойдаланиш нега муҳимлиги ҳақида деярли сўз юритилмайди. Ёки журналист Д.Ахроровнинг “Сув тақчиллиги. Минтақани иқлим ўзгаришларининг яна қандай оқибатлари кутмоқда?” сарлавҳали мақоласида муаммони Марказий Осиёнинг айрим давлатлари, хусусан Тожикистон, Қозоғистон, Ўзбекистон кесимида таҳлил қилишга ҳаракат қилган, аммо унда ҳам озиқ-овқат хавфсизлиги, энергия манбаларига, атроф-муҳитга, хавфсизликка таъсири масалалари бир шингилдан кўрилган. Ваҳоланки, буларнинг ҳар бири алоҳида мавзу бўлиб, чуқурроқ, аниқ факт ва далиллар, мисоллар, бирор бир қаҳрамон мисолида кенгроқ таҳлил қилиб берилса, ўқувчига масаланинг туб моҳиятини тушунишга ёрдам берган бўлар эди.
Сув таъминоти, сувдан фойдаланиш ва унинг сифати – шаҳарларда яшовчи аҳоли учун энг жиддий экологик муаммолардан ҳисобланади. Ушбу мавзуда чоп этилаётган мақолалар асосан чекланган характерга эга бўлиб қоляпти (мисол учун: водопровод жўмрагидан сув ичиш мумкин эмас, шаҳар сув ҳавзаларида чўмилиш тақиқланади), ёки айрим материалларда маслаҳат бериш билан кифояланилади ( “Сув фильтрларини харид қилинг!”, “Минерал сув ичинг!” каби). Шунингдек, фақат маълумот берувчи мақолалар ҳам учрайди. Уларда кўпинча ичимлик суви таркибида қандай моддалар қанча ҳажмда борлиги, сувнинг қандай тозаланиши ва шунга ўхшаш маълумотлар келтирилади. Оммавий ахборот воситаларининг сув ва ундан оқилона фойдаланиш билан боғлиқ материаллари таҳлили шуни кўрсатадики, ушбу масалаларнинг ҳуқуқий асосларини ёритишда “Ҳуқуқ ва бурч” журнали ҳамда унинг huquqburch.uz веб саҳифаси, сув муаммоларини ёритишда интернет нашрлар, хусусан http://www.biznes-daily.uz, www.uza.uz, https://kun.uz, www.xabar.uz, eco.uz, ekolog.uz, sreda.uz бирмунча фаол. Айниқса, https://kun.uz янгиликлар сайтида бериб борилаётган ичимлик сувини исроф қилиш борасидаги журналистик материалларни талаб даражасида дейиш мумкин. Мамлакатимизнинг марказий ва ҳудудий газеталарида мазкур мавзуда чуқур таҳлилий мақолалар жуда кам учраши ҳам афсусланарли ҳол. Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида сув ва ундан фойдаланиш масаласи қай даражада экани қуйидаги диаграммамизда ўз аксини топган:
Бундан кўриниб турибдики, ҳаётимиз асоси бўлмиш сув ва ундан фойдаланиш муаммосига журналист ва блогерларнинг эътиборларидан четда қолмоқда, бу эса уларнинг мазкур мавзуни чуқур билмасликлари ва аҳамиятини чуқур тушуниб етмаслиги билан изоҳланади. Аксарият ҳолларда журналистлар сув муаммоси ва ундан оқилона фойдаланиш масаласини ўта умумий, аксарият ҳолда интернетдан олинган хабарларга таяниб ёритишади, холос. Ичимлик ва ер майдонларини суғориш сувларининг тақчиллиги муаммосини таҳлил этганимизда, мазкур йўналишда қуйидаги мавзулар жуда кам ёритилаётганини аниқладик:
- ичимлик сувининг аҳоли томонидан тежалмасдан, исроф қилиниши;
- ичимлик сувининг тегишли корхоналар томонидан аҳолига етказиб беришдаги муаммолар;
- ўрта ва кичик аҳоли пунктларидаги канализация ва оқава сувларни тозалаш муаммоси;
- сувнинг аҳоли ва корхоналар томонидан ифлосланиши;
- сизот сувлар ва ерларнинг шўрланиши муаммоси;
- трансчегаравий дарёлар сувини асраш ва улардан оқилона фойдаланиш муаммоси;
- қишлоқ хўжалигида сувни тежаш муаммоси (суғоришдаги янги технологиялардан фойдаланиш);
- виртуал сув ва унинг табиат, жамият ҳаётидаги ўрни;
- сув изи тушунчаси ва муаммоси;
- сувдан фойдаланишда аҳолининг экологик маданиятини ошириш масаласи;
- cувдан оқилона фойдаланиш борасида қонунчиликни такомиллаштириш масаласи ва ҳоказо.