No menu items!
More
    ДомойМедиа ҳуқуқиЎзбекистон журналистлари учун ахборот олиш ва ундан фойдаланиш. 1-қисм

    Ўзбекистон журналистлари учун ахборот олиш ва ундан фойдаланиш. 1-қисм

    Журналист ва блогерлар учун давлат идоралари ва давлат муассасаларидан ахборот олишнинг самарали усулларидан бири бу уларга мурожаат қилишдир. Бундай имконият Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 29 ва 30-моддалари, Ўзбекистон Республикасининг “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”, “ОАВ тўғрисида”, “Ахборот эркинлиги тамойиллари ва кафолатлари тўғрисида”, “Ахборотлаштириш тўғрисида”ги қонунларида назарда тутилган.

    Ахборот сўровини нафақат медиага алоқадор шахслар, балки оддий фуқаролар ҳам ёзиши мумкин. Ахборотдан фойдаланиш мавзуси анча кенг, лекин уни тушуниш муҳимдир. “Янги репортёр” шу мавзуда туркум мақолалар эълон қилади. Қуйида биринчи мақола.

    Қонунга биноан сўров қандай бўлиши керак?

    “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуннинг 20-моддасига мувофиқ, жисмоний шахс сўровида фамилия, исм, отасининг исми, яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилиши ҳамда унинг мазмун-моҳияти баён этилиши шарт. Юридик шахснинг сўровида юридик шахснинг тўлиқ расмий номи, жойлашган (почта) манзили тўғрисидаги маълумотлар, сўровнинг моҳияти кўрсатилиши керак.

    Ёзма сўровлар ахборотдан фойдаланувчининг шахсий имзоси билан тасдиқланади. Агар сўровни шахсий имзо билан тасдиқлашнинг имкони бўлмаса, у тузувчининг фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилган ҳолда имзо билан қўшимча равишда таъминланиши керак. Ахборотдан фойдаланувчини аниқлаш имконини берувчи маълумотларни ўз ичига олмаган сўров аноним ҳисобланади ва кўриб чиқилмайди.

    Сўров вазифалари қўйилган саволлар бўйича маълумотларни тақдим этишни ўз ичига оладиган давлат ҳокимияти ва бошқаруви органи ёки мансабдор шахсга юборилиши лозим.

    Белгиланган тартибда юборилган сўров мажбурий равишда кўриб чиқилиши керак.

    Қонунга мувофиқ ОАВнинг сўрови қандай бўлиши керак?

    ОАВ юридик шахсининг тўлиқ номи, унинг жойлашган жойи тўғрисидаги маълумотлар — почта манзилини кўрсатиш лозим, шунингдек, мурожаатчининг электрон почта манзилини ҳам кўрсатиш мумкин. Маълумот тақдим этиши керак бўлган давлат органининг номини кўрсатинг, хат санаси ва рақамини қўйинг.

    Сўровнинг моҳиятини аниқ ва равшан шакллантириш керак. Бунда унинг мазмуни давлат органининг фаолияти тўғрисида маълумот олиш билан боғлиқ бўлиши лозим. Унда мурожаат элементлари — ариза, таклиф ёки шикоят тарзида бўлмаслиги керак, чунки бу ҳолда кўриб чиқиш учун бошқа тартиб ва   муддатлар қўлланилади. Сўров ОАВнинг бош муҳаррири томонидан имзоланади ва унга муҳр ёки штамп босилади.

    Хатда ахборот олишнинг ҳуқуқий асосларини эслатиб ўтиш муҳим. Давлат органлари сўровга қуйидаги моддаларга мувофиқ жавоб беришлари шарт:

    • “Ахборотдан фойдаланиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги ЎзР Қонунининг 5 ва 6-моддаси,
    • “Ахборот эркинлиги тамойиллари ва кафолатлари тўғрисида”ги ЎзР Қонунининг 9-моддаси,
    • “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги ЎзР Қонунининг 18-моддаси,
    • “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисида ахборот сўровларини қабул қилиш, рўйхатга олиш ва кўриб чиқиш тартиби тўғрисида”ги йўриқнома (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 2016 йил 17 мартда рўйхатга олинган, рўйхатга олинган рақами 2769).

    Ахборот сўрови ва фуқаро мурожаати

    “Ахборот сўрови” ва “фуқаро мурожаати” тушунчаларини бир-биридан фарқлаб олиш зарур. Ахборот сўрови — фойдаланувчининг оғзаки ёки ёзма шаклда (шу жумладан электрон ҳужжат шаклида) давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига ва (ёки) уларнинг мансабдор шахсларига юбориладиган, ушбу органларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборотни тақдим этиш тўғрисидаги талаби (“Очиқлик тўғрисида”ги Қонуннинг 18-моддаси).

    Фуқаронинг мурожаати ариза (ҳуқуқ, эркинлик ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга ёрдам бериш тўғрисида мурожаат), таклиф (давлат ва жамият фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсияларни ўз ичига олган мурожаат) ва шикоят (бузилган ҳуқуқларни тиклаш, эркинлик ва қонуний манфаатларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги сўров) шакли оғзаки, ёзма ёки электрон кўринишда бўлиши мумкин (“Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги ЎзР Қонунининг 4 ва 5-моддалари).

    Ахборот сўрови қанча муддатда кўриб чиқилади?

    Ахборот сўрови рўйхатга олинган кундан бошлаб 15 кундан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилиши керак, ОАВнинг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти тўғрисидаги ахборот, шунингдек мансабдор шахслар билан суҳбатлар ташкил этиш тўғрисидаги сўрови эса, етти кундан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилади.

    Ахборот сўровини кўриб чиқиш тартиби

    Агар ахборотдан фойдаланувчининг сўрови мавзуси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органининг ваколатига кирмаса, сўров рўйхатга олинган кундан эътиборан уч иш кунида ваколатига сўралаётган ахборотни тақдим этишни ўз ичига олган органга юборилади ва ахборотдан фойдаланувчи бу ҳақда хабардор қилинади.

    Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари расмий нашрларида, ОАВда ёки расмий веб-сайтларда эълон қилинган маълумотлар сўралган тақдирда сўровга жавобан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари расмий нашрнинг номи, чиқарилган санаси ва рақами, у қайси оммавий ахборот воситаларида жойлашганлиги кўрсатилган ҳаволани тақдим этиши мумкин.

    Агар давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида келиб тушган сўров бўйича бошқа давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг ваколатлари тўғрисида маълумотга эга бўлмаса, сўров рўйхатга олинган кундан бошлаб уч иш куни ичида ахборотдан фойдаланувчига тегишли жавоб юборади.

    Сўров рад этилган тақдирда, ахборотдан фойдаланувчига асослантирилган жавоб юборилади. Сўровлар билан ишлаш тартиби “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 18 ва 19-моддаларида назарда тутилган.

    Карим Бахриев
    Карим Бахриев
    Сфера интересов: медиаправо, медиамониторинг, журналистика и литература.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read