No menu items!
More
    ДомойТасмаМарказий Осиё мамлакатларида замонавий кино қандай ривожланмоқда

    Марказий Осиё мамлакатларида замонавий кино қандай ривожланмоқда

    Марказий Осиёдаги кино саноати ҳар йили сифатли фильмлар ишлаб чиқараётганига қарамай, бу асарлар хорижий фестивалларда яхши тақдим этилмаяпти ва ташқи томошабин эътиборидан четда қолмоқда. Қозоғистонлик киношунос ва кино танқидчи, санъатшунослик фанлари доктори Гульнар Абикеевага кўра, бундай ҳолат кўп жиҳатдан кино соҳасида мутахассислар, жумладан, журналистлар, кинотанқидчилар, киношунослар етишмаслиги билан боғлиқ. Бу мутахассислар нафақат миллий кинони ташқи бозорга олиб чиқиш, балки мамлакатларимизда кино саводхонлигини оширишга ҳам қодирдирлар.

    “Янги репортёр” Гульнар Абикеева нутқининг асосий жихатларини ёзиб олди.

    Ушбу сессия 19 декабрда бошланган ва беш кун давом этадиган MediaCAMP Эдьютон дастурининг бир қисмидир. Эдьютон ҳақида кўпроқ маълумотни бу ерда ўқинг.

    Киносаводхонлик – нафақат фильмларни тўғри тамоша қилиш қобилияти, балки ундан ҳам кўпроғидир. Гап Марказий Осиё киноси ҳақида кетаётгани сабабли, биз мамлакатларимиздаги бутун минтақага хос бўлган вазиятни кўриб чиқамиз.

    Қирғизистон

    2022 йил июнь ойида Қирғизистонда Central Asian Cinema forum старт олди ва унинг мақсади кино танқидчилар савиясини оширишдан иборат. Гап шундаки, минтақамизда кинотанқидчиларнинг мавжуд эмаслиги (улар бор, лекин жуда оз) замонавий кино санъатини ташқи бозорларга олиб чиқиш, кино саводхонлигини оширишга ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда.

    Давлатларимизнинг ҳар бирида – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда биттадан кинотанқидчи бор, бу эса ҳалокатли даражада камдир. Нисбат, масалан, Россиядаги каби бўлиши керак: битта режиссёрга 50 га яқин киножурналист, кино танқидчилар, блогерлар бу жараёнга хизмат қилади. Марказий Осиёда эса камида 150 нафар режиссёр, бор-йўғи 15 нафар кино мутахассиси бор. Журналистлар, блогерлар, ПР ходимлар армияси кинони хорижий бозорларга олиб чиқиши, ижодкорлар ва томошабинларга ёрдам бериши керак.

    Бу муаммо Қирғизистонда ўртага ташланди ва шу йилнинг июнь ойида улар лойиҳа бошладилар: танловга 10 нафар иштирокчини жалб қилишди, киношунослик ва кинотанқидчилик нима эканлиги ҳақида маҳорат дарслари ўтказдилар, сўнгра кинофестиваль бошланди ва маҳорат дарслари иштирокчиларига тақриз ва шарҳлар ёзиш вазифаси берилди. Бу узоқ муддатли дастур, ҳозир мана шу 10 киши киноижодкорлар устозлигида ишламоқда.

    Шундай йўл билан Қирғизистонда кино саводхонлиги ривожланмоқда, бу ниҳоятда зарур. Кино танқидчилари ва кино экспертлари кинога танқидий қараш, кинога холис баҳо бериш; томошабин эса ўз фикрини билдириш имкониятига эга. Бу эса киносаводхонликдир.

    Ўзбекистон

    Ўзбекистонда ҳар йили кўплаб фильмлар чиқарилади, томошабин уларни завқ билан томоша қилади. Кам бюджетли суратлар тезда ўзини қоплайди, аммо тез ишлаб чиқариш суръати маҳсулот сифатига таъсир қилиши ҳам аниқ. Бу Ўзбекистонда кучли арт-хаус кино йўқ дегани эмас, масалан, режиссёр Ёлқин Тўйчиевнинг “Фариданинг 2000 қўшиғи” фильми. Бу асар совет ҳокимияти даври ҳақида ҳикоя қилади, танқидий нуқтаи назардан ёритиб берилади. У Канн кинофестивалида иштирок этиш учун номзод бўлган, аммо унда барча имкониятлар бўлса-да, қисқа рўйхатга киритилмай қолди. Бу эса кино асарнинг муаммоси эмас, балки ўзбек фильмларининг ташқи бозорларда яхши тарғиб қилинмаётганида. Ҳаммаси кадрлар масаласига тақалади. Мен ўзбек ҳамкасбларимни хафа қилмоқчи эмасман, лекин вазият шундайки, кино ҳақида ёзадиган ва хорижга тақдим қиладиган киношунослар камдан-кам инглиз тилида гапирадилар.

    Аксарият йирик фестивалларда гарчи аккредитациядан ўтиш мумкин бўлса-да, Марказий Осиёдан бирорта ҳам журналист қатнашмайди, минтақамиз учун квоталар очиқ, лекин улардан ҳеч ким фойдаланмайди.

    Тожикистон

    Тожикистондаги фуқаролар урушидан кейин фильмлар сони ноль миқдорга камайди. Бу йилларда тожик режиссёрлари ўз фильмларини мамлакат ташқарисида суратга олишди, лекин Тожикистон ичида ҳаммаси тўхтаб қолди. Уруш тугагач, молиялаштириш имконияти йўқ эди ва сукунат жуда узоқ давом этди. Фақат 2009 йилда Носир Саидовнинг “Ҳақиқий пешин” фильми экранга чиқди. Эронлик режиссёр Махмалбаф тикланиш жараёнига ёрдам берди, у тожик киносига миллий ўзликни қайтарди. Бу Совет Иттифоқи нафаси билан 70 йил яшаган мамлакат учун чақириқ эди. Ва кўпчилик учун бу форс илдизларига қайтиш бўлди.

    У 90-йилларнинг охиридан 2000 йилларнинг охиригача Душанбеда яшаган ва маълум маънода бу ҳам киносаводхонлик эди, у одамларга фильм суратга олишни, монтаж қилишни ўргатди ва шу билан бирга уларга ўзлигини қайтарди.

    Қозоғистон

    Қозоғистондаги кинотеатрларда тижорат фильмлари намойиш этилади, одамлар уни кўргани, томоша қилгани боради, лекин бу кўнгил очиш учун эканлигини тушунади. Фестивалларда фақат арт-хаус фильмлар қатнашади ва кўпинча бошқа мамлакатлардаги ҳамкасблар мендан бундай замонавий, чуқур, истеъдодли кинони қаердан оласиз, деб сўрашади. Бунга параллел равишда Қозоғистонда кинонинг иккита олами мавжуд: бири мамлакатга намойиш этилади ва у кўнгилочар йўналишда, иккинчиси хорижий давлатлар учун кино, у ақлли ва фалсафий маънога эга. Ва бу зиддиятни енгиш керак.

    Гульнар чиқишининг тўлиқ ёзувини бу ерда рус тилида кўриш мумкин.

    Ушбу лойиҳа Америка халқининг АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) орқали кўрсатган ёрдами асосида Internews томонидан амалга ошилаётган Марказий Осиё MediaCAMP дастури доирасида амалга оширилмоқда. Унинг мазмуни бўйича масъулият Internews га юклатилади ҳамда USAID ёки АҚШ ҳукумати расмий нуқтаи назарини акс эттирмайди.

    Таржимон Нодир Маҳмудов
    Таржимон Нодир Маҳмудов
    Журналист, шарҳловчи, таржимон. Ўзбекистоннинг бир қатор марказий нашрларида фаолият юритган.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read