Замонамиз глобал интернет тармоғи – ноёб ва жуда истиқболли маълумот манбаи ривожлангани билан алоҳидалик касб этади. Интернет журналистлар учун ҳам фойдали, у бутун мамлакат ва дунё бўйлаб журналистлар ва уларнинг ахборот манбалари ўртасида тезкор алоқани таъминлайди. Интернет, шунингдек, ўз мамлакатида цензура ёки хавф туғилганда материални эълон қилишнинг муқобил усули ҳисобланади.
Интернет журналист учун, энг аввало, турли ахборот манбаи сифатида зарур. Интернет мега-манбага, универсал ахборот муҳитига айланиб бормоқда.
Интернет керакли маълумотларни қидириш ва олиш имкониятини яратади — маълумотнома ахборотдан (луғатлар ва энциклопедиялардаги мақолалар, статистика, библиографиялар, хариталар, манзиллар, компания ва ташкилотлар ҳақидаги маълумот ва ҳ.к.) тортиб одамларнинг тармоқнинг турли алоқа шакллари орқали ҳар хил вазиятлар билан боғлиқ фикрларигача (форумлар, телеконференциялар, меҳмонлар китоблари ва ҳ.к.).
Интернет ҳам самарали мулоқот воситасидир.
Натижада, у интернет-медиа фаолият юритувчи ахборот бозорида анъанавий ОАВ билан рақобатга киришган маконга айланди. Малакали таҳририят фаолиятида тармоқ (онлайн) журналистикаси кўпинча самарадорлик ва ахборотнинг ривожланиш даражаси бўйича ҳаммадан илғор йўналиш даражасига етади.
Журналистнинг қайси медиа соҳасида фаолият юритишидан қатъи назар, қалам аҳли учун интернет – бу меҳнат фаолиятининг энг муҳим воситаси, маълумот қидириш қуроли ва маълумотнинг ўзидир.
Шуни ёдда тутиш керакки, интернет ахборот манбаи сифатида сезиларли камчиликларга эга ва энг катта муаммо – маълумотларнинг ишончлилик даражаси. Веб-сайтлар, блоглар, янгиликлар ёки ижтимоий тармоқларда ҳар доим кўплаб хавф-хатарлар мавжудки, биз улар ҳақида яна ёзамиз.
Интернет маълумотлари билан ишлаш хусусиятлари. Судга тушмаслик йўллари қандай?
Афсуски, журналист ва бутун ижтимоий тармоқлар ҳамжамиятида Тармоқ глобал ва шунинг учун маълум бир мамлакат қонунларига бўйсунмайди, деган фикр ҳукмронлик қилади. Тармоқ глобалдир, лекин маълумот олиш ёки уни тарқатиш учун интернетдан ким фойдаланса, у ўзининг ҳуқуқий тизимига эга маълум жойда яшайдиган шахсдир.
Интернет бизга янги эркинлик бериши мумкин, лекин у бизни масъулиятдан озод қилмайди. Шуни эсда тутиш керакки, виртуал маконда ҳақиқий дунё қонунлари амал қилади.
Интернетдан ахборот манбаи сифатида фойдаланиш мумкин ва керак. У ерда ҳам муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган ОАВнинг материал ва хатлари каби муаллиф ва фуқароларнинг айни материаллари мавжуд. ЎзР “ОАВ тўғрисида”ги қонунида муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган материаллар ва хатлардан фойдаланишни тартибга солувчи 32-модда мавжуд. Унга кўра, ОАВ қонун ҳужжатларига, яъни Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 60-боби ва “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига мувофиқ муаллифлик ҳуқуқига оид материаллардан, фан, адабиёт, санъат асарларидан фойдаланиши мумкин. Таҳририятга келиб тушган хатларни нашрга тайёрлашда матн мазмунини бузмаган ҳолда қисқартириш ва таҳрир қилишга рухсат берилади.
Ижтимоий тармоқдаги пост интеллектуал мулк ҳисобланадими?
Instagram, Facebook ёки Одноклассникидаги пост интеллектуал мулк бўлиб, пост муаллифларининг ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонуни ва Ўзбекистон Фуқаролик кодекси билан ҳимояланган. Қонунчиликда айтилишича, муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимояланган асарлардан фақат муаллифнинг рухсати билан фойдаланиш мумкин, аммо қоидадан истиснолар мавжуд: агар матн тўлиқ келтирилмаган бўлса, муаллифнинг рухсати талаб қилинмайди.
Интернет – маълумот тарқатиш платформаси бўлиб, у бу жиҳатдан китоб, газета ва журнал, пластина ва CDлар каби бошқа ахборот ташувчилардан фарқ қилмайди.
Ҳар бир ижтимоий медиа платформасида аккаунт эгалари ва уларнинг мазмунидан фойдаланишни истаган журналистлар ўқиши керак бўлган фойдаланувчи шартномаси мавжуд. Ижтимоий тармоқдаги аккаунт аслида фойдаланувчининг мулки эмас, унга шунчаки сайтда рухсат берилган. Ижтимоий тармоқда рўйхатдан ўтишда ҳар бир киши, бошқа нарсалар қатори, ушбу платформада яратилган ва жойлаштирилган материаллардан фойдаланиш шартларини кўрсатадиган фойдаланувчи шартномасини имзолайди.
Мисол сифатида, Facebook фойдаланувчиси шартномасининг 3.1-қисмини келтирамиз, у ерда айтилишича: “Сиз Facebook ва сиз фойдаланадиган бошқа Facebook маҳсулотларида яратган ва бўлишадиган контентга эгасиз ва ушбу Фойдаланувчи шартномасидаги ҳеч нарса сизнинг шахсий контентингизга бўлган ҳуқуқларингиздан маҳрум қила олмайди. Контентингизни исталган жойда бошқа одамлар билан бўлишишингиз мумкин. Бироқ, хизматларимизни тақдим этишимиз учун сиздан бундай контентдан фойдаланиш учун муайян қонуний рухсатномаларни олишимиз керак.
Хусусан, сиз Маҳсулотларимизга ёки улар билан боғлиқ интеллектуал мулк ҳуқуқи объекти бўлган контентни (масалан, фотосуратлар ёки видеолар) жойлаштирганингизда ёки юклаганингизда ёки бундай контент билан бўлишганингизда, сиз бизга сақлаш, фойдаланиш, тарқатиш, ўзгартириш, ишга тушириш, нусха кўчириш, омма олдида ижро этиш ёки кўрсатиш, таржима қилиш ва контентингиз асосида асарлар яратиш (махфийлик ва илова созламаларингизга мувофиқ) учун суб-лицензияларни ўтказиш ва бериш ҳуқуқига эга бутун дунёда амал қилувчи лицензия берасиз”.
Facebookдаги пост муаллифи исмининг ажралмас ҳуқуқига эга (иқтибос келтираётганда унинг исми кўрсатилиши шарт), аммо “ҳамма учун” жойлаштирилган маълумотларнинг эркин айланишига тўсқинлик қилишнинг имкони йўқ.