No menu items!
More
    ДомойТасмаПрезидент сайловлари ва ОAВ

    Президент сайловлари ва ОAВ

    Ўзбекистонда муддатидан олдин президентлик сайлови 2023 йил 9 июлга белгиланди. Тегишли фармонни Шавкат Мирзиёев Ўзбекистоннинг янги Конституцияси қабул қилинганлиги муносабати билан қилган чиқишида имзолади. Президент таъкидлаганидек, давлат ҳокимиятининг ягона манбаи халқ бўлгани боис «янгиланган давлат ҳокимияти тизимида халқимиз, яна бир бор айтаман, фақат халқимиз ўзи ишонган раҳбарга мандат бериши мақсадга мувофиқ».

    Сайловолди кампанияси бўлиб ўтди

    Шундай қилиб, 7 июндан Президентликка номзодларнинг сайловолди ташвиқоти бошланди. Унда тўрт нафар номзод: Халқ демократик партиясидан Улуғбек Иноятов, Либерал-демократик партиядан Шавкат Мирзиёев, “Aдолат” партиясидан Робахон Маҳмудова ва Экологик партиядан Aбдушукур Ҳамзаев қатнашди. Энг ажабланарлиси, “Миллий тикланиш” партияси ўз номзодини кўрсатишни истамай, ушбу лавозимга амалдаги Президентни қўллаб-қувватлади.

    Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Ўзбекистондаги президентлик сайловларини кузатиш бўйича миссиясини очди ва дарҳол “Ўзбекистонда сайлов кампанияси “вазминлик” билан давом этаётганини” маълум қилди. ЕХҲТнинг кўплаб узоқ муддатли тавсиялари, хусусан, “бирлашмалар, тинч йиғилишлар ва ўз фикрларини билдиришнинг асосий эркинликларини амалга ошириш, шунингдек, сайловларни фуқароларнинг кузатиши ва сиёсий партияларни рўйхатга олиш” бўйича ҳали эътиборга олинмаган.

    Ҳа, илгари ДИИҲБ томонидан оғир деб баҳоланган ва ўзбошимчалик билан қўллашга имкон берувчи сиёсий партияларни рўйхатга олишни тартибга солувчи қонун ҳужжатлари ўзгаришсиз қолмоқда. Қонунда ўзини ўзи кўрсатган мустақил номзодларни номзод сифатида рўйхатга олиш назарда тутилмаган.

    ЕХҲТ миссиясига кўра, сайловолди кампанияси вазминлик билан ўтди, “бу амалдаги президентга мухолифат йўқлигидан далолат беради”.

    Оммавий ахборот воситалари таҳлили шуни кўрсатадики, сайловолди ташвиқоти тадбирлари асосан таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт, қонун устуворлигини таъминлаш, шунингдек, экология ва сув хўжалиги соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштиришга бағишланди.

    Қонун ҳужжатларида сайловни фуқаролик кузатувчилари томонидан кузатиш имконияти назарда тутилмаган. Кузатувни фақат халқаро ташкилотлар, сиёсий партиялар, маҳалла қўмиталари кузатувчилари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари амалга ошириши мумкин.

    Журналистлар сайловолди жараёнини ёритиб борди, бир қатор журналистлар ва оммавий ахборот воситалари МСК томонидан аккредитациядан ўтказилди, бир қатор оммавий ахборот воситалари ва журналистлар аккредитациядан ўтказилмади. Хусусан, расмийлар Hook мустақил нашри журналистларига 9 июль куни бўлиб ўтадиган навбатдан ташқари президентлик сайловларини кузатишга рухсат бермаган. Журналистларга кўра, рад этишнинг расмий сабаби номаълум, бироқ аниқ сабаб таҳририятнинг апрель ойида бўлиб ўтган мамлакат Конституциясига ўзгартиришлар киритиш бўйича референдум чоғидаги фаоллиги, сайлов участкаларида қонунбузарликлар ушбу оммавий ахборот воситаси томонидан фош этилгани бўлган.

    Сайловлар бўлиб ўтди

    Шавкат Мирзиёев ўзининг учинчи президентлик сайловида 87,05% овоз билан ғалаба қозонди, деб хабар қилди Марказий сайлов комиссияси. МСК раҳбари Шавкат Мирзиёев учун 13 миллион 625 минг 55 киши овоз берганини маълум қилди. Эслатиб ўтамиз, 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтган сайловда Шавкат Мирзиёев 87,73 %, 2021 йил 24 октябрда 80,12 % овоз билан ғалаба қозонган эди.

    Сайловда 15 миллион 651 минг 405 нафар сайловчи ёки умумий 19 миллион 593 минг 838 нафар сайловчининг 79,88 фоизи иштирок этди. Сайловнинг энг юқори фаоллиги Жиззах вилоятида бўлди – 85,28 фоиз, бу – қайта сайланган Президентнинг кичик ватани. Энг паст кўрсаткич Тошкентда – 72,97%.

    Демак, 3 миллиондан ортиқ сайловчи овоз беришга келмаган, келганларнинг 2 миллионга яқини бошқа номзодлар учун овоз берган, яна минглаб сайловчи вараққа чизиб ёки “ўз фикрини” ёзиб, бюллетенларни бузиб қўйган. Бузилган бюллетенлар сони 0,78% ни ташкил этди.

    Қутблашган баҳолар

    Ўзбекистонда бўлиб ўтган навбатдан ташқари сайловларда МДҲ кузатувчилари миссияси ҳар доимгидек ўз фаолияти якунларига кўра “сайловлар муқобиллик асосида, шаффоф, очиқ, адолатли ва демократик тамойилларга мос равишда ўтди”, деб таъкидлади.

    ЕХҲТ миссияси эса сайловлар “рақобатсиз, аммо яхши ташкил этилган”лиги ҳақида баёнот берди. Ўзбекистондаги президентлик сайловлари “ҳақиқий рақобат”дан ҳоли бўлди, дейди ЙХҲТ ДИИҲБ миссияси. Оммавий ахборот воситаларида танқидий ёритилмаганлиги сайловчиларнинг “ахборотга асосланиб танлов” қилишига тўсқинлик қилди.

    Кузатувчиларга кўра, сайловолди ташвиқоти “суст кечган” ва сайловолди ташвиқоти йиғинлари “кўпинча уюштирилган кўринарди”. Номзодлар “муқобил сиёсий қарашлар”ни билдиришмаган.

    Қонун талабига кўра, давлат оммавий ахборот воситаларида номзодлар бепул эфир вақти олган бўлса-да, сайловолди ташвиқоти “чекланган” шаклда ёритилди, амалдаги президент эса янгиликлар дастурларида номутаносиб равишда кўпроқ ёритилди.

    Сайлов куни, ДИИҲБ кузатувчилари таъкидлашича, “хотиржам ўтди”, бироқ улар жуда кўп сайлов участкаларида овоз бериш жараёнини “салбий” баҳоладилар. Миссия томонидан “жиддий қонунбузарликлар” қаторида қўшимча рўйхатларга кўп сонли сайловчиларнинг тегишли ҳимоя чораларисиз қўшилганлиги, сайловчиларга шахсини тасдиқламасдан овоз беришга рухсат берилганлиги, шунингдек, (оила аъзолари номидан) ишонч асосида овоз бериш ва қонун ҳужжатларига риоя қилмаслик, сайлов махфийлигининг таъминланмаганлиги каби ҳолатлар қайд этилган. Бундан ташқари, айрим сайлов участкаларида кузатувчилар “сайлов бюллетенларини тўлдириб ташлаш аломатлари” ва “сайловчилар рўйхатларида бир хил кўринишдаги имзоларнинг кўплиги”ни қайд этган.

    ЕХҲТ миссиясининг фикрича, овозларни санаш ва якуний натижаларни эълон қилиш жараёнлари “хавотирли” ва сайловчилар сони ва сайловчиларнинг расмий дастлабки маълумотлари ўртасида “тафовут” мавжуд.

    “Независимая газета” Ўзбекистондаги сайловлар ҳақидаги мақола сарлавҳасида бу сайловларни очиқдан-очиқ рақобатсиз деб атади.

    Сайловларни баҳолашдаги фарқлар ҳақидаги саволларга МСКнинг муносабати

    Таъкидлаш керакки, шу куни эрталаб Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси раҳбарияти вакиллари “Aмерика овози” журналистининг ДИИҲБ ва МСКнинг  сайловларга берилган баҳоларидаги жиддий фарқлар ҳақидаги саволларига жавоб берар экан, Ўзбекистон маъқул деб ҳисоблаган ДИИҲБ тавсиялари қонунчиликка босқичма-босқич киритилаётганига эътибор қаратди. Шу билан бирга, “Ўзбекистоннинг қонунчилик тизимининг ўзига хос хусусиятлари, ўзига хос сиёсий маданияти ва ҳуқуқий маданияти борлиги” қайд этилди.

    МСК аъзоларининг муносабатидан иқтибослар:

    МСК раҳбари ўринбосари Баҳром Қўчқоров: “Биз ДИИҲБни олий судья деб ҳисоблай олмаймиз”.

    МСК аъзоси Шерзодхон Қудратхўжа:

    “Биз сайловларни ЙХҲТга ёқиш учун ўтказаётганимиз йўқ”.

    Ҳамма халқ шундай овоз берганини тан олди, бори шу…

    Умид охирида сўнади…

    AҚШ элчихонаси сайловдан сўнг дарҳол баёнот бериб, Шавкат Мирзиёев ислоҳотларини қўллаб-қувватлаб, қонун устуворлигини таъминлаш, давлат бошқарувини такомиллаштириш, ҳокимиятлар ўртасидаги мувозанат тизимини яратишда ёрдам беришга ваъда берди. Шу билан бирга, элчихона “халққа тўғри муқобил танлаш имкониятини тақдим этиш ҳамда кейинги сайловларда ДИИҲБ ва жаҳон ҳамжамиятининг тавсияларини амалга оширишга” чақирди.

    Президент Мирзиёевнинг инаугурация маросимида сўзлаган нутқида “Бундан буён Ўзбекистонда конструктив мухолифат фаолияти кафолатланади” деган жавоб берилди. Нутқда, шунингдек, сўз ва фикр эркинлиги йўлини давом эттиришга ваъда берилди, бу эса журналистларга ҳам умид бахш этади.

    Карим Бахриев
    Карим Бахриев
    Сфера интересов: медиаправо, медиамониторинг, журналистика и литература.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read