Нью-Йорклик мустақил фотограф ва тажрибачи Жон Смок “Уч нуқта. Нимани кўраётганингни бил” билан визуал медиа саводхонлик бўйича тажрибалари ҳақида ўртоқлашди. Бу ўзи нима? Қанчалик муҳим? Тасвирдаги ёруғликка бўёқ суртиб, одамни йўлдан адаштириш мумкинми? Шу ва бошқа кўп нарсалар ҳақида бизнинг доимий ҳамкорликдаги рукнимиз орқали билиб олинг.
Визуал саводхонлик
Визуал саводхонлик – бу одамлар тасвирга қарашда саводли нигоҳга эга эканликлари. Биз умумий саводхонлик деганда одамларнинг ёзиш ва ўқишни билиши, нафақат ёзиш ва ўқишни билиш, балки бу ишни мукаммал амалга оширишини тушунамиз. Худди шу нарса фотосуратга ҳам тааллуқлидир. Биз визуал саводхонлик даражасини оширишимиз керак, токи одамлар суратни англашлари, энг муҳим саволларни беришлари, ушбу расм қандай шароитларда олингани ва суратни олган журналист ушбу воқеани қандай ёритиши кераклигини тушунишлари керак.
Суратнинг қудрати
Аслида интернет ва мобил алоқа телефонлари визуал восита, уларнинг асоси эса фотография ҳисобланади. Фотосурат – оддий бўлмаган катта қудрат, “битта фотосурат – бу мингта сўз”, деган ибора мавжуд. Фотосурат маданият танламайди, негаки, сиз ўзга тилни билишингиз шарт эмас, тасвирни тушуниш учун алоҳида билимга эга бўлиш зарурати ҳам йўқ. Тасвир одамларда ҳиссиётларни уйғотиш, уларни жалб қилиш ва ўзгартириш учун ғайриоддий кучга эга.
Фотожурналистика муаммолари
Бугунги кунда фотожурналистиканинг иккита асосий муаммоси – бу продакшндан сўнг визуал манипуляцияга уриниш ва тасвирнинг ҳаққонийлиги. Реалликда тасвир томошабинга аслида бўлмаган воқелик ҳақида гапириб бериши мумкин. Бошқа кенг тарқалган вазият – бу тасвир эмас, балки, унга тегишли матннинг нотўғри қўлланилишидаги чалкашлик. Ва яна, постпродакшн ҳам тасвир ҳаққонийлигида жиддий муаммо саналади. Бугуннинг яна бир муаммоси шуки, фотосуратчи ва ҳатто янгиликлар таҳририятининг мухбирлари ўзларининг мобил телефонларидан фойдаланишлари кўпайиб боряпти. Тўғри, замонавий мобил телефонлар анча такомиллашди, аммо улар профессионал журналистлар учун эмас, балки оддий истеъмолчилар учун мўлжалланган. Истеъмолчилар телефонда ёруғликни ўзгартирадиган асоссиз ранглар, асбоблар бўлишини хоҳлашади; видео олиш ҳақида гапирганда эса унинг тезлиги юқори бўлишини исташади.
Стереотипларнинг хавфи ҳақида
Мен бир неча йил аввал Испанияда бўлган эдим. Ўша даврларда мамлакатдаги лўли миллатига мансуб фуқароларнинг болалари ҳам мактабга бориши кераклиги тўғрисида қонун қабул қилишган экан. Буни янгилик, деса бўлар эди. Негаки, лўлилар ҳамжамияти бадавлат испанлар ҳамжамиятидан узиб қўйилган пайтлар. Хуллас, лўлиларнинг болалари мактабга келишганида, испанияликлар ўз фарзандларини мактабга юбормай қўйишган. Бу катта шов-шувлар келтириб чиқаради. Ва лўли қизнинг ушбу фотосурати мен учун энг яхши ахборот бўлиб туюлди. У испан болалари мактабга келмагани учун синфда ёлғиз ўзи ўтирарди. У сочлари ёрқин рангдаги лўли қизи эди. Ўшанда менинг муҳарририм айтган: “Нима, сен бошқа лўлига ўхшаган одамни топа олмадингми?” Мени жаҳлим чиқиб, ундан нимани назарда тутаётганини сўрадим. Муҳаррир бўлишига қарамай, унинг стереотип фикрлаши бу ерда муҳим роль ўйнади. У ўзининг стереотипларига мос келадиган суратни кўришни хоҳлаган эди.
Фотожурналистларга маслаҳатлар
Аудитория билан бизнинг асосий шартимиз – аслида нима бўлса, шуни кўрсатиш. Бу рангларнинг қандай узатилиши, ёруғлик қаердан келгани билан боғлиқ. Агар тингловчи сизнинг арзимас туюлган нарсаларингиз, масалан, рангларнинг йўналиши, ёруғлик оқимига ишонмаса, у ҳолда материалингизга тўлалигича қандай ишонсин? Менимча, бугунги фотосуратчиларнинг асосий муаммоси – бу катта рақобат ва ўзига хос материаллар яратиш учун оғир босимнинг мавжудлигида. Аксарият савдо нуқталаридаги кескин рақобат. Тижорат эса журналистикани чеклаб қўяди. Шунинг учун бундай босим, манипуляциядан қочинг. Ҳозир кичик бир суратнинг майда бўлагига фотошоп орқали ишлов беришдан осони йўқ, аммо бундай қилманг. Рангни ёки ёруғликни HDR ва бошқа технологиялар орқали ўзгартириш мумкин, буни ҳам қилманг. Агар сиз мобил телефон фойдаланувчиси бўлсангиз, қўлланмага амал қилиш ҳаракатида бўлинг. Ёки баъзи ҳолларда, телефонингиз сизнинг расмингизни чуқурроқ ифодалаш имконини берадиган илова дастурлардан фойдаланинг.
Ўқувчиларга маслаҳатлар
Ижтимоий тармоқларда биз ўзимизга ҳамфикр одамларни ўқишга ва уларга эргашишга монемиз. Баъзан бошқа одамларнинг фикрлари билан ҳам қизиқинг, уларни ўқинг, вазиятга бошқа томондан назар солинг. Бу ҳам жуда муҳим, менимча. Ва эҳтимол бу сизга янада тўлақонли ва объектив манзарани шакллантиришга ёрдам беради.
“Уч нуқта” – саводхонликни ошириш бўйича медиа кампания. Унинг вазифаси – манипуляция ва ташвиқотга қарши аудиториянинг иммунитетини ошириш ҳамда танқидий фикрлайдиган одамлар сонини кўпайтиришга хизмат қилиш.
У Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида амалга оширилаётган “Марказий Осиёда барқарорлик ва тинчликни сақлашга кўмаклашиш” лойиҳаси томонидан ташкил этилган ва қўллаб-қувватланади. Ушбу саҳифадаги чиқишлар мазмунига Internews масъул ва Европа Иттифоқининг қарашларини акс эттирмайди.
Муаллиф: Ольга Королева