Аксарият матбуот нашрлари ўз материалларида ижтимоий тармоқлардаги иқтибослардан тобора кўпроқ фойдаланмоқда. Журналистлар шундай қилишга ҳақлимилар? Буни муаллиф билан келишишлари керакми? Ушбу маълумотларни текшириш лозимми? Мазкур саволларга медиа соҳаси ҳуқуқшуноси Карим Бахриев жавоб беради.
Ижтимоий тармоқда ёзилган пост интеллектуал мулк ҳисобланадими?
Instagram, Facebook ёки Одноклассники саҳифаларидаги пост интеллектуал мулк ҳисобланади, хабарлар муаллифининг ҳуқуқлари Ўзбекистоннинг “Муаллифлик ҳуқуқлари ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида” ги қонуни ва Фуқаролик кодекси билан ҳимояланади. Қонунда муаллифлик ҳуқуқи билан ҳимоя қилинган асарлардан фақат муаллифнинг рухсати билан фойдаланиш мумкинлиги белгилаб қўйилган. Аммо қоидада истисно ҳам мавжуд: агар матн тўлиқ келтирилмаган бўлса, фақат фойдаланиш мақсадига мувофиқ ҳажмда бўлса, муаллифнинг рухсати талаб қилинмайди.
Интернет – ахборот тарқатиш учун платформа, шу маънода у бошқа ахборот ташувчилар – китоблар, газеталар, журналлар, пластинкалар ёки дисклардан фарқ қилмайди. Ҳар бир ижтимоий тармоқ платформасида фойдаланиш шартномаси мавжуд бўлиб, у билан аккаунт эгалари ва контентдан фойдаланиш истагидаги журналистлар танишиб чиқишлари керак. Ижтимоий тармоқдаги аккаунт аслида фойдаланувчининг мулки эмас, шунчаки уни шунчаки майдонга киритишган. Ижтимоий тармоқда рўйхатдан ўтган ҳар бир киши, бошқалар қатори, ушбу платформада шахс томонидан яратилган ва жойлаштирилган материаллардан фойдаланиш шартларини белгиловчи шартномани имзолайди.
Масалан, Facebook фойдаланув шартномасининг 3.1 бандини келтириб ўтамиз, у ерда айтилишича: “Сиз ўзингиз яратган ва Facebook тармоғида фойдаланадиган ҳамда Facebook бошқа маҳсулотларида тарқатиладиган таркиб эгасисиз ва ушбу фойдаланув шартномаси сиздан контентга бўлган ҳеч қандай ҳуқуқларингизни олиб қўймайди. Сиз ўзингизнинг контентингиз билан исталган жойда исталган одам билан бўлишишингиз мумкин. Бироқ, биз хизматларимизни тақдим қилиш учун сиздан ушбу таркибдан фойдаланишга қонуний рухсат олишимиз керак. Хусусан, интеллектуал мулк ҳуқуқига тегишли бўлган объектларни жойлаштирсангиз ёки юкласангиз (масалан, фото ёки видео) бизнинг маҳсулотимиз ёки уларга оид нарсалар билан бўлишганингизда, сиз бизга ноэксклюзив, лицензиялар чегирмаларини берасиз. Бу бутун дунёда амал қиладиган лицензия ва у орқали контентни сақлаш, ишлатиш, тарқатиш, ўзгартириш, ишга тушириш, нусхалаш, оммавий равишда ижро этиш ёки намойиш қилиш, таржима қилиш ва шу асосда асарлар яратиш учун бериладиган ҳуқуқлардир (созламаларингиз, маҳфийлик ва иловаларга мувофиқ)”.
Facebookдаги пост муаллифининг исми ажралмас ҳуқуқга эга (унинг исмини келтирганда), аммо ҳамма учун очиқ бўлган ахборот оқимининг олдини олиш мумкин эмас.
Журналист ёки ОАВ муаллифнинг рухсатисиз очиқ постидан иқтибос келтира оладими?
Муаллифнинг рухсатисиз ўзга матнлардан иқтибос келтириш мумкин бўлган ҳолатлар “Муаллифлик ҳуқуқлари ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 26-моддасида кўрсатиб ўтилган: “Асардан муаллифнинг исми-шарифини ва олинган манбаини албатта кўрсатган ҳолда ҳамда асардан нормал фойдаланилишига зарар етказмаслик ва муаллифнинг қонуний манфаатларига путур етказмаслик шарти билан қуйидаги тарзда эркин фойдаланишга йўл қўйилади:
- ошкор қилинган асарлардан асл нусхада ва таржимада илмий, тадқиқий, мунозаравий, танқидий ҳамда реклама билан боғлиқ бўлмаган ахборот мақсадларида кўзланган мақсадга мос ҳажмда иқтибос олиш, шу жумладан газета ва журналлардаги мақолалардан парчаларни матбуот шарҳлари шаклида такрорлаш;
- ошкор қилинган асарлардан ёки бундай асарларнинг парчаларидан таълим ва ўқув тусидаги нашрларда, радиоэшиттириш ва телекўрсатувларда, овозли ва видео ёзувларда кўзланган мақсадга мос ҳажмда мисоллар тариқасида фойдаланиш;
- кундалик сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва диний масалалар юзасидан газета ва журналларда чоп этилган мақолалар ёки эфирга узатилган ёхуд кабель орқали юборилган шу тусдаги асарларни газеталарда такрорлаш, эфирга узатиш ёки кабель орқали юбориш, шундай фойдаланиш муаллиф томонидан махсус тақиқланган ҳоллар бундан мустасно;
- омма олдида сўзланган сиёсий нутқлар, мурожаатлар, маърузалар ва шунга ўхшаш асарларни кўзланган мақсадга мос ҳажмда газеталарда такрорлаш, эфирга узатиш ёки кабель орқали юбориш. Бунда ана шундай асарларни тўпламларда чоп этиш ҳуқуқи муаллифда сақланиб қолади”.
Жумлаларнинг тузилиши жуда ноаниқ ва иқтибоснинг мақсади ҳақида ҳам, мақсад билан асосланадиган оқилона миқдор тўғрисида ҳам кўп тортишувларга сабаб бўлиши мумкин. Аммо ҳар қандай ҳолатда ҳам журналист ва таҳририят муаллифнинг исми ва фамилиясини, шунингдек, фойдаланувчининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасига фаол кўприк бўлувчи иқтибос манбасини кўрсатиши керак.
Шуни таъкидлаш керакки, муаллифлик ҳуқуқига риоя қилиш учун ОАВни рўйхатдан ўтказиш ресурсининг мавжудлиги ёки йўқлиги муҳим эмас – қонун барчага тааллуқли.
Постни тўлиқ кўчириб чоп этиш учун муаллифнинг розилиги талаб қилинади.
Таҳририят муаллифнинг исми ёки фамилиясидаги хатони тузатиши керакми?
Агар бу ҳақиқатан ҳам хато бўлса, таҳририят ҳеч қандай қўшимча шартларсиз уни тузатиши лозим. Агар таҳририят хатони тузатишни рад этса, унда муаллиф буни муаллифлик ҳуқуқининг бузилиши деб талқин қилиши ва судга мурожаат қилишга ҳақли. Шуни ҳам эътиборга олиш керакки, суд аввал муаллифнинг ОАВга бундай талаб билан мурожаат қилган-қилмаганлигини аниқлаштириб олади.
Ижтимоий тармоқдан пост эълон қилингани учун ким жавобгар бўлади?
“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуннинг 15-моддаси ва “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг 40-моддасига мувофиқ, журналист ҳақиқатга мос келмайдиган маълумотларни оммавий ахборот воситаларида тарқатгани учун жавобгар бўлмайди, қачонки, у расмий хабарлардан, ахборот агентликлари ёки давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг матбуот хизматларидан олинган, шунингдек уларнинг расмий веб-сайтлари орқали қабул қилинган ҳуқуқий ҳужжатлар ёки расмий статистик ҳисобот маълумотлари олдиндан ёзиб олинмасдан эфирга узатилган муаллифнинг нутқларида мавжуд бўлган ёки сўзма-сўз такрорланган (сўзма-сўз, аудио, видео ёзув) чиқишлардан олинган бўлса. Яъни, агар ОАВ ижтимоий тармоқлардан материалларни кўчириб эълон қилса, унинг ишончлилиги учун жавобгар ҳисобланади.
Муаллиф: Карим Бахриев