Марказий Осиёда биринчи фан ва тиббиёт журналистика Мактаби 18 январь куни ўз ишини бошлади ва ушбу онлайн тадбир 29 январга қадар давом этади. Минтақада биринчи марта ўтказилаётган тадбир MediaCAMP Марказий Осиё дастури доирасида рус, қозоқ, тожик ва ўзбек тилларида олиб борилади. Мактаб иштирокчилари журналист, муҳаррир, блогер, фанни оммалаштирувчи ва илм-фан ҳақида оддий ва тушунарли тарзда гапиришни ўрганишни истовчилардан иборат 100 нафарга яқин кишини ташкил қилади.
– Коронавирус пандемияси атрофидаги инфодемия бизга ишончли, ҳақиқий ва сифатли маълумотларнинг муҳимлигини кўрсатди. Мактаб журналистларга, блогерларга ва фанни оммалаштирувчиларга шундай маълумотларни етказиш имкониятини беради, – дейди Internewsнинг Марказий Осиё ваколатхонаси директори Марат Бигалиев.
Икки ҳафта давомида фан ва тиббиёт журналистикаси мактабида маърузалар, интерактив машғулотлар, тестлар ва семинарлар бўлиб ўтади. Бу эса иштирокчиларнинг фан ва тиббиёт соҳасидаги янги билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашда омил бўлади.
Фан ва тиббиёт журналистика мактаби маърузачилари сифатида BBCнинг фан бўйича мухбири Николай Воронин, “Медуза” инетнет нашри муҳаррири Дарья Саркисян, фан тарғиботчиси Илья Колмановский (барчаси Россия) каби мутахассислар қатнашадилар.
Ўзбекистондан – материалшунос олим Рустам Ашуров, филолог, журналист, “Асанов формати” телеграм-канали муаллифи Элдор Асанов.
Қозоғистондан эса биотехнолог Дамель Мектепбаева, Назарбоев университети тиббиёт доктори, илмий тарғиботчи Ботагоз Каукенова, “Перемена.медиа” порталининг бош муҳаррири Айжан Мадиходжаева, Миллий таржима бюросининг “100 та янги дарслик” лойиҳаси муҳаррири Есей Женисули иштирок этмоқда.
Тожикистонлик гуруҳ Тожикистон Фанлар академиясининг собиқ президенти Мамадшо Илолов, журналист Рамзия Мирзобекова, олим, “Лочвар” жамоатчилик ташкилоти раҳбари Абдулназар Абдулназаров каби мутахассислардан ташкил топган.
Мактаб машғулотларининг биринчи куни россиялик олим, биология фанлари номзоди, илмий журналист, муҳаррир Илья Колмановскийнинг маърузаси билан бошланди. Илм тарғиботчиси ўқиётган маърузаларда биология, генетика, антропология ва тиббиёт соҳасидаги мураккаб мавзулар содда ва тушунарли тилда тушунтирилади. Мактаб иштирокчилари учун у “Бугун дунё илм-фани қандай ривожланмоқда” мавзусида атрофлича маъруза қилди ва бугунги кун журналисти нималардан бохабар бўлиши кераклиги ҳақида сўз юритди.
Илья Колмановский Москва давлат университетини тугатган, мутахассислиги зоолог, аммо ўзини олим ва мутахассис деб ҳисобламайди. Бироқ, унинг илмий салохияти “мутахассис” ва “мутахассис бўлмаганларни ажратишга” ёрдам беради. Илья илмий жамоатчиликка эмас, балки ўқувчиларига содиқ, у “тингловчининг кўз ва қулоғи” бўла олади.
Маърузачининг таъкидлашича, замонавий илм-фан “инглиз тилида” яратилади ва шунинг учун тилни ўрганиш муҳим аҳамиятга эга – бунинг учун у телесериалларни асл нусхада томоша қилишни маслаҳат беради.
Яна бир хусусият шундаки, ҳар йили илм-фаннинг мураккаблик даражаси ошиб бормоқда: “Илм-фан тўғрисида ёзиш йил сайин мураккаблашмоқда, аммо илмий янгиликларнинг ижтимоий аҳамияти ҳам борган сари ортиб боряпти”.
Бундан ташқари, Илья импакт-фактор ва Хирш индекси нима, янгиликларни қидириш учун қандай нашрларга обуна бўлиш лозим, янгилик ва профайлларни қандай ёзиш кераклиги ҳақида гапирди. Илм-фанда шундай ҳолатлар ҳам бўладики, ҳатто рецензияланган журналлардан ҳам илмий мақолалар чиқариб олинади. Ильянинг сўзларига кўра, журналист қалбакилаштирилган мақола тайёрлаган инсон-тадқиқотчи призмаси орқали аудиторияга маълумот бериши ва янги мақола ёзиши ҳижолатли ҳолат бўла олмайди.
Интерфаол машғулотлардан ташқари, иштирокчиларга фойдали материаллар, назорат варақалари, эслатмалар, мақолалар тақдим этилади, улар ҳам ўрганиш фойдадан ҳоли эмас. Уйга вазифалар ва тестлар ҳам назарда тутилган.
Лойиҳа Марказий Осиё MediaCAMP дастури доирасида АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) кўмаги билан амалга оширилмоқда.