No menu items!
More
    ДомойМедиа танқидЎзбекистонда 2020 йилнинг медиа-якунлари

    Ўзбекистонда 2020 йилнинг медиа-якунлари

    Якунланаётган йил Ўзбекистон журналистлари учун АОКА (Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги) ва онлайн нашрлар ўртасидаги баҳслар, медиа-муҳитни тартибга солувчи ҳамда унинг ҳуқуқий асосларини белгиловчи муҳим қонунчилик ташаббуслари билан ёдда қоларли бўлди. Шунингдек, бу йил жамиятнинг барча соҳаларига оид масалалар ва муаммоларни ёритишда оммавий ахборот воситалари фаоллиги давом этди.

    “Янги репортёр” 2020 йилнинг шу каби муҳим воқеликлари ва бу борада кузатилган тенденцияларни эътиборингизга ҳавола қилади.

    Қонунчиликдаги ўзгаришлар

    ОАВ тўғрисидаги янги қонун лойиҳаси

    Июль ойи ўрталарида эълон қилинган “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги янги қонун лойиҳаси Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари учун якунига етаётган йилнинг муҳим воқеаси бўлди. Мазкур лойиҳани Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги (АОКА) ишлаб чиққан. “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги янги қонуннинг ижобий ва салбий жиҳатлари “Янги репортёр”да батафсил ёритилди. Шу боис, қуйида асосий ижобий ўзгаришларни қисқача санаб ўтмоқчимиз.

    https://newreporter.org/uz/2020/08/27/ozbekistonda-oav-togrisida-yangi-qonun-lojihasi-media-bozor-uchun-izhobij-va-salbij-tomonlar/

    Асосий ижобий янгиликлардан бири – бу ОАВни давлат рўйхатидан ўтказишнинг бекор қилингани ва муассис (муассислар) томонидан ваколатли орган – АОКАга электрон хабар бериш орқали уларни ҳисобга қўйишнинг жорий этилиши бўлди. Бундан ташқари, лойиҳада қуйидаги таклифлар илгари сурилган:

    • хорижий инвесторларнинг рухсат этилган улушини 30% дан 49% гача ошириш;
    • тегишли рухсатномалар билан фото ва видео материаллар тайёрлашда 40 метрдан ошмайдиган баландликда дронлардан фойдаланиш;
    • давлат идоралари томонидан оммавий ахборот воситаларининг сўровларига жавоб бериш муддатини 7 кундан 3 кунгача қисқартириш;
    • тўғридан-тўғри ва билвосита гендер камситишга қаратилган ахборотни ОАВда тарқатилишини таъқиқлаш;
    • журналистларнинг парламент, ҳукумат ва суд органларидаги очиқ мажлисларда қатнашиш ҳуқуқини қонуний равишда белгилаш.

    Бироқ, янги қонун лойиҳасида журналистика ва медиа-бозорнинг ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган қоидалар ҳам мавжуд. Медиа-ҳуқуқшунос Карим Баҳриевнинг фикрига кўра, амалдаги қонун билан янги қонун лойиҳаси орасидаги сезиларли фарқ оммавий ахборот воситалари фаолияти мониторинги жорий қилинишида акс этган.

    Умуман олганда, мониторингнинг ёмон жиҳати йўқ, у медиа-маконнинг ҳуқуқий майдонда шаклланишига ва шу орқали оммавий ахборот воситалари ривожланишига ёрдам беради. Масалан, оммавий ахборот воситаларида инсонни миллати, жинси ва бошқа белгиларига кўра камситиш, зўравонликни тарғиб қилиш, миллатлараро адоват қўзғатиш ва амалдаги қонунчиликда йўл қўйилмайдиган бошқа унсурларни аниқлашга хизмат қилиши мумкин. Бошқа томондан олиб қаралса, бундай мониторинг айрим таъқиқ рўйхатлари ёки оммавий ахборот воситаларига тортилган “қизил чизиқлар” учун самарали назорат воситасига айланиши мумкин, деб таъкидлайди Карим Баҳриев.

    Бундан ташқари, қонун лойиҳасига инсоннинг шаъни, қадр-қиммати, обрўси ва шахсий ҳаётини ҳимоя қилишга қаратилган кўплаб янги қоидалар киритилган. Медиа-ҳуқуқшуноснинг фикрига кўра, оммавий ахборот воситалари орқали ҳақорат қилиш нима эканлиги ҳақидаги тушунтириш биз учун одатий саналган маъмурий-жиноий йўналишлардан фарқ қилади. Қолаверса, лойиҳада оммавий ахборот воситалари томонидан “фуқароларнинг шаъни, қадр-қиммати ёки ишбилармонлик обрўсига путур етказиш, уларнинг шахсий ҳаётига аралашганлик” учун қатъий тақиқ жорий этиш назарда тутилган.

    Янги қонун лойиҳаси шу йил сентябрь ойида парламентга тақдим этилиши кутилган эди. Аммо ҳозирга қадар унинг қабул қилингани тўғрисида маълумот йўқ. Эҳтимол, бу воқеа янги йилда содир бўлиши мумкин.

    Туҳмат ва ҳақорат учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси бекор қилинмоқда. Бироқ айни пайтда Жиноят кодексига “Ёлғон ахборот тарқатиш” тўғрисидаги модда киритиляпти.

    Декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати қонунчиликка туҳмат ва ҳақорат учун қамоқ жазосини бекор қилувчи ўзгартишлар киритилишини маъқуллади. Энди бу каби хатти-ҳаракатлар маъмурий жарима (туҳмат учун базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 200 бараваридан 400 бараваригача, ҳақорат учун БҲМнинг 400 бараваридан 600 бараваригача) ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд озодликни бир йилгача чеклаш билан жазоланади. Илгари ушбу жиноятлар учун энг юқори жазо 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш эди. Қонунчиликка киритилган янги ўзгартишлар, шунингдек, зўравонлик ёки шафқатсизликни тарғиб қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилишини ҳам назарда тутади.

    Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга янги модда киритилди. Унга кўра, шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш — БҲМнинг 50 миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Агар ушбу ахборот жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солган бўлса, жарима БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача белгиланади.

    Шунга ўхшаш модда Жиноят кодексига ҳам киритилмоқда. Унга кўра, шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса — БҲМнинг 150 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 2 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.

    Ушбу қонун кучга кириши учун Ўзбекистон Президенти томонидан имзоланиши лозим.

    ОАВ ва АОКА баҳслари

    АОКА огоҳлантиради: статистика статистикадан фарқ қилади

    Ноябрь ойининг иккинчи ярмида “Газета.uz” интернет-нашри Президент матбуот хизмати томонидан эълон қилинган COVIDга ихтисослашган касалхоналаридаги беморлар статистикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг коронавирус билан касалланган беморлар тўғрисидаги маълумотларидан фарқ қилиши ҳақидаги хабар тарқатганлиги учун АОКА томонидан “жиддий ҳуқуқий оқибатлар” тўғрисида огоҳлантирилди.

    Айни мазмундаги хабарларни эълон қилганлиги учун Daryo.uz ва Podrobno.uz нашрлари ҳам худди шу тарзда огоҳлантирилди.

    Мазкур ОАВларнинг “айби” шу эдики, улар Президент матбуот хизмати маълумотларига таяниб, 17 ноябрда COVID-19га чалинган беморлар учун мўлжалланган муассасаларда 6570 нафар бемор даволанмоқда”, деб ёзган ва Матбуот хизмати томонидан эълон қилинган рақам (6570) Соғлиқни сақлаш вазирлиги рақамларидан (2123) уч баравар юқори эканлигига эътибор қаратган.

    Ушбу хабарлар эълон қилинган куниёқ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги 6570 рақами ичига нафақат коронавирус билан касалланган беморлар, балки ўткир нафас йўллари хасталикларига чалинган, коронавирусга гумон қилинган, пневмониянинг оғир шакли билан оғриган ва COVID-19 ташхиси тасдиқланмаган беморлар ҳам киради, деган тушунтиришни эълон қилди. “Газета.uz” ушбу тушунтиришни веб-сайтда ўша куниёқ, яъни 17 ноябрда эълон қилди. Ахборот манбаларининг, шунингдек, тезкор тарзда берилган кейинги тушунтиришлар борасида нашрнинг хатти-ҳаракатлари асло шубҳа туғдирмайди. Бироқ, АОКА 20 ноябрь куни мазкур нашрга огоҳлантириш хатини йўллади. Унда қайд этилишича, «тўла текширилмаган маълумот асосида эълон қилинган хабар ва унинг кетидан билдирилган муносабат жамоатчиликда нотўғри фикрга олиб келган».

    Амалдаги “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг 40-моддасига кўра, «бош муҳаррир, шунингдек журналист оммавий ахборот воситаларида ҳақиқатга мос келмайдиган материалларни тарқатганлик учун қуйидаги ҳолларда жавобгар бўлмайди: агар бу маълумотлар расмий хабарлардан,.. ёхуд ахборот агентликлари ёки давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг матбуот хизматлари, шунингдек уларнинг расмий веб-сайтлари орқали олинган бўлса».

    “Газета.uz”нашри АОКАнинг огоҳлантириш хатига таҳририятни «ноқулай» саволлар беришдан тўхташга мажбур қилишга уринишни эслатадиган кескин жавоб деб қарашини маълум қилди.

    Daryo.uz нашрининг бош муҳаррири Муҳрим Аъзамхўжаев АОКАнинг ушбу нашрга юборилган огоҳлантиришини босим деб ҳисобламайди, чунки бугунги кунда оммавий ахборот воситаларига нисбатан бундан ростмана жиддий босимлар етарлича. Унинг сўзларига кўра, бу шунчаки ёқимсиз, ноўрин ва мантиқсиз бир хат.

    Podrobno.uz нашрининг таҳририяти унга юборилган огоҳлантиришни «баъзи бир оқибатларга олиб келадиган» ишора орқали оммавий ахборот воситаларига “ноқулай” саволлар бермасликлари ва нозик мавзуларга тегмасликлари учун босим ўтказиш усули сифатида қабул қилиш мумкин, деб ҳисоблайди.

    Газ-свет ва бўялган чим – уларни нима боғлаб туради?

    Бундай савол ғалати туюлиши мумкин, аммо уларнинг ҳар иккиси, ҳақиқатан ҳам, ОАВ ва АОКА ўртасидаги алоқалар занжири билан боғланган.

    Гап шундаки, 18 ноябрь куни Daryo.uz нашрига веб-сайт орқали чоп этилган “Қашқадарёда яшил рангга бўялаётган чим” сарлавҳали материал юзасидан АОКАнинг огоҳлантириш хати келиб тушди. Мақола ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар (постлар), фото ва видео материаллар асосида тайёрланган: ушбу материалларда Қашқадарё вилоятидаги ободонлаштириш хизмати ходимлари Давлат раҳбарининг ташрифи арафасида ранги хиралашиб, қуриб қолган (бу ноябрь учун одатий ҳол) чимни яшил рангга бўяётгани акс этган. Шуни таъкидлаш жоизки, 2018 йил апрель ойида Президент Шавкат Мирзиёев мамлакат ҳудудларига ташрифи чоғида бундай кўзбўямачиликлар ва маҳаллий ҳокимиятнинг сохта саъй-ҳаракатларини кескин танқид қилган.
    Daryo.uz нашри бош муҳаррирининг сўзларига кўра, АОКА ўз хатида бу хабарни “нохолис ахборот” дея атаган. Агар бу «ахборот ўз исботини топмаса», камида тўртта қонун бузилишидан огоҳлантирган ва шу каби хабарларда «масъул ташкилотнинг ахборот хизмати орқали масалага аниқлик киритишни тавсия қилган».

    Кейинроқ, АОКАнинг масъул ходими билан учрашувда далиллар ишончлилиги тўғрисидаги масала кун тартибидан олиб ташланди. Нашрдан мазкур хатни бу сингари материаллар эълон қилинишидан аввал маҳаллий ҳокимликнинг матбуот хизмати ёрдамида далилларни текшириш лозимлиги ҳақидаги тавсия деб қабул қилиш сўралган.

    Ноябрь ойи охирида Kun.uz нашрига ҳам аҳолини табиий газ ва электр энергияси билан таъминлаш муаммоларига оид материал юзасидан АОКАнинг огоҳлантириш хати келиб тушди. Мақола, асосан, ижтимоий тармоқлардаги хабар ва фикрларнинг умумий шарҳидан иборат. АОКА нашрнинг ёндашувини нохолис, муаммони бир томонлама, ҳиссиётли ёритиш деб атади ва мамлакатда энергетика соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни ҳисобга олган ҳолда масалани ҳар томонлама ўрганиш зарурлигини таъкидлади. Kun.uz таҳририяти бундай огоҳлантиришни журналистик фаолият эркинлигига босим ўтказиш дея баҳолашини маълум қилди ва бу ҳатти-ҳаракатдан “мамлакатнинг ислоҳотгача бўлган даври ҳиди” келаётганини билдирди.

    Танқидий материал сайтга қайтарилди

    Шу йил сентябрь ойида Kun.uz нашри «ўз имкониятларидан фойдаланган баъзи кишилар»нинг қўнғироқларидан сўнг танқидий материални сайтдан олиб ташлашга мажбур бўлди. Ушбу материал — “Темир дафтар” бўйича навбатдаги спектакль. Ролларда яна маҳалла раиси ва туман мутасаддилари” деб номланган видеорепортаж эди. Маълумки, Ўзбекистонда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга ёрдам кўрсатиш мақсадида муҳтожлар тўғрисидаги маълумотлар киритиладиган “темир дафтар” рўйхати жорий қилинган. Рўйхатни маҳалла қўмиталари раислари сектор раҳбарлари билан биргаликда тузади. Мақолада ушбу рўйхатда бўлмаган одамларга ҳам ер берилгани айтилган. Материал 15 сентябрь куни кечқурун чоп этилди ва тезда сайтдан ўчирилди. Бироқ у Google кешида сақланиб қолган эди. Натижада, бу хатти-ҳаракат тескари самара бериб, журналист ва блогерларнинг диққат марказига тушди ва мақола бошқа платформалар орқали янада кенгроқ тарқала бошлади. Тўрт кундан сўнг нашр мақолани олиб ташлаш сабаблари тўғрисидаги таҳририят изоҳини илова қилган ҳолда материални сайтга қайта жойлади.

    Бу масъул шахсларнинг “темир дафтар” рўйхати борасидаги кўзбўямачиликлари ҳақида Kun.uz эълон қилган биринчи материал эмас. Чунки ушбу можародан бир ҳафтагина аввал нашрда республиканинг бошқа ҳудудидаги маҳалла раиси ва прокурор иштирокидаги муҳтожлар рўйхати бўйича “спектакль” ҳақида мақола чоп этилган эди.

    АОКА фаолияти танқидий қайта кўриб чиқилади

    Эътироф этиш жоизки, Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар медиа-маконни ҳам қамраб олди. Натижада, оммавий ахборот воситаларининг ижтимоий ҳаётдаги роли кучайиши ва журналистлар фаолитининг эркинлигини таъминланишига қаратилган аниқ тенденция шаклланди. Аммо юқорида баён қилинган ҳолатлар ушбу тенденцияга умуман мос келмайди.

    Президент Шавкат Мирзиёевнинг 29 декабрь куни Олий Мажлисга йўллаган бу йилги Мурожаатномасида эркин фуқаролик жамиятини ривожлантиришда оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлашни давом эттириш лозимлигини алоҳида таъкидлаб ўтди:

    “…Аччиқ ва танқидий материаллар жойлардаги кўплаб амалдорларга ёқмаслиги, уларнинг тинчини ва ҳаловатини бузаётгани ҳам бор гап. Лекин ошкоралик ва сўз эркинлиги бу – давр талаби, бу – Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг талаби.

    Биз ўтган тўрт йил давомида жамиятимизда ошкоралик ва очиқлик, сўз эркинлиги муҳитида яшаш ва ишлашга аста-секин ўрганиб боряпмиз.

    Холис ва адолатли журналист ва блогерларнинг танқидий чиқишлари эскича қолипда ишлайдиган раҳбарларнинг фаолиятидаги хато-камчиликларни кўрсатиб, уларни иш услубини ўзгартириш ва масъулиятини оширишга мажбур қилмоқда.

    … Келгуси йилда ҳам сўз эркинлигини таъминлаш, оммавий ахборот воситаларини ҳар томонлама ривожлантириш, журналист ва блогерларнинг эркин фаолият юритиши учун ҳуқуқий асослар янада кучайтирилади.

    Мамлакатимиз тараққиётини янги босқичга кўтаришнинг дастлабки даврида оммавий ахборот воситаларини кенг қўллаб-қувватлаш, уларни ҳимоя қилиш, давлат идораларида ахборот хизматлари фаолиятини йўлга қўйиш ва ривожлантириш мақсадида Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ташкил этилган эди.

    Бугунги кунда оммавий ахборот воситалари соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга кўтариш, уларни янада ривожлантириш, мустақил фаолият юритишини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида Агентлик фаолиятини танқидий қайта кўриб чиқиш лозим, деб ҳисоблайман”, деди давлат раҳбари.

    Унутилмас таассуротлар йили

    Юқорида тилга олинган воқеликлар медиа соҳаси учун 2020 йил фақат қонунчиликдаги янгиланишлар, АОКА ва ОАВ ўртасидги баҳслар ҳамда нашрлар веб-сайтидан материалларни мажбурий ўчиртириш билан ёдда қолгандек таассурот уйғотмаслиги керак. Айтиш жоизки, аввалги йиллар сингари бу йил ҳам жамиятнинг деярли барча жабҳаларини қамраб олган долзарб мавзуларга оид қизиқарли репортажларга бой бўлди. Видео-форматлар ривожланиб, онлайн-ОАВда, блогерлар фаолиятида уларни кенг қўллаш кузатилди. Ўтган йилнинг охирларида Kun.uz нашри тематик мультфильмлар лойиҳасини бошлаган эди ва 2020 йилда уни ривожлантирди. Дарвоқе, лойиҳанинг 23 декабрдаги сони сўз эркинлигига бағишланган: у нима, жамият ва умуман, давлат ривожида қандай роль ўйнайди, деган саволларга жавоб берилган.

    Карантин режимига риоя қилиш, коронавирусдан ҳимояланиш чоралари сингари мавзуларни кенг тарғиб қилиш асносида ҳокимият ва ОАВ ўртасида пандемиянинг илк ойлари юзага келган альянсни ҳам таъкидлаш жоиз. Чунки коронавирус ҳамда унинг оқибатларига қарши курашда ҳокимият ва оммавий ахборот воситалари бирдамликда ҳаракат қилди. Бу жиҳатни алоҳида эътироф этиш лозим.

    Навруз Хуррамов
    Навруз Хуррамов
    Журналист, редактор

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read