Ўзбекистонда “Ўзбекистон ОАВ қонунчилиги савол жавобларда” китоби чоп этилди. Савол-жовоблар тўплами USAID нинг Ўзбекистонда ҳуқуқни ислоҳ қилиш дастури кўмагида Журналистларни қайта тайёрлаш марказининг “Журналистлар ва блоггерларнинг Ўзбекистонда ҳуқуқий ислоҳотларни ёритиш имкониятларини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва фуқароларнинг қонун устуворлиги тўғрисида хабардорлигини ошириш” лойиҳаси доирасида оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блоггерларнинг ҳуқуқий маслаҳат учун мурожаатлари асосида яратилди ва нашрга тайёрланди.
Китоб муаллифи — медиаюрист Карим Бахриев. У 111 та энг долзарб саволларга жавоб берди. Нашрнинг электрон варианти билан ушбу ҳаволада танишишингиз мумкин.
Медиаюристга энг кўп диффамация, яъни шаън, қадр-қиммат ва ишбилармонлик обрўсини ҳимоя қилиш, тухмат ва ҳақорат, ёлғон маълумот тарқатиш, цензурага оид фактлар, журналистларга босим ўтказиш, шунингдек, ОАВ ва сайт яратиш ва рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ саволлар берилади.
Аммо оммавий ахборот воситалари камдан кам холларда ўзларини ҳимоя қилиш учун судга мурожаат қилишади. Сабаби — ишончсизлик, шунингдек, қонунчиликнинг мукаммал эмаслиги. Ҳанузгача цензура, журналистларга босим ўтказганлик учун жазо тайинлайдиган бирор модда ёки норма йўқ. Аммо судга мурожаат қилишнинг иложи бор. Журналистларга нисбатан айблов хукмлари мавжуд. Мансабдор шахсларга нисбатан эса бу масала маъмурий жараёнлардан ташқарига чиқмайди.
— ОАВ таҳририятларида юристлар йўқ, бу штат фақат йирик сайтлар ва ахборот агентликларидагина учраши мумкин. Аммо кўп жиҳатдан улар медиаюристлар эмас, хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқшуносларидир. Суд жараёнлари юзага келган тақдирда журналистларда судларнинг адолатлилиги ва холислигига умид билдиришдан бошқа чора қолмайди.
Журналистларнинг юридик саводхонлик даражаси паст эди, лекин тез-тез ўтказиладиган тренинг ва семинарлар, ҳуқуқий клиника ва маслаҳатлар натижасида бу кўрсаткич ўрта даражага кўтарилди. Ҳозирда улар ҳуқуқни қўллаш амалиётининг қонунлари ва нозик томонларидан хабардор. Аммо уларда ҳали ҳам суд ишларининг объективлиги ва холислигига ишонч етишмайди. Баъзан бу ишончсизлик асоссиз эмас, — дейди Карим Бахриев.
Айни пайтда Фуқаролик ва Жиноят кодексларининг янги лойиҳалари “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонун ва бошқалар муҳокама қилинмоқда. Улар қабул қилингандан сўнг, китобдаги маълумотлар янгиланади.