No menu items!
More
    ДомойМедиа танқидТабулар ичра табу... ёхуд ЛГБТ масаласининг ўзбек ахборот сайтларида ёритилиши

    Табулар ичра табу… ёхуд ЛГБТ масаласининг ўзбек ахборот сайтларида ёритилиши

    Ўтган икки ой давомида ўзбек медиасида «портлаш» юз берди: бир неча йиллардан бери деярли «тегилмайдиган» мавзу ҳисобланмиш ЛГБТ билан боғлиқ хабарлар, мақолалар, постлар интернет сайтлари, ижтимоий тармоқлар ва матбуот саҳифаларида урчиб кетди. ЛГБТ мавзуси аҳён-аҳёнда бир ғимирлаб қўйишини айтмаганда, узоқ йиллар давомида «бош кўтармаган» эди. Қуйидаги мақолада Erkina ўзбек интернет сайтларида ЛГБТ мавзусининг қандай ёритилиши тўғрисида материалларни тақдим этади.

    ЛГБТ в Google Trends Узбекистана
    Тема ЛГБТ Google Trends Узбекистан

    2021 йил март ойи бошларида ёш блогер М.Бозоров ўзининг тик-ток ва Телеграм блогида Ўзбекистондаги аниме ва к-поп мухлисларини ҳар якшанба Амир Темур хиёбонида тўпланиши тўғрисида пост қолдирди. Кўпчиликка мавжуд тузум оппозиционери ва ЛГБТ тарафдори сифатида танилган М.Бозоровнинг мазкур хабари айрим диндор блогерлар томонидан нотўғри талқин қилиниб, “якшанба куни ЛГБТ тарафдорлари Тошкент маркази “Сквер”да тўпланиб, намойиш уюштиришмоқчи» деган тахлитда ёритилди. Ижтимоий тармоқлар ва шахсий блогларда катта муҳокамаларга сабаб бўлса-да, бу мавзу юзасидан ўзбек тилидаги ахборот сайтларида ҳеч қандай хабар чиқарилмади.

    Март ойи ўрталарига келиб, Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти расмий Тошкентга мурожаат билан чиқиб, Ўзбекистон Жиноят кодексидан 120-модда – бесоқолбозликни чиқариб ташлаш ва жиноий жавобгарликни бекор қилишни сўради. Ижтимоий тармоқларда яхшигина мунозараларга сабаб бўлган бу ҳодиса Ўзбекистондаги рус тилли ОАВда нисбатан кенг ёритиб берилди, бироқ негадир ўзбек тилидаги медиа эътиборидан четда қолди. Sangzor.uz, effect.uz, everyday.uz сайтлари Олий Мажлис Сенати депутати Р.Қушербаевнинг ўз Телеграм блогида бесоқолбозликка қарши ёзган постини, хеч бир ўзгартиришларсиз, шунчаки тақдим қилди холос — шаблон бир хил.

    Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги сайти uza.uz юқорида келтирилган шаблон хабарлардан фарқли ўлароқ, мавзуга таҳлилий нигоҳ билан қаралган мақола чиқарди. «Ўзбекистонга бесоқолбозликни сингдириш сигналлари келмоқда» — деб номланган мазкур мақола чинакам «маънавий қадриятлар»га асосланиб ёзилган, ЛГБТ мавзусини кўтаришдан мақсад ўзбек халқини маънавиятини емириш, маънавий қулликка солиш ва шу ёрдамида бўйсундириш экани бот-бот таъкидланган. Шунингдек, мақолада «Овертон дарчаси» ҳақида айтилиб, ўзбек халқини ёт ғояларга қарши курашдан тўхтамасликка, ҳушёрликни оширишга чақирилган.

    UZA LGBT

    Мана шу хабарлар ЛГБТ мавзусининг ахборот сайтларида эсган шабадалари бўлди. ЛГБТ мавзусининг галдаги тўлқини кўп куттириб ўтирмади. 2021 йил 28 март куни Телеграм платформасидаги «Телеграм юлдузлари» каналида мусулмонлар жамоаси ЛГБТчиларни жазолаш учун тўплангани ҳақида видео тарқалди. Бу каби видеолар бошқа Телеграм каналларида айлана бошлади.

    Маълум вақт ўтиб, ИИВ ходимлари етиб келишди,тартиббузарларни маҳкамага олиб кетишди. Айнан мана шу ҳодиса ўзбек интернет сайтларида ва газеталарда ЛГБТ ҳаракатининг эсланиб ўтилишига сабаб бўлди.

    Ўзбек тилидаги сайтлардан Qalampir.uz ўша куни воқеа юзасидан илк хабарни чиқарди. Хабарда Qalampir.uz мазкур намойишнинг сабаблари ва жараённи қисқача ёритиб берди.

    Кечроқ Daryo.uz, Xabar.uz сайтида ушбу ҳодиса бўйича хабар чиқди. ИИВ расмий баёнотига асосланган мазкур хабарлар нейтрал ёзилган ва тартиббузарликнинг эҳтимолий сабаблари кўрсатилган эди.

    lgbt gazeta.uz

    Шу ўринда, xabar.uz сайтида ҳозирги воқеалардан салкам бир йил олдин, 2020 йил чоп қилинган мақолани кўрсатиб кетамиз. Мақолада АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси ижтимоий тармоқдаги саҳифасига жойлаган бир жинсли никоҳни тарғиб этувчи видеороликка ўзбек жамоатчилигининг ва қисман муаллифнинг муносабати акс этган. Буни мақола сарлавҳасидан ҳам кўриш мумкин.

    lgbt uz

    Агар бир воқеа бўлмаганида, ЛГБТларга қарши намойиш мавзуси ҳам интернет сайтларини кўп банд қилмас эди. Бироқ, ўша куни кечқурун ЛГБТ ҳимоячиси саналган Миразиз Базаров ўз уйи олдида номаълум шахслар томонидан дўппосланди. Бу масала ва ундан кейинги ҳолатлар деярли барча ўзбек сайтларида хабар шаклида фаол ёритила бошланди.

    Бу ўринда, сайтларнинг деярли барчаси ўта эҳтиёткорликни сақлаб, аксар ИИВ расмий баёнотларига таянган холда маълумотлар чиқаришгани хабарларнинг мазмуни, айримларининг ҳатто сарлавҳаси ҳам бир хил эканидан маълум. Мутасаддилар томонидан ўртача тан жароҳати етказилган дея хабар қилинаётган бир пайтда, Qalampir.uz сайти Бозоровни «Ўласи қилиб дўппослан»ганига алоҳида урғу бериб кетди!

    Qalampir.uz LGBT

    Kun.uz ва бошқа бир қатор сайтларда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди раиси Комил Алламжоновнинг ЛГБТ масаласи бўйича бўлиб ўтган сўнгги ишларга нисбатан муносабати эълон қилинди. Бунда, Масс-медиа фонди раиси барча ОАВ ва блогерларни ЛГБТ мавзусини тинимсиз ёритишни тўхтатишга чақирди. «Бу масаланинг ҳадеб муҳокама қилиниши одамларнинг этини ўлдиради. Ўта ёқимсиз мавзуни оддий ҳолдек қабул қила бошлаймиз, бу кетишда. Аслида, бунақа гаплар одам эшитганда сесканадиган даражада кам қулоққа чалиниши керак.

    Оммавий муҳокама кимларнингдир (айниқса, руҳияти тўлиқ шаклланмаган ўсмир-ёшларнинг) беихтиёр қизиқишини оширади. Натижада, ушбу ярамас ҳолат жамият онгига киши билмас сингдирилади. Ақлни ишлатайлик, провокацияларга берилмайлик», – дейди Алламжонов.

    Алламжонов ЛГБТ

    Эслатиб ўтиш жоизки, АҚШ ва Буюк Британия давлатларининг Ўзбекистондаги элчилари, халқаро ташкилотлар вакилларининг ЛГБТ намойиши ва М.Бозоровнинг калтакланишига нисбатан билдирган муносабатлари ҳам ахборот сайтлари эътиборидан четда қолмади.

    Энди мавзу юзасидан хабар шаблонидан чекинган, муносабат ва таҳлил шаклида чоп қилинган мақолаларга тўхталиб ўтамиз. Kun.uz бу борада устунлик қилди. Ҳавола берилаётган ушбу мақолада муаллиф «Ўзбекистон аҳолисининг 93 фоизи – мусулмонлар. Ислом динига мувофиқ, мусулмон киши ҳомосексуалликни оғир гуноҳлардан ҳисоблаши – эътиқод тақозоси. Шу боис, мусулмон киши бу нарсани «мумкин қиладиган» – оқлайдиган бирор сўз айтиши ёхуд ҳаракат қилиши мумкин эмас. Акс ҳолда у ўз эътиқодига зид иш қилган бўлади», дея бир жинсли муносабатларни қоралайди ҳамда халқаро ташкилотларнинг бу мавзуга ён босиб аралашаётгани демократияга зидлигини таъкидлайди.

    Kun.uz сайтида чиқарилган яна бир мақолада ЛГБТ тарафдори М. Бозоров, унинг фаолияти хронологияси ва 28 март кунги воқеалар ўзаро боғланади. Муаллиф мақолада «У (М.Бозоров) сўз эркинлиги, инсон ҳуқуқларини байроқ қилиб, бошқа инсонларнинг иззат-нафсига тегиши, динни аралаштириши, мамлакатнинг аксарият аҳолиси учун муқаддас ҳисобланган тушунчаларни оёқости қилиши, ўзбек аёлларининг шаънига чидаб бўлмас туҳматлар қилиш орқали ўзбек эркакларининг нафсониятига тегиши ўз оқибатларини келтириб чиқариши табиий ҳолат эди. Натижада унга нисбатан «самосуд» уюштирилди», дейди ҳамда фикрини «Барча қонунбузарлар, провокацион ҳаракатлар содир этган блогерлар, шу жумладан, Базаров ҳамда унга тан жароҳати етказганларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ҳуқуқий баҳо берилади. Зеро, Ўзбекистонда самосудлар эмас, фақат қонун ҳамда унга итоаткорлик устувор бўлиши шарт» — деб хулосалайди.

    kun.uz lgbt

    Яқинда, qalampir.uz сайти Ўзбекистонда бесоқолбозлиги учун қамалган одамлар миқдорини аниқлаш учун ЎзРес ИИВга мурожаат қилди ва натижаларни омма билан ўртоқлашди. Мақолада сўнгги 5 йил ичида 44 нафар шахс бесоқолбозлиги учун жавобгарликка тортилгани тўғрисида маълумот берилди.

    Айтиш мумкинки, ўзбек интернет сайтларида ЛГБТ мавзуси бўйича чоп этилаётган мақолаларнинг аксар қисми бир тахлит, ИИВ баёнотига асосланган холда ёзилади. Мавзуга чуқурроқ тўхталишни, ҳодисанинг таг замирини чуқурроқ ёритиб беришни зиммасига олган онлайн сайтлар бўлмайди ҳисоб, борлари ҳам менталитет чегарасидан чиқмаган ҳолда мақолаларни чоп қилади. Бундай мавзуларни кенгроқ таҳлил қилиш учун ахборот сайтлари эмас, балки шахсий блог ёки ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифалар асоасий платформа вазифасини бажармоқда.

    Erkina
    Erkina
    Эркина - Ўзбекистонлик мустақил муаллиф. Тадқиқот йўналиши - Ўзбекистон медиаси мураккаб, табу мавзуларни қандай ёритиши

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read