3 май куни бутун дунё Жаҳон матбуоти эркинлиги кунини нишонлади. “Янги репортёр” Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда фаолият юритаётган олти нафар мутахассисга қуйидаги савол билан мурожаат қилди: “Медиасаводхонликнинг сўз эркинлигига фойдаси борми?” Уларнинг жавобларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Гулнар Aсанбаева, Internews, MediaCAMPнинг медиасаводхонлик бўйича минтақавий маслаҳатчиси (Қозоғистон):
“Матбуот эркинлиги ва медиасаводхонлик айро бўла олмайди”
– Матбуот эркин бўлмаса, фуқаролар содир бўлаётган воқеа ва ҳодисалардан хабардор бўла олмайдилар. Биз ўз ҳамжамиятимиз ҳаётида тўлиқ иштирок эта билмаймиз, тўғри ҳаётий қарорларни қабул қила олмаймиз, сиёсий ташвиқот, нотўғри маълумотлар таъсирига берилиб, ҳар қандай дезинформация қаршисида ожиз қоламиз. Медиасаводхонликни ривожлантириш нафақат жамиятнинг ОАВни танқидий баҳолаш салоҳиятини кучайтиради, балки журналистика ва журналистларга ўтказиладиган босимни бартараф этиш чораларини талаб қилиш қобилиятини ҳам оширади.
Европа мамлакатлари учун Халқаро медиасаводхонлик индексининг маълумотларига кўра, жамиятнинг нотўғри маълумотларга қарши туриш қобилияти 40% сўз эркинлиги ҳолатига боғлиқ. Европада энг медиасаводхон деб тан олинган бешта мамлакат (Финляндия, Дания, Эстония, Швеция, Ирландия) да сўз эркинлиги ҳам энг юқори даража экани эътироф этилаётгани бежиз эмас.
Марказий Осиё мамлакатларида медиасаводхонлик даражаси бошқа мезонлар асосида ўлчанади, шундай бўлса-да, улар ҳам сўз эркинлиги ва медиасаводхонлик ҳолати ўртасидаги мустаҳкам алоқани тасдиқлайди. Сўз эркинлиги бўйича дунё рейтингида уч мамлакат доимо сўнгги поғоналарни банд қилиб келади, бу жорий йилги кўрсаткичларда ҳам акс этган: 180 мамлакат ичида Қозоғистон – 155, Ўзбекистон – 157, Тожикистон – 162-ўринда.
Internews томонидан 2019 йилда ўтказилган матбуот истеъмоли ва медиасаводхонликни ўрганиш натижалари шуни кўрсатдики, ҳар учала мамлакатда ҳам медиасаводхонлик кўрсаткичи рухсат этилган юқори меъёрдан (35) сезиларли даражада паст. Қозоғистонда ўртача кўрсаткич – 14,6, Ўзбекистонда – 11,3, Тожикистонда эса – 11,9.
Медиасаводхонлик – ҳар қандай ёшдаги одамларда таълим олиш, маълумотга эга бўлиш, ўзаро алоқа ва мулоқот учун замонавий воситалардан фойдаланишнинг амалий кўникмаларини ривожлантиришгина эмас. Ривожланган медиа-ахборот саводхонлиги – умуман олганда, жамоатчиликнинг доимий таҳдид остида бўлган матбуотга ишончини кафолатлаш ҳамдир.
“Одил сўз” сўз эркинлигини ҳимоя қилиш халқаро жамғармаси раҳбари Тамара Калееванинг таъкидлашича: “Биз – фуқаролик сектори ҳамда давлат сектори журналистлар хавфсизлиги масаласини турлича тушунамиз. Биз халқаро стандартларга асослансак, давлат органлари кўпинча журналистларнинг ҳуқуқларини чеклаш борасида миллий қонунчиликка урғу берадилар”.
Медиасаводхонлик одамларнинг ҳуқуқ ва имкониятини кенгайтириб, ахборот контенти ва янгиликларни танқидий қабул қилиш қобилиятини оширади, бу эса қарор қабул қилиш пайтида бизнинг воқеликдан хабардор фуқаро сифатида ҳаракат қилишимизга замин яратади. Aфсуски, учта мамлакатда ҳам респондентларнинг медиасаводхонлик бўйича кўникма даражалари қабул қилинган максимал миқдордан (7 бирлик) анча паст бўлиб чиқди. Қозоғистонда – 3,1, Тожикистонда – 3,2, Ўзбекистонда – 3,5.
Тадқиқот олиб борилгандан буён икки йил ўтди. Aхборотни баҳолашга танқидий муносабат ўзгардими, бизнинг мамлакатларда медиасаводхонлик борасида ижобий силжишлар борми? Бу ҳақда шу йилнинг ёз ойларида бўлиб ўтадиган янги тадқиқотлар якунида билиб оламиз.
Барчамиз пандемия пайтида ахборотни бузиб кўрсатишнинг шафқатсиз хатарини ҳис қилдик: муаммонинг ҳақиқий кўламини яширган ҳукуматлар томонидан ҳам, коронавируснинг келиб чиқиши ва уни даволаш усуллари тўғрисида ҳар қандай сохта маълумотни қабул қилган жамият томонидан ҳам. Aфсуски, Тожикистон ва Қирғизистон чегараларида содир бўлган сўнгги тўқнашувлар пайтида мамлакатларимиз ижтимоий тармоқлардаги тасдиқланмаган ахборот ва “ватан ҳимояси учун” янграган эҳтиросли чақириқлар сабаб ҳарбий можаро билан юзма-юз келишди.
Ҳозир, жамиятни хабардор қилиш бўйича профессионал бурчини бажарадиган матбуотга хавфсиз муҳит яратиш учун медиасаводхонликни ривожлантириш зарурлигини чуқур англаш ҳар қачонгидан ҳам долзарб масаладир. Бу йил MediaCAMP медиа-ахборот саводхонлиги бўйича 24 та янги лойиҳани амалга оширмоқда: баҳс-мунозаралар, олимпиадалар ўтказиш, ижтимоий тармоқлар учун тик-токлар, комикслар, видеофильмлар яратиш, аҳолининг барча тоифалари учун таълим ресурслари жорий қилиш ва ҳоказо.
Медиасаводхонлик бўйича минтақавий фестиваллар ҳамда Қозоғистон ва Тожикистонда биринчи “Медиасаводхонлик уйлари”да ҳуқуқий саводхонлик ва матбуот қонунчилиги ҳужжатларини ўрганиш бўйича дарслар ҳам киритилган. Бу бизнинг аудиторияга шаффоф демократик жамият барпо этишда матбуот эркинлигининг ролини тушунишда амалий ёрдам берадиган манбаларимиздан биридир.
Умид қиламизки, бу матбуот ва унинг аудиторияси ўртасида ишончга асосланган мустаҳкам муносабатларни ўрнатишга ёрдам беради. Медиасаводхонлик даражаси ўсиб бораётган жамият эркин матбуотни жим қилишни истаганлар: авторитар ҳукуматлар, рақобатчи сиёсий кучлар, медиа эгалари ва турли ботоферма ва тролларнинг репрессия ва зўравонликларига дуч келаётган журналистларнинг тақдирига бефарқ қараб тура олмайди.
Фикр ифодалаш эркинлиги ва медиасаводхонлик чамбарчас боғлиқ. Айнан медиасаводхонлик бизга фуқароларнинг матбуотни қандай истеъмол қилиши, фойдаланиши ва тушунишини ҳамда матбуот ҳаётимизга қандай таъсир қилишини англашга ёрдам беради. Мана шунинг учун ҳам бугун медиасаводхонликни нафақат таълим тизимига, балки бошқарув, бизнес ва фан соҳаларига жорий этиш ҳар қачонгидан долзарб аҳамиятга эга.
Aсем Жапишева, журналист, медиатренер, masa.media ва “Тіл кеспек жоқ” асосчиси (Қозоғистон):
“Медиасаводхон одам – пассив кузатувчи эмас”
– Медиасаводхонлик бугунги кунда ҳар қандай одам учун асосий кўникма, худди кир ювиш машинасидан фойдаланишдек кундалик заруратдир. Ҳозир бу кўникма аниқ топ-10 таликка киради. Агар бундан беш йиллар аввал медиасаводхонлик деганда, ижтимоий тармоқлардан ва шунга ўхшаш хизматлардан фойдаланиш кўникмасини назарда тутган бўлсак, эндиликда медиасаводхонлик янада кенгроқ тушунчага айланди. Бу, энг аввало, манипуляция ва ғаразли ташвиқотга қарши туриш қобилиятидир.
Медиасаводхонлик сўз ва матбуот эркинлигига хизмат қилади. Мустақил ОАВнинг фарқига борадиган, маълумот манбаларини қидиришга уқувли, асосий фактларни текшириш қўлидан келадиган одам ҳар қандай ОАВдаги айрим манипуляция ва фейкларни рад эта олади. У пассив кузатувчи эмас, балки замонавий медиаконтекст билимдони сифатида намоён бўлади. Шу боис медиасаводхонлик жуда муҳим кўникмадир.
Aсел Жанабаева, медиатренер, Factcheck.kz лойиҳасининг биринчи бош муҳаррири (Қозоғистон):
“Камроқ хиссиёт, кўпроқ фактлар”
– Медиасаводхонлик ва сўз эркинлигининг мақсадлари муштарак. Улар фуқароларнинг ахборот олиш ва сўз эркинлиги ҳуқуқини таъминлашга хизмат қилади. Улар бир-бирини тўлдиради. Фақат медиасаводхон киши, медиасаводхон журналистгина ўзининг сўз эркинлиги тугаган жойда бошқа бир одамнинг сўз эркинлиги бошланишини англайди. Ва у муқобил фикрни ҳурмат қила бошлайди, унга қулоқ солади. Бу эса медиасаводхонликнинг, танқидий фикрлашнинг асосидир. Медиасаводхонлик кўпроқ сўз эркинлигини ва ахборот тақдим қилишда камроқ субъектив ёндашувни назарда тутади.
Мен деярли бир зумда муҳаррир ва медиатренерга айландим, тингловчиларим билан деярли бир вақтда медиасаводхонликни ўргандим. Медиасаводхонлик йўналишидаги тренинглар – медиатренерлар учун ҳам янги йўналиш, аниқ бир стандартлар йўқ, барчаси такомиллашув босқичида. Мен сарлавҳаларга бошқача назар билан қарай бошладим. Қачонки, “қотиллар”, “гиёҳвандлар”, “педофиллар” каби ёрлиқлар ёпиштирилганда, айбсизлик презумпциясига амал қилинмайди. Ўзимнинг материалларимга ҳам янада танқидий ёндаша бошладим. Ахборотга субъектив ёндашув доим бор, ҳаммамиз қандайдир қарашларга тобемиз – коррупцияга қарши кураш, аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ҳоказо. Aммо барибир муайян бир нарса сари ҳаракат қилиш керак: “Мен тўғри иш қиляпманми?”, “Бу етарли даражада фойдали ахборотми?” Муаллифлик материалларимда колумнистика камайди ва фактлар билан ишлаш кўпайди: солиқлар шундай, эгалари бундай… Камроқ ҳис-туйғу – кўпроқ фактлар.
Илҳом Жамолиён, журналист, медиатанқидчи, медиасаводхонлик бўйича мутахассис (Тожикистон):
“Медиасаводхонлик масаласи фақат журналистларга тааллуқли эмас”
– Кўплаб мутахассислар сингари, мен ҳам медиасаводхонлик сўз эркинлиги билан бевосита боғлиқ, деб ҳисоблайман. Медиасаводхонлик ҳақида гапирганда, нимани назарда тутамиз? Биринчидан, бу турли медиа ва уларнинг хабарларини тушуниш қобилиятидир, бу медиамаҳсулотни истеъмол қилиш ва яратиш, шунингдек, медианинг истеъмол қилинадиган ахборотини танқидий баҳолаш кўникмаси ҳамдир.
Медиасаводхон инсон ким? Медиасаводхон одам маълум бир малакага эга бўлиши лозим: у ахборотни топишни, таҳлил қилишни ва баҳолашни, шунингдек, уни яратишни ва тарқатишни билиши зарур. Ушбу кўникмаларсиз сифатли контент яратиб бўлмайди. Сўз эркинлигининг таркибий қисмлари эса – ахборот олиш ҳуқуқи, унинг ишончлилиги, медиаконтентни ишлаб чиқариш ва тарқатиш ҳуқуқидир. Ушбу жиҳатларнинг барчаси медиасаводхонликни ҳам тақазо этади.
Aлбатта, медиасаводхонлик масаласи фақат журналистларга тааллуқли эмас. Медиа ва рақамли саводхонлик турли ёш ва касб эгалари учун зарур. Масалан, агар биз Тожикистонда сўз эркинлиги паст даражада эканидан келиб чиқадиган бўлсак, бу мамлакатда медиасаводхонликни ошириш ва ривожлантиришга зарур эътибор ва жиддий аҳамият берилмаётганининг далолати ҳамдир. Медиасаводхонлик мамлакат ижтимоий ҳаётининг бир соҳаси сифатида Тожикистон тараққиётида устувор аҳамиятга эга бўлиши керак.
Элдор Aсанов, bugun.uz сайти бўлим бошлиғи (Ўзбекистон):
“Гап кўпу, тушуниш кам”
– Мен учун эркинликнинг қиймати ўз-ўзидан равшан, аммо уни ҳар бир инсон ўзича англашини инкор этиб бўлмайди. Ҳар бир инсон сўз эркинлигининг қадр-қимматини ўзича тушунади ва айнан шу эркинлик чегараларини ўзича талқин этади. Ўзбекистонда ҳатто зиёли қатлам орасида ҳам сўз эркинлигини чеклаш керак деган фикрлар учраб туради (албатта, ҳамма ўзи ёқтирмаган тоифанинг гапириш ҳуқуқини чеклашни талаб қилади).
Шу тариқа, мен фақат ўз нуқтаи назарим ҳақида гапиришим мумкин: сўз эркинлиги амал қилиниши керак бўлган асосий ҳуқуқдир. Сўз эркинлиги кенг қамровли ва чегарасиз бўлиши керак.
Медиасаводхонлик ахборотни таҳлил қилиш ва саралаш имконини беради. Унинг қиймати шундаки, у ахборот оқимида адашмай ҳаракатланиб, тасдиқланган, ишончли, фойдали ва керакли маълумотларни топишга хизмат қилади.
Аксарият мутахассислар сўз эркинлигининг оқибатларидан бири ўз гирдобига тортиб кетувчи назоратсиз миқдордаги ахборотнинг, шахсий фикрларнинг пайдо бўлишидир, дея таъкидлайди. Бу вазиятдан ҳукуматдан тортиб ҳар хил мафкуравий, диний гуруҳларга қадар бўлган турли хил манфаатдор томонлар бемалол фойдаланишлари мумкин. Шундай экан, бугунги дунёда медиасаводхонлик энг муҳим аҳамиятга эга. Медиасаводхонлик фақат университетлардаги зарурий йўналиш бўлиб қолмаслиги, уни ахборот ва таҳлил қилиш заруратига дуч келган деярли ҳар бир киши ўрганиши лозим. Бундай инсонлар эса жуда кўпчиликни ташкил қилади.
Aфсуски, бугун медиасаводхонлик ҳақида кўп гапирилади, аммо бу тушунча нимани англатишини жуда озчилик тушунади. Менимча, бу асосан периферик минтақаларда, масалан, Марказий Осиёда мавжуд. Мен медиа соҳасида фаолият юритаётган, ахборотни таҳлил қилиш, фактларни текшириш, медиасаводхонлик масалаларига кўп дуч келган, ушбу масалалар бўйича кўплаб тренингларда қатнашган одам сифатида айта оламанки, медиасаводхонлик тўғрисида тасаввур ҳосил қилиш жуда мураккаб иш. Ўйлайманки, бизга, айниқса, маҳаллий тилларда кенг билим, яхши, самарали дастурлар етишмайди.
Тимур Йўлдошев, nuqtainazar.uz сайтининг бош муҳаррири (Ўзбекистон):
“Сўз эркинлиги – доимий кураш дегани”
– Медиасаводхонлик мавзуси сўз эркинлиги билан узвий боғлиқ тушунча. Бугун ахборотни яшириш мумкин эмас, чунки замонавий технологиялар шундай имкониятга эгаки, агар бирор нарса яширилгудек бўлса, у албатта бошқа жойдан сизиб чиқади, ахборотнинг эркин айлануви эса сўз эркинлиги билан ўзаро боғлиқ.
Сўз эркинлиги – доимий кураш дегани. Бу – зиддиятлар билан кечадиган жараён. Одамлар ҳам айнан шу қарама-қаршиликларни фарқлашлари ва ажрата олишлари керак, шунчаки пассив ахборот истеъмолчилари бўлмасликлари, яъни медиасаводхон бўлишлари керак. Муайян хабарнинг сифати, ишончлилиги, ҳаққонийлиги ва истиқболини таҳлил қила олиш, медиаконтентга танқидий ёндашиш лозим. Бу – жуда муҳим жиҳат! Айнан шу ерда медиасаводхонликнинг қиймати ва унинг сўз ҳамда фикр ифодалаш эркинлиги стандартларига таъсири намоён бўлади.