24 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. Унда иштирок этиш учун 1 500 нафар журналист аккредитациядан ўтган. Медиаюрист Карим Баҳриев овоз бериш ва овозларни санаш жараёнини ёритишда журналистларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида махсус “Янги репортёр” учун ҳикоя қилади.
Сайлов жараёнини ёритиш бўйича журналистлар қандай ҳуқуққа эга?
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 35-моддасига мувофиқ оммавий ахборот воситалари вакиллари сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича барча тадбирларни ёритиш, сайлов куни овоз бериш биноларида ҳозир бўлиш, шу жумладан овозларни санаб чиқиш чоғида ҳозир бўлиш ҳуқуқига эга.
56-моддага мувофиқ оммавий ахборот воситалари вакиллари айрим сайловчилар соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаган ҳолларда, тегишли участка сайлов комиссияси овоз беришни ушбу сайловчиларнинг илтимосига биноан улар турган жойда ташкил этилганда, у ерда ҳозир бўлиши мумкин.
Шуни таъкидлаш зарурки, оммавий ахборот воситалари вакилларининг ваколатлари Марказий сайлов комиссияси, вилоят, туман ва шаҳар сайлов комиссиялари томонидан берилган ҳужжатлар билан тасдиқланган бўлиши керак. Бошқа мамлакатларнинг оммавий ахборот воситалари вакиллари Марказий сайлов комиссиясининг аккредитациясига эга бўлиши керак.
Журналист — ОАВ вакили сайлов куни қуйидаги ҳуқуқларга эга:
- Овоз бериш биносида ҳозир бўлиш, сайлов қутиларини, яширин овоз бериш учун кабиналарга кириш-чиқишни кузатиб бориш;
- Сайловчиларнинг овоз бериш учун ажратилган хонадан ташқарида овоз бериши ҳақида ахборот олиш;
- Ёзув, фото ва видеосъемкаларни амалга ошириш;
- Овоз бериш биносидан ташқарида сайлов комиссияси аъзоларидан, овоз берган сайловчилардан, кузатувчилардан ва ишончли вакиллардан интервью олиш;
- Сайлов комиссияси раиси розилиги билан овозларни санашда ҳозир бўлиш;
- Сайлов участкасида овозларни санаш ҳақида ахборот олиш.
Журналистлар — ОАВ вакиллари сайлов куни сайлов бюллетенини мустақил тўлдира олмайдиган сайловчиларга овоз беришда ёрдам бериш ҳуқуқига эга эмас. Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 55-моддасида сайлов бюллетенини мустақил равишда тўлдириш имкониятига эга бўлмаган сайловчи ўз хоҳишига кўра яширин овоз бериш кабинасига ёки хонасига бошқа шахсни таклиф қилишга ҳақли эканлиги, бундан сайлов комиссияси таркибига кирадиган шахслар, кузатувчилар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари мустасно эканлиги акс этган.
Овоз бериш жараёнини ёритишда журналистнинг вазифалари нималардан иборат бўлади?
Журналист — ОАВ вакили овоз бериш куни қуйидагиларни бажаришга мажбур:
- Ўзи билан хизмат гувоҳномасини ва таҳририят топшириғини олиб юриш. Бу қоида, шунингдек, сайлов участкасида журналист билан бирга бўладиган операторлар, сураткашларга ҳам тааллуқли;
- Сайлов комиссияси томонидан ўрнатилган тартиблар-қоидаларга риоя этиш. Тегишли сайлов комиссияси раиси тартиб учун масъул ва овоз беришга халал берган ҳар қандай шахсдан бинони тарк этишини талаб қилишга ҳақли;
- Овоз бериш жараёнига аралашмаслик ва тўсқинлик қилмаслик.
Сайлов участкасида бўлиш ва овоз бериш жараёнини кузатиш тартибини бузган журналистнинг масъулияти қандай бўлади?
Сайлов тўғрисидаги қонунчиликни бузганда журналистлар — ОАВ вакиллари сайлов комиссиясининг тегишли қарорига асосан овоз бериш биносидан чиқариб юборилади.
Бундай қарор қабул қилишга бинода бўлиш қоидасини бузиш, овоз бериш жараёнига аралашиш ва тўсқинлик қилиш, сайлов бюллетенини мустақил равишда тўлдириш имкониятига эга бўлмаган сайловчига ёрдам бериш бўлиши мумкин.
Овоз бериш жараёни ва овозларни санашни ёритаётган журналистларнинг ҳуқуқи бузилишига қарши қандай масъулият белгиланган?
Шуни билиш ва унутмаслик керакки, Ўзбекистоннинг амалдаги қонунчилиги билан юқори лавозимдаги шахсларнинг оммавий ахборот воситалари вакилларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилишига қарши маъмурий ёки бошқа жавобгарлик белгиланмаган. Фақат Жиноят кодексининг янги лойиҳаси ва шундай нормани Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритиш ҳақидаги янги лойиҳа мавжуд. Шу билан бирга, амалдаги қонунчилик ҳар қандай қарор устидан юқори инстанцияларга ва судга шикоят билан мурожаат қилиш имконини беради.
Овозларни санаш, сайлов натижаларини ўрнатиш ва чоп этиш тартиби қандай?
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 94-моддасига мувофиқ участка сайлов комиссияси сайловчилар рўйхатига киритилган шахсларнинг умумий сонини, сайлов бюллетенлари олган сайловчилар сонини ва сайлов қутиларидаги сайлов бюллетенлари сонини аниқлайди. Участка сайлов комиссияси сайлов участкасида ҳар бир округ, ҳар бир номзод бўйича берилган овозларни алоҳида-алоҳида санаб чиқади. Санаб чиқилган сайлов бюллетенлари асосида участка сайлов комиссияси:
- ҳар бир номзодни ёқлаб берилган овозлар сонини;
- ҳақиқий эмас деб топилган сайлов бюллетенлари сонини;
- бузилган сайлов бюллетенларинг сонини аниқлайди.
Марказий сайлов комиссияси, вилоят, Тошкент шаҳар сайлов комиссиялари округ сайлов комиссияларининг келиб тушган протоколлари асосида, туман, шаҳар сайлов комиссиялари участка сайлов комиссияларидан келиб тушган протоколлари асосида қуйидагиларни аниқлайди: Ўзбекистон Республикаси ёки вилоят, туман ва шаҳар бўйича сайловчиларнинг умумий сонини; сайлов бюллетени олган сайловчилар сонини; овоз беришда иштирок этган сайловчилар сонини; ҳар бир номзодга берилган овозлар сонини; ҳақиқий эмас деб топилган бюллетенлар сонини.
Сайловда иштирок этган сайловчиларнинг ярмидан кўп овозини олган номзод сайланган ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида икки нафар номзод иштирок этса, овоз беришда иштирок этган сайловчиларнинг овозини бошқасига нисбатан кўпроқ тўплаган номзод сайланган ҳисобланди.
Сайловчилар рўйхатига киритилган сайловчиларнинг ўттиз фоизидан ками иштирок этса, сайлов ўтказилмаган ҳисобланади. Сайлов давомида сайлов натижаларига таъсир этадиган қоидабузарликлар содир этилган тақдирда, умуман ёки бирон алоҳида сайлов округида ёки алоҳида сайлов участкасида ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин. Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги қарор Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилинади ва сайлов якунлари эълон қилинган кундан эътиборан беш кун ичида бу қарор устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига шикоят қилиши мумкин (Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 96-моддаси).
Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 97-моддасига мувофиқ
Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови якунларига кўра Марказий сайлов комиссиясининг қарори сайловдан кейин ўн кундан кечиктирмай қабул қилинади, Марказий сайлов комиссиясининг расмий веб-сайтида ва бошқа манбаларда эълон қилинади (ҳаммага маълум қилинади).
Маҳаллий Кенгашга ўтказилган сайлов якунлари тўғрисидаги қарор тегишли сайлов комиссияси томонидан сайловдан кейин ўн кундан кечиктирмай қабул қилинади ва матбуотда эълон қилинади, шунингдек оммавий ахборот воситаларида ҳаммага маълум қилинади.