Қорақалпоғистонда 43 та газета ва журнал, битта ахборот агентлиги руйхатдан ўтган. Улар орасида 10 та газетани тармоқ матбуоти сифатида қайд этиш мумкин. Аммо маълум бир ташкилот муассислигида чоп этилаётган ушбу газеталар ўзларини ижтимоий-сиёсий, маданий ёки бошқа йўналишдаги нашр деб ҳисоблайдилар. Ушбу мақоламизда Қорақалпоғистон соҳа матбуоти бугунги кунда нима билан яшамоқда, деган саволларга жавоб қидириб кўрамиз.
Катта тиражли газета эди, аммо…
Қорақалпоғистон Республикаси Прокуратураси газетаси ҳисобланган «Ғәрезсизлик ҳәм нызам» («Истиқлол ва қонун») икки тилда А3 форматида ойига 3 маротаба чоп этилади. Мажбурий обуна авжига чиққан вақтларда газета республикада адади катта газеталар қаторида бўлиб, ўттиз мингтага яқин нусхада чиқиб турган, бундай адад билан республика ижтимоий-сиёсий газетаси ҳисобланган «Еркин Қарақалпақстан» ҳам мақтана олмас эди. Бугунги кунда у 4703 нусхада чоп этиляпти. Бунга мажбурий обунага чек қўйилгани ҳам сабаб, албатта.
«Ғәрезсизлик ҳәм нызам» нашрининг биринчи саҳифаси бошқа маҳаллий нашрлар сингари республика миқёсидаги тадбирлар, давлат мукофотлари билан мукофотланганлар ҳақидаги маълумот ёки бошқа расмий хабарлар билан очилади. Нашрнинг 11-сентябрдаги 25-сони илк саҳифасида «Ўатанымыз ғәрезсизлиги — биз ушын күш-қудирет ҳәм илҳам дәреги, раўажланыў ҳәм абаданлық тийкары» сарлавҳаси остида мустақиллик байрами тантаналаридан 3 та расм билан фоторепортаж чоп этилган ва унинг тагидан эса Қорақалпоғистон ахборот агентлиги томонидан байрам тантаналаридан тайёрланган қисқа хабар жойлаштирилган. Газетанинг бошқа сонларини кузатар эканмиз, шундай сарлавҳаларга кўзимиз тушди: «Байрам тадбири ўтказилди», «Қос қуўаныш қарсаңында», «Қарор талаблари доимий назоратда», «Профилактика ислерине итибар қаратыў тийис», «Бала тәрбиясы итибарда». Бу — жуда жўн, тез-тез қайтарилиб туриладиган умумий сарлавҳалар. Улар на материал мазмунини, на мақсадини очиб беради.
Материалларнинг айримларини ҳисобот жанрига тааллуқли эканига эътибор қаратамиз. Бундай фикрга келишимизнинг сабаби «Маҳаллабай тизими: муаммоларга оқилона ечим» сарлавҳаси остида берилган материалдаги ушбу қаторлардир: «Ушбу аҳоли орасида 152 нафар ишсиз фуқаро мавжуд бўлиб, секторимиз худудида яшовчи фуқароларнинг бандлигини таъминлаш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда». Шунга ўхшаш қуруқ рақамлардан иборат жумлалар кўп.
Газетада доимий рукнларнинг йўқлиги саҳифада материаллар пала-партишлигини келтириб чиқарган. Ҳар бир саҳифанинг ўз йўналиши юқоридаги колонтитулда келтирилган, аммо ҳар сонда ҳам саҳифалардаги мавзу тартиби сақланмаётгани ачинарли ҳол. «Департамент» саҳифасидаги «Китапқумарлық миллет айнасы», «Жараён» саҳифасидаги «Аймақлар абаданлығы ушын» сарлавҳали мақола ушбу саҳифа йўналишига мос келмайди.
Интернет гегемонлиги асрида газеталар учун икки йўл мавжудлиги аён бўлиб қолмоқда: биринчиси, мақолани асосий фактлардан бошлаган ҳолда ўқувчилар эътиборини тез жалб қилиш, иккинчи усул эса теран таҳлилга ён босиш. Аммо ушбу икки усулни ҳам нашр саҳифаларида кам учратдик. «Кибержынаятшылық оннан қалай сақланамыз?» сарлавҳаси остида чоп этилган мақолада коммуникацион технологиялар ёрдамида содир этилган жиноятлар ҳақида сўз боради. Лекин унинг кириш қисмини ўқувчи ниҳоятда қийин “ҳазм” этади: «Ахборот-коммуникация воситаларининг шундай кўринишда тез ривожланиши ижтимоий тармоқ имкониятларини кун сайин ошириб бормоқда. Бундан ташқари, ўтган йили коронавирус пандемияси сабабли кўпгина соҳаларнинг онлайн режимда иш олиб бориши ушбу процессни яна ҳам тезлаштирди». Шундай умумий сўзлар бутун бошли саҳифани тўлдирган. Савол туғилади, мақоланинг мақсади содда, умумий сўзлар билан огоҳ бўлишга ундашми ёки жиноят ҳолатларини санаб ўтиш билан фуқароларни тартибга чақиришми?!.
Сарлавҳалардаги жимжима оддий ўқувчида мақолани ўқиш иштиёқини сўндиради. «Касалини яширсанг, иситмаси ошкор қилади», «Қылмыслары жазасыз қалмады», «Китапқумарлық миллет айнасы», «Халыққа және бир бир қолайлық», «Қос қуўаныш қарсаңында», «Жиноят устида қўлга олинди» сарлавҳалари эса газетанинг 24- ва 27-сонларида айнан такрорланади. Фикримизча, ушбу сарлавҳалар ўқувчиларни ўйлантирмайди, мақолани тўлиқ ўқишга ундамайди. Таҳририят сарлавҳа танлашнинг осон йўлига ўтиб олган ёки матн саёзлиги маъноли сарлавҳа танлашга изн бермайди.
Эгасиз сарлавҳалар, тушунарсиз саҳифалар
Қорақалпоғистон Республикаси Туризм ва спорт бошқармаси нашри ҳисобланган «Қарақалпақстан спорты» газетаси 1997 йилдан буён чоп этилиб келинмоқда. Газета ҳафтасига бир маротаба А3 форматида қорақалпоқ тилида чоп этилади. Октябрь ойидаги адади — 815 дона.
Нашрнинг асосий мақсади — маҳаллий спортчилар муваффақиятлари, жаҳон спорти билан боғлиқ воқеа ва янгиликларни ёритиш. «Қарақалпақстан спорты» газетасининг биринчи саҳифаси ҳам қарорлар, низомлар, расмий хабарларга ажратилган. Фарқли томони шундаки, нашрда асосан спорт соҳасига оид қарорлар чоп этилади. Аммо 5 октябрдаги 40-41 сонларининг 3 та саҳифасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Велоспортни ривожлантиришга доир комплекс чора-тадбирлар тўғрисида» қарори тўлиқ чоп этилган. Уч саҳифани тўлалигича қарор билан тўлдириш ўзини қачалик оқлайди? Менимча, бу — нотўғри усул, таҳририят ушбу қарорга қисқача изоҳ берса, мантиқан тўғри бўлар эди. Шунда ўқувчиларга қарорнинг асосий мазмун-моҳиятини тушунтириш осонроқ бўларди.
Нашр саҳифаларидан ўрин олган мақолалар сарлавҳалари ўзига жалб қилмайди, улар ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари, айрим сарлавҳалар собиқ иттифоқ давридаги сарлавҳаларни эслатиб юборади. «Бажыханамыз жеңимпаз», «Халқымыз алғысы шексиз», «Қарақалпақстан басқышы», «Волейболшылар жеңимпаз», «Прокурор кубогы», «Биз коррупцияға қарсымыз», «Өзбекстан чемпионаты». Бундай “навбатчи” сарлавҳалар газетанинг ўқимишлилигига салбий таъсир кўрсатади. Менинг фикримча, янгиликларни спорт йўналишига кўра битта рукнга йиғиб, кичик сарлавҳа билан чекланиш керак. Шунда қизиқарли ва ўқувчиларни ўқишга чорлайдиган матнларга жой қолади.
«Қарақалпақстан спорты»да ўқувчини ҳайратга соладиган жиҳатлар кўп. Газетанинг 6 сентябрдаги 34-35 сони тўлиқ расмий хабарлар ва спорт тадбирларидан тайёрланган лавҳалардан иборат. Газетанинг биринчи, иккинчи, учинчи саҳифаларида Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан бир гуруҳ ватандошларимизни Қорақалпоғистон Республикаси Давлат мукофотлари билан тақдирлаш ҳақидаги қарор чоп этилган. Тўртинчи саҳифасида «Өзбекстанның үлкен жеңислери» деб номланган мақола чоп этилган. Унда Ўзбекистон параалимпиячиларининг параалимпия ўйинларида қўлга киритган муваффақиятлари ҳақида сўз боради. Унинг 5-6 саҳифалари тўлиқ маҳаллий спорт янгиликларига ажратилган. Ва улар «Жақында» «Усы жылдың» жумлалари билан бошланади. Бу ҳам эскирган ва ўқувчини ўзига жалб қилмайдиган усул.
Сарлавҳа мазмунга боғланмаса ҳам ғалати, тушунарсиз ҳолат пайдо бўлади. Буни «Чемпион менен сәўбет» сарлавҳаси билан чоп этилган мақола ҳам исботлайди. Газета бош муҳаррири материалда «Жақында усындай ушырасыў Токио олимпиадасы чемпионы, таэквондошы Улуғбек Рашидов пенен болып өтти» дейди ва ўз фикрини давом эттирар экан, шундай ёзади: «У.Рашидов Нөкис қалалық 1-санлы балалар ҳәм жас өспиримлер спорт мектебинде пайтахтымыздың үмитли жас спортшылары, таэвандошылары, тренерлери менен сәўбет өткерди».
Суҳбат ташкил этилдими ёки учрашув? Сарлавҳани ўқиб туриб, ҳа, спортчи билан журналистнинг суҳбати экан деган хаёлга боради ўқувчи. Сарлавхани мантиқий ўйин сифатида ҳам қабул қилиш мумкин. Ким қандай тушунади? Қани, топинг-чи?
Сарлавҳа маълум хатти-ҳаракатга боғланган ва унда хатти-ҳаракатнинг эгаси бўлиши шарт. Агар ушбу тартиб бузилса, ахборот маъносиз матнга айланиб қолади. Нашрдаги айрим мақолаларда умумий сўзлар ва исми номалум кимсалар хатти-ҳаракатни амалга ошираётгандай маъно беради. «Қарақалпақстан басқышы» деб номланган мақолага бир неча саволларни қўйиш мумкин: «Қайси спорт тури бўйича Қорақалпоғистон босқичи?» Сарлавҳада қайси босқич бўлиб ўтгани эмас, мусобақадаги кескинлик ва шиддат акс этиши керак. Хабарда мусобақанинг шиддатли ва кескин лаҳзаларини ҳам топа олмадик. Лид сифатида «ёпиштириб қўйилган» сатрларда «Усы жылдың сентябрь айында «Спортқа меҳир қой, спорт пенен жаса» ураны астында Өзбекстан Республикасы бойлап өткерилген спорттың бадминтон түри бойынша Қарақалпақстан басқышы да көтериңки өтти». Кейинги сатрларда ҳам мусобақанинг мақсади, қайси ташкилот томонидан ташкил этилгани ва совриндорлар ҳисобот тарзида келтириб ўтилган.
«Бажыханамыз жеңимпаз» сарлавҳали хабарда ҳам шундай ҳолат. Сарлавҳанинг ўзи тушунарсиз. Божхона қандай қилиб ғолиб бўлиши мумкин? Божхона спортчими? “Божхоначилар ғолиб бўлди” дейилганда ҳам сўз қурилиши тўғри бўлар эди. Лидда мини футбол бўйича давлат божхона қўмитаси бошлиғи кубоги учун мусобақа ташкил этилганини билиб оламиз.
«Ҳүрмет ҳәм даңқ саған, Зайнаб Дайыбекова!» деб номланган сарлавҳа ўта пафосли. Аммо материални ўқиб чиқсангиз, сарлавҳани Зайнабнинг олимпиададаги иштироки билан боғлиқ тарзда шакллантириш кераклиги кўзга ташланиб қолади. Кириш сўз шундай сўзлар билан бошланади: «Қылышпазлық спорты Қарақалпақстан ушын генже спорт түрлеринен есапланады. Дәслепки секция 2014-жылдан Нөкисте өз жумысын баслаған еди». Мақола нима ҳақда экани ҳам тушунарсиз. Зайнаб ҳақида бўлса, уни қиличбозлик спортининг Қорақалпоғистонга қандай кириб келгани билан бошлаш унчалик ўзини оқламайди. Мақола Зайнабнинг олимпиада ўйинларидаги юришлари ҳақида эканини фақат саккизинчи сатр бошидангина англаш мумкин: «З.Дайыбекованың дәслепки қарсыласлары да дүньяның даңқлы спорт мәмлекетлери болған Япония, Қытай, кореялылар болды». Майли, Япония қиличбозлик бўйича энг кучли давлатлар қаторида тилга олинар, аммо Хитой ва Корея ҳақида гап кетганда ундай дейиш қийин. Мақолада спортчиларнинг бир неча бор жаҳон чемпионлигини қўлга киритгани ҳақида айтилган. Яна савол туғилади, бу спортчилар кимлар? Қаерда ўтказилган жаҳон чемпионатида чемпион бўлишган? Муаллиф яна эмоционал-экспрессив лексикадан фойдаланган ҳолда: «Мине реванш алды — «өшин» зыяты менен олимпиадада қайтарды» деб ёзади.
Қасос қайтарилмайди, қасос олиниши мумкин. «Зайнаб және бир күшли мәмлекеттиң күшли қылышпазы Жисун Юн менен беллести». Бу ерда эса кучли мамлакатнинг номи сирлилигича қолмоқда.
«Навбатчи» сарлавҳалар сирасига «Сайланды команда — Черногорияда»ни ҳам киритиш мумкин. Эга номаълум, қайси спорт тури терма жамоаси? Нима учун? Материалнинг кириш қисмида кичкина тушунтириш қилинади: «Бокс бойынша Өзбекстан жаслар сайланды командасы ағзалары Черногорияда оқыў-шынығыўларын алып бармақта». Терма жамоа қайси мусобақаларга тайёргарлик кўриш учун Черногорияга йўл олди, машғулотлар жараёни қандай кечмоқда ва шунга ўхшаш саволларга жавоб топиш қийин. Бундан кўриняптики, матнда воқеа, янгилик ҳақида маълумот бўлмагани боис тўғри сарлавҳа танлаш ҳам қийин кечган. Матнни тўғри шакллантириш эса мухбирнинг воқеани бошидан охиригача кузатиш ва деталларга эътибор берган ҳолда иш олиб бора олиш кўникмасига боғлиқ.
Яна бир эътиборли жиҳати, газетада рукнлар доимий эмас ёки баъзи сонларида умуман рукнлар учрамайди. Нашрда доимий рукнларнинг бўлиши кўп нарсани ҳал қилади. Биринчидан, бу ўқувчига ахборотлар оқимида ўзи севадиган, дилига яқин мақолалар топишга ёрдам берса, иккинчидан, газета саҳифаларидаги материалларни тартибли жойлаштириш имконини беради.
Спорт газетасида мусобақаларнинг импульси, спортчиларнинг шижоатини сезмадик. Спорт ҳақидаги газета ўқувчиларни спорт билан шуғулланишга ундаши, мусобақалар шиддатини кўрсатиш орқали ёш спортчиларни янада юқори чўққиларга кўтарилишга чорлаши керак.
«Телеграмм каналимиз иш бераяпти»
«Тынышлық сақшысы» газетаси ҳам тармоқ нашри ҳисобланади. Газетанинг муассиси — Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги. Газета ойида бир марта А3 форматида чоп этилади.
«Тынышлық сақшысы» ҳам бошқа соҳа газеталари қатори номаълум, ҳаракатни акс эттирмайдиган, абстракт сарлавҳаларни танлашдан чарчамайди.
Битта фарқли томони, газетада лидлар қалин ҳарфлар билан берилар экан. Аммо шунинг билан фарқлар тугайди, қолган жиҳатлари такрорланади. «Сыйлықлар тапсырылды» деб номланган мақоланинг кириш қисми шундай бошланади: «Өзбекстан Республикасы ғәрезсизлигиниң 30 жыллығы мүнәсибети менен бәрше тараўлар қатары ишки ислер органларының да бир қатар хызметкерлери сыйлықланды». Бундан кейинги қаторларгина яқинда деб бошланади. Ўзи бир саҳифалик матнга давлат мустақиллиги, номаълум «қатор ходимлар мукофотланди» жумлаларини қўшишнинг нима кераги бор?
«Хызметлери жоқары баҳаланды» деб номланган мақоланинг лид қисми ҳам «навбатчи» жумлалар билан бошланади: «Елимиз тынышлығы, жынаятшылыққа қарсы гүресиў, ҳуқықбузарлықтың алдын алыў ҳәм жәмийетлик тәртипти сақлаў жолындағы пидәкерлик мийнетлери ҳеш қашан итибарсыз қалмайды». Ҳеч нимани англатмайдиган, умумий жумлалар мақоланинг савиясини тушириб юборади. Қолаверса, муаллиф катта сержант Қуралбай Омаровнинг ички ишлар органларидаги меҳнатларини таъкидлаб ўтиш ўрнига, ярим саҳифада унинг объективкасидаги маълумотларни санаб ўтади. Ва «Қ.Омаров өзиниң ишки ислер органлары қатарындағы 30 жылға шамалас хызмети дәўиринде көплеген ҳуқықбузарлыққа дус келген» дея таъкидлайди. Қандай ҳуқуқбузарликка дуч келди?! Муаллиф ўз таъкидини мисоллар билан далиллашга уриниб ҳам кўрмайди.
Ҳисобот жанридаги, аммо расмий-ҳужжатли шаклда ёзилган мақолалар салмоғи анчагина. «Туўры жолға бағдарлаў — ўазыйпамыз» деб номланган мақолада «ёпиштирилган» рақамлар билан бирга, умумий шаклга мос келмайдиган, матннинг кетма-кетлигини тиъминламайдиган, асоси йўқ жумлалар кўп. «Ҳуқықбузарлықлар өз-өзинен келип шықпайды» деган таъкиддан сўнг шундай сўзларни ўқийсиз: «Оның алдын алыў бойынша биз дәслеп, ҳуқықбузарлықлардың келип шығыўын терең үйренип, себеп ҳәм шараятларын өз ўақытында сапластырыўдан ибарат». Бу ҳуқуқбузарликнинг ўз-ўзидан келиб чиқмаслигини далилловчи жумла эмас, олдини олиш билан боғлиқ тадбирлар. Рақамларни келтиришда ҳам кемтиклар бор: «69 ёшлар, 123 ёшлар, 192 иш ўринлари ва бошқалар», яъни рақамнинг ўзи кўплик маъносини билдиряпти, қолаверса, бу ерда ёш сўзига «лар» қўшимчаси қўшилмайди. Ушбу сатрлар кетма-кетлиги бузилган: «Жаслар тәрибиясын итибарсыз қалдырмаў унамсыз ақыбетлерге алып келеди, әлбетте» деган жумлани келтиради ва шундан сўнг «Бүгинги күнде көпшилик ата-аналар турмыс тәшўишлери менен бәнт болып, перзент тәрбиясы екинши дәрежеде қалып қоймақта» фикри билан жумлани давом эттиради. Аслида, муаммо ҳақида дастлаб сўз юритилиб, унинг оқибати ҳақида кейин фикр юритилади.
Нашрда мақола билан боғланмаган, умумий ва хатти-ҳаракатни билдирмайдиган сарлавҳалар сони анча кўп:
«Ана ҳәсирети», «Ажрим — миллат фожиаси», «Пидайы жаслар итибарда», «Имканият берилди», «Чегара худудлар назоратда», «Командамыз жеңимпаз болды», «Тарозибон адолатли бўлса ҳақиқат қарор топади», «Мәҳәлле тынышлығы ел тынышлығы», «Ойсызлықтың түби ўайран», «Урлықтың түби қорлық», «Халқ манфаати йўлида», «Телефоннан дурыс пайдаланайық», «Не ислесең де өзиңе қайтады».
Сарлавҳа тўғри танланмаса ёки матндаги маънони очиб бермаса, ўқувчи материални ўқишга ҳаракат қилмайди. Сарлавҳанинг бир томондан жарангдор, яна бир томондан матн билан уйғун бўлиши — замонавий журналистика талабларидан бири. Акс ҳолда, маъносиз сарлавҳа, ўқилмаган матн бўлиб қолаверади.
Аммо газетада прогрессив ёндашувлар борлигини ҳам эътироф этиш керак. Газета телеграм ижтимоий тармоғига эга ва уч мингдан зиёд уникал обуначиси бор. Бу янги йўналиш ҳақида «Тынышлық сақшысы» бош муҳаррири Абдисамет Абдимуратов шундай фикрларни билдирди: «Телеграм каналини юрита бошлаганимизниңг фойдасини сездик. Икки томонлама алоқа учун ҳам, газетамизни интернет тармоғида таништириб бориш учун ҳам фойдали бўлди. Каналимизни нафақат қоғоз нусхамизда чоп этилган мақолалар билан тўлдириб борамиз, балки янги детектив ҳикоялар, интеллектуал ўйинлар, викториналарни ҳам ўқувчилар эътиборига ҳавола этамиз. Бундан ташқари, муассисларимиз ҳам қўллаб-қувватлаб келишмоқда, обуна даврида газетага обуна бўлишда катта ёрдам беришади. Менимча, соҳа нашрларини яна ҳам ривожлантириш учун конвергент контентни йўлга қўйиш керак. Шундагина фақат бир қолипда қолиб кетмасдан, янги платформаларга кириб бориб, нашрнинг танилишига замин яратилади».
Қолипдаги сарлавҳалар
Қорақалпоғистон Республикаси Маданият вазирлиги нашри «Қарақалпақстан мәденияты» 1993 йилдан иш бошлаган ижтимоий-сиёсий, маданий-адабий нашр ҳисобланади. Газета ҳафтасига бир маротаба А3 форматида чоп этилади. Бош муҳаррири — Гулмира Палўанова. Нашрнинг асосий мақсади — Қорақалпоғистон Республикасининг маданият ва санъат соҳасидаги янгиликлар, воқеа ва ҳодисаларни ёритиб бориш.
Нашр саҳифаларидан ўрин эгаллаган мақолаларга кўз югуртирилса, газета тўғри йўлдан бораётган экан, деган хулосага келиш мумкин. Аммо мақолалар матни синчков таҳлил қилинганда, дастлабки қараш нотўғри эканини англаймиз.
Биринчидан, нашрнинг ўзига хослигини кўрсатиб турувчи доимий рукнлар йўқ. Иккинчидан, таҳририятда сарлавҳалар билан ишлаш тажрибаси камлиги яққол кўриниб туради. Демак, шу хусусиятларга алоҳида тўхтаб ўтамиз.
«Жасларды жигерлендирди» деб номланган мақолада Шуманай тумани маданият бўлимида «Ниҳол» мукофоти совриндори Лола Маҳаматдинова билан ташкил этилган учрашув ҳақида сўз боради. Мақолада ушбу санъаткорнинг қайси фикрлари ёшларни илҳомлантиргани ҳақида лом-мим дейилмайди.
«Қосықшылық өнериниң байтерегине бағышланды» деб номланган мақолада қорақалпоқ халқининг кўзга кўринган қўшиқчиси, қатор давлат мукофотлари совриндори Байрам Матчановнинг ижодига бағишланган кеча ҳақида сўз юритилади. Аммо икки саҳифалик мақоланинг ярмидан кўпи кечада қатнашганлар чиқишларини таништиришга бағишланган. Оқибатда, асосий қаҳрамоннинг ижоди сояда қолиб кетган.
Газетада бир хил сарлавҳаларни битта соннинг ўзида ҳам учратиш мумкин. Унинг 1 майдаги 19-20 сонларида «Қарақалпақ көркем-өнериниң байтереги», «Қарақалпақ прозасининг байтереги» деган сарлавҳалар танланган. Газета саҳифаларида ибратли ва маъноли сўзлардан сарлавҳалар ҳосил қилинган материалларни ҳам учратиш мумкин. «Музей — тарийх айнасы» шулар жумласидан. Музейда халқлар тарихи, маданияти ва санъати намуналари йиғилган жой ва унга «айна» ташбеҳини ишлатиш мумкин. Матнда шундай жумлалар учрайди: «Музейлер тек ғана миллий қәдириятларымыздан сөзлеп қоймай, олар бизди өтмишке шарлаўшы жолщы жулдызлар саналады. Музейлер арқалы биз сол үлкеде жасаўшы халықтың тарийхын, бүгинги дәўир руўхын көремиз».
Умумий жумлалар матннинг мақсадини очиб бера олмайди. Бундан ташқари, «шарлаўшы» деган сўзни «Қарақалпақ тилиниң түсиндирме сөзлиги»дан топа олмадик. «Шарлаў» сўзи бор, аммо у ҳам бошқа маънони англатади. Луғатдан «жолшы» деган сўзни ҳам топмадик, менимча, муаллиф «жолаўшы» сўзини қўлламоқчи бўлган бўлиши мумкин. Лекин санъаткор ҳақида сўз борганда, «жолаўшы» эмас, «жол көрсетиўши» шаклида қўлланилса, маъқул бўлар эди.
Газетанинг 7 октябрдаги 39-сонидан 13 та мақола ўрин олган. Шулардан ўнтаси бўлиб ўтган тадбирлар ҳақида. Масалан, «Қуўыршақ театры» деб номланган мақолада Қорақалпоқ давлат қўғирчоқ театрининг янги мавсуми очилгани ҳақида сўз юритилади. Менимча, бу янгиликни мақола эмас, рецензия шаклида, янги мавсумни очиб берган спектаклдан саҳна кўринишлари ва актерларнинг маҳоратига баҳо бериб ёзиш мумкин эди.
Газета саҳифаларида мавҳум, абстракт сарлавҳалар анча кўп:
- «Китаплар әлеминиң сырлы ғәзийнеси»;
- «Адам саўдасы дәўир машқаласы»;
- «Устазлар мудамы ҳүрмет-иззетте»;
- «Дөретиўшилик ийгиликли ислерге талпындырады»;
- «Ўақыт қәдири»;
- «Қарақалпақ әдебияты ўәкиллериниң жеңиске қосқан үлеси»;
- «Сөнбес сөз зергерлери»;
- «Кекселерди қәдирлейик».
Бундан ташқари, газета саҳифаларида матннинг ўзида далил талаб қиладиган сарлавҳаларни ҳам учратасиз. «Китапқумарлық мәўсимлик илаж емес» деб номланган мақолада Нукус туманида ташкил этилган «Китоб ҳафталиги» ҳақида сўз боради. Аммо, сарлавҳада келтирилганидек, «китобга ташналик мавсумий тадбир эмас» деган иборанинг исботини матнда топа олмадик. «Сәтли сапар болды» деб номланган мақолада ҳам Ёш томошабинлар театрининг сафари қандай қилиб омадли чиққанини исботловчи жумлаларни топа олмадик.
Қорақалпоғистон медиа бозорига соҳа матбуоти тушунчасининг кириб келганига 30 йилдан ошди. Аммо айрим соҳа нашрлари ҳамон ўз услуби ва йўналишига эга эмаслиги ачинарли ҳолат. Соҳа матбуоти фақат муассислар йўриғида фаолият юритадиган ОАВларга ўхшаб қолмоқда.