«Еркин Қарақалпақстан» Қорақалпоғистон Республикасининг асосий ижтимоий-сиёсий газеталаридан бири ҳисобланади. Бу йил газетанинг чиқа бошлаганига 97 йил тўлди. Ушбу мақолада газетанинг бугунги ҳаёти, мавзулари кўлами, нималарни ёзаётгани ҳақида сўзлашга қарор қилдик.
Газета ҳафтасига 3 марта — сешанба, пайшанба, шанба кунлари А2 форматида чоп этилади. 13 ноябрь ҳолатига кўра, адади — 1137 дона. Оқ-қора рангда чиқадиган бу газета фақат байрам сонларидагина рангли чоп этилади. Нашрнинг интернет тармоғида ҳам сайти бор, бироқ унда газетанинг PDF нусхаcи бериб борилмайди.
Газета учун синовли йил
2021 йил газета учун синовли йиллардан бири бўлди. Бундай ҳолат ўтган асрнинг 90-йилларида кузатилган эди. У пайтлардаги қийинчиликлар шўро тизимининг қулаши ва иқтисодий боғланишлар узилиб, матбаа саноати инқирозга юз тутиши билан боғлиқ эди. Бу йилги муаммоларга эса ҳукумат 2020 йили газета-журналларга мажбурий обунани қўллаб-қувватламагани ҳамда Covid-19 сабабли жорий этилган карантин чекловлари газета ўқувчилари сонининг кескин камайиб кетиши сабаб бўлди. Карантиндаги одам газетадан кўра Интернет тармоғидаги аудиовизуал контентни маъқул кўрди. Газета тиражи қандай таъминланганини қуйидаги графикада кўришингиз мумкин.
«Меҳмон» рукнлар ортидаги расмий хабарлар
Газетада доимий рукнлар йўқ ҳисоби. Аксинча, мақоланинг мазмунидан келиб чиқиб қўйиладиган рукнлар кўп: «Мийнети мүнәсип баҳаланғанлар», «21-октябрь — өзбек тилине мәмлекетлик тил бийлиги берилген күн», «Туўылған жер тәрийпи», «Нураныйлар ҳәптелиги», «Тренинг», «Китап жаңалығы». Ушбу рукнлар таҳририятга келаётган мақолаларга қараб, баъзи сонларида такрорланиши мумкин, бироқ ҳар бир сонда қўлланилмайди. Шундай бўлса-да, баъзи-баъзида «Аўыл хожалығы», «Медицина», «Күнниң темасы» каби бирон мавзуга боғлиқ рукнлар учраб туради.
«Еркин Қарақалпақстан» мамлакатдаги президент сайловларини ёритишда анча фаоллик кўрсатди. Газетанинг 21-июль сонидан бошлаб «Өзбекстан Президенти сайлаў» рукни остида бир қатор мақолалар бериб борилди. Ушбу сонда «Сиясий партиялардың ўәкилликли ўәкиллери дизимге алынды» ва «Сайлаўдың рәсмий логотипи тастыйықланды» номида ЎзА мухбири Нурилло Носиров тайёрлаган туркум мақолалар билан газетанинг сайловга бағишланган материалларига старт берилди.
Сайлов боисми ёки бошқа бир сабабданми, 26 августдан то 30 октябргача нашрнинг биринчи ва тўртинчи бетлари рангли чиқиб турди.
Газетанинг 19-октябрь сони эса тўлиқ сайловга бағишланди. Саккиз бетдан иборат ушбу соннинг 5 бети сайловда қатнашаётган ҳар бир партия ўртасида тенг тақсимланди. Хусусан, газетанинг учинчи бети Ўзбекистон халқ демократик партиясига ажратилди.
Ўзбекистон ХДП Марказий кенгаши бўлим бошлиғи Аброр Қурбоновнинг «Мәмлекетлик басқарыўда пуқаралық жәмийети институтларының қатнасы әҳмийети» деб номланган мақоласида халқ демократик партиясининг асосий ғоялари, сиёсий ҳаётдаги иштироки атрофлича очиб берилди. Шуниси қизиқки, мақоладаги суратлар ҳажми катта, муҳим тезислар ажратилиб, ўқувчи эътиборини тортадиган шаклда жойлаштирилган. Ваҳоланки, бундай саҳифалаш газетанинг бошқа сонларида деярли учрамайди.
Газетанинг баъзи бир сонлари тўлиғича расмий хабарлардан иборат. Масалан, газетанинг 12 октябрдаги 120-сонининг 2-,3-,4-бетлари «Майыплығы болған шахслардың ҳуқықлары ҳаққында Қарақалпақстан Республикасы нызамы»га ажратилган. Биринчи бетида ҳам расмий хабарлар берилган.
Бу сондаги ахборот материали сифатида «Биринши Орайлық Азия чемпионаты пайтахтымызда жоқары дәрежеде болып өтти» репортажини кўрсатиш мумкин. Афсуски, у ҳам Қорақалпоғистон хабар агентлиги шарҳловчиси тарафидан тайёрланган. 26 октябрдаги 127-сонида ҳам расмий хабарлар билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, Олий Мажлис Сенатининг маълумотномаси чоп этилган.
Юқоридаги сонларда таҳририят журналистлари тайёрлаган материалларни учратмадик. Бу тасодифий тенденция деган фикрни тасдиқлаш ёки инкор этиш мақсадида нашрнинг 123-,124-,125-,126-,127-сонларига кўз югуртирдик. Шулар орасида фақат 123-124-қўшма сондагина газетанинг ўз мухбири Умирбой Ўтаулиевнинг «Жер тойса, ел тояды, егин тәрбияны күсейди» деб номланган мақоласи чоп этилган экан, холос.
Республикада юз бераётган воқеа ва ҳодисаларни ёритишда асосан хабар агентлиги мухбирлари Д. Хабибуллаев ва А. Жиемуратовларнинг хабарларидан фойдаланилган. Ҳатто Қорақалпоғистоннинг беш туманида БМТнинг Оролбўйи минтақаси учун инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик траст фонди ҳамда Япония ҳукуматининг беғараз ёрдами билан амалга оширилаётган қурилишлар билан танишув учун ташкил этилган медиа-турга ҳам таҳририят журналистлари қатнашмаган. Бу ҳақдаги материал хабар агентлиги мухбири А. Жиемуратов томонидан тайёрланган. Албатта, савол туғилади: медиа-турга газета журналистлари чақирилмаганми? Қолаверса, бешта сонда таҳририят журналистларининг биронта мақоласи чоп этилмаганини қандай изоҳлаш мумкин?
Узундан узун лид газетанинг ўзига хослигими?
Журналистика назариясида ахборот материалларидаги лид(кириш қисми)ни воқеанинг энг асосий қисмидан бошлаш замон талабига айланмоқда. Лекин «Еркин Қарақалпақстан» газетасида узундан узун лиддан сўнг воқеанинг асосий қисмига ўтиш анъанаси ҳануз давом этаётганини кўриш мумкин. Мисол учун, газетанинг 21 октябрдаги 125-сонида чоп этилган «Сайлаў — жаңа мүмкиншиликлер имканияты» номли мақола шундай бошланади: «Үлкен жуўапкершиликли, сиясий ўақыя — Өзбекстан Республикасы сайлаўы босағасында турмыз. Сайлаўдың демократиялық ҳәм ашық-айдынлық принциплери сақланған ҳалда өтиўине барлық шараятлар жаратылып берилмекте».
Бу мақоланинг қайси жанрга тааллуқли эканини аниқлаш осон бўлмади. Чунки унинг мақсад аниқ эмас. Материалда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, фарзанд тарбияси ҳамда бошқа турли жабҳалардаги ўзгаришлар ҳақида сўз боради. Материалнинг охирги қисмини ўқиганимиздагина мақоланинг фуқароларни 24-октябрь Президент сайловларида якдиллик билан қатнашишга чақириқ сифатида ёзилгани ойдинлашади.
Газетанинг 16 октябрдаги 112-сонида чоп этилган «Аудит бағдарындағы биринши илимпаз» номли мақолада ҳам мазмунга мос келмаган кириш, ҳаддан зиёд маълумотлар асосий мазмунни очишга салбий таъсир кўрсатган. Мақоланинг кириш қисми қаҳрамон портретига боғлиқ бўлмаган фикрлар билан бошланади: «Илим — ҳәр қандай мәмлекеттиң бүгинги ҳәм ертеңги келешегин белгилейтуғын әҳмийетли тараўа есапланады. Өзбекстан илими әзелден адамзат цивилизациясына теңи-тайы жоқ үлес қосқан, дүнья жүзи илим ҳәм мәдениятының бағдарларын белгили дәрежеде белгилеп берген уллы алымлары, ағартыўшылар менен дүньяға танылған».
Материални қайси жанрга тааллуқли эканини ҳам билмай қоласан, киши. Портрет-очерк десак, қаҳрамоннинг сийрати очилмаган, ҳисобот жанрига эса тўғри келмайди. Бироқ материалда ёш олимнинг қачон туғилгани, қачон университетни тугатгани билан боғлиқ маълумотлар кўп. Материалда аудиторлик соҳасининг бугунги глобал тадбиркорлик тизимидаги ўрни ҳақида сўз боради. Бироқ унда олим тарафидан тайёрланган илмий ишнинг бошқа ўхшаш ишлардан фарқи, бу иш Ўзбекистон аудит тизимининг ривожига қандай таъсир этади деган аҳамиятли саволларга жавоб йўқ.
Ахборот характеридаги материалларда воқеанинг асосий деталларидан кўра кўпроқ тадбирда қатнашганлар биринчи планга чиққан. «Аймақлық кеңестиң биринши мәжилиси» номли материалда ҳам биринчи планга тадбир қатнашувчилари билан бирга мамлакатимизда сўнгги йилларда коррупцияга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар, давлат органларининг жавобгарлиги масалалари чиқиб қолган. Материалда бўлиб ўтган тадбирда кўтарилган долзарб масалалар, уларни ҳал қилиш учун белгиланган вазифалар ва ечимлар бўйича маълумот йўқ. Мақолани ўқиб, икки хулосага келиш мумкин. Биринчиси, материал пресс-релиз асосида тайёрланган ёки иккинчиси, тадбирда тилган олиб ўтилган масалалар асло кўрилмаган.
Газетада клише, умумий, материалнинг мазмунини очиб бермайдиган сарлавҳалар жуда кўп:
«Мақсет — Өзбекстан көлеминде жеңимпаз болыў»;
«Халқымызды айдын келешекке шақырады»;
«Қурылыс тараўының жумыслары додаланды» ;
«Жер тойса ел тояды, егин тәрбияны күсейди»;
«Шәкиртлеринен үмитлери көп»;
«Президент сайлаўында белсене қатнасайық!».
Сарлавҳа материалнинг мазмуни ҳақида маълумот бериши керак. Интернет замонида ўқувчи мақолани асосан сарлавҳасидан келиб чиқиб ўқийди ёки умуман эътиборсиз қолдиради.
Ижтимоий тармоқларда йўқ сайт
Газетанинг сайти манзилида жойлашган. Республикадаги кўпгина газеталар қатори «Еркин Қарақалпақстан» нашри ҳам интернет тармоғини тўлиқ ўзлаштириб олмаган. Сайтнинг аниқ логотипи йўқ ва газетанинг қоғоз нусхасини эслатмайди. Ранги ҳам дидсиз танланган. Газета номининг қора фонда оқ шрифтлар билан ёзилгани ҳам дизайнерлик салоҳиятининг пастлигини намоён этиб турибди.
Сайт рукнлари «Биринши бет», «Өзимиз туўралы», «Редакция хызметкерлери туўралы мағлыўмат», «Дағазалар»дан иборат. Рукнлар майда шрифтларда берилган, диққат билан қаралмаса, ўқиб бўлмайди.
Гоҳида Қорақалпоғистондаги бир нечта газеталар сайти мажбурликдан очилгандек тасаввур уйғотади. Зеро, нашрларнинг сайти фақат газетанинг қоғоз нусхаси чоп этилгандан кейингина янгиланади. «Еркин Қарақалпақстан» газетасида ҳам худди шундай. Бошқа вақтларда сайтга бирон-бир хабар юкланмайди. Сайтда ҳатто янгиликлар тасмаси ҳам йўқ. Шу боис материалларнинг ўқилиши 20 тадан ошмайди. Ўқувчига яна бир ноқулайлик туғдирадиган жиҳат шуки, сайтнинг асосий саҳифасида «Вести Каракалпакстана» ҳамда «Еркин Қарақалпақстан» газеталарида чоп этилган материаллар аралаш қўйилади. Бу эса рукнларга бўлинмаган сайтда керакли маълумотларни топишда қийинчиликлар туғдиради. Ваҳоланки, «Вести Каракалпакстана» –рус тилида чиқадиган ўз ўқувчиларига эга газета. Шу боис сайтни икки тилли қилиш талаб этилади.
Сайтнинг яна бир камчилиги қоғоз нусхада чоп этилган фотосуратли материаллар сайт вариантида суратсиз жойланишидир. Зеро, визуал контентни яхшилашга интиладиган платформанинг ўқувчилари кўп бўлади. Бугунги кун ўқувчиси кўпчиликка маълум ахборот сайтларининг ўзига кирмай, керакли маълумотларни ижтимоий тармоқдаги аккаунтидан ўқиётган бир вақтда, ишга бундай ёндашувни асло оқлаб бўлмайди.
Сайт ижтимоий тармоқларга боғланмаган. Бу ҳолат нашрнинг тармоқдаги ўқувчилари сонининг ортишига хизмат қилмайди.
Энг сўнгги камчилик шуки, газетанинг PDF нусхаси сайтга жойлаштириб борилмайди. Аслида, биз бор-йўғи газетанинг яққол кўзга ташланиб турган камчиликлари ҳақида сўз юритдик. Мукаммал таҳлил учун бир мақоланинг ўзи камлик қилади. Бизнинг мақсадимиз Марказий Осиёда ҳали-ҳануз эскича қолипда иш юритиб келаётган газеталар бор эканини кўрсатиб бериш эди, холос.