10 июнь жума куни Олмаота шаҳрида Медиасаводхонлик бўйича биринчи Халқаро конференциянинг ёпилиш маросими бўлиб ўтди. Икки кун давом этган тадбирда Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистондан келган медиасаводхонлик бўйича экспертлар Марказий Осиё минтақасида медиа ва ахборот саводхонлигини (МАС) ошириш бўйича ғояларни муҳокама қилдилар.
Конференциянинг асосий мақсадларидан бири Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда МАСни тарғиб қилиш бўйича миллий стратегияларни шакллантириш бўйича тавсиялар тайёрлаш эди. Медиа саводхонликнинг асосий ғояси – ахборотни фильтрлаш имконини берувчи, дунёнинг барча мамлакатларида ўзгаришсиз қолаётган танқидий фикрлашга эга бўлиш. Бироқ, бизнинг минтақамизда ва ҳар бир мамлакатда МАС тарғиботининг муваффақиятига таъсир қилувчи менталитет, қонунчилик, одамларнинг хоҳиш-истакларининг ўзига хос хусусиятлари мавжуд. Шунинг учун алоҳида миллий стратегиялар зарур. Internews ташкилотининг Тожикистондаги директори Рухшона Нажмидинова (Тожикистон), “Ўзбекистон Республикаси замонавий журналистикани ривожлантириш маркази” ННТ директори Саида Сулайманова (Ўзбекистон) ва Esil University ректори маслаҳатчиси Руслан Каратабанов (Қозоғистон) ҳар бир давлат бўйича якуний тавсиялар билан ўртоқлашди.
Internews ташкилотининг Тожикистон бўйича директори Рухшона Нажмидинова ўз жамоасининг медиасаводхонликни ривожлантириш бўйича умумий қарашларини қуйидагича таърифлади:
— Тожикистонда мавжуд бир қанча муаммолар ҳақида гаплашдик. Бу – ҳам аҳоли, ҳам медиа вакилларининг медиасаводхонлик даражасининг пастлиги. Шу жумладан, агар буни шундай деб аташ мумкин бўлса, турли манфаатдор томонлар ўртасидаги паст даражадаги мувофиқлаштиришдир. Биз таклиф қилган стратегиянинг муҳим қисмларидан бири бу мувофиқлаштириш даражасини ошириш, турли иштирокчилар – нодавлат нотижорат ташкилотлари, ҳукумат, вазирликлар ўртасида мулоқотни йўлга қўйиш эди… Ҳозирда Таълим вазирлиги билан яхши ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу ЮНЕСКО таклиф қиладиган расмий таълим эмас, бу аралаш конвергенция билимлар жамиятини яратишдир. Бизда урф-одат, маданият бор, биз билимни ҳурмат қиламиз. Биз мактаблар, университетлар ва бошқа расмий таълим муассасаларида маданий таъсир орқали медиасаводхонликни оширишни муҳим деб ҳисоблаймиз.
Шунингдек, протекционизм усулидан ваколат бериш усулига ўтиш лозим. Агар биз ахборот маконига кириб бормас эканмиз, ривожланишимиз орқага сурилаверади. Аҳолининг саводини ошириб бориш, ҳар томондан келаётган маълумотларнинг хавф-хатарлари ҳақида хабар бериб бориш керак. Норасмий таълим ҳам муҳим — гуруҳлар, ижтимоий тармоқлар орқали. Фарзандлар медиа саводхонлиги нима эканлигини эртароқ тушунишлари учун, жумладан, ота-оналарга ҳам эътибор бериш, ҳар қандай даҳшатли нарсага ишонмасликка чақириш лозим.
Жумладан, биз бошқа нарсалар қаторида, миллий даражада медиасаводхонликни рағбатлантирадиган ҳужжатларнинг аҳамияти ҳақида ҳам гапирдик. Афсуски, бундай ҳужжат йўқ. Лекин қонунчиликда, Конституцияда, Таълим тўғрисидаги, Экстремизмга қарши курашиш тўғрисидаги қонунларда танқидий фикрлаш ҳақидаги модалар мавжуд. Бу тўлдирилиши ва ривожланиши мумкин бўлган базадир.
“Ўзбекистон Республикаси замонавий журналистикани ривожлантириш маркази” ННТ директори Саида Сулайманова ўз мамлакатининг миллий стратегиясини қуйидагича таърифлади:
– Бундай олиб қараганда, стратегия ўзгаришсиз қолмоқда. Аввал муаммони ўрганиш керак, биринчи навбатда тўлиқ миқёсли тадқиқот бўлиши лозим. Кечаги муҳокамамиз шуни кўрсатдики, биз таълим тизимимизда нималар содир бўлаётганидан унчалик хабардор эмасмиз. Талаб эса мавжуд. Бу қандай аломатлар орқали билинади? Мактаб ўқитувчилари учун тренинглар ўтказганимизда, медиасаводхонликнинг айрим элементлари жорий этилаётганини англадик. Ва бу мактаб ўқитувчиларининг шахсий ташаббуси, улар ўзлари бу маълумотни қидирмоқдалар, уларга бу керак. Шунчаки, у жуда тарқоқ. Агар уларнинг тажрибаси бир жойга жалб қилинса, тўпланиб, бирлаштирилса, бу жуда бой материалларга эга улкан платформа бўлади. Шундай экан, биринчи қадам, албатта, нима мавжуд эканини кенг кўламли ўрганиш ва аниқ мақсадни белгиланиши лозим: биз нимага эришмоқчимиз? Аниқ, конкрет, мавозанатли натижалар. Бир йилдан сўнг биз мактабда қайсидир синфларда медиасаводхонлик ўқитилишини истаб қоламиз. Бу мақсадга қандай бориш мумкин? Буни мақсаднинг ўзи белгилайди. Кеча биз амалга оширилиши лозим бўлган жуда кўп қадамларни қайд этиб чиқдик. Расмий даражада бу, таълим стандартлари ва режаларига босқичма-босқич жорий этиш, ўқитувчилар билан ишлаш. Муҳокамамизга ўқитувчиларнинг ўзларини ҳам жалб қилишга муҳим жиҳат сифатида қараш лозим.
Esil University ректори маслаҳатчиси Руслан Каратабанов Қозоғистон учун худди шундай дастурни тақдим этди:
— Биз таклифларимизни яна бир бор ўйлаб кўрдик ва қуйидаги тавсияларни ишлаб чиқдик. Биринчидан, сиёсат соҳасида сўз эркинлигини мустаҳкамлаш тамойилларини илгари суриш. Ҳуқуқий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмунида ягона ахборот саводхонлиги кадрлар салоҳиятини ривожлантиришнинг устувор йўналиши сифатида эътироф этилишига кўмаклашиш. Миллий тармоқ дастурлари ва лойиҳаларига медиа ахборот саводхонлиги кўрсаткичини мақсадли кўрсаткичлар сифатида киритиш. Таълим муассасалари орқали медиа ва ахборот саводхонлигини шакллантириш тамойиллари ва ёндашувларини расмий ва норасмий таълим мазмунига киритиш орқали амалга ошириш.
Иккинчидан, таълим соҳасида – МАСни таълимнинг қадрияти ва битирувчининг атрибути сифатида миллий таълим стандартларида тан олинишига кўмаклашиш. МАСнинг асосий тамойиллари, ёндашувлари, мақсадли кўрсаткичларини ўқув мақсадларини шакллантириш ва фанлар бўйича таълим дастурларига киритиш орқали расмий таълим мазмунига татбиқ этиш. Миллий ўқув режасига МАС бўйича тегишли фанларни танлов курслари сифатида киритиш жараёнига кўмаклашиш. МАС фанларини коллеж ва университетларнинг ўқув дастурларига киритиш жараёнини осонлаштириш. МАС соҳасидаги мутахассисликлар ва касбларни “Ривожланаётган иш ўринлари атласи”, соҳавий малака доиралари, реестрлар ва мутахассисликлар таснифлагичларига киритишга кўмаклашиш. МАСга ихтисослашган коллеж ва университетлар учун таълим дастурларини ишлаб чиқишга кўмаклашиш. Яъни, биз янги мутахассисликлар очишимиз мумкин. Ҳозир вазирликлар бундан манфаатдор. МАС таркибини ишлаб чиқиш ва тарғиб қилишга кўмаклашиш. МАС соҳасидаги таълим марказларининг кенг миллий тармоғини ривожлантириш.
Учинчидан, маданият ва ОАВ соҳасида – ҳикоялар, хабарлар, мафкуралар, нутқлар, уларни маданият ва ОАВ соҳасидаги маҳсулотларга киритиш мақсадида сценарийларни ишлаб чиқишга кўмаклашиш. Маданият ва ОАВ соҳасида МАС ғояси ва жамият учун қадриятларни тарғиб қилувчи лойиҳаларни ишлаб чиқиш. МАС ғояларини илгари суриш учун кўнгиллилар ҳаракатини ривожлантиришга кўмаклашиш. Ва барчасини қамраб олиш учун, инклюзивлик тамойилни амалга оширган ҳолда, МАС соҳасидаги таълим фаолиятига жамиятни жалб қилиш бўйича консорсиум лойиҳаларини таклиф қилиш.
Шунингдек, анжуман доирасида минтақавий MediaCAMP Эдьютон 2022 финалчиси, қозоғистонлик ёш муаллиф Аннас Багдат томонидан медиасаводхонликка бағишланган мюзикл намойиш этилди.
Лойиҳа АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) кўмагида Марказий Осиё MediaCAMP дастури доирасида амалга оширилмоқда.