No menu items!
More
    ДомойМедиа ҳуқуқиИнтернетдаги суратлардан фойдаланишда нималарни билиш керак? Ўзбекистон қонунчилиги

    Интернетдаги суратлардан фойдаланишда нималарни билиш керак? Ўзбекистон қонунчилиги

    Тармоқдаги ҳар қандай материаллардан фойдалинишда, авваламбор, халқаро ҳуқуқ (Берн конвенцияси) ва миллий қонунчиликда (Фуқаролик кодекси, Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонуни) белгиланган муаллифлик ҳуқуқига амал қилиш керак. Босма ОАВ учун мақола муаллифи аниқ бўлади, чунки у мақоланинг боши ёки охирида кўрсатилади. Агар ҳеч ким кўрсатилмаган бўлса, унда унинг муаллифи ОАВ таҳририяти ҳисобланади. Материалда бу ҳақида ўзбекистонлик медиаҳуқуқшунос Карим Бахриев батафсил сўз юритади.

    Фотосуратлардан муаллифнинг рухсатисиз фойдаланса бўладими?

    Сурат муаллифи фотограф ҳисобланади. Айтиш жоизки, аудио ёки видео асарлар асосан жамоавий меҳнат маҳсули ҳисобланади. Муаллифлик ҳуқуқи нафақат асар муаллифини ҳимоя қилади, шунингдек жамоатчиликнинг интеллектуал мулкдан фойдаланиш ҳуқуқини ҳам.

    Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонунининг 25-моддасига биноан, шахсий мақсадларда асардан қисман нусха кўчириш, кўриш ёки тинглашга рухсат берилади.  Шунингдек, бу ҳақида муаллифни хабардор қилиш ёки гонорар тўлаш шарт эмас.

    Муаллифнинг рухсатини олмасдан асардан фойдаланишнинг бошқа ҳолатлари ҳам мавжуд (Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонунининг 26-моддаси). Масалан, ўқув мақсадларида. Асарлардан ёки бундай асарларнинг парчаларидан таълим ва ўқув тусидаги нашрларда, радиоэшиттириш ва телекўрсатувларда, овозли ва видео ёзувларда кўзланган мақсадга мос ҳажмда мисоллар тариқасида фойдаланиш мумкин. Масалан, фотожурналистика бўйича дарсликда таниқли ишлардан мисол тариқасида фойдаланиш мумкин. Бундан ташқари, талаба ўз ҳисоботида таҳлилий журналда чоп этилган мақола таҳлилидан фойдаланиш мумкин. Ушбу ҳолатда ҳаволани кўрсатиш талаб этилади.

    Интернетдаги суратлардан фойдаланаётганда нималарни билиш керак?

    Фотограф ва фотомухбирларнинг асарлари фаол тарзда газета, журнал, телекўрсатув ва ОАВ сайтларида ишлатилади. Шуни билиш керакки, ителлектуал мулк ҳисобланувчи фотография асарлари ва фотографияга ўхшаш усулларда яратилган асарлар муаллифлик ҳуқуқи билан муҳофаза этиладиган объектлар сирасига киради (Қонуннинг 6-моддаси). Шубҳасиз, ундан ҳар қандай усулда (ҳар қандай моддий шаклда такрорлаш, тарқатиш, кабел орқали эфирга узатиш, қайта ишлаш, Интернет орқали барчанинг эътиборига етказиш ва ҳ.к.) фойдаланиш фақатгина ижодий меҳнати билан яратилган фуқаронинг рухсати билан амалга оширилади. Шу билан бирга, муаллифнинг мутлақ (мулкий) ҳуқуқига риоя қилган ҳолда, унинг асарни ошкор қилиш ҳуқуқи, муаллифлик ҳуқуқи, исм-шарифга бўлган ҳуқуқ, ишнинг дахлсизлиги ва уни бузиб кўрсатилишидан ҳимоя қилиш ҳуқуқ каби шахсий номулкий ҳуқуқларига ҳам қатъий риоя қилиш лозим.

    Эркин фойдаланишда бўлсада, интернетдаги фотографиялардан фойдаланиш мумкин эмас. Интернет бу – асарнинг моддий жисмидир. Интеллектуал ҳуқуқлар интеллектуал фаолият натижаси ифодаланган моддий жисмга (ашёга) бўлган мулк ҳуқуқи билан боғлиқ эмас.

    Барча фотография ва суратлар (шу билан бирга, табрикномалар, мотиватор ва демотиваторлар, расмлар ҳам) муаллифлик ҳуқуқи объекти саналади. Фотография кулранг, хира ёки ғира-шира ва устида фон мавжуд бўлса ҳам.

    Фотография муаллифдан сотиб олинган бўлса, ОАВда фойдаланиш мумкин эмасми?

    Сиз ҳар қандай қонуний равишда сотиб олинган нарса каби совға қилиниши, қайта сотилиши, деворга осиб қўйилиши мумкин бўлган маълум бир нусхани сотиб олишингиз мумкин. Фотографияни нашр қилиш учун муаллиф билан фойдаланиш ҳуқуқини топшириш тўғрисида шартнома тузиш керак. Агар сиз китоб дўконидан китоб сотиб олсангиз, сиз уни ўқишингиз, кимгадир совға қилишингиз ёки ёқиб юборишингиз мумкин. Aммо сотиб олганлик факти бизга ушбу китобни муаллиф ёки нашриётнинг рухсатисиз на босма, на электрон шаклда, на Интернетда такрорлаш ҳуқуқини бермайди. Фотографияга нисбатан ҳам худди шундай ҳуқуқларга риоя қилиш керак.

    Архивдаги фотографияларни муаллифнинг рухсатисиз ошкор қилиш мумкин эмас. Муаллифлик ҳуқуқи қуйидаги бирон-бир объектив шаклда бўлган ошкор қилинган асарларга ҳам, ошкор қилинмаган асарларга ҳам татбиқ этилади. Асарни ошкор қилиш — муаллифнинг розилиги билан амалга оширилган, асарни чоп этиш, омма олдида намойиш этиш, омма олдида ижро этиш, эфирга узатиш ёки бошқача усулда юбориш йўли билан, шунингдек Интернет тармоғида илк бор асардан барчанинг воқиф бўлиши. Агар муаллиф тирик бўлса, ушбу ҳуқуқ фақат унга тегишли бўлади. Муаллифнинг ҳаёти давомида оммага ошкор этилмаган асар, шу жумладан видео, аудио ёки Фотография фақат ҳуқуқ эгасининг розилиги билан ва бу муаллифнинг ёзма (васиятномада, хатлар, кундаликлар ва бошқалар) билдирилган хоҳишига зид бўлмаса, оммага эълон қилиниши мумкин.

    Агар муаллиф ва ном кўрсатилмаган бўлса, фотографиядан эркин фойдаланиш мумкин эмас. Aсар муаллифи деб эътироф этиш ҳуқуқи асарнинг яратилиши муносабати билан юзага келади ва рўйхатдан ўтиш ёки бошқа расмиятчиликларга риоя қилишни талаб қилмайди. Исм-шарифга бўлган ҳуқуқ бу — асардан муаллифнинг ҳақиқий исми-шарифи, тахаллусини кўрсатган ҳолда ёхуд исми-шарифини кўрсатмасдан, яъни имзосиз асардан, жумладан, фотография асарларидан фойдаланиш ёки фойдаланишга рухсат бериш ҳуқуқи. Бу журналистлар томонидан, айниқса, телекўрсатувлар ва веб-сайтларда фотографиялардан фойдаланишда энг кўп бузиладиган ҳуқуқлардан биридир.

    Шуни ҳам ёдда тутиш керакки, фотографиядан ажратилган ҳолда муаллифнинг фамилиясининг номувофиқ кўрсатилиши ҳам (масалан, материал ёки кўрсатув охирида уларни умумий рўйхатдаги “Кўрстатувда фалончининг фотографияларидан фойдаланилди” мазмунидаги матнда кўрсатилиши) исм-шарифга бўлган ҳуқуқнинг бузилиши ҳисобланади, чунки бу ўқувчини маълум бир асарнинг кимга тегишли эканлигини аниқлаш имкониятидан маҳрум қилади. Битта онлайн ёки босма мақолада турли манбалардан олинган иллюстрациялар ва матн охиридаги муаллифлар рўйхатидан фойдаланиш муаллифлик ҳуқуқининг бузилиши ҳисобланади. Ўқувчи кимнинг сурати қаердалиги аниқ билиши учун, ҳар бир иллюстрацияда муаллифлик ёки манбанинг қаердан олинганлиги кўрсатилиши керак.

    Жисмоний шахснинг фотосуратини нашр қилиш тартиби қандай?

    Фотосуратчи бу — портрет, фотографиянинг яратувчиси, муаллифи бўлиб, бунга унинг вақти, кучи, материали ва воситалари кетади. Аммо фотографияда тасвирланган шахснинг ҳуқуқлари ҳам бор. Ҳар ким ҳам унинг юзи омма олдида, реклама плакатида ёки сайтда чиқишига рози бўлмайди, шундай экан суратдаги шахс ҳуқуқларига риоя қилиш керак.

    Шуни билиш керакки, шахснинг суратидан фойдаланишда унинг рухсати талаб этилмайди, агар:

    • бундай фойдаланиш давлат, жамият ёки бошқа ижтимоий манфаатларини кўзлаб амалга оширилганда;
    • у ҳамма учун очиқ жойларда ёки оммавий тадбирларда (йиғилишлар, конгресслар, конференциялар, концертлар, спектакллар, спорт мусобақалари ва ҳ.к.) ўтказилаётган суратга олиш жарайнида олинган бўлса, бундай тасвир асосий фойдаланиш предмети бўлган ҳоллар бундан мустасно;
    • фуқаро ҳақ эвазига суратга тушганда.

    Суратга олинган одам фоторграфия муаллифи саналмайди, лекин унда бошқа, тасвирга бўлган ҳуқуқ мавжуд.  Шунинг учун, ОАВ нашрларида портрет фотографиялардан фойдаланаётганда нафақат муаллифнинг, балки катта планда тасвирланган одамнинг рухсатини олишни ҳам ёддан чиқармаслик даркор.

    ​​​​Қайси ҳолатларда фотографиядан муаллифнинг рухсатисиз фойдаланиш мумкин?

    Муаллифнинг рухсати талаб этилмайди:

    • жамоат учун очиқ жойларда (парклар, кўргазмалар, музейлар, кафелар ва бошқалар) жойлашган санъат объектлари тасвирларидан фойдаланганда. Бироқ, фотография ичидаги фотография асосий фойдаланиш объекти бўлмаслиги ёки тижорат мақсадларида фойдаланилмаслиги керак. Масалан, фотокўргазма ҳақидаги репортажда битта фотографиянинг катта суратларидан фойдаланмаслик керак.
    • долзарб иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ёки диний мавзудаги мақолаларни ёки худди шундай характердаги бошқа асарларни қайта чоп этишда, агар муаллиф томонидан қайта чоп этиш алоҳида тақиқланмаган бўлса.
    • иқтибос келтирилганида.

    Фотомухбир ҳуқуқларини қандай ҳимоя қилгани яхшироқ?

    Агар сиз ўз фотографиянгизни қандайдир сайт, ОАВ, баннер ёки буклетда кўриб қолдингиз ва ўз муаллифлик ҳуқуқларингизни ҳимоя қилмоқчисиз, унда сиз қуйидагича йўл тутишингиз керак:

    • расм фотографиядан эркин фойдаланиш ҳолатига тўғри келишини таҳлил қилиш;
    • фотографиядан фойдаланаётганда қайси турдаги муаллифлик ҳуқуқлари бузилганлигини (рухсат сўралмаслиги, исм-шариф кўрсатилмаслиги ёки бошқаники кўрсатилиши, фотографияга ўзгартириш киритилиши) англаш;
    • кимга эътироз билдиришни аниқлаш (ОАВ таҳририяти, сайт администратори, хусусий корхона ва бошқалар)
    • талабнома жўнатиш;
    • агар сизга рад жавобини беришса ёки талабнома жавобсиз қолдирилса, судга мурожаат қилиш.

     Матбуот хизмати ёки таҳририятёзуви муаллифликга далил бўлиши мумкинми? Йўқ. Муаллиф фақат жисмоний шахс бўлиши мумкин. Ташкилот (таҳририят) ёки якка тартибдаги тадбиркор муаллиф бўлиши мумкин эмас. Техник ёрдам кўрсатиш ҳаммуаллифликнинг юзага келишига сабаб бўлмайди. Муаллифлик маълумот ёзиб олинган моддий жисмнинг эгалиги билан белгиланмайди. Шахсий номулкий муаллифлик ҳуқуқлари бошқа шахсга ўтказилиши, берилиши ёки сотилиши мумкин эмас. Муаллифда исм-шарифга бўлган ҳуқуқ мавжуд бўлиб, унинг ўзи материални исми-шарифи, тахаллусини кўрсатган ҳолда ёхуд исми-шарифини кўрсатмасдан чоп этишни ҳал этади.

    Шуни билиш керакки, муаллифлик ҳуқуки бузилишини аниқлаш учун сурат тижорат ёки бошқа мақсадларда фойдаланилгани аҳамиятсиз. Шу билан бирга, бошқаларнинг фотогфрафияларидан тижорат мақсадида фойдаланиш “оғирлаштирувчи” ҳолатдек қаралади ва амалиётда фотограф учун кўпроқ компенсация тўланиши учун асос бўлади.

    Карим Бахриев
    Карим Бахриев
    Сфера интересов: медиаправо, медиамониторинг, журналистика и литература.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read