No menu items!
More
    ДомойТасмаОлмаотада кўришамиз! Тўртинчи MediaCAMP Festга рўйхатдан ўтиш бошланди

    Олмаотада кўришамиз! Тўртинчи MediaCAMP Festга рўйхатдан ўтиш бошланди

    Дўстлар, сиз билан хушхабарни бўлишишга шошиламиз! Ҳар йили ташкил этиладиган Марказий Осиё MediaCAMP фестивали бу йили офлайн ўтказилади! Саналарни белгилаб қўйинг, 8-10 октябрь кунлари Олмаотада кўришамиз. Ҳар доимгидек сизни журналист ва медиаэкспертлар учун ташкил этиладиган мунозара ва маҳорат дарслари ҳамда нетворкинг кутмоқда.

    Бу йилги MediaCAMP Festнинг мавзуси нима?

    Бу йил журналистиканинг инқироз даврида жамият сўровларига жавоб беришга тайёрлиги ҳамда  тарғиботни камайтириш ва тинчликни ўрнатишга ёрдам бериши диққатимиз марказида бўлади.

    Шунингдек, биз реклама бюджетлари кескин камаяётган бир шароитда монетизация масаласини ва медиа воситаларини бирлаштиришнинг эҳтимолий йўлларини муҳокама қиламиз. Бундан ташқари, ўтган йиллардагидек мультимедиа журналистикаси, медиақонунчилик ва медиасаводхонлик бўйича бир қатор долзарб маҳорат дарсларини ўтказамиз.

    Лекин бу йилги фестивалнинг энг асосий вазифаси журналистларни қўллаб-қувватлаш бўлади. Ишончимиз комил, ОАВ фаолияти жамият учун ўта муҳим ва у ахборий урушнинг вайронкор оқибатларини камайтира олади. Шу боис MediaCAMP Fest дастурининг асосий қисми медиаэкспертлар ва бошқа гуманитар соҳалардаги ҳамкасбларимизнинг келажакка ижобий кўз билан қарашимизга ёрдам берадиган илҳомлантирувчи чиқишларидан иборат бўлади.

    Фестивалда қатнашиш шартлари қандай?

    Сиз ҳозирданоқ фестиваль сайтида рўйхатдан ўтишингиз мумкин. MediaCAMP Fest эшиклари ҳамма учун очиқ! Иштирок этиш бепул, аммо биз фақат спикерлар ва MediaCAMP Award финаличиларининг яшаш ва йўл харажатларини қоплаб бера оламиз.

    Бундан ташқари, фестивални Mediafest.asia сайтида, бизнинг Facebook саҳифаларимиз ва YouTube-каналларимизда онлайн томоша қилиш мумкин.

    Facebook|Internews Қозоғистонда Facebook|Internews Тожикистонда

    Youtube|Internews Қозоғистонда, Youtube|Internews Тожикистонда

    MediaCAMP Fest ҳақида илк бор эшитаётганлар учун

    Бу – эришилган ютуқ ва муаммоларимизни муҳокама қилиш, тажриба алмашиш ва истиқболлар ҳақида суҳбатлашиш имконини берувчи самимий учрашув. Internews 2019-йилдан бери MediaCAMP Festни ўтказиб келади. Фестиваль веб-сайтида сиз ўтган йиллардаги сессиялар дастури ва ёзувларини кўришингиз мумкин.

    MediaCAMP Award

    Фестивалнинг асосий тадбирларидан бири — MediaCAMP Award журналистлар танловининг финалидир. Биз танловни тўрт йилдан буён ўтказяпмиз ва ижодий ишларни қабул қилиш июль ойида якунланди. «Вақт йирик планда» номинациясида аудитория энг яхши фотосуратлар, иллюстрациялар ва инфографикаларни танлайди. Жорий йилда 42 та ижодий иш очиқ овоз бериш учун қўйилди. Овоз бериш яқин кунларда бошланади ва фестиваль сайтида ўтказилади. Битта IP-манзилдан ҳар бир расм ёки чизма учун фақат бир марта овоз бериш мумкин.

    2022 йилнинг 30 сентябригача энг кўп овоз тўплаган ижодий иш энг яхши деб топилади ва унинг муаллифи ғолиб бўлади. Овоз бериш жараёнида ҳисоблагич кўринмайди, биз уни 10 октябрь куни очамиз ва шу тариқа ушбу номинация бўйича ғолиб аниқланади ва мукофотланади.

    Бу йилги янгилик шуки, ушбу номинацияда асосий ғолибдан ташқари яна битта ғолиб бўлиши мумкин. Бунинг учун биз MediaCAMP Awardнинг минтақавий ҳакамлар ҳайъатидан ҳам «Вақт йирик планда» номинациясидаги материалларни кўриб чиқишни сўраймиз ва уларнинг танлови асосида махсус соврин берилиши мумкин.

    Фестивалда кўришгунча!

    Ушбу тадбир Америка халқининг АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали амалга оширган кўмаги ва Internews томонидан USAID молиявий ёрдами билан амалга оширилаётган Марказий Осиё MediaCAMP дастури доирасида ўтказилмоқда. Internews унинг мазмуни учун жавобгардир ва у USAID ёки АҚШ ҳукумати нуқтаи назарини ифодаламайди.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read