No menu items!
More
    ДомойМедиа танқидЎзбек матбуоти асосан нималарни ёзяпти?

    Ўзбек матбуоти асосан нималарни ёзяпти?

    Ўзбек матбуотини тушуниш қийин. Дунёда, шу жумладан, мамлакатда мислсиз ўзгаришлар рўй беряпти. Аммо маҳаллий матбуот ўз олдига ҳеч қандай мақсад қўймагандек гўё.  Ҳозирда Ўзбекистонда  «Янги Ўзбекистон», «Халқ сўзи», «Народное слово» ва «Правда Востока» газеталаригина ҳафтада беш марта (якшанба ва душанбадан ташқари), «Ишонч» газетаси уч марта (сешанба, пайшанба ва шанба кунлари)  чиқади.  Кундалик хабарлар деярли  берилмайди, чунки газета муштарийлар қўлига етиб боргунга қадар янгилик эскириб қолади. Қолаверса, босма шаклда эълон қилинган мақолаларни газеталар сайтларидан топиш мушкул. Тўғри, «Янги Ўзбекистон» ва «Ишонч» газеталарининг сайтлари бундан мустасно. Аммо «Халқ сўзи» газетаси ҳақида бундай деб бўлмайди.

    Кузатувчиларнинг фикрича, Ўзбекистон журналистикасида таҳлилий материаллар камайиб кетган. Аксарият хусусий журнал ва газеталар фақат “олди-қочди” маълумотларни беришга мослашгандек. Расмий газеталарда эса асосан Президент ва Сенат фаолияти билан боғлиқ хабарларга урғу берилади. Таҳририятларда Бош вазир ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисларига иккинчи даражали масала сифатида қаралади.  Қолган хабарлар, тўғрироғи, мақолаларни ўз вақтида бермаса ҳам бўлади, бир неча кун ўтиб берса ҳам эскирмайди.

    Хусусан, 28 октябрь куни чиққан бирорта газетада Ўзбекистон расмийлари украиналик журналист Гордоннинг Эрон бомба-дронлари Ўзбекистонда йиғилаётгани ҳақидаги сўзлари юзасидан  берган  баёноти ҳақида бирон-бир сўз йўқ. Маълумки, ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокама қилинаётган бу мавзу юзасидан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати давлат қўмитаси муносабат билдириб, Ўзбекистон Украинадаги ҳарбий ҳаракатларда қўлланилаётган Эрон жанговар дронларини йиғиш майдони экани тўғрисидаги хабарларни қатъий инкор этган эди. «Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон ҳозирги кунга қадар ҳеч қачон Эрон томони билан ҳамкорликда қурол-яроғ  ва ҳарбий техника ишлаб чиқармаганлигини ва ҳозирги кунда ҳам ишлаб чиқармаётганини маълум қилади. Шу муносабат билан, Мудофаа саноати давлат қўмитаси ОАВ орқали текширилмасдан туриб тарқатилаётган бу каби хабарлар жамоатчилик эътиборини ёлғон маълумотлар билан чалғитиши ҳамда Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан дўстона муносабатларига салбий таъсир кўрсатишига сабаб бўлиши мумкин деб ҳисоблайди», дейилади қўмита матбуот хизмати муносабатида.

    Хўш, ўтган ҳафта марказий газеталар яна нималарга эътибор қаратди?

    Келинг, газеталарни бирма-бир кўздан кечиришга ҳаракат қиламиз. “Янги Ўзбекистон” газетаси Президент Шавкат Мирзиёв ўтказган видеоселектр йиғилишлари, Президентнинг Тошкент шаҳридаги Учтепа туманига ташрифи, Президентнинг Остона шаҳрида бўлиб ўтган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммитида иштироки ҳақида маълумот берган.

    25 октябрда босилган “Хориж тажрибасини ўрганиш олий таълим тизимидаги ислоҳотларнинг узвий қисмидир” деб номланган мақолада кейинги йилларда Ўзбекистон ва Россия Федерацияси ўртасида олий таълим соҳасидаги ҳамкорлик кўлами кенгайиб бораётгани, биргина 2021 йилда Ўзбекистонда Россиянинг 4 та нуфузли олий таълим муассасаси филиали очилгани бу соҳадаги самарали ҳамкорликнинг ёрқин намунаси экани қаламга олинган.

    Газетанинг шу кунги сонида «Ўзбеклар ва туркманлар – бой маданий, илмий анъаналарнинг ворислари ва сақловчилари» деб номланган мақолада Ўзбекистон қўшни Туркманистон билан ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашга устувор аҳамият қаратиб келаётгани, Ўзбекистон Президентининг 2017 йил март ойида Туркманистонга илк ташрифи қардош халқларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқаларни фаоллаштириб, унинг истиқболлари ва бугунги ҳолати учун мустаҳкам пойдевор яратгани ҳақида мушоҳадалар берилган. Таъкидланишича, бу галги ташриф давомида ҳам мамлакатларимиз етакчиларининг очиқ ва ўзаро ишончга асосланган мулоқотлари кўп қиррали ўзбек-туркман стратегик шериклиги мустаҳкамланишига замин яратди.

    «Янги Ўзбекистон»нинг 25 октябрь сонида босилган «Чорвачилик: қолоқ тармоқдан иқтисодиётнинг драйверига айланаётган соҳа» деб номланган мақола Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси, ветеринария фанлари доктори Баҳром Норқобилов билан суҳбат шаклида берилган бўлиб, унда қишлоқ хўжалигининг муҳим йўналишларидан бири бўлган чорвачилик соҳасидаги ўзгаришлар ҳақида сўз боради. Суҳбатдошнинг қайд этишича, тизимда амалга оширилаётган ишлар, чорвадорлар шароитини яхшилаш борасидаги ислоҳотлар, уларни қийнаётган масалаларнинг қандай ҳал этилаётгани бугун барча мутахассисларнинг эътирофига сазовор бўлмоқда.

    25 октябрь – Ўзбекистонда Ички ишлар ходимлари куни. Шу муносабат билан газетада «Давлат ва халқ таянадиган асосий устун – қонун» деб номланган мақола берилган. Мақолада мамлакатимиз мустақиллиги ва суверенитети, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган Ички ишлар органлари тизимининг бугунги қиёфаси ҳақида сўз юритилган.

    26 октябрь куни “Янги Ўзбекистон” газетасида «Ички ишлар органи ходимига нисбатан муносабат ўзгарди – халқ билан бирликка, уйғунликка эришилди» деб номланган мақола босилган. Мақолада Президентнинг  “Ички ишлар органлари ходимлари куни муносабати билан бир гуруҳ ходимларни мукофотлаш тўғрисида”ги фармони билан юксак мукофотларга сазовор бўлган соҳа вакилларининг дил изҳорлари берилган.

    Газетанинг  “Муносабат” рукнида Афзал Ортиқов (Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази бош илмий ходими)нинг  «Кенг кўламли ҳамкорликни ривожлантиришда Ўзбекистон интилиши қатъий ва ўзгармас» деб номланган мақоласи босилган. Мақолада Ўзбекистон ва Туркманистон мамлакатлари ўртасидаги бугунги муносабатларда савдо-иқтисодий соҳасидаги ҳамкорлик устувор йўналишлардан бири ҳисобланиши ҳақида сўз юритилган.

    «Ҳамжиҳатликда ҳикмат кўп» деб номланган мақолада кейинги йилларда миллий манфаат, ҳудудий ҳамкорлик ва ҳамжиҳатлик давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айлангани, бир вилоят ишбилармонларининг бошқа вилоят ҳудудида фаолият юритиб, тараққиёт ва ривожланишга ҳисса қўшаётгани очиб берилган. “Қорақалпоғистонда вилоятлар томонидан ҳамжиҳатликда олиб қилинаётган ишлар ана шу сиёсатнинг амалий натижасидир. Негаки, айни пайтда иқлим шароити ва тупроқ таркиби оғир, ичимлик сувдан ҳам муаммоси бор бу ҳудудда, энг аввало, одамлар ҳаётини яхшилаш, фаровонлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади”, дейилади мақолада.

    27 октябрь куни  “Янги Ўзбекистон” газетасида  «Туризм одамларнинг кўтаринки кайфияти ва доимий даромади манбаи» деб номланган мақола босилган. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дилором Имомованинг мақоласида Президент раислигида 25 октябрь куни Қашқадарё вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида кўтарилган масалалар, белгиланган вазифалар таҳлил қилинган.

    Адолат Социал-демократик партияси нашри — “Адолат”  газетасининг бешинчи саҳифасида мунтазам равишда тарихий шаҳарларимиз, буюк инсонларимиз ҳақида маълумот бериб борилади. 28 октябрь сонида Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллиги муносабати билан “Барча мулкларнинг энг аълоси” деб номлаган мақола босилган. Тўртинчи саҳифада эса  ҳуқуқий мавзуларда мулоҳазалар берилган (уларни хабар ҳам, мақола ҳам деб бўлмайди – кенгайтирилган информация дейиш тўғрироқ).

    Қисқача айтганда, Ўзбекистон матбуотида бугун шиддат етишмаётгандек. Мақолалар ўрта даражада. Долзарб масалалар чуқур таҳлил қилинмайди. Катта сиёсат ҳақида деярли мустақил фикр берувчи мақола йўқ. Хориж хабарлари фақат “Ҳуррият” газетасидагина берилишини мутлақо оқлаб бўлмайди. Иккинчи, учинчи даражали мақолалар билан матбуотни ривожлантириб, одамларни матбуотга қизиқтириб бўлмайди. Бунинг учун бироз ишлаш керак.

    Ўзбек матбуотининг яна бир камчилиги бор. У ҳам бўлса, газеталар  ўз сайтларини ривожлантиришга эътибор қаратмайди. Ваҳоланки, сайт кучайса, қўшимча реклама келади. Рекламадан тушган пулга эса газета чиқариш мумкин. Бу борада хориж тажрибасини  қўллаш керак.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read