Ўзбекистонда АЭС қурилиши маълум мавзу ва журналистлар уни мунтазам ёритиб боришмоқда. Ҳозирда мамлакатда мустақил ОАВ ва етакчи фикр эгалари ролини ўйнаётган блогерлар ҳам бу борада ортда қолаётгани йўқ.
Ўзбекистондаги йирик ОАВга ишониладиган бўлинса, АЭС қурилиши энергетика соҳасидаги барча муаммоларнинг ечими, бўлажак атом станцияси дунёдаги энг хавфсизи, у барча зилзила ва эҳтимолий терактларга бардош беради. Кўпгина йирик порталлар Россия билан келишув биз учун иқтисодий жиҳатдан фойдали эканини кўрсатишга ҳаракат қилмоқда.
Бу борада медиа маконини ўрганиш учун медиатанқидчи Ринат Сагитов Ўзбекистондаги энг йирик ва нуфузли ОАВни ва етарли нуфузга эга блогерларни танлаб олди.
Gazeta.uz
Ушбу медиада АЭС қурилиши масаласини ёритишда, эҳтимол, “кучлилар” ниятини акс эттирувчи тенденция мавжуд: чексиз қувончдан эҳтиёткор шубҳаларгача.
Аввалига Gazeta.uz АЭС қурилиши ҳақида ҳаяжон билан ёзган эди: “Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилиши учун танланган реактор бугунги кунда энг хавфсизи ҳисобланади, деди Энергетика вазири Алишер Султонов. У Чернобиль ва Фукусимадаги атом электр станцияларидаги аварияларни ҳисобга олишга мўлжалланган ва “эритма тузоғи”га эга”. Ушбу мақолада Кирилл Альтман собиқ вазир Алишер Султонов билан суҳбатда бўлиб, у атом электр станциялари хавфсиз ва фойдали эканлигини таъкидлайди. Журналист кескин саволлар бермади. Султонов 14 миллиард долларлик кредит иқтисодга оғирлик қилмаслигини таъкидлади. Журналист лойиҳанинг экологик таркибий қисмига эътибор қаратмади ва негадир Ғарбий Европадаги атом электр станциялари билан боғлиқ ишлар қандай кетаётганини сўрамади. Суҳбат кўпроқ станция қуриш зарурлигини тан олишга ўхшайди.
Кейинчалик, сиёсий ва иқтисодий вазият ўзгарганидан кейин бўлса керак, Gazeta.uz ёқлаш иштиёқини сусайтирди, мақолалар эса мазмунан ўзгара бошлади: “Ўзбекистонда АЭС қурилиши масаласи ҳозир лойиҳанинг “яшил” энергетикага инвестициялар киритиш таклифларини инобатга олган ҳолда иқтисодий мақсадга мувофиқлиги нуқтаи назаридан кўриб чиқилмоқда. Биз нафақат Ўзбекистон, балки қўшни давлатларда ҳам жамоатчиликнинг бу масалага муносабатини ўрганамиз”, — деди Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов. Қизиқ, нима учун журналистлар, экспертлар ва давлат арбоблари АЭСни қуриш бўйича умумий баёнотдан кейин “иқтисодий асослилик” ни муҳокама қилиш масаласини кўтаришди? Бироқ, жавоб мақола доирасидан ташқарида қолди.
ЎзР собиқ ташқи ишлар вазири Комилов жуда ғалати баёнот билан чиқди: “Бу юқори технологияли ва кенг кўламли лойиҳа бўлиб, жамоатчилик эътиборидан четда қолиши, шаффоф бўлмаслиги мумкин эмас. Шу боис биз нафақат Ўзбекистон, балки мамлакатимиз билан чегарадош қўшни давлатларда ҳам жамоатчиликнинг бу масалага муносабатини ўрганамиз”. Журналистлар “нафақат Ўзбекистон, балки мамлакатимиз билан чегарадош қўшни давлатлар жамоатчилигининг ҳам бу масалага муносабати” нима учун АЭС қуриш нияти расман эълон қилингандан кейингина ўрганила бошланди, деб сўрашмади. Мантиқан, жамоатчилик фикри лойиҳа бошланишидан аввал ўрганилади, кейин эмас. Шунингдек, қуйидаги савол ҳам очиқ ва тушунарсизлигича қолади: иқтисодий харажатлар ва жамоатчилик фикри бир-бирига боғлиқми? Эҳтимол, вазир “жамоатчилик фикри”ни Ўзбекистон ҳукумати тасарруфидаги ОАВ томонидан осонлик билан яратилаётган “жамоатчилик фикри” билан боғлиқ иқтисодий муаммоларни аниқ яширмоқчи бўлгандир?
Шунингдек, Gazeta.uz сайтида Россия элчиси Мальгиновнинг Кирилл Альтманнинг Alter Ego лойиҳасига берган интервьюси ҳам чоп этилди. Элчи журналистни АЭС хавфсиз эканлигига, атроф-муҳитга зарар етказмаслигига ва Россия иқтисодиётини қарзлар билан “юкламаслигига” ишонтиришга ҳаракат қилади. Журналист ҳам ортиқча монелик кўрсатмаган ва кескин саволлар бермаган. Қуйидаги масалалар суҳбат доирасидан ташқарида қолиб кетган: АЭС қурилиши бошланиб, тугалланган тақдирда Ўзбекистон иқтисодиёти РФга қай даражада қарам бўлиб қолади? Эҳтимолий бахтсиз ҳодисанинг оқибатлари учун ким жавобгар бўлади? Нима учун жаҳонда АЭС қурилишини қисқартириш тенденцияси кузатилаётган бир пайтда, биз уни қурмоқчимиз?
Gazeta.uz нашрида берилган мақолаларда фикрлар холислиги йўқ, АЭС қурилишига қаршилар фикри берилмаган, иншоот қурилишига шубҳа билдираётган хорижлик эксперт ва фуқаролик фаолларининг фикри йўқ; журналистлар бу мавзуда кескин саволлар беришмаган.
Podrobno.uz
Podrobno.uz сайтида чоп этилган мақолаларни таҳлил қилиб, шундай хулосага келасиз: АЭС – Ўзбекистон энергетика тармоғи учун нажотдир. АЭС Ўзбекистонга нима беради, деган мавзу билан Ўзатом инфографикасида танишиш мумкин. Мақола ажойиб тарзда визуаллаштирилган ва АЭС қандай фойда келтириши ҳақида тасаввур беради: тахминан 18,9 миллиард кВт соат электр энергияси ва 2700 иш ўрни. Сайт, шунингдек, РФ элчиси Мальгиновнинг фикрини ҳам тақдим этади: “Сизни ишонтириб айтаманки, ҳар икки томон ҳам лойиҳани амалга ошириш зарурлигидан келиб чиқади. Бу барча даражаларда тасдиқланган. Гап амалга оширишнинг техник жиҳатлари ҳақида кетмоқда”.
РФ элчисининг сўзларига кўра, АЭС қуриш тўғрисида қарор қабул қилиниб, фақат “техник жиҳатлар”га оид саволлар очиқ қолган. Шу билан бирга, мақолада жамоатчилик фикри ёки мустақил экспертлар фикри ҳақида бир оғиз ҳам сўз йўқ. РФ элчисининг сўзларини тасдиқлайдиган ёки рад этадиган расмийларнинг баёнотлари ҳам келтирилмаган.
Айнин РФ элчиси Мальгинов Podrobno.uz сайтининг бошқа бир мақоласида АЭС қурилиши ҳақида куйиниб фикр билдиради: “Биз биламизки, Ўзбекистонда АЭС қурилишидан хавотирда бўлган ва унга қарши бўлаётган қўшни давлатлар бор, лекин уларнинг ўзлари аллақачон учта заводга буюртма бериб бўлишган. Агар улар қурилишни тезроқ битирса, минтақада электр энергияси савдосини айнан ўзлари тасарруф қиладилар. Рақобат бор, шунинг учун энг муҳими – кечикмаслик. Албатта, ҳамма нарсани ҳисобга олиш лозим, лекин кечикиш керак эмас. Ўйлайманки, ҳар икки давлатнинг сиёсатчилари буни тушунишади”. Мақолани охиригача ўқиб чиққач, қандай сирли “қўшни давлатлар” “Ўзбекистонда АЭС қурилишига қарши” эканини тушуниб бўлмайди?
Яқинда Podrobno.uz россиялик эксперт Евгений Олевскийни негадир “мустақил эксперт” деб атади ва ундан интервью олди: мақолада унинг экспертлар ҳамжамиятига мансублиги ҳақида маълумотлар йўқ. Шунчаки, эксперт. “Ўзбекистон нега муқобил энергияга таянади ва АЭС қурилиши лойиҳасини кечиктирмоқда”: суҳбатни охиригача ўқиб чиққач, бу саволга жавоб топа олмайсиз. Эксперт ўқувчиларга “Ўзбекистонга АЭС жуда зарур. Электр энергиясини узлуксиз етказиб беришнинг бевосита фойдасидан ташқари, атом электр стансияси минглаб жуда малакали иш ўринларини яратиши” ҳақида тушунтирмоқчи бўлади. Хўш, агар у шунчалик керак бўлса, нега Ўзбекистон “АЭС қурилиши лойиҳасини чўзиб келмоқда?” Мақолани ўқиб чиққач, бу саволларга жавоб топа олмаймиз. Интервью станция қуриш зарурлиги ҳақидаги зерикарли ҳикояга ўхшайди. Журналист ўзини суст тутади: эҳтимол, ўткир саволлар бериш таҳририят сиёсати қоидаларига кирмаса керак.
Podrobno.uz мақолаларида фикрлар мутаносиблиги йўқ, лекин Ўзбекистонда АЭС қурилиши лойиҳасини ёритишнинг бой визуаллиги ва умумий тенденцияси мавжуд; бу жараёнда ҳеч қандай танқид йўқ, журналистлар долзарб саволларни беришмайди. Жамоатчилик фикрини ўрганиш билан боғлиқ муаммолар деярли тилга олинмайди. Фуқаролик фаолларининг фикри ҳам, АЭС қурилишига қарши чиққан иқтисодчиларнинг фикри ҳам, Ўзбекистонда АЭС қурилишини шубҳа остига қўйган экспертларнинг ҳам фикри йўқ.
Kun.uz
“Ўзбекистонда АЭС қурилишини фақат президент бекор қилиши мумкин” мақоласида айтилишича, “атом электр станцияси ёки сақлаш пункти қуришлишини бекор қилиш тўғрисидаги қарор Вазирлар Маҳкамаси таклифига биноан Ўзбекистон Президенти томонидан қабул қилиниши мумкин”. АЭС қурилиши лойиҳаси ва станция қурилишида юқори даражага эришиш муҳимлиги таъкидланади. Мақолада жамоатчилик фикри ҳақида ҳеч қандай сўз йўқ.
Kun.uz нашри ҳам РФ элчиси Мальгинов билан интервьюни эълон қилган: “Ўзбекистондаги АЭС ҳар қандай қийматда ҳам ўзини қоплайжи – Россия элчиси”. Ушбу мақолада ҳам 2018 йилда қурилишни бошлаш тўғрисидаги қарорга ҳавола берилган. Эслатиб ўтамиз, 2018 йил сентябрь ойи бошида Россия бош вазири Дмитрий Медведев ва Ўзбекистон ҳукумати раҳбари Абдулла Арипов республикада ҳамкорликда АЭС қуриш бўйича битимни имзолаган эди. Яъни, материалдан лойиҳа энг аввал қаердан бошлангани аниқ бўлади.
“Барча сиёсатдан ташқари лойиҳа”: Абдулазиз Комилов Ўзбекистонда АЭС қурилиши ҳақида мақоласида Ташқи ишлар вазири Комиловнинг фикрлари келтирилган: “Табиийки, аниқ иқтисодий асослаш зарур ва лойиҳанинг иқтисодий мақсадга мувофиқлигини исботлаш керак. Бу, айниқса, Ўзбекистонда муқобил энергия манбаларининг жадал ривожланиши фонида долзарблик касб этади. Масалан, мамлакатимизда қуёш энергетикаси, гидроенергетика, шамол ва бошқа соҳаларни ривожлантириш бўйича тўғридан-тўғри инвестиция таклифлари тўплами мавжуд”. Шундай қилиб, Ўзбекистон нимани танлаши мумкинлиги аниқ, чунки муқобил энергия манбаларини ривожлантириш бўйича бизда етарлича таклифлар бор: “АЭСни қуриш ёки қурмаслик борасида якуний қарор қабул қилинмаган. Қуриш ёки қурмаслик ўзимизга боғлиқ”.
Яқинда Kun.uz сайтида “ОАВ Россия хориждаги АЭСдан қандай қилиб шантаж ва босим учун фойдаланаётганини ёзди” сарлавҳаси остида қизиқарли материал чоп этилди. Мақола Ўзбекистондаги АЭС қурилишига тўғридан-тўғри бағишланган бўлмаса-да, Россия томонидан хорижда АЭС қуриш сирлари пардаси кўтарилиб, бу жараён билан боғлиқ можаролар ҳақида сўз боради. Матн хорижий матбуот материалларига асосланган.
Anhor.uz
Anhor.uz ОАВ орасида алоҳида ажралиб туради. Унинг саҳифаларида муқобил нуқтаи назарлар эълон қилинган. “Cabar: Ўзбекистонда АЭС қурилиши мамлакат манфаатларига жавоб берадими?” Мақолада қуёш энергиясининг энергия инқирозини бартараф этиш воситаси сифатидаги роли ҳақида ёзилади. Шунингдек, АЭС қуриш жараёнидаги қарз хавфини асослайди.
Экологик (яшил) қурилишлар (LEED) бўйича халқаро стандарт сертификатига эга мутахассис Темур Аҳмедовнинг фикрлари “АЭС билан боғлиқ хавфларни баҳолаш” материалида кенг ва ёрқин тасвирланган. Нашр муаллифи – энергия самарадорлиги, қайта тикланадиган энергия манбалари ва барқарор ривожланиш бўйича халқаро эксперт, “Ўзбекистон экологик қурилиш кенгаши” ННТ аъзоси. У АЭСни қуриш ва улардан фойдаланиш билан боғлиқ барча хавфлар ҳақида очиқ ёзган. Ўзбекистон учун энергия ишлаб чиқаришнинг энг хавфсиз турлари марказлаштирилмаган қуёш ва шамол генераторлари бўлиб, улар аслида АЭСдан бир неча баробар арзонроқдир. ВИЭ — қуёш панеллари, шамол генераторлари, қуёш сувини иситиш ва бошқалар – АЭС билан боғлиқ хавфларга эга эмас, дея хулоса қилади эксперт.
Йирик ОАВдаги (камдан-кам ҳолларда) Ўзбекистонда АЭС қурилиши ҳақидаги мақолаларда асосан бир биридан нусха кўчиради ва ҳукуматнинг кайфиятини акс эттиради, фикрлар мувозанати йўқлиги акс этиб туради: мустақил экспертлар, экологлар ва АЭС қурилишига қарши мухолифат шарҳлари мавжуд эмас; визуалллик заиф. ОАВда ушбу мавзунинг ёритилиши нохолис, деган хулосага келиш мумкин.
Блогерлар
Блогерлар бу бошқа масала. Ўзбекистонда улар АЭС қурилиши борасида бошқача фикр билдиришмоқда.
“Макаренко эффекти” канали бошловчиси Никита Макаренко (24348 та обуначи) “яшил партия” АЭС учун “жон куйдираётганига” киноя билан қарайди. Каналда қисқа хабарлар кўринишида муаллиф АЭС қурилишига қарши эканини билдиради. Муаллиф масаланинг сиёсий томонига тўхталиб, нима учун Ўзбекистоннинг “яшил” партияси АЭС қурилишини қўллаб-қувватлаётганини тушунмаслигини билдиради.
“Коммуналкин” Телеграм канали муаллифи (2857 обуначи) касб мантиғига кўра журналистларнинг ўзлари бериши керак бўлган саволларни беради. Биз блогернинг ҳавотирларини санаб ўтамиз: ҳақиқий эколог АЭС қурилиши ғоясига қандай муносабатда бўлиши керак? Ёқлиши ёки қарши бўлиши керакми? Ўзбекистон шароитида АЭС экологик жиҳатдан хавфсизми? Худо кўрсатмасин, техноген фалокат юз берса, минтақада қандай оқибатлар келтириб чиқариши мумкин? Ушбу лойиҳанинг хавфсизлигини ваъда қилганларга ишонишимиз лозимми? Бу станцияни қуриш зарурати борми? Саволлар кўп; лойиҳани муҳокама қилаётган ва олиб бораётган инсонлар 40 ёшдан ошган, у 20 йиллик лойиҳалаш, қуриш, ишга тушириш жараёнини қамраб олган. Бу шуни англатадики, ушбу лойиҳадан бизнинг болаларимиз фойдаланадилар, аммо 20 йилдан кейин буларнинг барчасига қараб, улар бизга, оталарига: «Бизга бундай лойиҳа керак эмас», дейишмайдими?
“Наблюдения под чинарой” канали муаллифи, блогер Ферузхон (11 333 обуначи) бошқа чиқишлари қатори “Макаренко эффекти” каналидан ҳам постлар эълон қилди ва унинг нуқтаи назарини қўллаб-қувватлаётганини билдирди.
“На Востоке не всё как кажется” (5541 обуначи) каналини ўқиб, АЭС – бу яхши деган хулосага келасиз. Умуман олганда, муаллиф бошқа фикр-мулоҳазаларни келтирмасдан, АЭС қуришнинг афзалликлари ҳақида ёзади.
TROLL.UZ канали муаллифи (96 000 обуначи) Ўзбекистонда АЭС қурилиши хавфсизлигини таъкидлаб, масхара қилади. “Буларнинг ҳаммаси бир тийин, АЭС қуриб олайлик, сўнг қизиқарли бўлади”, деб ёзади машҳур блогер.
Хулоса
Ўзбекистондаги йирик ОАВ асосан ҳукумат доираларининг нуқтаи назарини ифодалайди. АЭС қурилиши масаласида йирик ОАВ қандай йўл тутаётганларини кузатиш ҳам қизиқ. Ушбу мавзу бўйича фикрлар мувозанати ёки танқидий мақолалар мавжуд эмас. Интервьюларда журналистлар кескин саволлар бермайди, хулосалар йўқ, ҳақиқий мустақил экспертлар кам намоён бўлади. Anhor.uz бошқалардан ажралиб туради: унинг материалларида иқтисодчи ва экспертлар муқобил нуқтаи назарни ифодалайди.
Блогерлар асосан АЭС қурилишига қарши. Бироқ, уларда далиллар йўқ ва уларнинг эътирозлари асосан истеҳзоли. Улар нима учун Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилмаслиги кераклигини илмий ва иқтисодий асосларини келтирмайдилар.
Фикрларнинг қутбланиши жамиятда ҳам, медиа маконда ҳам кўринади. Бундай вазиятда ҳукуматнинг йирик ОАВ позициясига таяниши қийин, бу эса, эҳтимол, ҳукуматнинг ўзи ва унга яқин доираларнинг фикридан шаклланган. Балки референдум ўтказган маъқулдир?