Қрим кимники? Сўнгги пайтларда бу савол дунёда содир бўлаётган воқеаларга суҳбатдош қарашларини аниқлашнинг энг тезкор усулларидан бирига айланди. Қозоғистонлик журналист Айнур Коскина “Қрим карвони” лойиҳаси жамоаси билан бирга бу саволга ўз жавоб вариантини тақдим этди: Қрим – Россия ёки Украинаники эмас, у қрим татарларга тегишли.
Қрим татарларнинг ўз-ўзини мажбуран депортация қилишлари ҳақида ҳикоя қилиш ғояси Айнурда “Озодлик фаришталари” клубидаги учрашув чоғида пайдо бўлди. Бу кўнгиллилар ташкилоти бўлиб, у қозоғистонликларни “толок”да йиғилиб (“Фаришталар”даги кўнгиллилар клуб йиғилишларини шундай номлашади), кўк ва сариқ фаришталар ясашга чорлайди. Қўғирчоқлар сотувидан тушган барча маблағ Украинанинг бомбардимонлар оқибатида зарар кўрган мактаб ва болалар боғчаларини тиклашга йўналтирилади. Россияда сафарбарлик эълон қилинганида, “толок”га кўплаб янги инсонлар кела бошлади, аммо улар эркин суҳбатлаша олмасдилар. Шунчаки жим ўтириб, фариштачаларни ясашарди. Бироз вақт ўтгач, йиғилганларнинг аксарияти россияликлар экани маълум бўлди, бирмунча вақт ўтгач, клубга янги аъзолар кириб келди:
— Қрим татарлар ҳам “толок” тадбирларига кела бошладилар. Назаримда, улар бизнинг қозоғистонликлардек туюлди. Менга уларнинг исмлари ҳам қозоқчадек туюлди, – деб эслайди Айнур Коскина.
Айнур Россия расмийлари куч билан қўшиб олган Қримга сафарбарлик эълон қилингач, оиласи билан Қримни тарк этишга мажбур бўлган Гулзара исмли қиз билан танишиб қолди. Гулзара StoryCraft2023 мамлакатлараро лойиҳа танлови натижасига кўра REVIVE лойиҳаси доирасида молиялаштирилган “Қрим карвони” ҳужжатли фильмининг бош қаҳрамонларидан бирига айланди.
Мамлакатлараро жамоа StoryCraft2023 да иштирок этишнинг энг муҳим шартларидан биридир. Бу дегани, ҳар бир лойиҳа Марказий Осиёнинг камида икки давлатини қамраб олиши керак. “Қрим карвони” мисолида бу нафақат танлов шарти, балки лойиҳа сифатини таъминлаш учун профессионал зарурат ҳам эди:
— Мен чечен, корейс, немисларнинг депортация тарихини яхши билардим, лекин қрим татарларнинг эмас. Чунки улар бевосита Қозоғистонга депортация қилинмаган. 1944 йилги депортация тарихини ўрганиб, шуни билдимки, қрим татарларнинг деярли барчаси Урал ёки Ўзбекистонга сургун қилинган. Шу боис дарҳол у ердан мавзуни ўрганишимга ёрдам бериши мумкин бўлган ҳамкасбларни излай бошладим, – дейди Айнур Коскина.
Шу тариқа бевосита қрим татар қўшнилар орасида ўсган ва ўзи ҳам шундай ғоя билан яшаётган ўзбекистонлик журналист Сабоҳат Раҳмон лойиҳага қўшилди. StoryCraft2023 да иштирок этишнинг яна бир муҳим шарти – лойиҳа прототипининг мавжуд бўлиши:
– Биз фильмни суратга олишни грант ютиб олишдан анча аввал бошлаган эдик, чунки биз қаҳрамонларимизни шу лаҳзада суратга олиб улгурмасак, улар узоқлашиб кетади, воқеалар ривожи эса акс этмай қолишини тушундик. Суратга олиш гуруҳи, режиссёр ва оператордан мени қўллаб-қувватлаб, таваккал қилганлари учун жуда миннатдорман. Шунинг учун жамоа лабораторияга тайёр ғоя билан келди, унинг бошланишини ҳатто суратга олишга киришган ҳам эдик, — дейди Айнур Коскина.
Жамоанинг лабораториядаги тўрт кунлик фаол иши ғояни мукаммал лойиҳага жамлаш имконини берди. Бунда таклиф этилган мураббийлар ғайриоддий бурилишлар, мантиқий алоқалар ва махсус визуал услубни излаш бобида жамоага беқиёс ёрдам кўрсатдилар:
– Биз айта оладиган ҳикоямиз борлигини англасак-да, уни томошабинга қандай етказишни билмасдик. Лабораториядаги машғулотлардан сўнг нима қилиш кераклигини аниқ тушуниб етдик. Лойиҳани молиялаштириш, албатта, муҳим, аммо бизнинг ҳолатимизда мураббийлар билан самарали ишлаш ундан-да қиммати бўлди, – дейди Айнур.
Лабораториядан сўнг фильм устида ишлаш янада фаоллашди. Лойиҳага Қозоғистон, Ўзбекистон ва Украинадан янги медиа мутахассислар, қаҳрамонлар, кўнгиллилар қўшилди, уларнинг ҳар бири нафақат умумий ишга катта ҳисса қўшди, балки қрим татарларнинг буюк фожиаси тарихига қалби ва кечинмалари билан мазмун берди. Шунинг учун ҳам фильм шу қадар таъсирчан чиқди:
– Аввалига рози бўлган кўплаб қаҳрамонлар кейинчалик фильмда суратга тушишдан бош тортишди. Уларни ҳам тушуниш мумкин: улар сафарбарликдан қочиб келишди, баъзиларининг Қримда қариндошлари бор, айримлари тез орада қайтишлари ҳам мумкин. Ишни бошлаганимизда фильм қаҳрамонларидан бири менга «Айнур, илтимос, бизнинг тарихимизни бутун дунёга айтиб беринг», деди. Бу менинг вазифамга айланди, бу биздаги ғояга ишонч берди.
Вазифа бажарилди: Брюсселда “Қрим карвони”нинг тақдимоти бўлиб ўтди. Cinema Galery мажмуасидаги премьера намойишига 75 дан ортиқ киши фильм томоша қилиш ва вақтини мазмунли ўтказиш учун жамланди:
– Залда чироқлар ёқилганда, мен бироз аввал қувонч билан кириб келган одамларнинг юзларини кўрдим. Уларнинг кўзида оғриқ ва ачинишни кўрдим. Муҳокама чоғида менга Қозоғистон урушдан қочаётган украиналик одамларни ва сафарбарликдан қочаётган россияликларни бир вақтнинг ўзида қандай қабул қилиши мумкинлиги ҳақида савол беришди. Мен ирқи, дини, сиёсий эътиқоди ва қарашларидан қатъи назар, кимгадир ёрдам бериш қозоқларнинг ирсий белгиси, деб жавоб бердим.
Бироз вақт ўтганидан сўнг хорижий журналистлар ва нашрлар YouTube тармоғига инглиз, қозоқ, рус ва ўзбек тилларида жойлаштирилган фильмга ҳаволалар бера бошлашди.
“Қрим карвони” фильмининг қаҳрамонлари ҳозир Қозоғистондан ташқарида. Аммо лойиҳа жамоаси улар билан алоқани узмаган, чунки уларни Қримга қайтиш ҳақида фильм суратга олиш мақсади бирлаштирган. Қаҳрамонлар эса, бу фақат Қрим яна Украина тасарруфига ўтганидан сўнг рўй беради, дейишмоқда.
– Умид қиламанки, тез орада худди шундай бўлади, – дейди Айнур.
“Қрим карвони” ҳужжатли фильми Европа Иттифоқининг молиявий кўмаги билан “Динамик муҳит учун турли маълумотлар билан чидамлилик ва ўзаро таъсир (REVIVE)” лойиҳаси доирасида тайёрланган. Фильм мазмуни учун фақат “Қрим карвони” лойиҳа гуруҳи масъул бўлиб, бу Европа Иттифоқи ва Internews нуқтаи назарини акс эттирмайди.
Муаллиф: Ольга Королева