Танлов кимлар учун мўлжалланган?
Танловда мустақил муаллифлар, ижодий жамоалар ва кичик гуруҳлар иштирок этиши мумкин. Ғоя долзарб ва натижага йўналтирилган бўлиши керак. Шу каби медиа-лойиҳаларни яратиш тажрибасига эга номзодларга афзаллик беради.
“Кичик формат – 2024” стипендиялар танловида қайси медиалар иштирок этиши мумкин?
Нодавлат маҳаллий медиалар, интернет нашрлари, газета ва журналлар, кичик телекомпаниялар, радиостанциялар, продакшн-студиялар, мустақил муаллифлар, журналистлар, блогерлар, рассомлар, фаоллар ва бошқа ижодий гуруҳлар. Жамоалар энди иш бошлаган бўлиши мумкин, лекин улар ўз аудиториясини билиши ҳамда пухта ғоя асосидаги лойиҳани тақдим этиши керак.
Қандай лойиҳалар молиявий кўмак олиши мумкин?
Биз сиздан қуйидаги йўналишлардаги ғояларни кутамиз:
- дезинформацияга қарши кураш, фактчек ва маълумотларни текшириш;
- ташвиқот ва манипуляцияни, уларнинг инсон ҳаёти ва соғлиғига таъсирини аниқлаш;
- жамиятнинг турли гуруҳлари вакилларига медиасаводхонлик аҳамиятини тушунтириш;
- жамиятнинг заиф гуруҳлари учун ахборот платформасини таъминлаш, уларга нисбатан нафрат тилига қарши туриш;
- технологиялар билан ишлаш борасида тажриба етишмаслиги ва маълумотларни олишдаги чекловлар боис юзага келган рақамли тафовутни камайтиришга қаратилган контент;
- жамиятда шаклланган салбий стереотипларни бартараф қилишга қаратилган контент.
Барқарор ва долзарб лойиҳалар келгуси йилларда ҳам қўллаб-қувватланиши мумкин. Биз ҳам анъанавий, ҳам экспериментал форматларни қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Сиз лонгридлар, туркум мақолалар, бир ёки бир нечта махсус репортажлар, жумладан, видеолар, анимациялар, карикатуралар, дата-карталар, ижтимоий тармоқларга, Телеграм каналлари ва ҳоказоларга йўналтирилган ахборот кампаниялари каби лойиҳаларингизни юборишингиз мумкин. Бундан ташқари, сиз юқорида санаб ўтилмаган бошқа форматларни ҳам таклиф қилишингиз мумкин. Стипендия танловида стенд-аплар, кўргазмалар ёки арт-кампаниялар каби офлайн лойиҳалар ҳам иштирок этиши мумкин, лекин уларда медиа-контент бўлиши шарт. Бу фақат мисоллар. Сиз аудиторияга зарур деб билган ҳар қандай жанр ва форматларни танлашингиз мумкин.
Лойиҳани яратишда сунъий интеллектдан фойдаланиш ташкилотчилар билан келишилган ҳолда бўлиши керак.
ОРЗУ ҚИЛИНГ, ЎЙЛАНГ, ЯРAТИНГ!
ҒОЯЛАР ТAКЛИФ ҚИЛИНГ!
Контент қайси тилда бўлиши мумкин? Ўзбек, қорақалпоқ ва/ёки рус тилларида.
Лойиҳа қанча давом этиши мумкин? 1 ойдан 6 ойгача.
Стипендиялар миқдори қанча? Битта лойиҳа 1000 АҚШ долларидан 5000 АҚШ долларигача молиявий ёрдам олиши мумкин. Таклиф этилаётган бюджет аниқ ва асосланган бўлиши керак.
Қайси лойиҳалар аниқ қўллаб-қувватланмайди?
Internews таклиф этилаётган лойиҳага ўхшаш контент бўйича давлат буюртмасини бажараётган медиани қўллаб-қувватламайди. “Кичик формат – 2024” грант танловида, шунингдек, веб-сайтлар яратиш ва уларни ривожлантириш, бадиий фильмлар ва сериаллар, ижтимоий роликлар, мусиқали клиплар ва ўқув контентини ишлаб чиқариш билан боғлиқ лойиҳалар кўриб чиқилмайди.
“Кичик формат – 2024” га аризалар қандай сараланади?
“Кичик формат – 2024” стипендиялар танлови 4 босқичдан иборат:
- Ғояни таклиф қилиш
Aгар сиз контент яратиш лойиҳаси бўйича ёрдам олишни истасангиз, ҳавола орқали ариза топширишингиз керак. Aризаларни қабул қилишнинг охирги муддати – 2023 йил 14 январь. Битта жамоа учтагача ариза топшириши мумкин, аммо ҳар бири учун алоҳида ариза тўлдирилиши керак. Эътибор беринг, улардан фақат биттаси қўллаб-қувватланиши мумкин.
2. Техник саралаш
Aризаларни қабул қилгач, Internews жамоаси техник саралашни ўтказади. Ҳар бир лойиҳанинг танлов шартларига мувофиқлиги текширилади. Техник саралашдан ўтган лойиҳалар рўйхати 2024 йилнинг 1 февралигача Internews жамоаси томонидан шакллантирилади. Ушбу босқичда якуний маҳсулот тақдим этилмайдиган, мақсадли аудитория тавсифланмаган ёки харажатлар асослаб берилмаган аризалар рад этилиши мумкин. Энг қизиқарли ва пухта ишлаб чиқилган ғоялар учинчи босқичга ўтади.
3. Ғоялар тақдимоти
Техник саралашдан ўтган лойиҳалар муаллифлари онлайн питчинг-сессияга таклиф қилиниб, 5-10 дақиқа ичида ўз ғояларини эркин шаклда тақдим этиш учун имкон яратилади. Талабгорлар мустақил экспертлар, таниқли журналистлар ва Internews ходимларидан иборат танлов комиссияси томонидан тингланади. Тақдимотдан сўнг комиссия аъзолари лойиҳага аниқлик киритувчи саволлар, ғояни янада такомиллаштириш, бюджетни мувофиқлаштириш бўйича тавсия ва маслаҳатлар бериши мумкин.
4. Ҳужжатларни қайта ишлаш ва расмийлаштириш
Контент лойиҳаларини молиялаштириш бўйича якуний қарор танлов комиссияси томонидан қуйидаги мезонлар асосида қабул қилинади:
- ғоя ва форматнинг ўзига хослиги,
- мақсадли аудиторияни англаш,
- якуний маҳсулотни кўра билиш,
- оқилона тузилган бюджет.
Ариза топшириш
Танлов ғолиблари рўйхати 2024 йил февраль ойининг бошида эълон қилинади. Сўнгра лойиҳани қайта ишлаш, якуний бюджетни тузиш ва керакли ҳужжатларни йиғиш учун икки ҳафта муҳлат берамиз. Лойиҳалар шартнома имзолангач, ишга туширилади.
Саволларингиз бўлса, internews.uzb@gmail.com манзилига хат мавзусини кўрсатган ҳолда ёзинг, масалан: “Кичик ва катта формат – 2024” танловига оид савол” деб.