No menu items!
More
    ДомойТанлов/молиявий кўмакInternews Ўзбекистондаги контент яратувчилар ўртасида очиқ танлов эълон қилади

    Internews Ўзбекистондаги контент яратувчилар ўртасида очиқ танлов эълон қилади

    !!! Мақола ўзгартирилди. Аризаларни топшириш муддати 2024 йил 31 июль соат 23.59 гача чўзилди.

    Сифатли контент яратувчиларни маҳаллий аҳолига мамлакатда, минтақа ва дунёда содир бўлаётган воқеаларни яхшироқ тушунишга, шунингдек, бу жараёнлар жамият ҳамда инсонлар ҳаётига қандай таъсир қилишини баҳолашга ёрдам берадиган контент яратиш бўйича танловда иштирок этишга чорлаймиз.

    Танлов Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида Internews томонидан амалга оширилаётган «Ишончли ҳикоялар орқали аудиториянинг барқарорлигини мустаҳкамлаш (CARAVAN)» минтақавий лойиҳаси доирасида ўтказилмоқда. Лойиҳа Марказий Осиё мамлакатларида 2024 йил 1 апрелдан амалга оширилмоқда.

    Мустақил ҳакамлар ҳайъати олти ёки ундан ортиқ энг яхши номзодларни танлайди. Битта аризанинг бюджети 4,5 минг евродан ошмаслиги керак.

    Internews танлов ғолибларининг сифатли контент яратиш салоҳиятини ошириш учун экспертлар билан таъминлайди (булар дастурда менторлик, қисқа муддатли онлайн ва оффлайн форматдаги резиденциялар, тренинглар бўлиши мумкин). Шунингдек, ҳамкорлар медиамутахассислардан турли йўналишларда, шу жумладан, ахборот бозоридаги молиявий барқарорликни мустаҳкамлаш борасида ҳам маслаҳатлар оладилар.

    Лойиҳани амалга ошириш муддати – 6 ойгача, лойиҳанинг бошланиши кутилаётган сана – 2024 йилнинг август ойи. 

    Кимлар иштирок этиши мумкин?

    Журналистлар, блогерлар, фрилансерлар, продакшн-студиялар ва танловда қатнашмоқчи бўлган бошқа контент яратувчиларининг аризалари қабул қилинади.

    Биз қандай лойиҳаларни кутяпмиз? 

    Internews: қуйидаги мавзулардаги контент учун лойиҳалар қабул қилишни кутмоқда:

    • аҳолига мамлакатда, минтақада ва дунёда содир бўлаётган воқеалар тўғрисида ишончли ва сифатли ахборотни олиш имконини оширишга қаратилган;

    • дезинформация ва фейкларга қарши курашишга, уларнинг табиати ва мақсадларини тушунтиришга йўналтирилган;

    • турли хил ижтимоий гуруҳлар ўртасида адоват тили ҳамда нафратни қўзғатишга қарши бўлган;

    • ривожланиш/тинчликни сақлаш ва бағрикенглик ғояларини илгари сурадиган;

    • турли аудиториялар ўртасида мулоқотни йўлга қўйиш ва ушбу жамоалар ичидаги муаммоларни ҳал қилишда умумий ёндашувларни топишга ёрдам берадиган;

    • минтақа ва мамлакатга таъсир кўрсатадиган муҳим геосиёсий жараёнларни, шу жумладан, уруш ва можароларни холис ва ҳар томонлама ёритиб берадиган;

    • умумий қадриятлар ҳақидаги мунозараларни рағбатлантирадиган, фаол фуқаролик ҳуқуқи ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган;

    • сўз эркинлиги, инсон ҳуқуқлари, гендер тенглиги ва тенгликнинг бошқа шаклларини қўллаб-қувватлашга қаратилган;

    • аёллар ва бошқа заиф ёки маргиналлашган гуруҳлар муаммоларини, айниқса, жамиятда чуқур илдиз отган стереотипларга қарши курашиш орқали ёритиб берадиган;

    • экологик мавзулар, иқлим ўзгариши ва минтақадаги сув ресурсларидан фойдаланишга қаратилган

    лойиҳалар акс этган аризаларни кутиб қолади.

    Лойиҳалар қуйидаги жанр/форматда тақдим этилиши мумкин:

    Internews турли жанр ва форматдаги: таҳлил, журналистик суриштирув, таълимий-кўнгилочар ва маърифий материаллар, сатира, арт-контент (клиплар, қисқа метражли бадиий фильмлар, ижтимоий роликлар), сторителлинг, фактчекинг, документалистика, интервью, ток-шоу ва кўплаб бошқа контент яратишни назарда тутувчи лойиҳа бўйича таклифларни мамнуният билан қабул қилади. 

    Ариза бериш

    1. Ариза ва бюджет шаклини тўлдиринг, сўнгра тўлиқ ҳужжатлар тўпламини Central-Asia-CARAVAN-Info@internews.org электрон манзилига 2024 йил 31 июль соат 23.59 гача юборинг. Юбораётганда электрон почтанинг мавзу қисмига “CARAVAN. Контент яратиш танлови – Ўзбекистон” деб ёзишни унутманг.

    2. Аризалар ўзбек ёки рус тилларида қабул қилинади.

    Қўшимча маълумот

    Аризалар тўлиқ ҳужжатлар тўплами билангина кўриб чиқилади (ариза шакли сўнгидаги ҳужжатларнинг тўлиқ тўплами рўйхатига қаранг). Internews бир ёки бир нечта ҳужжат етишмаётган лойиҳа аризаларини кўриб чиқмаслик ҳуқуқига эга. Агар сизда бирон-бир савол туғилса ёки аризаларни тўлдиришда ёрдам керак бўлса, қуйидаги манзилга мурожаат қилишингиз мумкин: Central-Asia-CARAVAN-Info@internews.org

    Танлов босқичлари

    Биринчи босқич: лойиҳаларни техник саралаш (барча ҳужжатларнинг мавжудлиги, танлов талабларига мувофиқлиги).

    Иккинчи босқич: танлов мақсадларига мос келадиган энг яхши лойиҳалар аризаларини саралаб олиш (шорт-листинг).

    Учинчи босқич: саралашнинг иккинчи босқичидан ўтган финалчилар учун лойиҳаларини ҳакамлар ҳайъатига тақдим қилиш (питчинг).

    Тўртинчи босқич: питчинг натижалари асосида ғолибларни эълон қилиш. Ҳакамлар ҳайъати танлов ғолиблари ва захирадаги ғолибларни аниқлайди.

    Танлов натижалари

    Танлов ғолиблари рўйхати 2024 йил август ойида эълон қилинади. Ғолибларга лойиҳани такомиллаштириш, ҳакамлар ҳайъати аъзоларининг изоҳлари асосида якуний ариза ва бюджетни ишлаб чиқиш ва шартнома тузиш учун зарур ҳужжатларни тўплаш учун бир ҳафта вақт берилади.

    Танлов мезонлари:

    • камида бир йиллик контент ишлаб чиқариш тажрибасига эгалиги;

    • иш портфолиосининг мавжудлиги;

    • тўлиқ ҳужжатлар тўпламининг мавжудлиги (рўйхатни ариза шаклида топиш мумкин);

    • ғоянинг ўзига хослиги, уникаллиги, креативлиги ва инновационлиги;

    • кенг аудиторияга тақдим этиш имконияти (контентни оммалаштириш);

    • контент давлат тилида ишлаб чиқарилиши керак (агар контент рус ёки бошқа тилларда яратилса, у давлат тилига таржима қилиниши ва медиада эълон қилиниши керак бўлади);

    • CARAVAN лойиҳаси доирасидаги барча ўқув тадбирларида фаол иштирок этишга розилик;

    • лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган техник базанинг мавжудлиги;

    • сифатли журналистиканинг профессионал ва ахлоқий меъёрларига амал қилиш. 

    Қуйидаги лойиҳаларга устунлик берилади:

    • миллий қамровга эга каналлардан фойдаланиш;

    • контентни давлат тилида оммалаштириш;

    • контентни бошқа тилларда ишлаб чиқиш ва/ёки уларга мослаштириш;

    • маълумотни оммалаштиришда турли каналлар ёки самарали форматлардан фойдаланиш;

    • мамлакатдаги медиа-истеъмоли тенденцияларига мос келиши.

    Саволларингиз қолдими?

    Биз билан боғланишингиз мумкин. 

    Саволларингизни Central-Asia-CARAVAN-Info@internews.org  электрон почтасига йўлланг.

    Илтимос, электрон почта мавзуси қисмига “CARAVAN. Контент яратиш танлови – Ўзбекистон” деб ёзишни унутманг.

    Танлов Европа Иттифоқининг молиявий кўмаги билан Internews томонидан амалга оширилаётган «Ишончли ҳикоялар орқали аудиториянинг барқарорлигини мустаҳкамлаш (CARAVAN)» минтақавий лойиҳаси доирасида ўтказилади.

    Редакция
    Редакция
    Редакционный аккаунт сайта "Новый репортер".

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read