Internews сифатли контент яратувчиларни маҳаллий аҳолига мамлакатда, минтақа ва дунёда содир бўлаётган воқеаларни яхшироқ тушунишга, шунингдек, бу жараёнлар жамият ҳамда инсонлар ҳаётига қандай таъсир қилишини баҳолашга ёрдам берадиган контент яратиш бўйича танловда иштирок этишга чорлайди.
Танлов Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида Internews томонидан амалга оширилаётган «Ишончли ҳикоялар орқали аудиториянинг барқарорлигини мустаҳкамлаш (CARAVAN)» минтақавий лойиҳаси доирасида ўтказилмоқда.
Мустақил ҳакамлар ҳайъати олти ёки ундан ортиқ энг яхши лойиҳаларни танлайди. Битта аризанинг бюджети 4,5 минг евродан ошмаслиги керак. Internews лойиҳалар бюджетини камайтириш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.
Internews танлов ғолибларининг сифатли контент яратиш салоҳиятини ошириш учун экспертлар билан таъминлайди (булар дастурда менторлик, қисқа муддатли онлайн ва оффлайн форматдаги резиденциялар, тренинглар бўлиши мумкин). Шунингдек, ҳамкорлар медиамутахассислардан турли йўналишларда, шу жумладан, ахборот бозоридаги молиявий барқарорликни мустаҳкамлаш борасида ҳам маслаҳатлар оладилар.
Лойиҳани амалга ошириш муддати – 6 ойгача, лойиҳанинг бошланиши кутилаётган сана – 2025 йилнинг май ойи.
Ариза топшириш учун сўнг муддати: 2025 йил 31 март, соат 23:59 (Тошкент вақти билан).
Кимлар иштирок этиши мумкин?
Журналистлар, блогерлар, фрилансерлар, продакшн-студиялар ва танловда қатнашмоқчи бўлган бошқа контент яратувчиларининг аризалари қабул қилинади.
Биз қандай лойиҳаларни кутяпмиз?
Internews қуйидаги мавзулардаги контент учун лойиҳалар қабул қилишни кутмоқда:
- аҳолига мамлакатда, минтақада ва дунёда содир бўлаётган воқеалар тўғрисида ишончли ва сифатли ахборотни олиш имконини оширишга қаратилган;
- умумий қадриятлар ҳақидаги мунозараларни рағбатлантирадиган, фаол фуқаролик ҳуқуқи ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган;
- ривожланиш/тинчликни сақлаш ва бағрикенглик ғояларини илгари сурадиган;
- минтақа ва мамлакатга таъсир кўрсатадиган муҳим геосиёсий жараёнларни, шу жумладан, уруш ва можароларни холис ва ҳар томонлама ёритиб берадиган;
- сўз эркинлиги, инсон ҳуқуқлари, гендер тенглиги ва тенгликнинг бошқа шаклларини қўллаб-қувватлашга қаратилган;
• аёллар ва заиф ёки маргиналлашган гуруҳлар муаммоларини ёритиб берадиган, айниқса, жамиятда чуқур илдиз отган стереотипларга қарши курашишга қаратилган;
• экология, иқлим ўзгариши ҳамда минтақадаги сув ва энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш масалалари акс этган;
• аҳолининг соғлиғи, тиббий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари ва соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар;
• технологик инновациялар ва уларнинг жамият ҳаётига таъсири, жумладан, рақамли хавфсизлик ва сунъий интеллект билан боғлиқ муаммолар;
• ижтимоий тенгсизлик ва қашшоқлик, шунингдек, турли ижтимоий қатламлар ўртасидаги тафовутни камайтиришга қаратилган ташаббуслар;
• миграция ва мигрантларнинг ҳуқуқлари, жумладан, уларнинг кўчиб ўтиш жараёни ва янги жамиятга мослашуви;
• шунингдек, бошқа долзарб ва ижтимоий аҳамиятга эга мавзулар.
Масалан, материаллар қандай қилиб ёлғон ахборот ва ахборот манипуляцияси мамлакатлар тарихига оид нохолис қарашларни шакллантиришда, минтақавий интеграция жараёнларига салбий таъсир кўрсатишда, гендер стереотипларининг кенг тарқалишида, заиф гуруҳларнинг ҳуқуқларининг бузилиши ёки жамиятда адоват ва ишончсизликни кучайтиришида иштирок этаётганини фош қилишга қаратилган бўлиши мақсадга мувофиқдир. Шунингдек, лойиҳалар иқлим ўзгариши ва экологик барқарорликни таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларни обрўсизлантиришга қаратилган турли афсоналарни фош қилиш, аниқлик киритишга, технологияларнинг жамият ҳаётидаги роли ва уларнинг ахборот яратиш ҳамда тарқатишга таъсири, хусусан, фейк хабарлар ва манипуляциялар урчитишдаги ролини таҳлил қилишга қаратилган бўлиши мумкин. Бундан ташқари, тиббиёт ва соғлиқни сақлаш соҳасига дезинформациянинг таъсирини ўрганиш, жумладан, эмлаш ва касалликларни даволаш борасида тарқалаётган ёлғон маълумотларни таҳлил қилиш ва фош этишга қаратилган материалларни ҳам қўллаб-қувватлаймиз.
Муҳими, контент жамиятда фикрлаш, мулоқот шакллантиришга хизмат қилиши ва аудиториянинг хабардорлик даражасини оширишга кўмаклашиши лозим.
Лойиҳалар қуйидаги жанр/форматда тақдим этилиши мумкин:
Internews турли жанр: таҳлил, журналистик суриштирув, таълимий-кўнгилочар ва маърифий материаллар, сатира, сторителлинг, фактчекинг, документалистика, интервью, ток-шоу ва кўплаб бошқа контент яратишни назарда тутувчи лойиҳа бўйича таклифларни мамнуният билан қабул қилади. Айниқса, видео форматидаги контентлар кўпроқ қўллаб-қувватланади.
Ариза бериш
1. Ариза ва бюджет шаклини тўлдиринг, сўнгра тўлиқ ҳужжатлар тўпламини Central-Asia-CARAVAN-Info@internews.org электрон манзилига 2025 йил 31 март соат 23.59 гача юборинг. Юбораётганда электрон почтанинг мавзу қисмига “CARAVAN. Контент яратиш танлови – Ўзбекистон” деб ёзишни унутманг.
2. Аризалар ўзбек ёки рус тилларида қабул қилинади.
Қўшимча маълумот
Маблағлар меҳнат ҳақини тўлаш, материаллар тўплаш учун хизмат сафарларига, контент ишлаб чиқариш ва уни тарғиб қилиш билан боғлиқ операцион харажатларга ҳамда ускуналарни қисман модернизация қилиш учун ишлатилиши мумкин.
Аризалар тўлиқ ҳужжатлар тўплами бўлсагина кўриб чиқилади (ариза шакли сўнгидаги ҳужжатларнинг тўлиқ тўплами рўйхатига қаранг). Internews бир ёки бир нечта ҳужжат етишмаётган лойиҳа аризаларини кўриб чиқмаслик ҳуқуқига эга. Агар сизда бирон-бир савол туғилса ёки аризаларни тўлдиришда ёрдам керак бўлса, қуйидаги манзилга мурожаат қилишингиз мумкин: Central-Asia-CARAVAN-Info@internews.org
Танлов босқичлари
Биринчи босқич: лойиҳаларни техник саралаш (барча ҳужжатларнинг мавжудлиги, танлов талабларига мувофиқлиги).
Иккинчи босқич: танлов мақсадларига мос келадиган энг яхши лойиҳалар аризаларини саралаб олиш (шорт-листинг).
Учинчи босқич: саралашнинг иккинчи босқичидан ўтган финалчилар учун лойиҳаларни тақдим қилиш (питчинг) имконияти.
Тўртинчи босқич: ҳакамлар ҳайъати танлов ғолиблари ва захирадаги ғолибларни аниқлайди.
Танлов натижалари
Ғолибларга лойиҳани такомиллаштириш, ҳакамлар ҳайъати аъзоларининг изоҳлари асосида якуний ариза ва бюджетни ишлаб чиқиш ва шартнома тузиш учун зарур ҳужжатларни тўплаш учун бир ҳафта вақт берилади.
Танлов мезонлари:
• камида бир йиллик контент ишлаб чиқариш тажрибасига эгалиги;
• иш портфолиосининг мавжудлиги;
• тўлиқ ҳужжатлар тўпламининг мавжудлиги (рўйхатни ариза шаклида топиш мумкин);
• лойиҳа учун мавзунинг актуал танланганлиги ва уни ёритишда янги ракурс ва ўзига хосликлар билан ёндашилгани;
• контент юқорида санаб ўтилган танлов мавзулари доирасида бўлиши;
• кенг аудиторияга тақдим этиш имконияти ва контентни оммалаштириш учун платформаларнинг оммабоплиги, шунингдек, максимал қамров ва тарқатиш чора тадбирлари кўрилгани;
• контент давлат тилида ишлаб чиқарилиши керак (агар контент рус ёки бошқа тилларда яратилса, у давлат тилига таржима қилиниши ва медиада эълон қилиниши керак бўлади);
• CARAVAN лойиҳаси доирасида ташкиллаштирилган барча ўқув тадбирларида фаол иштирок этишга розилик;
• лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган техник базанинг мавжудлиги;
• сифатли журналистиканинг профессионал ва ахлоқий меъёрларига амал қилиш.
Қуйидаги лойиҳаларга устунлик берилади:
• миллий қамровга эга каналлардан фойдаланиш;
• контентни давлат тилида оммалаштириш;
• контентни бошқа тилларда ишлаб чиқиш ва/ёки уларга мослаштириш;
• маълумотни оммалаштиришда турли каналлар ёки самарали форматлардан фойдаланиш;
• мамлакатдаги медиа-истеъмоли тенденцияларига мос келиши.
Саволларингиз қолдими?
Биз билан боғланишингиз мумкин.
Саволларингизни Central-Asia-CARAVAN-Info@internews.org электрон почтасига йўлланг.
Илтимос, электрон почта мавзуси қисмига “CARAVAN. Контент яратиш танлови – Ўзбекистон” деб ёзишни унутманг.
Танлов Европа Иттифоқининг молиявий кўмаги билан Internews томонидан амалга оширилаётган «Ишончли ҳикоялар орқали аудиториянинг барқарорлигини мустаҳкамлаш (CARAVAN)» минтақавий лойиҳаси доирасида ўтказилади.