Коронавирус пандемияси билан бир қаторда, дунё бўйлаб яна бир – сохта (фейклар) пандемияси пайдо бўлди. У “инфодемия” деб номланади. Айни пайтда мавзу бўйича жуда кўп турли-туман маълумотлар мавжуд, сохта нарсалар нафақат тезкор хабар ва ижтимоий тармоқларда, балки баъзан жиддий оммавий ахборот воситаларида ҳам тарқалмоқда. Бироқ, коронавирусдан анча олдин ҳам бундай ходисалар содир бўлиб келган. “Янги репортёр” медиа-танқидчиси Асем Жапишева дунё оммавий ахборот воситалари ўз саҳифаларида сохта маълумотлар билан қандай курашаётганини ўрганди, уларни тузатиш ва рад этишнинг асосий жихатлари ҳақида мақола тайёрлади.
Washington Post стандартлари
Американинг журналистика, адабиёт ва мусиқа соҳасидаги нуфузли — Пулицер мукофотининг бутун тарихида фақат битта ҳолатда лауреатдан мукофотни қайтариб бериш сўралган. Бу 1981 йилда The Washington Post газетасининг 27 ёшли журналисти Жанет Кук билан содир бўлган. У газетада Jimmy’s World (Жимми дунёси) номли мақола чоп этади. У саккиз ёшли Жимми исмли героин қабул қилувчи гиёҳванд болакай ҳақида бўлиб, “нозик қўллари игнадан илма-тешик” бўлгани ҳақидаги таъсирчан мақола эди. Ҳикоя ўқувчиларни ларзага келтиради, Пулицер мукофотини олади, Вашингтон мери эса полицияга болани топиб, унга ёрдам кўрсатишга буйруқ беради. Бироқ, кейинчалик бутун воқеа журналистнинг уйдирмаси эканлиги ва кичик Жимми табиатда умуман мавжуд эмаслиги маълум бўлади. Кук мукофотни қайтаради, газетани тарк этади ва ҳеч қачон журналистика билан шуғулланмайди.
Ушбу воқеа The Washington Post газетаси теварагида катта жанжал ва шармандаликка сабаб бўлганига қарамай, Кук мақоласининг асл нусхаси матни, бу сохта маълумот эканлиги ҳақидаги алоҳида эслатма билан бугунда газетанинг веб-сайтига жойлаштирилган. Бундай “алдамчилик ёдгорликлари”ни сақлаш анча қийин иш бўлиб туюлиши мумкин, аммо бу TWP сиёсати ва меъёрларига тўлиқ мос келади. Таҳририят сайтдан материалларни олиб ташлашга рухсат бермайди. Умуман. Чиққан материалларга фақат тузатишлар киритишга рухсат берилади, шунингдек мақолада нима ва қачон тузатилганлиги тўғрисида маълумотни киритиш мумкин. Нашрнинг тартиб-қоидаларида қуйидагилар кўрсатилган:
“БИЗ РАҚАМЛИ ПЛАТФОРМА ВА НАШРЛАРДА ЧОП ЭТИЛГАН МАТЕРИАЛЛАРДАГИ ХАТОЛАРНИ ТЕЗКОРЛИК БИЛАН ТУЗАТИШГА ҲАРАКАТ ҚИЛАМИЗ. БИЗНИНГ ТУЗАТИШ, АНИҚЛИК ЁКИ ИЗОҲЛАР КИРИТИШДАН МАҚСАДИМИЗ – ЎҚУВЧИЛАРГА НИМА РОСТ ВА НИМА ЁЛҒОНЛИГИ ҲАҚИДА ТЕЗРОҚ ТЎҒРИ МАЪЛУМОТ ЕТКАЗИШ. ҲАР КИМ ХАТОЛИК НИМА САБАБДАН ТУЗАТИЛГАНИНИ БИЛИШГА ҲАҚЛИ”.
The Washington Post намунаси, афсуски кенг қўлланилмайди. На АҚШда, на Қозоғистонда, умуман, бутун дунёда оммавий ахборот воситалари ўз хатоларини тузатиш учун универсал қоида ва ёндашувлар ишлаб чиқишмаган. Хулқ-атвор тамойилларини тавсифловчи бир нечта халқаро ҳужжатлар мавжуд, булар – ЮНЕСКО томонидан 1983 йилда қабул қилинган Халқаро журналистика профессионал этикаси қоидалари ва 1986 йилда Халқаро журналистлар федерацияси томонидан қабул қилинган Журналистлар учун ўзини тутиш принциплари тўғрисидаги халқаро декларация. Бироқ, иккала ҳужжат ҳам фақат тавсиявий характерга эга. “ОАВ тўғрисида”ги қонунда эса фақат тузатиш бериш тартиби кўрсатилган, шу халос. Қайси стандартларга риоя қилиш кераклигини муассис ва таҳририятларнинг ўзлари ҳал қилишади, ўқувчилар эса у ёки бу нашрни ўқишни танлаган ҳолда ушбу стандартлар билан келишадилар.
Агар нашрда матнларни текшириш учун қўшимча ходимларни ёллаш имкониятига бўлмаса ёки мавжуд ходимларни ўқитиш ишлари амалга оширилмаса, хатолар тез-тез такрорланиб туриши бор гап. Яна бир бошқа масала, бу – хатолардан қочиш бўйича қандай қарорга келиш. Яқин ўтмишда интернет тармоғининг чекланиши қозоқистонликларга VPN юкламаси билан ишлашни ўргатганидек, коронавирус теварагидаги фейк – сохта янгиликларнинг кескин кўпайгани ўқувчиларда маълумотлар билан тўғри ишлаш кўникмаларини шакллантирмоқда. Медиа саводхонлик даражаси юқори бўлган одамлар сони ўсиб бормоқда, демак таркибга бўлган талаб ҳам шунга мос равишда ўзгаряпти. Шунга кўра обрў-эътибор ва нашрларга бўлган ишончнинг аҳамияти ортиб бормоқда. Бу Ғарбда сариқ матбуот оқимининг кескин пасайганидан далолат беради, бу ерда ўқувчи аллақачон манипуляциялар ва қалбакилаштиришларни тушуниш даражасига етиб борган. Шунинг учун, Қозоғистон нашрлари учун инфодемия таҳририят стандартларини қайта кўриб чиқиш учун яхши имконият бўлиши мумкин. Хатоларни тузатишга қозоқ ва жаҳон ОАВ қандай ёндашувларни қўллайди?
Бирламчи ёндашув – очиқлик
Бир қатор нашрлар ўз хатоларини тузатишда очиқлик сиёсатига амал қилмоқдалар. Масалан, Vlast.kz сайти “Қозоғистон қирғизистонлик вояга етмаган фуқаролар учун кириш қоидаларини ўзгартирди” мақоласини эълон қилди. New York Times сайтида материаллардаги тузатиш ва таҳрирлар учун тўлиқ бўлим мавжуд. BBC ва кўнгилочар Buzzfeed ҳам ушбу тамойилга амал қилади. Ўз навбатида, Buzzfeed таҳририятининг ички қоидаларида қуйидагилар акс этган: “Агар материалдаги хатолар таҳририят меъёрларини жиддий бузмаса, ушбу платформада тузатиш эълон қилиниши керак.
Агар хато таҳририят стандартлари меъёрларига жиддий тарзда зид бўлса, у дарҳол тан олиниши ва тузатилиши лозим. Алоҳида ҳолатларда эса ўчирилиши керак. Киритилган ҳар қандай ўзгаришлар бизнинг шаффофлигимизни акс эттириши керак”.
Россиянинг “Ведомости” газетасида “тор доирада кенг тарқалган” “Догма” — таҳририят тамойиллари мавжуд. У хатоларни тузатиш алгоритмини ўз ичига олади: “4.2-банд. Ҳар қандай аниқ хатолар имкон қадар тез тузатилиши керак, бу биз аслида нима бўлганини тўлиқ аниқлашимиздан олдин амалга ошиши лозим. Ҳар қандай тузатишнинг моҳияти – аниқ, ҳаққоний маълумотни ўқувчига етказиш. Тузатиш ҳар доим тузатилиши керак, битта нуқтаи назар ёки хатолар ҳақида шунчаки ҳисобот бериш мақбул эмас. Агар журналист мавҳум ёки ярим аниқ асосда тузатиш киритса, у фақат ўзи учун муаммо келтириб чиқаради”.
Иккиламчи ёндашув — алмаштириш, тўлдириш, қайта ёзиш
Айрим нашрлар битта матнни бошқасига, аниқ ифодалангани билан алмаштириш йўлини тутади. Масалан, Holanews.kz таҳририяти COVID-19 яратувчиси Чарльз Либернинг АҚШда ҳибсга олингани ҳақидаги сохта хабар эълон қилингандан сўнг шундай йўл тутди. Ушбу фейк февраль ойидаёқ Украина ва Россиянинг бир қатор нашрларида пайдо бўлган ва бу факт текширувчилар томонидан рад этилган эди. Шунга қарамай, Либер ҳақидаги ушбу сохта маълумот бир вақтнинг ўзида бир қатор қозоқ оммавий ахборот воситаларида, жумладан, хусусий ва давлатга тегишли — Almaty.tv, Qazweek.kz телеканалларида, “Айкын”, “Егемен Қазақстан”, Nurtv.kz газеталари веб-сайтларида пайдо бўлди. Улардан фақат “Айкин” ўқувчиларидан узр сўради.
Holanews.kz дастлабки материални ўчириб ташлади ва унинг ўрнига янада аниқроқ маълумот билан бошқа хабарни жойлаштирди. Нашр бош муҳаррири Гулнар Бажкенова ўз Telegram каналида вазиятни қуйидагича изоҳлади (матн аслича): “Янгиликларда ишлаш мушкул. Ҳозир вазиятни таҳлил қиляпмиз. Соат 19.51 да мусаҳҳиҳ ўз ваколат доирасидан ташқарига чиқиб, нимагадир таҳририят жамоаси чатига коронавирус “яратувчиси” ҳақидаги янгилик ҳаволасини қўйган. Соат 19.57 да мен инглиз тилидаги далилларга ҳавола ташладим, уни текшириб, эртага олим ҳақида мақола беришни сўрадим. Вазиятнинг ўзи жуда қизиқ. У Хитойга жосуслик қилиш, вакциналарни ишлаб чиқиш ва ҳоказоларда гумон қилиниб ҳибсга олинган. Аммо кечки тасмани олиб борувчи журналист Мольдир Жумабаева, негадир, фақат мусаҳҳиҳ ҳаволасини кўради, меникига эътибор бермайди ва соат 10.30 да, ҳеч қандай янгилик бўлмагани учун буни нашр этади. Кечки соат 7 дан кейин кечқурун бизда асосан бўшлиқ бўлади”. Бундан ташқари, Бажкенова таҳририят чатидан иккита скриншотни далил сифатида келтиради. Бу ҳолда, хато қилган журналистнинг исмини ошкор қилинмагани диққатга сазовор. Бу матбуотда ҳар доим ҳам юз беравермайди. Шундай вазият учун ўша Washington Post стандартларида қуйидагича ёзилган: “Биз айбдорларни алоҳида мухбир ёки муҳаррир бўйнига қўймаймиз (масалан, “хабар беришда хатоси туфайли” ёки “таҳрирдаги хатоси учун”). Аммо биз хато ишлаб чиқариш жараёни хатоси экани ёки бизга ишончли манбадан нотўғри маълумот келгани туфайли келиб чиққанлигини кўрсатишимиз мумкин”.
Учинчи ёндашув: Ўчириб ташлаш ёки эътиборсиз қолдириш
Ушбу ёндашув бир қатор қозоғистонлик ва жаҳон матбуоти томонидан қўллаб-қувватланади. Масалан, Қўшма Штатлардаги MSNBC, CNBC, ESPN ва CNN каби йирик оммавий ахборот воситаларида тузатишлар бўлими мавжуд, бошқа Fox News каби йирик нашр эса хатоларни шунчаки ўчириб ташлаш орқали вазиятдан чиқиб кетади. Кўплаб қозоғистонлик оммавий ахборот воситалари ҳам шу йўлни тутишади.
Factcheck.kz портали бош муҳаррири Павел Банниковнинг фикрича, ўчириб ташлаш амалиёти материалдаги аниқ хатоларни тузатишнинг нотўғри ёндашувидир: “Чарльз Либер ҳақида сохта маълумот эълон қилингандан сўнг, аксарият сайтлар ўқувчилардан кечирим сўрамай туриб, хабарни сайтдан ўчириб ташлади. Бу каби хатога йўл қўйилганида, аслида фейк материал чоп этилган саҳифада кечирим сўралиши керак. “Интерфакс” Светлана Алексиевич ўлими ҳақида сохта хабар тарқатганда шундай қилган. Ахамият даражаси катта бўлмаган хатолар ва/ёки ноаниқликларга йўл қўйилган тақдирда, таҳририят материалга ўзгартириш киритиши, яъни хатолар борлиги тўғрисида ўқувчиларни (ўша материал саҳифасида) хабардор қилиши керак, шунингдек, бу ҳақда ижтимоий тармоқлар ва ОАВнинг расмий саҳифаларида хабар бериш тавсия этилади. Factcheck.kz сайтида биз шу йўлни танладик ва мен унинг тўғри йўл эканлигига ишонаман: ўқувчиларнинг ишончи – бу энг асосий қадрият, хатоларни тан олиш эса – бу ишончга томон йўли”.
Банников шунингдек, Қозоғистонда ўқувчилардан кечирим сўраш амалиёти кенг тарқалмагани ҳақида фикр юритади: “Сайт ўқувчиларидан кечирим сўраганлардан мен фақат Informburo.kz сайтини эслайман. Яъни, амалиёт мавжуд, лекин кўпинча судлашиш хавфи пайдо бўлган ҳолларда улар фақат мақолада номлари зикр этилганлардан узр сўрашади. Ёки шундай кечирим сўрашадики, ундан кўра буни қилмагани маъқул, деган фикрга келасиз. Мен уларни номма-ном санамайман, ҳаммаси ўзини таниб олади, деб умид қиламан. Фактлар текширилгандан сўнг киритиладиган тузатишлар ҳақида гап кетса, ҳа, бундай ҳолатлар бўлган ва мавжуд. Чарльз Либер мисолида бўлгани каби. Тўғри, кўпинча узр сўралмаган.
Менимча, бу нотўғри. Яна бир бор такрорлайман: ўқувчилар — бу пул эмас ва трафик ҳам эмас, бу одамлар учун биз ишлаймиз ва уларнинг ишончи билан яшаймиз”.
Қонун бўйича қандай?
Бу масала Қозоғистон қонунчилигида қандай акс этгани ҳақида биз медиа-ҳуқуқшунос Ольга Диденко билан суҳбатлашдик.
– “ОАВ тўғрисида”ги қонун сўров юборилган тақдирда рад этиш тартибини мувофиқлаштиради. Қозоғистон ОАВда ҳам хатоларни тузатиш тартибга солинадими?
– Ҳа, хатони тезда тузатиш имконияти оммавий ахборот воситаларига бўладиган эътирозлардан қочишга ёрдам беради. Агар ҳақиқий маълумотлар – сана, исм, фамилия, ном, лавозим ва ҳоказолар нотўғри бўлса ёки журналист ушбу маълумотни тўплаб, нашр этиш вақтида вазият ишончли тус олган бўлса, бу холат ўзини оқлайди. Бундай ҳолда, хатолар туфайли манфаатлари зиён кўрган томонга нисбатан жавоб бериш ҳуқуқи амалда бўлади. Булар рад этишни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлган турли хил жараёнлардир. Жавоб бериш ҳуқуқи, агар хатолар ёки ноаниқликлар таҳририят томонидан аввал тузатилмаган бўлса, нотўғри кўрсатилган маълумотларни ёки бошқа маълумотларни тузатмоқчи бўлган томоннинг ОАВда эътирозини бепул эълон қилиш мажбуриятини ўз ичига олади. Аммо, оммавий ахборот воситаларининг ўзига хос хусусиятларини тушунган ҳолда, аниқ айтиш мумкинки, хатоларга бот-бот йўл қўйилиши табиий ҳол. Бу ерда гап таҳририят бундай хатога йўл қўйилганини ўз вақтида кўришида ва тушунишида, шунингдек. Зудлик билан муносабат билдириб, уни тузатишидадир. Бундай ҳолларда, ташқаридан бўладиган талабни кутмасдан хатони тезда тузатиш тавсия этилади.
– Сизнингча, буни расман тартибга солиш керакми ёки хатоларни қандай тузатиш кераклигини ОАВнинг ўзи ҳал қилиши лозимми?
– “ОАВ тўғрисида”ги қонунда ушбу тартиб-қоидалар назарда тутилган – жавоб бериш ҳуқуқи ва рад этиш ҳуқуқи. Улар, шунингдек, халқаро стандартлар бўйича таснифланган. Аммо, журналистик фаолиятни тартибга солиш билан боғлиқ бўлган барча нарсалар — қандай ва нима ҳақида ёзиш, ўз хатоларини тузатиш ёки принциплар билан бўлишиш, далилларни қандай текшириш ва манбалар билан қандай ишлаш каби масалаларни қонунчилик билан мустаҳкамланиб, уни бажармаганлик учун қўшимча жавобгарликлар белгилаб қўйилишини кутмасдан, журналистлар жамоасининг ўзи ҳал қилиши лозим. Биз доимо журналистлар ҳамжамиятида ўзини ўзи бошқариш чегараларининг кенгайиши тарафдоримиз ва бу нарса ҳозир ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқдир.
Ва ниҳоят
Қозоғистонда ҳақиқат нуқтаи назаридан бенуқсон материаллар нашрлар веб-сайтларидан тез-тез йўқ бўлиб қолади. Масалан, Олма-ота телеканалига Айзат Молдагасимова шифокорлар COVID-19 инфекциясини юқтириб олаётганларига сабаб ўзларининг эҳтиётсизликлари мазмунида интервью берди. Шифокорлар эса расмий вакилни судга беришга қарор қилдилар ва суҳбат шундан кейин сайтдан ғойиб бўлди (аммо кешда сақланиб қолди).
Худди шу тариқа Informburo.kz сайтидан 2019 йил 1 май куни Қозоғистондаги митинглар ҳақидаги репортаж йўқолиб қолди. Асл нусха фақат нашрнинг ЯндексДзен аккаунтида сақланиб қолди. Репортаж ўрнига худди шу ҳаволада ИИВнинг пресс-релизи жойлаштирилди.
Дарвоқе, бу барча ҳолатлар Қозоғистон журналистикаси оламида синчковлик билан ўрганиш талаб этиладиган “телефон цензураси” ҳақидаги алоҳида мақола учун мавзудир.
Муаллиф: Асем Жапишева