Ўзбекистон пойтахтининг учта ОАВда мамлакатда сармоядорларнинг ҳуқуқлари қандай бузилаётганлиги ва бу нима учун муҳимлиги ҳақида материаллар эълон қилинди. Аудитория нашрларни қизғин муҳокама қилди, аммо бу ерда матнларнинг сифати асло аҳамият касб этмади. Одамлар учун ушбу матнлар нечоғлик мувозанатлашгани, яъни улар низонинг барча томонлари фикрларини ифодалаши жуда муҳим эди. “Янги репортёр”нинг медиа-танқидчиси Дарина Солод материаллар ва уларга бўлган муносабатни таҳлил қилди.
Ҳикоялар контексти
2018 йилдан буён Ўзбекистонда оммавий қурилиш ишлари давом этмоқда – ҳозирги кунда фақат Тошкент шаҳарининг ўзида 320 та қурилиш компаниялари ҳашаматли уй-жой қуриш билан банд. Ва бу кенг кўламли қурилишларнинг бошиданоқ мамлакатда низолар юз бериб келмоқда. Гоҳ Самарқандда ЮНЕСКО томонидан ҳимоя қилинадиган тарихий марказдаги биноларни бузишмоқчи бўлишади, гоҳ пойтахтда ёппасига бузишлар, дарахтларни кесиш ёки уй атроф ҳудудларини эгаллаб олиш ҳолатлари кузатилади.
Мамлакатнинг ижтимоий фаол фуқаролари учун журналистлар узоқ йиллар мобайнида вазиятни яхши томонга ўзгартиришнинг ягона умиди бўлиб келишган. Шу маънода матбуот Тошкентдаги бузиш режалаштирилган 45-уйнинг тарихий қиймати ҳақида кўп ва батафсил ёзди, алал-оқибат унинг тарихий аҳамияти тан олинди.
Аммо 2020 йилнинг июнь ойига келиб журналистларнинг халқ ҳимоячиси сифатидаги обрўсига жиддий зарар етказилди.
Учта мақола
Repost.uz, Uzreport ва UPL.uz ўз саҳифаларида тижорат турар-жой комплекси қураётган компания ва бу жойда истироҳат боғи ваъда қилинганлигини даъво қилган фуқаролар ўртасидаги можаро ҳақидаги материалларни эълон қилди. Бунда сарлавҳа ва матбуот ёндашувидан кимнинг манфаатлари ҳимоя қилинаётгани ойдинлашиб қолди.
Мана UZREPORT TV телеканали лавҳаси: Инвесторларнинг ҳуқуқларини ким ҳимоя қилади? Унда мана шундай кириш сўзи бор: “Сўнгги йилларда пойтахтимиз кундан-кун чирой очиб бормоқда. Янги замонавий бинолар, кўп қаватли уйлар ва турли хил ижтимоий объектлар Тошкентни мегаполисга айлантирмоқда. Ўз навбатида, хорижий сармоядорлар учун бу шаҳар янада жозибадорлик касб этаётир. Аммо сармоя киритиш ва пойтахтимиз гуллаб-яшнашига ҳисса қўшишни истаган айрим инвесторлар олдида муаммолар пайдо бўлаяпти”. Материалда қурувчи компания ва уй-жойлар аҳолисининг фикрлари мавжуд – тўғри, фақат уларни қўллаб-қувватлайдиганлар. Видеога ёзилаётган изоҳларда айримлар матбуот вакиллари шунчаки унга қарши бўлганлардан ҳеч нима сўрамаганликларини таъкидлашмоқда.
Қурувчи компания позициясидан туриб Repost.uz ҳам материал эълон қилган. У “Миробод туманинг бир нечта фуқароси хорижий инвесторнинг қурилишига тўсқинлик қилмоқда: NRG Oybek қурилиш майдончасида нималар бўлмоқда?” сарлавҳаси остида берилган. Матнда қурилиш компаниясининг ҳуқуқлари “қўпол равишда бузилгани” таъкидланиб, хусусий фирма қандай йўқотишларга дуч келаётгани ва қўшни уйларнинг аҳолиси бунга қандай аралашаётгани ҳақида айтилган, аммо “қарши” томон бўлган шаҳар аҳолисининг ҳеч қандай фикрлари ёритилмай қолган. Қурувчининг ҳужжат экспертизалари, суд, адвокат хулосалари ва бошқа масалалар очиқланмаган.
UPL.uz интернет-ресурси “Пойтахт марказига яна битта истироҳат боғи керакми?” сарлавҳали материал эълон қилди, унда кўп қаватли турар-жой пойтахтга истироҳат боғидан кўра кўпроқ зарур эканлигини таъкидлашга ҳаракат қилинади. Материалда ҳудди аввалги иккитасида бўлгани каби битта муаммо мавжуд. Ва бу ҳам экологлар, боғбонлар, ботаниклар ва меъморларнинг фикрлари билан берилган таҳлил эмас, балки таҳририятнинг шаҳардаги боғлар рўйхати ва Тошкентдаги аҳоли сонининг ўсиши статистикасига асосланган фикрлари жамламаси, холос.
Журналистик меъёрлар, этика ва реклама
Журналистлар маълум у ёки бу гуруҳнинг манфаатларига қараб иш тутишлари мумкин. Бизга ёқадими ёки ёқмайдими, барибир маълум маънода биз тарафкашлик қиламиз. Яхши журналист онгли/онгсиз равишда давлатга тегишли ОАВда ишлаши ва ўз манфаатларини илгари суриш орқали давлат манфаатларини ҳимоя қилиши мумкин. У ўзининг иш берувчиси/инвесторининг манфаатларини ва унинг лойиҳаларини қўллаб-қувватлаши мумкин, ёки унинг манфаат ва ҳаётга бўлган қарашларини ўз таъбирича суриши мумкин.
Манфаатлар тўқнашувидан, ноқулай вазиятлардан қочиш ва унинг обрўсига путур етказмаслик учун (агар бу ОАВга бирон бир муҳимлик касб этса) яхши журналистларга мўлжаллаб ўз мамлакатининг қонунларидан (масалан, журналист Светлана Прокопеванинг ишидаги каби) ёки ўз қарашлари, инвестор/муассис/реклама берувчининг қарашларидан муҳимроқ бўлган қоидалар тўплами ўйлаб топилган. Мисол учун энг машҳур – “Журналист профессионал этикасининг халқаро тамойиллари”ни келтириш мумкин.
Журналистика стандартларига кўра, материал холис, мувозанатли бўлиши керак ва бу ерда гап фақат низонинг барча иштирокчиларига сўз берилишида эмас. Факт ва фикрлар аудиторияда нотўғри тасаввур ҳосил қиладиган тарзда тақдим этилмаслиги керак. Юқоридаги мисолларда жуда аниқ матнортидаги маънони кузатиш мумкин: “яхши тадбиркор иқтисодиётга сармоя киритади ва иш ўринлари яратади, ёмон аҳоли эса унга ҳалал беради”.
Эҳтимол, аудиториянинг муносабати бошқача бўлар эди, қачонки, материалда “Реклама ўрнида” деган нишон бўлганида. Ўзбекистон Республикаси “Реклама тўғрисида”ги қонунининг 11-моддасида шундай дейилган: “Маҳсулотга қизиқишни шакллантириш ва маҳсулот реализациясига кўмаклашиш учун маҳсулотнинг муайян маркасига (моделига, артикулига) ёки унинг ишлаб чиқарувчисига истеъмолчининг эътиборини атайин жалб этувчи, шунингдек мазкур маҳсулотни ишлаб чиқарувчи ёки тарқатувчи шахсга тааллуқли маълумотлардан (реквизитлардан) иборат ахборот материали, муаллиф ва таҳририят материали — реклама ҳисобланади ҳамда у “Реклама” ёки “Реклама ўрнида” рукни остида жойлаштирилмоғи лозим”.
NRG Oybek ҳақидаги материалларда компания номи, у жойлашган манзил ва барча маълумотлар мавжуд бўлиб, фақат “Реклама” ёки “Реклама ўрнида” деган рукнлар йўқ эди.
Можароларда ОАВнинг ўрни
Ўзбекистонда матбуот шаъни, обрўси институти ўрганилмаган тушунчадир. Масалан, аудиторияни тўрт карра кўпроқ алдашда айбланганида, repost.uz таҳририяти шунчаки кўришлар ҳисоблагичини яшириб қўя қолди.
NRG Oybek қурилиши ҳақидаги чиқишлардан сўнг фойдаланувчиларнинг кескин изоҳлари туфайли UZREPORT TV уй-жой эгаларини судга бермоқчи ҳам бўлди. Охир оқибат, нашрга кўра, “кескин вазиятни келтириб чиқарган” ахоли туҳмат ва маънавий зарар ундириш юзасидан судга даъво билан мурожаат қилмовчи ҳам бўлдилар.
Бунинг олдини олиш мумкинмиди? Эҳтимол, “Реклама” деган эслатмани қўйиш ва ўзини турли нохушликлардан сақлаш етарли бўларди. Ёки можаронинг барча иштирокчиларига гапириш имкониятини бериб, мавзуни чуқурроқ ёритиш лозим эди. Аммо ушбу оммавий ахборот воситалари ижтимоий тармоқлар орқали аудиториядан “нотўғри ёндашув” ва “сотилганлик”да айбланиб, юзлаб шарҳлар олдилар. Кўринишидан унча катта бўлмаган, арзимас материаллар, агар бу мамлакат журналистлари учун бироз аҳамият касб этса, уларнинг обрўсига путур етказди.
Муаллиф: Дарина Солод