No menu items!
More
    ДомойМедиа саводхонликДезинформацияга қарши кураш: анъанавий маълумотни текшириш яна нималар қилиш мумкин?

    Дезинформацияга қарши кураш: анъанавий маълумотни текшириш яна нималар қилиш мумкин?

    Анъанавий фактларни текшириш (фактчек) бу кенг кўламли иш бўлиб, натижа доим ҳам кутилганидек бўлавермайди – фактларни дезинформация устидан ғалаба қозонавермайди. Сохта янгиликлар раддия кўра минг маротаба тезроқ тарқалади: одамлар фитна назарияси ёки ҳиссий хабарларни ўз яқинлари билан тезроқ бўлишиш пайида бўлишади, ҳақиқатнинг тагига етиш жараёни эса баъзан чўзилиб кетади. Бу анъанавий формат ишламаётгани ҳақида ўйлаш учун сабабдир. Хабарларни текширадиганлар, одамлар уни фейклардан кўра кўпроқ истак билан бўлишишлари учун таркибни қандай тўлдиришни ўрганишлари керак.

    “Янги репортёр” ҳар йили ўтадиган ISOJ2020 конференциясида янграган қизиқарли фикрлар билан бўлишишда давом этади. Машғулотлар бошланишидан аввал ОАВ билан алоқалар маркази директори ва мунозаралар модератори Талия Страуд фактчекерлар билан ўз маслаҳатларини ўртоқлашди:

    1. Фейкларга ишонадиган одамлар ким эканини аниқланг ва улар қаерда эканини билинг. Бу ҳақиқатни текшириш натижаларини сохта нарсаларга ишонганларга етказишда жуда муҳимдир.
    2. Қайси форматда ишлаётганингиздан қатъий назар эътиборни жалб қилишни ўрганинг. Аудитория учун иложи борича қизиқарли бўлишга ҳаракат қилинг.
    3. Ички тақсимот ҳақида ўйланг. Масалан, Twitter орқали фейк маълумотларни қанча одам ва электрон почта орқали қанча одам олмоқда? Матн орқали маълумотни қанча одам ва қанча одам суратлар орқали қабул қиляпти?
    4. Тажриба ўтказинг. Шубҳасиз, фактларни текшириш бошида жуда қийин иш, аммо сиз кимдир билан ҳамкорлик қилишингиз ва ҳақиқатан ҳам ўқувчиларингизга раддияни тақдим эта оладиган стратегияни ишлаб чиқишингиз мумкин.

    Крейг Сильверман, BuzzFeed, муҳаррир

    Бор-йўғи олти йил ичида дунёдаги фактчекинг таҳририятлари сони қарийб етти бараварга ошди – 2014 йилда 44 та ва 2020 йилда 290 та. Тобора кўпроқ журналист, таҳририят ва мамлакатлар фактчекинг билан шуғулланишмоқда. Бу эса яхши янгиликдир.

    Майдонча учун фактчекинг билан шуғулланувчи Facebook ҳамкорларининг харитаси

    Қаршингизда майдонча учун фактчекинг билан шуғулланувчи Facebook ҳамкорларининг харитаси. Ҳамкорларнинг вазифаси – алгоритм ажратиб берадиган шубҳали мақолаларнинг максимал миқдорини текшириш. Агар маълумот тасдиқланмаса, фойдаланувчи тасдиқланмаган маълумотни баҳам кўрганлиги тўғрисида хабар олади. Аммо битта асосий ҳомийси бўлган тизим барчасини назоратга олиши мушкул. Масалан, Facebook сиёсатчиларни текширишни талаб қилмайди, эътиборлиси, ҳақиқатни текшириш бирон бир томоннинг манфаатларига хизмат қилмаслиги керак.

    – Биз чуқур ўйлашимиз ва таҳлил қилишимиз керак: манба ким, ундан ким манфаатдор бўлиши мумкин, сохта нарсалар тарқалиши қандай экотизимга эга ва бунинг учун қандай технологиялар ишлатилган. Агар биз чуқурроқ таҳлил қилмасак, ҳеч қачон муаммонинг илдизига етиб бора олмаймиз, – дейди Крейг Сильверман.

    ЭНДИ ФАҚАТ МАЪЛУМОТ ТЕКШИРИШНИНГ ЎЗИ ЕТАРЛИ БЎЛМАЙ ҚОЛДИ. ЭНДИ ЁЛҒОН ҲАҚИДАГИ ҲАҚИҚАТНИ ОШКОР ҚИЛИШ ЛОЗИМ.

    Бу нимани англатади?

    • Ишончсиз фаолликни текшириш. Трампнинг сиёсий маслаҳатчиси Рожер Стоунга айб эълон қилинганидан сўнг, Facebook маслаҳатчига тегишли бир нечта аккаунтларга тақиқ қўйганини эълон қилди. Бундай ишончсиз фаоллик ахборот маконига доғ бўлиб тушди.
    • Ёмон актёрларни фош қилинг. Сохта маълумотлар тарқалиши ортида ким турибди ва бунга сабаб нима эканлигини аниқлашга ҳаракат қилинг.
    • Одамлар фойдаланадиган янги тизим ва усулларни кашф қилинг. Маркетинг ҳозир кўпроқ ижодий ривожланиш йўлида. Биттагина мисол – ҳақиқий инсонлар аккаунтини ижарага олиш ёки сотиб олиш. Улардан турли мақсадлар билан фойдаланиш мумкин – реклама орқали даромад олиш учун ҳам, ёлғон маълумотли шов-шув тарқатиш учун ҳам. Журналистлар ҳиссий тузоқларга тушиб қолмасликлари керак.

    Дон Хейдер, Markkula амалий этика маркази ижрочи директори

    Дезинформацияга қарши уруш ҳолатида турган журналистлар учун биз ўйлаб кўришни таклиф қиладиган учта нарса:

    1. Мураккаб ҳодисаларни ёритиш учун оддий ечимларни танлашни тўхтатинг. Ҳозир онлайн-нашрлар янгиликни қандай қилиб тез ва энг юқори даражага кўтариш ҳақида ўйлаяптилар ҳамда қисқалик ишнинг янги тамойилига айланиб боряпти. Аммо баъзида бу ёндашув воқеани нотўғри акс эттиришга хизмат қилади. Яна бир жихати шундаки, журналистлар ўзлари учун оддий форматларни танлайдилар: биринчи ва иккинчи томон, муаммо ва бир нечта ечим. Сабаби тушунарли: бу ёндашув ўқувчилар эътиборини тортади ва мутбуот мутахассислари бундай материаллар қандай тайёрланишини жуда яхши билишади. Аммо кўпинча улар адолатни тарихга муҳрламайдилар. Ахборот тарқатувчилар бир хил ёндашувлардан фойдаланадилар, шунинг учун кўплаб ҳикоялар янада мураккаб ва анъанавий рамкаларга мос келмаслигини тушуниш муҳимдир.

    ҲАҚИҚАТ СЕНДВИЧИ: АГАР СИЗ ФЕЙК ХАБАРНИ КЎРСАНГИЗ, УНИ ТАКРОРЛАШГА ВА БУНИНГ ЁЛҒОН ЭКАНЛИГИНИ АЙТИШГА ШОШИЛМАНГ. ҲАҚИҚИЙ ФАКТ БИЛАН ГАП БОШЛАНГ – БИРИНЧИ ЭСЛАТМА УСТУНЛИККА ЭГАДИР. СЎНГРА МАХСУС МУРАККАБ ИБОРАЛАРДАН ҚОЧИБ, БУНИНГ ФЕЙК ЭКАНИ ҲАҚИДА ГАПИРИНГ. СЎНГ ЯНА ҲАҚИҚАТГА ҚАЙТИНГ. ЁЛҒОН МАЪЛУМОТДАН КЎРА ҲАҚИҚИЙ МАЪЛУМОТНИ КЎПРОҚ ТАКРОРЛАНГ.

    2. Одамларнинг ҳаёт тажрибасини қандай акс эттириш мумкинлиги ҳақида ўйланг. Журналистлар кўпинча йиллар ва воқеалар тақдирига таъсир кўрсатган одамларга ҳиссиётли мақолалар ёзиш мақсади билан мурожаат қилишади. Ўтмиш тажрибаси ҳам фактларни текширишнинг бир усули бўлиши мумкин. Мутахассислар сўз юритадиган муаммоларни тушунтириш учун одамлар билан мулоқотда бўлинг. Одамлардан бу ҳақда қандай фикрда эканликлари, нимани хоҳлашлари ва бунга нималар ёрдам бериши мумкинлиги ҳақида сўранг – бу ҳамжиҳатликнинг бир шакли.

    Журналистикада бирдамлик ёндашуви – бу журналист нафақат одамнинг дардини, балки унинг нима учун юз бергани ҳақида фикрлари, эҳтиёжлари ва ўй-ҳаёлларини акс эттиришидир. Масалан, уйсизлар ҳақида суҳбат – бу ерда иккинчи томон йўқ ва воқеа энди оддий ёндашувларга мос келмайди. Биз мутахассислар фикрига таянамиз, аммо тақдири шу билан боғлиқ инсонларнинг ўзлари мутахассис даражасида бўлишлари мумкин.

    3. Журналист дезинформацияни аниқлаб олиши учун саводхонликнинг бир неча турларини ўзлаштириши керак:

    • Ижтимоий медиа саводхонлик. Сохта ахборот тарқатувчилар тўлиқ маълумот олишга ҳаракат қилмайди, улар осонликча ишониш мумкин бўлган ҳиссиётлар ҳақида гапиришади. Бу мушоҳада қилиш ва иштирок этишдан бош тортиш қобилиятига қарши қуролдир.
    • Илмий саводхонлик. Агар сиз бирон бир илмий мақоладан иқтибос олмоқчи бўлсангиз, унинг асл нашр эканига ишонч ҳосил қилинг. Чоп этилмаган мақола – бу фан ва илмий қўлланмаларнинг дастлабки босқич шаклидир. Бундай мақоладаги тезислар ҳали тасдиқланмаган бўлиши мумкин. Агар нашр текширилган бўлса ҳам, шунга ўхшаш тадқиқотлар ўтказилганлиги ва сиз хабар бермоқчи бўлган натижалар тасдиқланганлигига амин бўлинг.
    • Интеллектуал саводхонлик. Бу ҳар қандай таркибни истеъмол қилаётганда, фирибгарлик ва ҳийла-найрангдан ўзимизни огоҳлантиришдир.

    Кристина Тардагила, Poynter халқаро маълумотларни текшириш тармоғи директорининг ўринбосари

    – Муҳокамалардаги саволдан: фактчекингдан ташқари биз яна нималар қилишимиз мумкин? Мен жавоб бердим: фактларни кўпроқ текшириш, – Кристина Тардагила ўз чиқишини шундай бошлади.

    Пандемия бошланиши билан Пойнтер базасида дунёнинг турли нуқталаридан фаолият юритувчи #CoronaVirusFacts Alliance номи остида фактларни текшириш билан шуғулланадиган таҳририятлар бирлашмаси пайдо бўлди. У 24 январь куни Тайван таҳририятидаги ҳамкасблардан бирининг қўнғироғидан сўнг пайдо бўлди, журналист бошқа мамлакатларда коронавирус ҳақида сохта нарсалар кўпайган ёки кўпаймаганини аниқлаб беришни сўраб мурожаат қилганди. Сўровга 30 га яқин таҳририят жавоб қайтарди ва бирлашиб ҳақаракат қилишга қарор қилинди.

    Бу каби ҳолатлар аввал ҳам рўй берган – турли мамлакатларнинг фактчекерлари сайловлар, сиёсий учрашувлар ёки бошқа муҳим воқеалар ҳақидаги миш-мишларни рад этиш учун бирлашиб турадилар. Бу сафар ҳамма нарса мураккаблашди, чунки фактчекерлар аввал вақтни назорат қилишган – сайловлар қачон якунланиши ёки конференция қачон бўлиб ўтишини аниқ билишган. Пандемия қачон тугашини эса ҳеч ким билмайди.

    Ҳозир ҳамжамиятда 99 та ташкилот бирлашган бўлиб, улар 40 хил тилда 8000 га яқин фактлар текширувини ўтказдилар. Рақамлар жуда улкан ва бу фактчекерларга талаб мавжуд эканлигини кўрсатади: улар тезкор бўлишлари ва бирлашишлари керак, чунки ҳеч ким бундай катта ҳажмни якка ўзи бажара олмайди. Фактчекерлар ҳозир тадқиқотчиларни ҳам жараёнга жалб қилиш учун музокаралар олиб боришмоқда.

    – CongoCheck таҳририятидан ажойиб мисол. Фактчекерлар кўчаларда аҳолининг телефон рақамларини олиб тўплашмоқда ва ўзларининг суриштирув натижаларини СМС орқали юборишмоқда. Мамлакатда интернет хизмати жуда қиммат ва кўпчилик уни ўчириб қўйган. Биз янги ёндашувларни излашимиз, бирлашмоғимиз ва тезроқ ҳаракат қилмоғимиз лозим, чунки атрофимизда инсонлар нобуд бўлмоқда, – дейди Кристина Тардагила.

    Фактчекингга ёндашувларни ўзгартириш бўйича машғулотлар ISOJ2020 конференцияси доирасида бўлиб ўтди. Машғулотларни инглиз тилида бу ерда кўришингиз мумкин.

    Муаллиф: Ольга Королева

    Таржимон Нодир Маҳмудов
    Таржимон Нодир Маҳмудов
    Журналист, шарҳловчи, таржимон. Ўзбекистоннинг бир қатор марказий нашрларида фаолият юритган.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read