No menu items!
More
    ДомойМедиа танқид«Келинг, турмуш қурамиз» дан олдин: «Келинг, аввал танишамиз!»

    «Келинг, турмуш қурамиз» дан олдин: «Келинг, аввал танишамиз!»

    Яқинда Давлат раҳбарининг республика пойтахтидаги туманлар ҳокимлари, хусусан, Тошкентнинг Юнусобод туманидаги маҳаллалар раислари ва ёшлари билан бўлиб ўтган учрашувида маҳалла раисларидан бирининг ўринбосари никоҳдан кейин 2-3 йил давомида ажрашишни таъқиқлаш ва телевидениеда цензура жорий этишни таклиф қилди. «Юнусобод» маҳалласи вакили Нозима Муслимованинг сўзларига кўра, мамлакатда ажрашишлар сони юқори даражада (статистика маълумотларига кўра, 2018 йили Ўзбекистон аҳолисининг ҳар 1000 нафар кишисига 1 та, 2019 йили — 0,9 та; «пандемия йили» бўлмиш 2020 йилда — 0,8 та ажрим тўғри келган).

    Унинг иккинчи таклифи телеканалларда маънавий руҳдаги кўрсатувлар кам эканлиги ва турли ток-шоулар кўпайиб кетгани билан боғлиқ: «Ёшларнинг билими ва маънавий дунёқарашини кенгайтирадиган дастурлар кам. Кўрсатувларнинг бари пазандаликка, қайнона-келинларга бағишланган… «Ёр-ёр» деб номланган, ўзбек менталитетига мутлақо мос келмайдиган дастур бор экан. Қизлар келиб, ўзларини таклиф қилишади, йигитлар уларга қараб, ўз фикрини билдиради, уйланиш-уйланмаслик, совчи жўнатиш борасидаги хулосасини айтади», — деди маҳалла вакили.

    «Ёр-Ёр» телекўрсатувининг асосий ғояси ва концепцияси Россия телеканалидаги машҳур «Давай поженимся!» («Кел, турмуш қурамиз! ») кўрсатуви билан бир хил, унинг мослаштирилган вариантидир. Теледастур атиги 2-2,5 ойдан бери, яъни ўтган йил ноябрь ойининг иккинчи ярмидан бошлаб Zo’r TV телеканалида эфирга узатилмоқда.

    «Янги Репортёр» медиа-танқидчиси Навруз Хуррамов ушбу дастур «Давай поженимся!» программасига қай жиҳатлари билан ўхшаш ва айни пайтда нимаси билан фарқ қилишини таҳлил қилди.

    Дастурнинг қисқача тарихи ва Қозоғистон тажрибаси

    2008 йил ёзида «Первый канал»да илк бор эфир юзини кўрган «Давай поженимся!» дастури тез орада шуҳрат қозонди. Томошабинлардаги асосий қизиқиш жуфт танлаш борасидаги турли мулоҳазаларни тинглаш ва студия меҳмонларининг таъби, турфа дидидан ҳайратланиш истагига дахлдор. Ҳар бир сонда асосий иштирокчи йигит (ёки қиз)нинг қалбини забт этиш учун уч киши (қизлар ёки йигитлар) даъвогарлик қилади. Ҳар бир дастур охирида бош қаҳрамон улардан бирини танлаши керак ёки ҳеч кимни танламайди.

    Айни чоғда «Давай поженимся!» кўрсатувига келганларнинг ҳаммасида ҳам мақсад умр йўлдош излаш эмас, уларнинг аксарияти «пиар»ни кўзлайди. Масалан, ҳали эл назарига тушиб улгурмаган ва танилишни хоҳловчилар учун бу турли продюсерлар эътиборини жалб қилиш имкониятидир. Таниқли юлдузлар эса кенг оммага ўзи ҳақида яна бир бор эслатиб қўяди.

    Оригинал форматга кўра, дастурни бир вақтнинг ўзида уч аёл: бошловчи, «совчи» ва мунажжим олиб боради. Доимий бошловчи Лариса Гузеева ҳамда совчи сифатида элга танилган Роза Сябитова ролларини алмашиб, яхши ва ёмон «полициячи» сифатида томошабин кўз ўнгида намоён бўлишади, бўлажак келин ва куёвларни астойдил сўроққа тутишади, уларга ноқулай, илмоқли саволлар беришади. Мунажжим ролидаги башоратчи Василиса Володина эса улардан фарқли равишда иштирокчилар билан доимо дўстона муносабатда бўлади.

    «Давай поженимся!» телелойиҳаси эфирга узатила бошлангач, орадан бир йил ўтиб, Украина медиа бозорига кириб келди, 2011 йилда эса Қозоғистоннинг КТК телеканали худди шундай дастурни бошлади. Қозоғистонда ушбу лойиҳа русча версияси билан бир хил форматда амалга оширилди. Ушбу белгиларга қараганда, дастур франшиза шартларида эфирга узатилган кўринади. Қозоғистондаги дастур уч йил давомида эфирга узатилиб, 2014 йили ёпилди. Бу вақт ичида 2000 га яқин киши кўрсатув иштирокчиси бўлди ва улардан 17 оила таркиб топди. Бу дегани, 2000 кишидан атиги 34 нафари ушбу теледастур ёрдамида умр йўлдошини топди. Мазкур кўрсаткич иштирокчиларнинг бор-йўғи 1,7 фоизини ташкил этади. Тўғри, ўз жуфтингизни камералар қаршисида топиш осон эмас, устига-устак бу жараёнда баъзан ёрдам берадиган, баъзан эса халақит қиладиган бошловчилар бор. Шундай бўлса-да, юқоридаги статистикани қониқарли дейиш қийин.

    Қозоғистон лойиҳасининг ёпилиши сабаблари ҳақида гапиришар экан, бошловчилар буни ҳар қандай дастурнинг ҳаётийлик даври қонунияти борлиги ва «Давай поженимся!» кўрсатуви энг юқори чўққига чиққач, сўнгги пайтда томошабинлар қизиқиши пасайганлиги билан изоҳлашди. Томошабинлар қизиқиши сўниши фақатгина кўрсатув ҳаётийлик даврининг юксалиши ва пасайиши билан изоҳланадими? Ахир, Россияда бу кўрсатув ҳалигача эфирга чиқади ва унинг рейтинги бу қадар тушиб кетмаган-ку…

    Ўша 2011 йил охирида лойиҳа КТК каналида берила бошлангач, «Большая разница» («Катта фарқ») дастурининг (турли дастур ва мавзуларга пародиялар қилинадиган кўрсатув) Қозоғистон телеканаллари маҳсулотларига бағишланган сонида «Давай поженимся!» кўрсатуви маҳаллий менталитетга мослаштирилган версияда қандай чиқиши мумкинлиги кўрсатиб берилган пародия намойиш қилинди. Пародия эфирга берилишидан аввал Александр Цекало Иван Ургантдан (иккиси ҳам бошловчи) «Давай поженимся!» дастурининг Қозоғистондаги версиясини назарда тутиб, телешоуга муносабати ҳақида сўради. Иван Ургант бу саволга қуйидагича жавоб берди:

    Мен бунга салбий муносабатдаман, негалигини тушунтираман: «Кел, турмуш қурамиз!» кўрсатувини эфирга узатишдан аввал «Кел, учрашамиз!» кўрсатувини, кейин эса «Кел, ота-оналаримизни таништирамиз!», кейин «Кел, қуда бўламиз!», кейин «Кел, совға-салом қиламиз!» шоуларини, ана ундан кейингина «Кел, турмуш қурамиз!» шоусини кўрсатиш лозим.

    Бу, албатта, ҳазил эди. Аммо, ҳар бир ҳазилнинг таг замирида муайян даражада ҳақиқат ҳам яшириндир. Мазкур ҳақиқат «Давай поженимся!»нинг Қозоғистондаги версиясига томошабинлар қизиқиши камайишининг омили сифатида қанчалик таъсир қилганини айтиш қийин, албатта.

    Ургант ҳазилининг давоми ўлароқ, назарий жиҳатдан «Кел, турмуш қурамиз!» дастуридан олдин намойиш қилиниши керак бўлган «Давай құда түсейiк!» («Кел, қуда бўлайлик!») кўрсатувига пародия кўрсатилди. Унда келин ва куёв кўрсатувга кўп сонли қариндошлари, жумладан, ота-онаси, тоғаю холалари, ака-ука ва амакиваччалари билан бирга кириб келади. Иккала томон: келин тараф қандай шартларда уни узатишга тайёр эканини, куёв томон уни қандай шартларда қабул қилишга ва йигитни шу қизга уйлантиришга тайёрлигини қизғин муҳокама қилишади. Икки ёшга биров сўз ҳам бермайди, фақат сюжет охирида томонлар ҳамма нарсани келишиб олгач, куёв жаҳли чиқиб сўрайди: «ҳеч бўлмаганда мендан унга уйланишни хоҳлайсанми-йўқми, деб сўрарсизлар, балки?!». Умуман олганда, бу самимий ҳазил эди.

    «Yor-Yor» кўрсатуви

    Кўрсатувнинг асосий «заставка»си, бошқача номи ва титрлардаги маълумотларга қараганда, «Yor-Yor» — франшиза эмас, уни аналог дейиш мумкин. Дастурнинг ўзбекча версияси Россиянинг «Давай поженимся!» («Кел, турмуш қурамиз!») лойиҳасидан кўп жиҳатлари билан фарқ қилади. Фақат моҳият, ғоя бир, лекин шакл бошқача — маҳаллий урф-одатлар, анъаналар ва менталитетга деярли бутунлай мослаштирилган.

    Бу кўрсатувда ҳам бошловчилар уч нафар, лекин уларнинг таркибий, функционал тузилмаси Россиянинг «Первый канал»идаги оригинал версиядан буткул фарқ қилади. Асосий ва сондан-сонга ўзгармай келаётган бошловчи Муҳаббат Ҳамроева. У бутун жараённи мувофиқлаштириб туради, иштирокчилар ва уларнинг ҳамроҳларига саволлар беради, мунозараларни олиб боради. Шуни қайд этиш керакки, бошловчи ушбу ролни яхши бажармоқда. Иккинчи бошловчи ҳам доимий равишда иштирок этади, у Ҳожи она — Омина Каримовадир. Ҳожи она иштирокчиларга умр йўлдошни тўғри танлашдаги асосий мезонлар, нималарга эътибор қаратиш, нафақат жуфти, балки унинг оила аъзолари билан ҳам тинч-тотув яшаш, турмушдаги ҳар хил вазиятларда ўзини намунали тутиш ва бошқа масалаларда маслаҳатлар, кўрсатмалар беради. Учинчи бошловчи кўрсатувнинг бир сонидан бошқа сонига ўзгариб туради: дастлабки тўрт сонда Умида Усмонова чиққан бўлса, кейингиларида бу роль эркак кишига берилди (Тўрамирза Жабборов ва Тўхтамурод Азизов — навбатма-навбат), уларнинг вазифаси бўлажак куёвларни «имтиҳондан ўтказиш»гина эмас, балки оилавий масалаларда уларга маслаҳатлар, ўгитлар ҳам беришдир.

    Кўрсатув суратга олинадиган студиянинг декорациялари миллий руҳда безатилган. Дастур бошловчилари иштирокчиларни зал марказида жойлашган шарқона услубдаги айвонда қабул қилишади. Деворлар, айвон устунлари ва умумий фон шарқона нақшлар билан безатилган, столдаги чойнак-пиёлалар, ширинлик, писта-бодом билан тўлдирилган идишларни ҳам маҳаллий урф-одатлар ифодаси сифатида қабул қилиш мумкин.

    Дастурга бир нафар бўлғуси куёв ва уч қиз (потенциал келинлар) таклиф этилади. Ушбу сценарийни кўрсатувнинг барча сонларида кузатиш мумкин. Бу «Давай поженимся!»дан яна бир муҳим фарқ. Чунки «Первый канал»нинг версиясида ушбу схема навбатма-навбат алмаштириб турилади, яъни бир сафар — бир куёв ва уч келин таклиф қилинса, бошқа сафар бир келин ва уч куёв таклиф қилинади. Бошқача айтганда, шу тариқа «гендер тенглиги» таъминланади. «Yor-Yor» дастурида ҳам шундай қилиш мумкинми (яъни, бир келин ва уч куёв), кўрсатув ижодкорлари ҳар бир келин учун телевидение экранида унинг қалбини забт этишни кўзлаб рақобатлашишга тайёр уч талабгорни топа олишадими, деган савол туғилади. Бу саволга «ҳа»дан кўра, кўпроқ «йўқ» дея жавоб берилиши эҳтимоли юқори. Тўғри, реал ҳаётда ҳавас қилгудек қизнинг шайдолари кўп бўлиши мумкин, лекин патриархал жамиятда бу унчалик кўп содир бўладиган ҳодиса эмас. Шу маънода, агар кўрсатув ижодкорлари гендер тенглиги масаласида қайғурмоқчи бўлган тақдирда ҳам кенг жамоатчилик буни «Европага тақлид» дея қабул қилиш эҳтимоли юқори. Қолаверса, бу усулдаги сценарий ишонарли чиқмаслиги оқибатида кўрсатувнинг рейтинги пастлаб кетиши мумкин.

    Дастурга барча иштирокчилар қариндоши, одатда, ўзидан ёши анча катта, ҳаётий тажрибага эга аёл киши, кўпинча, амма ёки хола ҳамроҳлигида келади. Куёв таништирилгач, у ва холаси билан қисқача суҳбат ўтказилади. Кейин эса куёв саҳна ортидаги махсус ажратилган хонада монитор орқали студияда содир бўлаётган воқеаларни кузатиб туради. Музокаралар унинг холаси (аммаси) билан давом этади. Бошқача айтганда, танловда иштирок этувчи қизлар студияга таклиф қилинган пайт куёв бу ерда бўлмайди. Бўлажак келинларни маълум маънода «кўрик»дан ўтказишнинг бундай тартиби менталитетга, жамиятдаги тартиб ва одатларга мос келади. Шундай қилиб, кўрик бошланади — бўлажак келинлар бирма-бир студияга таклиф қилинади. Келинчаклар кўриги ҳам реал ҳаётга мос ёки энг камида — урф-одат ва анъаналаримизга зид эмас. Фақат турмушимизда бу жараён анча вақтга чўзилса, кўрсатувда ана шу вақт «қисқартирилган» ҳолда намойиш этилади.

    Бошловчиларнинг мулоқот услуби ва оҳанги ҳам «Давай поженимся!» дастурининг оригинал вариантидан фарқ қилади: бу ерда дастур иштирокчиларига «ҳужумлар», «шафқатсиз» сўроқлар, ноқулай ва илмоқли саволлар йўқ. Иштирокчиларга саволлар, умуман, мулоқот уларни ранжитмасдан ёки ҳижолатга қўймай, керак бўлганда маслаҳат ва панд-насиҳатлар билан олиб борилади. «Жиддий мавзуда ҳазил билан» услубидаги суҳбатга яна бир қанча импровизациялар қўшилиб ҳосил бўлган кулгили оҳанг «Давай поженимся!» бошловчилари (Лариса Гузеева ва Роза Сябитова)га хос «аччиқ»нинг ўрнини эгаллайди ва шу тариқа «Yor-Yor» дастури томошабоп тус олади. Буларнинг ҳеч биридан ўзбек менталитетига зид жиҳатлар топилмайди.

    Телекўрсатувнинг камчилиги сифатида шуни айтиш мумкинки, унда иштирокчи қизлар тасаввуридаги бўлажак эр портретига кам эътибор қаратилган, яъни келин уни қандай тасаввур қилади, бўлғуси куёвнинг характери ва фазилатлари, оилавий ҳаётдан нимани кутиши каби муҳим тафсилотларга етарлича ўрин берилмаган. Жараён охирида куёв келиннинг ўзига қанчалик мос келишини билиш учун бир номзодни танлаши керак ёки ҳеч кимни танламайди. У ўз танловини монитор экранидаги жараён орқали, яъни келинликка номзодлар ўзи ҳақида нималарни ва қандай айтиши, бошловчилар ҳамда хола (амма)нинг саволларига қай тариқа жавоб қайтариши, умуман ўзини тутишига қараб аниқлайди.

    Кузатилган жараён, таркиб, кутилаётган натижа ва яна бир қанча хислатлари билан ушбу дастур кўпроқ «Келинг, турмуш қурамиз!»дан кўра Иван Ургант ҳазилида айтиб ўтилган «Келинг, танишамиз!» шоусига кўпроқ мос келади. Бундай концепция ўзбекона менталитет, умуман шарқона урф-одатларга тўлиқ мос келади. Эҳтимол, шунинг учун ҳам кўрсатувнинг рейтинги яхши, унга нисбатан танқидий қарашлар кам. Дастур техник жиҳатдан яхши амалга оширилганини ҳисобга олсак, унинг «умри» узоқ бўлишини тахмин қилиш мумкин.

    Навруз Хуррамов
    Навруз Хуррамов
    Журналист, редактор

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read