Бугун Ўзбекистонда 30 дан ортиқ телеканал фаолият юритади. Мамлакат аҳолисининг аксарият қисми ўз вақтини ижтимоий тармоқлар билан бир қаторда, телевидение қаршисида ўтказиши ҳам ҳеч кимга сир эмас.
2013 йилнинг октябрида «техник сабаблар»га кўра эфирга чиқмай қўйган NTT оилавий телеканали эфирга 2014 йили «Sevimli» номи билан қайтган эди. «Kantar Media» компаниясининг 2019 йилда эълон қилган маълумотларига кўра, миллий каналлар ичида 3,38 фоиз тўплаган «Sevimli» телеканали етакчиликни қўлга киритган бўлса, иккинчи ўринни 2,78 фоиз аудитория тўплай олган «Zo’rTV» телеканали эгаллаган.
«Sevimli» телеканалининг асосий аудиторияси — 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган аҳоли. Анчагина шов-шувга сабаб бўлган ва кўпчиликнинг эътиборига тушган «Zirapcha», «Mening Qaynonam General», «Eslab, eslab…» теледастурлари жуда катта телетомошабинлар аудиториясини йиғади. Аммо мазкур дастурларнинг аксарияти Россия телеижодкорлари томонидан яратилган дастурларнинг ғояси билан деярли бир хиллиги, табиийки, ўзбек телетомошабинларини ташвишга солаётгани йўқ.
Аслида, халқаро ҳуқуқда ҳар бир интеллектуал мулк ҳимоя остидадир. Бизнинг мисолимизда олиб қарайдиган бўлсак, қайсидир давлатда оммалашган кўрсатув ёки шоуни бошқа мамлакатда муқобилини яратиш учун асл ғоя муаллифлари билан битим тузилиши шарт. Шулардан энг асосийси франчайзинг ҳисобланади.
Франчайзинг (ёки франшиза) деб, савдо белгисини ва/ёки фирма технологияларини (ташкилий усулларни) бошқа тадбиркорга сотиш ёки вақтинчалик фойдаланишга беришга айтилади. Савдо белгиси ёки технология эгаси франчайзер деб аталади. Франчайзерга тегишли бўлган ҳуқуқлардан фойдаланиш имкониятини сотиб олувчи шахс франчайзи деб аталади. Ушбу жараёнда франчайзер томонидан франчайзига тақдим этиладиган ҳуқуқлар мажмуаси, кўп ҳолларда, франшиза деб аталади. Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига биноан фақат тижорат ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектлари сифатида рўйхатдан ўтган фуқаролар франшиза шартномаси иштирокчилари бўлишлари мумкин.
Франчайзинг маъноси — муваффақиятли фаолият кўрсатаётган бизнесни кўпайтириш орқали тарқатиш, яъни амалда ҳар томонлама текширилган, ишини муваффақиятли олиб бораётган корхона имидж ва технологияларини ўзлаштиришдан иборат. Франчайзер франчайзига пулли асосда ўз номи, иш услуби, ноу-хау, тажриба, билим, ишлаб чиқариш ва бошқариш технологияларидан фойдаланиш ҳуқуқини беради.
Ўзбекистонда франчайзинг муносабатларини тартибга солувчи асосий ҳужжат Фуқаролик Кодекси, хусусан унинг 50 боби (франчайзинг) ҳамда 59, 62, 64, 65 боблари (интеллектуал мулк) ҳисобланади.
Қолаверса, Ўзбекистон Республикасининг «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги қонуни бор. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузурида Интеллектуал мулк агентлиги фаолияти ташкил этилган. Шунга қарамай, миллий телеканалларимиздаги кўчирмакашлик ҳануз очиқча давом этмоқда. Хусусан, «Zirapcha» реалити шоуси Россиянинг «Пятница» телеканалидаги «Пацанки» билан деярли бир хил бўлиб, унинг ғояси йўлдан адашган «кўча» қизларини тўғри йўлга қайтариш, тарбиялаш, ўз ҳаётини ўзгартирмоқчи бўлган қизларга ёрдам беришдан иборат. Реалити шоуда чеклов йўқ. Дастурда уруш, жанжаллар, ҳақоратлар очиқ берилади, хаттоки қизларни танлаб олиш жараёнлари (кастинг)нинг қоидалари ҳам Россияники билан бир хил. Айтиш жоизки, Россия телеканали «Пацанки» реалити шоусини эфирга қўйишдан олдин Британиядаги «Бўйсунмасларни жиловлаш» телешоусидан унинг ғоясига муаллифлик ҳуқуқини сотиб олган эди. Шу билан бирга, фарзанд тарбияси билан боғлиқ «Ideal ona» реалити-шоуси Россиянинг «Суббота» телеканалида эфирга узатилган «Моя прекрасная мама», СТС каналидаги «Супер мамочка» реалити-шоулари билан жуда ўхшаш. «Тушлик вақти» теледастури Россиянинг «Первый» каналида берилган «Время обедать» дастури билан айнан ўхшашлиги ҳам мутахассисларни таажжубга солиши шубҳасиз. Ғояни ўғирлаган «Sevimli» ижодкорлари ҳаттоки дастур номини бироз ўзгартиришга ҳам уриниб кўрмаган.
Бу борада Milliy TV телеканали ҳам «Sevimli»дан қолишмайди. Масалан, телеканалда кечки пайт бериладиган MTV Show кўнгилочар кўрсатуви Россиянинг «Первый» телеканалидаги «Вечерний Ургант»га жуда ҳам ўхшаш. Иккаласида ҳам бошловчилар кўрсатувга таклиф қилинган меҳмонлар билан долзарб муаммолар ҳақида суҳбатлашиш жараёнида ҳазил ва импровизация қилишади. Кўрсатувлар студияларининг безатилиши бир-бирига ўхшаш бўлиб, иккаласи ҳам мусиқа билан бошланади. MTV Show ҳар ҳафта душанбадан жумагача соат 21:00 да эфирга узатилади.
«Вечерний Ургант» телелойиҳасининг ўзи ҳам аслида оригинал эмас. У АҚШнинг Late Night Show телешоусининг рус аудиториясига мослаштирилган варианти десак, адашмаймиз. Рус муқобилининг бошловчиси Иван Ургант телелойиҳа ишга туширилганига қадар атайин АҚШга бориб, кўрсатув ижодкорлари билан суҳбатлашган, ўз лойиҳасига бироз янгилик киритишга ҳаракат қилган эди. «Вечерний Ургант» эфирга 2012 йил 16 апрелдан буён узатилиб, телетомошабинлар уни аввалроқ эфир юзини кўрган «Добрый вечер с Игорем Угольниковым» телешоусига ўхшатишган эди. Ўз навбатида, телешоуга америкаликлар томонидан муаллифлик ҳуқуқи сотилган.
«Амирхон Умаров шоуси» ўз тузилиши ва олиб бориш услубигача 2017 йилгача россиялик машҳур шоумен Андрей Малахов олиб борган «Пусть говорят» ток шоусига жуда ўхшаб кетади. Иккаласида ҳам бирон бир мавзу танланиб, таклиф қилинган экспертлар ўз фикрларини билдиришади. «Амирхон Умаров шоуси» ҳам «Пусть говорят»га ўхшаб, телетомошабинлар томонидан аксарият ҳолатда танқидга учрайди. Хатто Амирхон Умаров телешоуни олиб боришда ҳам Андрей Малаховнинг хатти-ҳаракатлари, хайрлашиш услубини айнан кўчирган, назаримизда.
Сўнгги пайтлари телетомошабинлар томонидан турли хил фикрларга, ижтимоий тармоқдаги муҳокамаларга сабаб бўлаётган ZO’R TV телеканалидаги Муҳаббат Хамроева бошловчилигида олиб борилаётган «Ёр-ёр» кўрсатуви Россияниг «Первый» телеканалида Лариса Гузеева бошловчилигида эфирга чиқадиган «Давай поженимся!» ток шоуси билан деярли бир хил. Иккала кўрсатувда ҳам куёв келинликка учта номзод билан учрашиб, «совчи»ларнинг таҳлили асосида бирини танлайди. Мазкур кўрсатув эфир юзини кўргач, жуда ҳам кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлиб, аксарият телетомошабинлар » …Бу энди бизнинг миллатимизга, ўзбек халқига, урф-одатларимиз ва қадриятларимизга мутлақо ёт нарса. Бизнинг қизларимиз ёки йигитларимиз дунё дунё бўлибдики, «менга эр керак» ёки «менга хотин керак» деб кўпнинг олдига чиқиб, ўзини бозорга солган эмас. Бу ишлар совчилар орқали, ими-жимида, яқин қариндошлар иштирокида амалга оширилган…» қабилидаги эътирозларга сабаб бўлиб келмоқда.
«Yoshlar» телеканалида бундан бир неча йиллар аввал анча машҳур бўлган ва ҳозирда вақти-вақти билан такроран намойиш этиб туриладиган «Наво шоу»да ҳам рус телешоуси «Угадай мелодию»дан нусха кўчирилгани ҳеч кимга сир эмас. 1995 йилдан буён Вальдис Пельш бошловчилигида эфирга чиқаётган кўрсатувга нафақат актёрлар, шоу-бизнес намояндалари, балки оддий фуқаролар ҳам таклиф этилиб, қатнашчилар бирон бир ашуланинг қисқача фрагментини эшитиб, уни топишлари лозим. «Наво шоу»нинг «Угадай мелодию»дан кичик фарқи, унга асосан хонандалар, телебошловчилар ва актёрларнинг таклиф этилишидир.
Афсуски, телеканалларимиз орқали эфирга узатилаётган янги реалити ёки ток шоуларнинг бошқалари ҳам оригиналлиги билан ажралиб турмайди. 2020 йили «Юксалиш» умумиллий ҳаракати томонидан ўзбекистонликлар ўртасида энг юқори рейтингга эга телеканалларни аниқлаш бўйича социологик сўровнома ўтказилган эди. Сўровнома натижасига кўра, қатнашчиларнинг 44,5 % миллий телеканалларни кўришларини айтишган. Шу билан биргаликда, 12,5 % қатнашчи телеканалларда оригинал кўнгилочар дастурлар ва ток шоулар, 12,4 % эса реалити-шоулар етишмаслигини қайд этган.
Албатта, бугунги кунда сифатли телекўрсатув, ток шоу, реалити шоуларни телетомошабинларга тақдим этиш учун ижодкорларнинг ўз йўналишлари, оригинал ғоялари бўлиши лозим. Фақат кўпроқ аудитория йиғишга ҳаракат қилиб, хориж телеканалларидан кўчирмакашлик билан шуғулланиш нафақат мазкур телеканалнинг, балки Ўзбекистоннинг имижига ҳам салбий таъсир қилишини наҳотки телеижодкорлар тушуниб етмаса?
Зеро, плагиат деб, бировнинг асарини кўчириб, ўзиники қилиб олишга айтилади. Бундай ўғрилик муаллиф ижозатисиз илмий, адабий, мусиқий ёки бадиий асарни ўз номидан тўла ёки қисман чиқариш, кашфиёт ёки ихтирочилик таклифларини ўзиники қилиб олишда кўзга ташланади. Айбдор ҳаракатининг ижтимоий хавфлилик даражасига қараб, фуқаролик ёки жиноий тартибда жавобгарликка тортилади, ҳақиқий муаллифнинг ҳуқуқи тикланади. Ўзбекистон Республикасининг «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида»ги қонунининг «Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш усуллари» деб номланган 65-моддасида муаллиф, турдош ҳуқуқлар эгаси ёки мутлақ ҳуқуқларнинг бошқа эгаси ҳуқуқбузардан зарарлар етказилиши фактидан қатъи назар, ҳуқуқбузарликнинг хусусияти ва ҳуқуқбузарнинг айби даражасидан келиб чиқиб, иш муомаласи одатларини ҳисобга олган ҳолда зарар қопланиши ўрнига базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан минг бараваригача миқдорда тўланиши лозим бўлган товонни тўлашини талаб қилишга ҳақли.
Шунингдек, маълумотларга кўра, Ўзбекистоннинг Бутунжаҳон савдо ташкилотига аъзолик йўлидаги асосий тўсиқлардан бири мамлакатимизда муаллифлик ҳуқуқига риоя этиш борасидаги ишларнинг жуда ночор аҳволда экани билан ҳам боғлиқ. Демак, муаллифи ёки ҳуқуқ эгасининг рухсатисиз бадиий асарларни таржима қилиш, мусиқаларни ёки кўрсатувлар, кинолар, сериаллар ғояларини очиқчасига ўзлаштириш хорижда давлатимиз ҳақида у қадар ҳам ижобий фикрлар шаклланишига хизмат қилмайди.