No menu items!
More
    ДомойТасмаЖурналистлар дунёда содир бўлаётган воқеалар учун қанчалар масъул? Медиаюрист билан интервью

    Журналистлар дунёда содир бўлаётган воқеалар учун қанчалар масъул? Медиаюрист билан интервью

    Жуда кўп ҳаракат қилинганда ҳам ҳеч қандай натижа бўлмаса, қандай йўл тутиш керак, зиддиятли-нозик мавзуларни қандай ёритиш керак, журналистлар дунёда ёки маълум бир мамлакатда содир бўлаётган воқеалар учун қанчалик масъул, шу ва шу каби бошқа масалаларда Бутунжаҳон матбуот эркинлиги куни арафасида “Янги репортёр” сайти медиаюрист, Ўзбекистон журналистлар уюшмаси жамоатчилик кенгаши раиси Карим Баҳриев билан суҳбатлашди.

    Карим Бахриев. Сурат шахсий архивдан

    Журналистлар дунёда ёки бирон-бир мамлакатда содир бўлаётган воқеалар учун қанчалик масъул?

    Оммавий ахборот воситалари тўртинчи ҳокимият ва журналистлар ана шу ҳокимият вакиллари, деган реал ва асосли тезисга кўра, журналистларга маълум бир масъулият юкланади, албатта. Ўзбекистон Конституциясининг алоҳида боби оммавий ахборот воситалари фаолиятига бағишланган бўлиб, бу конституциявий институтдир.

    Aгар улар бу кучдан қандай фойдаланаётгани ва вазиятга қанчалик таъсир кўрсатаётгани ҳақида гапирадиган бўлсак, бу борада муаммолар бор. Ўзбекистонда давлатга қарашли ҳамда хусусий оммавий ахборот воситалари мавжуд, аммо жамоатчилик медиаси йўқ. Давлатга қарашли ОАВ амалдорлар манфаатига хизмат қилади, хусусий оммавий ахборот воситалари эса ўз эгаларининг манфаатларини ифодалайди. Бизга жамият томонидан қўллаб-қувватланадиган, жамият олдида ҳисоб берадиган оммавий ахборот воситалари керак. Aлбатта, ахлоқ кодексларида журналистнинг ижтимоий масъулияти ўз ифодасини топган. Афсуски, бу ҳозирча фақат декларациядангина иборат бўлиб қолмоқда.

    Рўй бериши мумкин бўлган воқеаларда журналистларнинг масъулияти қандай деб ўйлайсиз?

    Ҳозирча журналистлар анча эҳтиёткор ва ҳар бир баҳсли воқеа ёки ҳодиса ҳақида гапиришдан аввал ТИВ ёки давлат раҳбарининг муносабатини кутиб туришади. Таҳририятларда оператив таҳлил, экспертлар жамоаси йўқ.

    Ижтимоий тармоқлар ва баъзи мустақил сайтлардаги вазият бироз ўзгача. Улар ва баъзи блогерлар мустақил фикр билдиришга ҳаракат қилишмоқда. Aммо улар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан «суҳбатлашиш» ҳамда «материалларни олиб ташлаш»га  ва ҳатто баъзида бундан-да жиддийроқ оқибатларга олиб келадиган доимий муаммоларга дуч келишади. Шунга қарамай, бу касбни танлаганлар уларни кутиб турган қийинчилик ва муаммоларга қарамасдан, содир бўлаётган ва содир бўлиши мумкин бўлган воқеаларга жавобгарликни ҳис қилиб яшашлари керак.

    Ана шундай бир вазиятда журналистлар, хусусан сиз нималар қила олишингиз мумкин?

    Ҳозирги шароитда ҳам, аслида, ҳар доим ҳам журналистлар ишончли ахборотни тақдим этиши, фейкларга қарши курашиши, манбалар билан ишлаши, турли нуқтаи назарларни ифода этиши, ахлоқ-одоб нуқтаи назаридан умуминсоний қадриятларга, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига амал қилиши шарт.

    Aгар жуда кўп ҳаракат қилинганда ҳам ҳеч қандай натижа бўлмаса, нима қилиш керак? Ожизлик ва унинг ортидан келадиган касбий лоқайдликни шахсан сиз қандай енгиб ўтасиз?

    Мен вазиятни қайта кўриб чиқишни, барча ҳаракатлар ва ечимларни баҳолаб, ишлашни давом эттиришни таклиф қилардим. ОАВ ўз ишини бажариши, ўз виждони олдида тоза бўлиши ва ҳар қандай вазиятда қўлидан келган ишни қилиши керак. Агар  натижа уларгагина боғлиқ бўлмаса, кўнглингизни чўктирманг! Мен яшаш ва ишлашда давом этаман.

    Ўз нуқтаи назарини билдирган манба нохолис бўлса ҳам, журналист ундан иккинчи нуқтаи назар сифатида фойдаланиши мумкинми?

    Назаримда, нохолис нуқтаи назарни ҳам бериш керак, агар тарафкашлик яққол сезилиб турса, бу ҳақда ҳам ёзиш ва гапириш керак.

    Марказий Осиёдаги медианинг ташқи омилларга эмас, балки ўзи билан боғлиқ энг заиф томони нимада?

    Назаримда, бу касбий бирдамликнинг йўқлиги ёки жуда заифлигидир. Биз ўз материалларимиз ёки кўрсатувларимизда турли нуқтаи назарларни ифода этишимиз мумкин (зеро, биз медиа ҳамда ғоялар бозорида рақобатчилармиз), лекин сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият ҳақида сўз борганда, унинг самарадорлиги ва қобилиятига таҳдидлар кучайганда, журналистлар бирлашиши, касб шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиши керак.

    Битта ОAВ ёки мард журналистга босим бошланса, бошқалар у ёқда турсин, ўз таҳририяти ҳам ҳимоя қилмайди. Блогосферада ҳамкасбларни ҳимоя қилишга интилиш заиф бўлса-да, кўзга ташланади. Жамоатчилик босими остида бир қатор блогерлар ва медиа экспертлари ҳибсдан озод қилинган ҳолатлар кўпчиликка маълум.

    Журналистлар уюшмалари кучсиз ва ўзини ўзи бошқариш тизимлари ҳам ривожланмаган, бунинг натижасида оммавий ахборот воситалари фаолиятини тартибга солиш ва масъулият масалаларини ҳал этиш кўп ҳолларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тизимлар қўлига ўтиб қолаётир.

    Таҳририят ўзи қарши бўлган қадриятларни омма олдида қўллаб-қувватлаётган шахсдан ижобий қаҳрамон сифатида фойдаланиши мумкинми?

    Тасаввур қилиш қийин бўлган савол! Билмасам, агар таҳририят нормал ва умуминсоний қадриятларга, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсизлигига асосланган қадриятлар тарафида бўлса, ушбу қадриятларга қарши бўлган шахсдан ҳеч қачон ижобий қаҳрамон ясамайди. Aгар бу образ ҳақиқатан ижобий чиқса, демак, таҳририят бутунлай ўзгача қадриятларга эга.

    Aгар рўй бераётган воқеаларга қутблашган  қарашлар билдирилаётган бўлса, ана шундай зиддиятли мавзуларни қандай ёритиш керак?

    Менга қолса, инсон ҳуқуқ ва манфаатларидан келиб чиқиш, яъни инсонга, вазиятнинг жабрдийдаларига зарар етказмаслик керакдек туюлади. Aлбатта, сохта ватанпарварлик, тарафкашлик, очиқдан-очиқ ташвиқот бор, лекин нормал оммавий ахборот воситалари воқеа-ҳодисаларни ҳамиша ижтимоий масъулият ва касбий этикадан келиб чиқиб ёритади.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read