“Миллий ТВ” телеканалида кенг аудиторияга эга “Зарб” ток-шоусининг “Эр нимага керак? мавзусида эфирга узатилган сонида психолог Наргиза Сатторованинг ижтимоий тармоқларда шов-шувга сабаб бўлган саволи асосий муҳокама мавзусига айланган.
Мазкур ток-шоунинг сўнггида экспертлар тарбияни қизлар уйида олиб, маслаҳатни психологдан эмас, отасидан олиш зарурлигини таъкидлашди. Бу кўрсатувда ҳам “қарс икки қўлдан чиқади” дея, эркак ва аёлнинг оилада, жамиятдаги ролларини аниқлаштиришга ҳаракат қилишади. Аммо бошловчилар, кўрсатув меҳмонлар ҳам мавжуд стереотиплардан чиқиб кета олишмаган. Кўрсатувни кўрган зиёли одамнинг энсаси қотиши аниқ. Чунки унда ҳаммага маълум оиладаги эрнинг ва аёлнинг вазифалари санаб ўтилади. Гендер тенглиги бўйича эсперт, медиатренер Нигор Шодибегим Фейсбукдаги ўз саҳифасида мазкур кўрсатувдан нима олиш мумкин, деган саволни беради: “Қачонгача мавзуга чаласаводларча ёндашган журналистлар, номаълум соҳадаги «экспертлар» иштирокида бундай мавзуларнинг ёритилишига йўл қўямиз? Оилани сақлаб қолишнинг тўғри йўли қолиб, эгри нарсаларга осиламиз? Ахир 10 йилдан бери шу кўрсатувдаги ёлғончи опалару, акаларнинг гапини эшитиб келяпмиз. Аммо ажримлар сони 5 йилгидан 2 баробар ошган. Эр хам керак, хотин хам керак. Бу – биз ўйлаб топган янгилик эмас. Аммо нега улар бир-биридан воз кечишяпти?… Бошланғич синфдан то битирувгача маърифат дарслари, оила дарслари ўтилади, оила институти, оила вазирлиги тузилган, маҳаллаларда, мактаб ва ўқув юртларида психологлар ёрдами ташкиллаштирилган. Халқнинг қанча пули, вақти оиладаги ажралишларга барҳам беришга қаратилган. Бу масалани ечиш шунчалик осон бўлса, нега камаймаяпти? Нега оилавий зўравонлик бўйича қонун қабул қилинган бўлса ҳам, оилавий зўравонлик, эркаклар ва аёллар ўртасида суицид, чақалоқлар ўлими, аёл-қизлар томонидан жиноятлар кўпайиб бормоқда? Нега кўпхотинлик ҳақида гапирмаймиз? Нега миграциянинг оилага таъсирини ўрганмаймиз? Нега фоҳишалар ёшининг ва сонининг кўпайиши ҳақида гапирмаймиз? Нега бепуштлик (аёл ё эркак) сабаблари ҳақида гапирмаймиз? Нега аёллар ишсизлиги ҳақида гапирмаймиз? Ҳаммадан ачинарлиси, чаласавод журналисту, ўзини гендер ва бошқа деб номлаган «билимдон» экспертлар халқни алдаяпти. Диққат билан ўрганиладиган масаладан, назаримизни четга суряпти”. Журналист Барно Султонова медиадаги гендер стереотипларига ўз фикрини билдирган: “Киноларимизда, сериалларимизда, новелла-ю, оталар сўзида, клипларда нега келинлар бир хил ракурсда олинади? Ё идиш-товоқ юваётган, ё ҳовли супураётган, ё чанг артаётган, ё овқат қилаётган, ё бола қараётган бўлади. Ўзбек келинлари тўқиш тўқимайдими, сурат чизмайдими, китоб ўқимайдими, илмий иш қилмайдими, фарзанди билан ўйин ўйнамайдими, фарзандининг саволларига жавоб бермайдими? Нега шунақа ракурсдан олмайсизлар ўзбек аёл-қизларини. Губернатор қайнона, ёр-ёр, супер қайнонами, келинми, деган кўрсатувлар ўрнига олима келин, талаба келин, кашфиётчи келин, кўп китоб ўқиган келин, кучли она, олий маълумотли она, деган кўрсатув қилсаларингиз, аёллар қулликдан, чўриликдан, хизматкорликдан балки юксалишга ҳаракат қилармиди? Тўғри, бундай кўрсатувлар рейтингингизни оширмайди, аммо одамлар қолипли фикрлашдан аста-секинлик билан воз кеча бошлайди. Олий маълумот олишга, китоб ўқишга қизиқадиган қизлар кўпаяди…”
Кўрсатувлар орқали тарғиб қлинаётган гендер стереотипларини босма ва интернет ОАВда ҳам кўриш мумкин. Аксарият ҳолатда гендер стереотиплари кўпроқ қайнона-келин муносабатларида ўз аксини топади. Буни билиб-билмай мақола муаллифларининг ўзлари ҳам тарғиб қилишади. Масалан, surxonmuslim.uz сайтида берилган “Қайнона-келин муносабатлари” сарлавҳали мақолада қуйидаги мисралар бор: “Янги оила қурган куёв хотинини ортиқча эркалатиб юбормай, турмуш синоатларига тайёрлаб борса, хотиннинг энг асосий бурчи эрга итоат эканини етказа олса, орада уруш-жанжаллар келиб чиқмаган бўлар, икки ёшнинг бахти завол топмас эди”. Насиҳат тарзида ёзилган мазкур материалда оилада ўзаро ҳурмат, эр-хотин бир-бирини қўллаб-қувватлашга эмас, балки бир томоннинг иккинчи томонга итоаткор бўлишга чақирилади.
Мақолаларда “Келиннинг вазифаси қайнона ва бошка оила аъзоларидан аразламаслиги, гап қайтармаслиги ва эрининг уйидаги гап-сўзларини ота-онасиникига ташимаслиги зарур” (Зарифа Исмоилова. Қайнона ва келин муносабатлари. http://kun-uz.com/crp/Kajnona-va-kelin-munosabatlari_crp/) Қайнона-келин мавзуси ОАВ, ижтимоий тармоқларда доимо “трендда”. Аммо ушбу мавзу қанчалик кўтарилмасин, афсуски, унда фақат “келиннинг итоаткорлиги, бўйсуниши кераклиги” ҳақида сўз юритилиб, оиладаги ўзаро ҳурмат, эр-хотин жамиятда ўз ўрнини топиши учун бир-бирларини қўллаб-қувватлашлари ҳақида сўз юритилмайди. Аслида бугун балоғат ёшига етган қизлар давлатнинг хотин-қизлар бобидаги сиёсатини, мамлакатнинг хотин-қизларни камситишлардан ҳимояловчи қонунларини билиш зарур. Хотин-қизлар онгида аёлнинг роли тўғрисидаги анъаналар билан жойлаб қўйилган тасаввурлар устунлиги уларнинг ривожланишига йўл қўймайди. Аёллар мавзуи билан боғлиқ кўрсатув, мақола, эшиттиришларда ижтимоий мавзулар эмас, балки панд-насиҳат, ахлоқ масалалари, хотин-қизлар тарбияси ва хулқ-атвори масалалари устунлик қилади. Жамиятнинг аёллардан иборат қисми олдида турган қашшоқлик, ишсизлик, жинсига кўра камситиш ва ниҳоят, аёлларга зулм ўтказиш сингари алоҳида ижтимоий ва иқтисодий муаммолар, қатор мақолаларнинг мавзуси бўлса-да, у ёки бу ҳодисалар билан қандайдир боғлиқлиги нуқтаи назаридангина кўриб чиқилади. Аёллар ҳақида ёзаётган эркакларнинг кўпчилиги ўзини ҳамда болаларини таъминлаб тургани, ўзига хотин бўлгани учунгина миннатдор бўлишади. Уларнинг назарида, аёл бор-йўғи яхши бека, итоатгўй, гўзал, камтар ва мулойим бўлиши лозимлигини айтишади. Аёл гўзаллиги ва фидойилиги ҳақида кўп гапирилади, мақолаларда, китобларда, радио ва телевидениедаги чиқишларда аёл эркакка ёқиши учун қанақа бўлиши зарурлигига кўп эътибор берилади. Мақолалардан аёлнинг хулқ-атворинигина эмас, унинг либосини ҳам назоратга олиш истагини сезиш мумкин. Мақола муаллифлари “мулойим ва сипо” ўзбек аёли шим, калта юбка кийиши керак эмас, деб ҳисоблашади. Иқтисодий мустақиллик, захиралардан баҳраманд бўлиш масалалари ўзбек тилидаги матбуотда деярли ёритилмайди. Аёлларнинг сиёсий ҳаётдаги иштироки масалалари ҳам оммавий ахборот воситалари эътиборидан четда қолиб келмоқда. Масс-медиа маҳсулотларида гендер тенгсизлик тарғиботи аудитория онгига қисман эмас, тўлиқ сингади. Агар хотин-қизлар маълум муваффақиятга эришган, зиёли, тажрибали инсон образида кўпроқ кўрсатилса, одамлар хотин-қизларни тенг ҳуқуқли шахс, деб қабул қилишни бошлашади. Одамлар онгига гендер тенгсизлик тарғиб қилинаверса, оилада зўравонликлар кўпайса кўпаядики, асло камаймайди.
Гендер стереотипларини бартараф этишда гендер сезувчанлик Медиа ва ахборот саводхонлиги (МАС) доирасида журналистларни тайёрлаш ва малакасини ошириш муҳим аҳамиятга эга. Чунки айнан ОАВ контентида гендер тенгсизлик, эскича қарашлар ёки камситиш аломатлари борлиги журналистларнинг зарур тайёргарликка эга эмаслиги белгиси ҳисобланади. ЮНЕСКО мутахассислари ва медиа экспертлари томонидан масс-медиа учун гендер сезувчан индикаторлари ишлаб чиқилган, уларнинг мақсади фойдаланиладиган технологиялардан қатъи назар, “барча турдаги оммавий ахборот воситалари орқали гендер тенгликка кўмаклашиш ҳамда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш”дан иборат. Бундай воситаларни билмаслик шунга олиб келадики, кўпинча матбуотда, ТВ, радио, интернет, медиада, шунингдек, рекламада гендер стереотипларига эга контентлар учрайди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда фаолият юритаётган журналистларнинг аксарияти аёллардир. Аммо уларнинг кўпчилиги асосан жамиятда ва оилада аёлларнинг ўзларини тутишлари, гўзаллик, пазандачилик мавзулари ҳақида қалам тебратишади. Қотип қолган стереотиплар халқасидан чиқиб кета олмай, оиладаги зўравонлик ва тазйиқ ҳолатларини аёлнинг тарбиясизлиги ва оилавий ҳаётга тайёр эмаслиги билан боғлашади. Бироқ оилавий ҳаёт масалаларида эркак ва аёллар учун бир хил ҳуқуқ ва бурчлар ўрнатилиши зарур. Бунинг учун медиада аёллар масалалари, феминизм ҳамда гендер таълимотини назарий жиҳатдан ўзлаштирган, уни амалга татбиқ этиш усулларини яхши билган журналист кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлашга эътибор қаратиш, гендер сезувчанлиги масаласи ҳаққоний воқеликни акс эттириш ва медиасаводхонликни шакллантириш зарур. Журналистлар у ёки бу мавзуни ёритишда вазиятни маълум гендер индикаторлар призмаси орқали таҳлил қила билиши керак. Зеро, замонавий журналистиканинг вазифаси гендер стереотипларини жамоатчилик онгига сингдириш эмас, балки уларни бузишдан иборат.