No menu items!
More
    ДомойМедиа танқидГазета ва журналлар керакми?

    Газета ва журналлар керакми?

    Бутун дунёда, хусусан МДҲ давлатларида босма нашрлар аста-секин ўз ўрнини Интернет нашрлари ва ижтимоий тармоқларга бўшатиб бераётган бир пайтда, ўзбек медиа-сегментида босма нашрлар керакми ёки керак эмас, деган тортишувлар давом этяпти. Бир қарашда, баҳслашаётган икки томоннинг фикрларида ҳам жон бордек. Босма нашрлар келгуси фаолиятига қаршиларнинг фикрича, матбуот ўқувчини қизиқтира оладиган форматга ҳеч қачон ўта олмайди. Бу фикрга қаршиларнинг таъкидлашича, босма нашрларнинг интиҳоси жамиятда чаласаводликнинг, фикрсизликнинг, маърифатсизликнинг ибтидоси бўлади.  Шуҳрат Бутунбоевнинг қуйидаги мақоласи айнан шу тортишув ҳақида.

    28 октябрь куни rost24.uz сайти томонидан ўтказилган сўровнома «СЎРОВНОМА: «Газеталарни ўқимайман — ёлғонларнинг нимасини ўқишим керак?» сарлавҳаси  остида эълон қилинди. Сўровномада кўплаб юртдошларимиз қатори матбуотга алоқадор инсонларнинг ҳам фикри олинди. Шу йўналишда ишлаётган ва газета ўқишини айтганлар охирги ўқиган мақолаларини эслай олмаган бўлсалар, аҳоли газета ўқимаслигини, бунга сабаб қилиб:

    •  ёлғон ёзади;
    • олди-қочди гаплар бўлиб кетган;
    • бачканалик кўпайган;
    • дунёқараши тор;
    • зерикарли;
    • аввалги газеталар яхши эди;
    • таҳлилий-танқидий мақолалар кам;
    • ҳамма маълумот интернетда бор;
    • вақтим йўқ

    каби фикрларни билдирди. Юртдошларимиз орасида газета ўқийдиган инсонлар ҳам газетани касбий эҳтиёжларидан келиб чиқиб ўқишини айтган.

    Ушбу сўровнома ижтимоий тармоқларда кескин муҳокамаларга сабаб бўлди. Шунингдек, «Жиззах овози» газетасининг 29 октябрь сонида   журналистларнинг бу борадаги қарашлари эълон қилинди.  Мазкур газетада таниқли журналист Ҳусан Эрматовнинг «Газетага баҳо берувчилар. Нимага бунақасиз?» деб номланган мақоласида таъкидланишича, «Бугун одамлар газета ўқимаяпти. Тўғри гап — ўқимаяпти. Улар ҳозир телевизор ҳам кўраётгани йўқ, биронта сайтниям ёлчитиб қараётгани йўқ. Ишонинг, телеграмда берилаётган олди-қочди ва шантажларга муккасидан кетган бир қавм қолди, холос, уларни ура-урачиларми, ёппаталар оломонми, деб атаса тўғри бўлади». Муаллиф ўз фикрини давом этирар экан, «Аммо негадир газеталар ҳақида баҳо берувчилар кўпайди» дейди ва киноя билан «шу газеталарни бирданига ёпсак, қутуламизми? Мақсад нима ўзи?» дейди.

    «Тахминларга кўра, 3 минг одам ё бор ё йўқ босма нашрларда… Келиб қолган жойи шу! Аммо битта аччиқ ҳақиқат ва рост гап шу: Биз ОАВнинг баъзи «новатор» форматларидаги шантажчилар каби нафсимиз билан виждонимизни битта қилиб улгурмадик, Аллоҳга шукур. Биз ҳали ҳар бир ёзаётган гапимизни ўйлаб ва текшириб беришни унутганимиз йўқ, алҳол, бугун баъзи сохта ахборотлару ва бемаъни ҳамда мантиқсиз лайклар тўплаб бир тийинга қиммат «обрў» топаётганларга тенглашиб пастлашмадик. Энг қизиғи, биз ўз ҳамкасбларимизга хиёнат ҳам қилмадик, биз уларнинг саводсизлиги, баъзи замона бойларининг малайларига айланиб кетганликлари, фалон-фисмадончиларнинг обрўсини тўкиш, юзига лой чаплаш, ёмонотлиқ қилиш лойиҳаларига «бош қўшмадик», қўшмаймиз ҳам! Тўғри, бизда, яъни босма нашрларда «бирлик» йўқ, аслида ўшандай «бирлик» керак ҳам эмасдир балки. Чунки бизнинг ҳар биримизнинг ўз фикримиз бор, ҳаммамиз бирваракайига бир хил гапиришни ўзимизга эп кўрмаймиз. Илтимос, оғайнилар, битта кемадамиз, бир-биримизга лой чаплашни бас қилайлик, газета ва журналларда аслида бир қадар ёши катта авлод қолди, улар шу жамиятнинг бузилмайдиган вакиллари, майли, улар сиз каби илғор эмасдир, нетни сизчалик тушунмас, лекин улар ҳам бегона одамлар эмас, улар шу миллатнинг фидойи одамлари, ишонинг, бир кун шуларни ҳам излаб қоласиз, чунки бу кетишда жамиятимизда саводлилар жудаям анқонинг уруғига айлана боради» дейилади Ҳусан Эрматовнинг мақоласида.

    «Жиззах овози» газетасининг шу кунги сонида Шарофиддин Тўлагановнинг «Масалан, дейлик, томошабин маданияти» деб номланган мақоласи   ҳам rost24.uz сайти ўтказган сўровномага муносабат бўлди, дейиш мумкин.   Унинг фикрича, «телевизор кўрмасликдан, газета ўқимасликдан, китоб ўқимасликдан фахрланадиган авлод пайдо бўлгандек».

    Шарофиддин Тўлагановнинг ёзишича, сўнги вақтларда газеталарда жонланиш бор. Ақл кўзи билан ўқисангиз, «Янги Ўзбекистон»дан ҳам, касаба уюшмаси-ю, партияларнинг газеталаридан ҳам бирор нима оласиз. «Тўғри, иккита муаммо бор. Биринчиси – газеталар таннархи қимматга тушаётгани, иккинчиси – етказиб бериш билан боғлиқ муаммо. «Матбуот тарқатувчи» ва «Ўзбекистон почтаси» ўзига юклатилган вазифага совуққонлик билан қараётгани сир эмас.

    Келажагимиз барибир маърифатда. Маърифатга эса матбуот орқали эришилади. Китоб, газета ўқишдан уялишимиз керак эмас», дейилади «Жиззах овози» газетасидаги мақолада. «Тўғри, газеталар ахборот етказишда интернетдан орқада. Бунга даъвогарлик ҳам қилишмаяпти. Аммо халқимизнинг маънавиятли, маърифатли бўлишида, сўзсиз, босма матбуотнинг ўрни беқиёс» дея хулоса қилади Шарофиддин Тўлаганов.

    Газета мавзуси 31 октябрь куни «Тошкент» телеканалининг «Гап чиқди» дастурида ҳам кўтарилди. Бу дастурда ҳам худди rost24.uz сайти каби шошма-шошарлик кўзга ташлаган. Мавжуд вазият яхши ўрганилмаган. Соҳада фаолият юритувчи ва муаммони яхши биладиган журналистлар деярли жалб қилинмаган. «Тошкент» телеканалининг «Гап чиқди» дастурида гап асосан «Газеталарни қандай қилиб асраб қолиш мумкин?» деган савол ўртага ташланди. Аммо кўрсатувга соҳани тушунмайдиган, мавжуд муаммоларга ақли етмайдиган инсонлар жалб қилинган.

    «Тошкент» телеканали ҳам, rost24.uz ҳам шов-шув ва пиар ортидан қувганликлари кўзга ташланиб қолган. Журналист этикаси бузилган. Сайтда ҳам, теледастурда ҳам очиқдан-очиқ газеталарга қарши кайфият мавжуд. Иккинчи томоннинг фикри чуқур ўрганилмаган. Тўғри, теледастурда вазият изга тушиб кетди. Аммо, дастурда босма нашрда ишловчи атиги икки киши — «Қишлоқ ҳаёти» газетаси бош муҳаррири Чори Латипов (асоссиз босимлар туфайли кўрсатув ярмидан чиқиб кетди) ҳамда «Оила ва табиат» газетаси бош муҳаррири Ҳусниддин Бердиевнинг иштироки дастур ижодкорлари ўз олдига муаммони ҳал қилишни эмас, шунчаки шов-шув кўтаришни мақсад қилиб қўйганлигини кўрсатиб турибди.

    Муаммони чуқур ўрганмай туриб, газета мавзусини кўтариб чиқаётган журналистлар бир нарсани аниқ билишлари керак: «Газетларни йўқ қилиш замирида енгилтак ва мақтанчоқ бир авлод, она тилида бехато ёзолмайдиган жамиятда эса чаласавод тўда ҳукмронлиги авжига чиқиш хавфи бор», деб ёзди Қўчқор Норқобил ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида. Унинг фикрича, «Ахир газетхонлик китобхонлик кўникмасининг бош негизи-ку, ҳеч бўлмаса, она тилимизда бехато ёзишни ўргатади-ку. Бугун ижтимоий тармоқлар, турли телеграм ва ФБ гуруҳлардаги ёзишмаларни ўқиб, дод дейсан, киши. Хато, хато… Хато…»

    «Болалар нашрларини-ку, ўлдирдик, адабий нашрлар ҳам ўлим арафасида, умид билан жовдираб турибди. Ижтимоий-сиёсий юк олган газеталарнинг ҳам аҳволи танг. Муассислар ҳам сендан кўра бошқа ташвишим йўқми, деган кайфиятга бориб бўлишди. Шу кайфият жамиятда илдиз отишига айрим раҳбарларнинг, нашрлардан узоқ тўраваччаларнинг бир ёқлама фикрлаши сабаб бўлди. Ахир газета ва журнал китобхонлик кўникмасини шакллантирадиган энг муҳим манба. Маънавият илдизи», дея куйинади Қўчор Норқобил.

    Ўзбек зиёлиларининг фикрича, газета ва журналларни сақлаб қолиш керак. Йўқса, Қўчқор Норқобилнинг фикри билан айтадиган бўлсак, «авлод ичида китобдан, босма нашрдан узоқ, отаси ўлса онасини Интернетга эрга бериворишга тайёр бўлган гуруҳлар шаклланишига шарт-шароитлар яратилиши мумкин».

     

     

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read