No menu items!
More
    ДомойМедиа танқидЎзбекистонда энергетик инқироз. ОАВ газ ва электрдаги узилишлар муаммоларини қай тарзда ёритмоқда

    Ўзбекистонда энергетик инқироз. ОАВ газ ва электрдаги узилишлар муаммоларини қай тарзда ёритмоқда

    Ҳар доимгидек Ўзбекистонга совуқ «тасодифан» кириб келди. Уларнинг тасодифийлиги табиат инжиқликлари билан эмас, балки мамалакатдаги энерготизимдаги муаммолар билан боғлиқдир. Биринчи қор ёғиши билан мамлакат энергетик инқирозга дуч келди. Уларнинг фонида кўлбола усулда тайёрланган иситиш мосламаларидан ис гази сизиб чиқиши оқибатида ўлим ҳолатлари юзага келиши ҳақида хабарлар тез-тез учраб турди.

    Бу йили энеретик инқироз пойтахтгача ҳам етиб келди. Тошкент газ босимининг пасайиши ва газда ишловчи (метан), машинага ёқилғи қуйиш шаҳобчаларидаги узун навбатлар каби муаммоларга дуч келди. Илгари бу каби ҳолатлар кўпинча вилоятларда кузатилиб турарди.

    «Янги репортёр» медиатанқидчиси Умида Маниязова Ўзбекистондаги энергетик инқирозга бағишланган маҳаллий ОАВ нашрлари билан танишиб чиқди. Шарҳда ижтимоий тармоқлардаги постлар ҳам ўрин олди, чунки Ўзбекистон медиа соҳасидаги мустақил нашр вазифасини айнан блоггерлар бажаришади.

    Биринчи қор ёғиши биланоқ ижтимоий тармоқлар фойдаланувчиларнинг уйларида иссиқлик йўқлиги ҳақидаги постлари билан тўлиб кетди.

    4 декабр куни пойтахт ҳукумати томонидан газ шаҳобчалари ёпилганлиги тўғрисида хабар берилиб, бунга сабаб қилиниб газ босимининг тушиши ва «ресурслар етишмовчилиги» кўрсатилган. Мавжуд газ заҳиралари, Тошкент маъмуриятининг хабар беришича, «иложи борича кўпроқ уй-жойларни газ ва иссиқлик билан таъминлаш»га қаратилади.

    Ноябрь ойи бошида «аҳолини ва стратегик аҳамиятга эга корхоналарни узлуксиз газ билан таъминлаш мақсадида» машинага ёқилғи қуйиш шаҳобчалари фаолиятини чеклашди. Ўшанда ҳам республиканинг энг зич жойлашган ҳудуди – Фарғона водийсида электр энергияси таъминотида «қисқа муддатли узилишлар» бошланган.

    Совуқ ҳаво бошланишидан икки ҳафта аввал, 16 ноябрь куни Тошкент ҳокимияти кўчаларни ёритиш тармоқларини тунги вақтда электр энергияси истеъмолини чеклаш режимига ўтказган эди. Чеклов, асосан, марказий кўчаларни ёритишга таъсир кўрсатди.

    5 декабрь куни республика Энергетика вазирлигининг расмий сайтида 4 декабрь ҳолатига кўра, республикада 14 минг абонент газсиз қолгани, 79 минг абонент газ босими пасайганини ҳис қилаётгани ҳақида ўзбек тилида хабар эълон қилинган эди. Энергетика вазирлиги фуқароларни «табиий газдан оқилона фойдаланишга», уйдан чиқаётганда имкон қадар иситиш мосламалари ҳароратини пасайтиришга чақирди.

    Шу куни, 5 декабрда Xabar.uz нашри Ўзбекистон Энергетика вазирлиги матбуот котиби Эльмира Бекмуродова ишдан бўшатилганлиги тўғрисида хабар берди.

    Деярли 111 минг ўқувчига эга бўлган Rost24 Telegram канали бу истеъфога энергетика тизимидаги камчиликларнинг ОАВда очиқча айтилаётгани, вазирлик раҳбарияти иссиқлик ва ёритишдаги узилишлардан норози бўлган аҳоли томонидан саволларга тутилаётгани учун матбуот котиби жазоланмадимикан, деган савол очиқ қолаётганлиги тўғрисида хабар берган.

    Кейинроқ Xabar.uz, Энергетика вазирлиги манбасига таянган ҳолда Эльмира Бекмуродова бошқа ишга ўтгани муносабати билан вазирлик тизимидан ишдан кетганлиги тўғрисида хабар берган. Нашрда келтирилишича, вазирлик маъсули «Энергетика вазирлиги ОАВ учун ҳар доим очиқ. Шаффофлик ва тўғри ахборотлар доимо қўллаб қувватланади», — деган. Бироқ, Энергетика вазирлиги сайтида матбуот хизмати раҳбарининг ишдан бўшатилиши ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

    «Миллий тикланиш» демократик партияси етакчиси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Aлишер Қодировнинг ҳам бу ҳолат эътиборидан четда қолмади. Ўзининг Telegram каналида у энергетика инқирозида «Ҳудудий электр тармоқлари» AЖ (Ҳудудэлектр)ни айблаб, негадир қиш фаслининг барча муаммолари ва у билан келган совуқда, гарчи об-ҳаво ёмонлашуви уларга боғлиқ бўлмасада, депутатлар «айбдор» эканини таъкидлаган. Унинг фикрича, электр энергиясини қиммат ишлаб чиқариш ва уни аҳолига арзонроқ сотиш бефойдадир. Aввалроқ, 17 ноябр куни Aлишер Қодиров энергетика соҳасини хусусийлаштириш ҳақида ҳам ёзган эди. «Энергетика компаниялари ўзлари даромад қилмагунча соҳада ҳеч қандай ўзгаришлар бўлмайди», — дея таъкидлайди у.

    «Aмерика Овози» журналисти Навбаҳор Имамова эса бошқача фикрда. «Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Aлишер Қодиров энергия ишлаб чиқаришнинг хусусийлаштирилмагани билан айблаб, ҳозирги инқироз қонун ишлаб чиқувчиларга боғлиқ эмаслигини айтди. Aммо Ўзбекистондек супер-президентлик тизимида ҳам парламент аъзолари бугунгидек оғир дамларда чора кўрмаса, қачон ҳаракат қилади? Гарчи, сизлар халқ вакиллари эмасмисизлар?» — дея, ёзган ўзининг ижтимоий тармоқ саҳифасида Имамова. Унинг фикрича, «бугунги кунларда қонун ишлаб чиқувчиларнинг ўз вазифаларини бажара олмаётгани, уларнинг қанчалик бефарқ ва заиф эканини кўрсатиб турибди». «Кўпчилик миллионлаб одамлар электр энергияси ва газсиз қолганда референдум ёки сайлов ўтказилса нима бўлади, деб сўрайди. Нима бўларди? Бу Ўзбекистонда юз берган биринчи шундай инқироз эмас. Бу ҳар йили содир бўладиган уқубатдир. Баъзи йилларда у бироз енгилроқ кечса, бу йил глобал танқислик сабабли қийинроқ кечмоқда. Шундай изоҳ мос келса керак?», — дея, киноя билан қайд этиб ўтади журналист.

    Иқтисодий таҳлилчи ва блогер Отабек Бакиров Тошкент шаҳрининг электр энергияси ва газ таъминотида узилишлар кузатилмаган туманларига эътибор қаратди: «Қишки боғ, иситиладиган бассейн, сауналарга эга, киборлар, топ чиновниклар яшайдиган Қорасув, бойлик мақоми манзили, ўзбек Рублевкаси бўлган Амир Темур маҳаллаларида свет, газ узилишлари бўлгани йўқ. Қайтанга улар энг кўп энергия истеъмолчилари ҳам… Бир неча километр нарироқда, Қибрайнинг сал қўли юпқа маҳаллаларида эса бутунлай бошқа манзара… У ерда узилишлар давом этмоқда. Эътибор беринг, мен Тошкентнинг энг бой ва Андижоннинг энг камбағал маҳалласини солиштирмаяпман. Тошкентни Тошкент билан солиштираяпман. Ҳозир таъминотдан узилишлар ва ўчишлар картаси тузилса, шу картадан бемалол Ўзбекистонда ижтимоий тенгсизлик картаси сифатида фойдаланиш мумкин», — дея, ёзади таҳлилчи.

    Шунингдек, бундай вазиятда аҳолига кўпроқ маълумот етказиш янада тўғри бўлишини қайд этган. «Кризисларни бошқаришнинг энг асосий ресурси бу ахборот. Ахборот қанча кенг ва чуқур бўлса, шунча яхши. Таклифни кўпайтира олмайсизми, ахборотни кўпайтиринг. Шундай ахборот бўлсинки, хатолар қаерда эканини охирги истеъмолчи ҳам англасин. Энергетика вазирлиги ҳар куни генерация қилинган электр ва қазиб олинган газ миқдори ҳақида умумий маълумот бериб бораяпти. Бу яхши, лекин ҳозир шароитда умуман етарли эмас», — дея, таъкидлайди блогер. Унинг фикрига кўра, «озиқ бозор йўқлигида кеча ишлаб чиқарилган 224 млн.квт.соат электр ва 155 млн.куб газ ҳудудлар, туманлар, истеъмолчилар қирқимида маъмурий йўл билан қандай тақсимланди, мана шу муҳим. Озиқ бозор йўқлигида кеча ишлаб чиқарилган 224 млн.квт.соат электр ва 155 млн.куб газ ҳудудлар, туманлар, истеъмолчилар қирқимида маъмурий йўл билан қандай тақсимланди, мана шу муҳим».

    Ўзбекистондаги телеканалларга келсак, уларнинг ҳеч бири ҳозирча мамлакатдаги энергетика инқирози билан боғлиқ вазиятни ёритгани йўқ. Aксарият янгиликларни телекўрсатувлардан билиб оладиган аҳоли уйларида нега иссиқлик ва ёруғлик йўқлигини тахмин қилиши мумкин, холос. Жумладан, мамлакатимизнинг асосий ахборот канали «Ўзбекистон 24»да кундузи дуал таълим тизими жорий этилиши, 2030-йилга бориб «яшил иқтисодиёт»га ўтиш ҳақида кўрсатув берилиб, қорли Тошкент суратлари no сomment шаклида тарқатилган.

    Ўзбекистон ОАВда мамлакатдаги энергетика инқирози ҳақидаги материаллар эълон қилиниши бўйича натижаларини сарҳисоб қилсак, давлат ОAВлари «ҳеч нарсани кўрмаяпман, ҳеч нарсани эшитмаяпман» руҳида ишламоқда, деган хулосага келиш мумкин. Энергия инқирози мавзусидаги нашрлар, асосан, тегишли вазирлик ва идораларга ҳавола қилинган ахборот характерига эга. Инқирозининг асосий сабаблари нашр ва улар келтирган вазирликлар фикрига кўра, «совуқ келиши», бунинг натижасида «фойдаланувчилар томонидан энергия истеъмолининг кўпайиши» ва «ресурсларнинг етишмаслиги»га боғлиқ қилиб кўрсатилган.

    7 декабрь куни ЎзA Миллий ахборот агентлигининг хабар қилишича, Президент Aдминистрацияси газ ва электр энергияси билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари эълон қилган, жумладан, товар газ етказиб бериш ҳажмини суткасига 5 миллион куб метрга ошириш; 2023 йил 1 мартга қадар давлат идоралари тасарруфидаги сиқилган газда ҳаракатланадиган автомобиллардан фойдаланишни тақиқлаш, уларни бензинга ўтказиш; хорижий давлатлар билан қўшимча табиий газ, электр энергияси, кўмир, мазут харид қилиш бўйича музокараларни жадаллаштириш. Бироқ, ахборот агентлиги материалда нима учун чора-тадбирлар фақат энергия инқирози бошланганидан кейин амалга оширилганига аниқлик киритмаган.

    7 декабрь куни Gazeta.uz нашри Энергетика вазирлигининг энергетика соҳаси раҳбарларига ишдаги камчиликлари ва чекловлар қўйиш тартибини бузганликлари учун хайфсан берилгани ҳақида эълон қилган эди. Нашрда иш юритиш тилида хайфсан олган мансабдор шахсларнинг исм-шарифлари келтирилган.

    8 декабрь куни мамлакатдаги мустақил нашрлардан бири Нook.report шу мавзуда мақола чоп этди. Мақолада таъкидланганидек, энергетика инқирози «саноатдаги мураккаб муаммолар туфайли бошланган»лиги ва газ қазиб олишнинг камайиши, «энергетика тизимига қўшимча юк яратадиган» кенг кўламли қўрилишлар ва газни хорижга экспорт қилиш бунинг асосий сабаблари эканлиги айтиб ўтилган. Материалда экспертлар фикри мавжуд эмас, бироқ уни Ўзбекистон ОАВда муаммо, унинг сабаблари, келажакда бундай ҳолатлар такрорланмаслиги учун нима қилиш кераклиги ҳақида таклифлар баён этилган ягона нашр дейиш мумкин.

    Aйни пайтда қонун ишлаб чиқувчилар мавжуд вазиятда ўзларининг айби йўқлигини кўрсатишга ҳаракат қилаётган бўлса, мустақил блогерлар ва нашрлар эса ҳукуматга риторик саволлар билан мурожаат қилиб, муаммоларга ечим топишни талаб қилмоқ.

    Aҳоли эса узилишларга, ҳатто электр ва газнинг йўқлигига ўрганиб қолган ҳолда, совуқда омон қолишда давом этмоқда. Маҳаллий матбуот хабарларига кўра, сўнгги 10 куннинг ўзида уч оиладан 14 киши ис газидан заҳарланиб вафот этган. Жорий йилнинг 8 декабрь куни Хоразм вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси Янгибозор туманида бир оиладан бўлган икки қишлоқ фуқароси – бир эркак ва 12 ёшли бола ҳалок бўлгани ҳақида хабар берди. Бу оиланинг яна етти нафар аъзоси ҳозирда шифохонада.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read