No menu items!
More
    ДомойТасмаМедиаюристлар учун амалиёт: Ўзбекистонлик мутахассислар Остонада малака оширди

    Медиаюристлар учун амалиёт: Ўзбекистонлик мутахассислар Остонада малака оширди

    5-8 декабрь кунлари Қозоғистон пойтахтида ўзбекистонлик медиаюристлар учун амалиёт ўтказилди. Тўрт кун давомида мамлакатнинг энг яхши мутахассислари таклиф этилган меҳмонлар билан сўз эркинлигини ҳимоя қилиш борасидаги тажрибалари билан ўртоқлашди. Амалиёт Internews ва “Ҳуқуқий медиа марказ” жамоат фонди томонидан ташкил этилди.

    Амалиёт дастурида медиа ҳуқуқ ва қонунчилик соҳасидаги долзарб мавзулар, жумладан, сўз эркинлиги соҳасидаги халқаро стандартлар, журналистлар ва ОАВ муҳаррирларига ҳуқуқий маслаҳатлар берилди. Тренингда суд амалиёти ва стратегик суд ишларини юритиш, ташкил этиш ва журналистлар ҳуқуқлари бузилишини мониторинг қилиш масалалари ҳам кўриб чиқилди.

    Мутахассислар журналистларга нисбатан тез-тез учраб турадиган ҳуқуқбузарликларга, хусусан, туҳмат, маълумот беришдан бош тортиш, шахсий маълумотларни тарқатиш, журналистлар ва ОАВга таҳдид ва хуружлар ҳолатларига алоҳида эътибор қаратдилар.

    Маърузачилар сифатида турли ташкилотлардан экспертлар таклиф қилинди: “Одил сўз” сўз эркинлигини ҳимоя қилиш халқаро жамғармаси эксперти Галия Аженова, рақамли ҳуқуқ ва киберхавфсизлик бўйича эксперт гуруҳи аъзоси Елжан Кабишев, Марказий Осиё реклама ассоциацияси ижрочи директори Анна Тютькова. Шунингдек, меҳмонлар учун Ҳуқуқий медиа маркази вакиллари Диана Окремова ва Гулмира Биржанова ҳамда Internews ташкилотининг Қозоғистондаги медиа қонунчилик бўйича минтақавий маслаҳатчиси Ольга Диденко томонидан маҳорат дарслари ўтказилди.

    Амалиёт дастури анча тиғиз бўлди. Маъруза ва интерактив тадбирлардан ташқари меҳмонлар Қозоғистон Республикаси Ахборот ва ижтимоий ривожланиш вазирлиги ва Қозоғистон Республикаси Парламенти Мажилисига ташриф буюришди. Депутатлар Дмитрий Колода ва Игорь Панченко юристларни қонун ижодкорлиги жараёни ҳамда қўшма ва ялпи мажлислар заллари билан таништирдилар.

    “Давлат идоралари вакиллари билан учрашувлар қанчалик самарали ташкил этилганидан ҳайратдаман. Бизга кўплаб янги материаллар ва ҳолатлар ҳақида тушунчалар берилди, уларни мамлакатимиздаги фаолиятимиз давомида татбиқ этишга ҳаракат қиламиз”, – деди Тимур Садинов.

    Бундан ташқари, иштирокчилар “ҚазмедиаОрталығы” телемаркази ва Қозоғистон Республикаси Миллий музейига ташриф буюришди. Бу ерда меҳмонлар айрим суратга олиш майдончалари ва бир неча студия павильонларига ташриф буюришди ҳамда ўзларини телеюлдуз сифатида синаб кўриш имконига эга бўлишди. Шунингдек, Қозоғистоннинг маданий мероси билан танишишди.

    Меҳмонлар, шунингдек, Остонада фаолият олиб бораётган медиа юристлар ва журналистлар билан учрашдилар. Мезбонлар журналистларнинг касбий ҳуқуқлари ва ОАВ таҳририятлари манфаатини ҳимоя қилиш бўйича ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар.

    “Менга назариянинг давлат органларидаги учрашувлар билан уйғунлашгани ёқди, бу ерда биз тўғридан-тўғри вакиллардан маълумот олишимиз мумкин бўлди. Ташкилотчилик даражаси ҳар доимгидек энг юқори савияда, – деди Илҳом Ҳамидов ўз таассуротлари билан ўртоқлашар экан. – Мен бундай тадбирларда иложи борича кўпроқ минтақавий ҳуқуқшунослар иштирок этишини истардим”.

    Ушбу амалиёт АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали америка халқининг ёрдами билан амалга оширилди ва Internews томонидан USAID молиявий кўмагида бўлиб ўтаётган Марказий Осиё MediaCAMP дастури доирасида ўтказилди. “Ҳуқуқий медиа марказ” жамоатчилик фонди унинг мазмуни учун жавобгардир ва бу USAID, АҚШ ҳукумати ёки Internews позициясини акс эттирмайди.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read