No menu items!
More
    ДомойМедиа танқид“Фуқаро Лукашенко”, “Руссофобик талваса” ва бошқа иборалар: Ўзбекистон ОАВ турли тиллардаги версияларида...

    “Фуқаро Лукашенко”, “Руссофобик талваса” ва бошқа иборалар: Ўзбекистон ОАВ турли тиллардаги версияларида контент қандай ва нимаси билан фарқланади

    Ўзбекистонда ҳам Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларида бўлгани каби, рус ва миллий тилдаги журналистика умуман бошқа-бошқа дунёда мавжудга ўхшайди. Ўзбек тилидаги нашр чоп этган нарсаларни рус тилидаги нашрларда доим ҳам учратавермайсиз. Одатда, ўзбек тилидаги ОАВнинг риторикаси нисбатан дадилроқ ва кескинроқ.

    Медиатанқидчи Умида Маниязова турли тиллардаги нашрларнинг ҳам онлайн, ҳам офлайн версиялари ўқувчиларга бир хил маълумотни қандай тақдим этаётганини англаш учун Ўзбекистон ахборот маконидаги бу ҳолатларни таққослашга қарор қилди. Айниқса, Украинадаги урушга оид мавзуни.

    Уруш ҳақида суҳбатлар

    Бу бўшлиқ Украинадаги уруш фонида сезиларли тарзда кўзга ташланди. Ўзбек тилидаги ОАВ “уруш”, “босқин”, “ҳужум” ва “тажовуз” атамаларини дадил ишлатаётган бўлса, русийзабон нашрлар эса кўпинча Россия ОАВнинг риторикасини қўлламоқда ва “уруш” сўзи ўрнига “махсус ҳарбий операция” ёки “можаро” иборасидан фойдаланмоқда.

    Podrobno.uz ва Vesti.uz каби Ўзбекистондаги айрим русийзабон ОАВ Украинадаги уруш ва унга боғлиқ барча воқеаларни бутунлай эътиборсиз қолдирмоқда ёки ўзининг россияпараст позициясини очиқ ифода этмоқда.

    Масалан, Украина ва уруш ҳақидаги хабарларни одатда имкон қадар четлаб ўтувчи Podrobno.uz ўтган йилнинг март ойида ўзбекистонлик эксперт Бахтиёр Эргашевнинг Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов баёноти атрофидаги вазиятга изоҳини эълон қилган эди: унинг айтишича, “республика ДНР ва ЛНР мустақиллигини тан олмайди”. Шундан бўлсада, материалда эксперт ҳам, нашр ҳам Россия тан олинишига эришаётган, алоҳида “ўзини мустақил эълон қилган” республикалар мавжудлигини тасдиқлагандек ДПР/ЛПР атамаларидан қайта-қайта фойдаланади.

    Ўз навбатида, Vesti.uz ўқувчиларини украиналик “россиялик ватандошларга қарши репрессиялар” ва Украинадаги “ғарбпараст неонацизм”нинг кўринишлари ҳақида батафсил маълумот беради. Масалан, Ўзбекистон Монополияга қарши қўмитаси Россиянинг “Яндекс Такси” компаниясини мамлакат бозорида ҳукмронлик аломатлари бор-йўқлигини текширгани ҳақидаги хабар “ўзбек русофобларининг бурнига чертишди” сарлавҳаси остида тақдим этилиб, ўзбек такси ҳайдовчиларини “чаласаводлик”да ва Россияга нисбатан нафратда айблади.

    Бундан фарқли ўлароқ, Kun.uz ўзининг рус тилидаги версиясида “Украиналик фашистлар аёл ва бола бўлган машинага қарата ўқ узди” мазмунидаги Россия ТИВ томонидан тарқатилган фейк хабарнинг сохта эканини фош этувчи материални дадил чоп этди. Нашрнинг қайд этишича, фейк хабар биринчи навбатда Россия ТИВнинг расмий Twitter аккаунтида пайдо бўлган, бироқ фош қилинганидан кейин Россия ТИВ саҳифасидаги пост ўчириб ташланган. “Россияликлар Украина Қуролли Кучлари аскарларини янада қоралашга, уларни шафқатсиз ва ноадекват қилиб кўрсатишга, шунингдек, мусулмон жамияти вакиллари билан зиддият яратишга ҳаракат қилмоқда”, — дея нашрдан Украина Бош разведка бошқармасидан иқтибос келтиради.

    Kun.uz ўзбек тилидаги саҳифаси ўзининг рус тилидаги версиясига нисбатан “Қрим эйфорияси”, “тажовузкорлик”, “ҳужум” каби эпитетларни қўллаган ҳолда Украинадаги уруш ҳақидаги эксперт мулоҳазаларини дадилроқ чоп этган. Масалан, ўтган йилнинг 1 октябридаги материалда 2014 йилдан кейин Қрим Россия таркибига киргач, рус жамиятида “Қрим эйфорияси” ҳукм сургани, “бугунги кунда эса вазият бошқача” эканлиги қайд этилган. “Бугун ҳеч ким Россиянинг ҳарбий кучи ва ҳаракатларидан қўрқмайди. Буни очиқ айтиш керак. Чунки февраль ойида Россиянинг ҳарбий қудрати дунё қўрққан ва кутгандек кучли эмас эди. Путин ҳукмронлиги йилларида Россия армияси коррупция ботқоғига ботиб кетди”, — дейди сиёсатшунос Хуршид Ҳабиб нашрга берган интервьюсида. Kun.uz ўз сайтида интервьюнинг матнли ва тўлиқ видео вариантини эълон қилди.

    Kun.uz ҳар доим ҳам ҳар икки тилдаги материалларни такрорламайди, яъни ўзбек тилида чоп этилган нашрлар ҳар доим ҳам рус тилига ва аксинча таржима қилинавермайди. Шу билан бирга, ушбу ОАВ манба сифатида ҳам Ғарб, ҳам Украина, ҳам Россия нашрларига мурожаат қилади.

    Таъкидлаш керакки, Украинадаги вазиятни ёритиш бўйича медиаларнинг риторикаси Kun.uz нинг ҳам рус, ҳам ўзбек версияларида ўзгармаганини кузатиш мумкин. Шу тариқа, нашр 6 март куни ўзбек тилида “Европа Иттифоқи Украинага бўлган тажовуз бўйича тергов тафсилотларини эълон қилди” сарлавҳали мақола чоп этди. Материалда хабар қилинишича, Европа Комиссиясига кўра, “босқинчилик каби жиноятнинг далиллари” марказлаштирилган ва хавфсиз жойда сақланади.

    Gazeta.uz нинг ўзбек тилидаги версиясига келсак, нашр уруш бошланганининг биринчи кунидаёқ Украинада бўлаётган воқеаларни “босқин” деб атаган. Кейинги хабарларда медиа Украинадаги вазиятни “Россия босқини” деб аташда давом этиб, Ғарб етакчиларининг фикрларини эълон қилади. “Россия ҳар куни бегуноҳ украиналик аёллар, эркаклар ва болаларни ўлдиришда давом этмоқда, шаҳарлар ва фуқаролик объектларини ракета ёмғири билан “сийламоқда”. Россия ҳар куни ёлғон ва уйдирмаларни тарқатишда давом этмоқда”, — деб Европа дипломатияси раҳбари Хосеп Борелл сўзларидан иқтибос келтиради нашр.

    Нашрнинг русча версиясида Украинадаги вазиятга ишора қилиш учун кўпинча “уруш” атамаси қўлланилади ва бу ҳақдаги янгиликлар худди шу номдаги ҳештег остида жойлаштирилади. Гарчи яқинда нашр рус саҳифасида бир неча марта “уруш” сўзи ўрнига “можаро” атамасини қўллаган бўлса-да, рус ОАВдан иқтибосларни қўштирноқ ичидан ташқарида ишлатган. Масалан, “Россия сегодня” иқтибосида “Украинадаги можаро республикада Конституцияда мустаҳкамланган бетарафликка нисбатан “қадриятларнинг қайта баҳоланишига” сабаб бўлди”. Айрим ҳолларда нашр бошқа нашрларга ҳавола қилмасдан урушга ишора қилиш учун “можаро” сўзини ишлатиб, бу атамага атайлаб мурожаат қилади.

    Gazeta.uz деярли ҳар доим ўз контентини ҳар икки тилда такрорлайди, шу билан бирга Россия-Украина уруши ёки бошқа сиёсий воқеалар мавзусига мурожаат қилиш учун бир хил риторикага амал қилади.

    Шу билан бирга, Gazeta.uz бошқа ўзбек ОАВларидан фарқли ўлароқ, на матнда, на эксперт иқтибосларида “Путинпараст”, “Россияпараст”, “Кремлпараст” каби сўзлардан фойдаланмайди. Масалан, ўзбек тилидаги медиаларда тез-тез ишлатиб келинаётган “босқин” сўзи ушбу нашр томонидан 2022 йилнинг февралида, яъни урушнинг энг бошида бир-икки марта қўлланган. Кейинчалик медиалар бу сўзни ишлатишдан бош тортдилар: эҳтимол бу “Россия 24” телеканалида ўзбек нашрларини “русофобик истерия”да айблаган ва кескин танқиди билан боғлиқ бўлиши мумкин.

    Шу ўринда айтиш керакки, Ўзбекистондаги юқоридагиларга нисбатан энг жасоратли ОАВ Украинадаги вазият ҳақида кўплаб мақолалар чоп этувчи ўзбек тилидаги Azon.uz сайтидир. Нашр 24 март куни Ўзбекистондаги бошқа машҳур ОАВ бу ҳақда гапирмасликни маъқул кўрган бир пайтда Исландия парламенти Голодоморни Украина халқининг геноциди сифатида тан олгани ҳақида мақола эълон қилди. Бундан ташқари, ОАВда ижтимоий тармоқларда сиёсатшунос Камолиддин Раббимов, таниқли тадбиркор Зафар Ҳошимов каби ўзбекистонлик экспертларнинг Россиянинг Украинага бостириб киришини фаол ва кескин қоралаган шарҳ ва мақолалари мунтазам чоп этилмоқда.

    Фуқаро Лукашенко

    Ҳарбий мавзудан четга чиқиб, ўзбек тилидаги ОАВ сиёсий янгиликларни ёритишда қандай атамалардан фойдаланишига эътибор қаратадиган бўлсак, қизиқ бир тафсилотга гувоҳ бўламиз.

    Масалан, фақат ўзбек ва инглиз тилларида чоп этиладиган Qalampir.uz ўз материалларида Беларус президентини “фуқаро Александр Лукашенко” деб атаган.

    ТАЪКИДЛАЙМИЗКИ, БУ ҲЕЧ ҚАНДАЙ ХАТО ЭМАС ВА
    МУАЛЛИФЛАРНИНГ СИЁСИЙ САВОДСИЗЛИГИ ҲАМ ЭМАС: УЛАР ФАҚАТ ЛУКАШЕНКОНИ МАМЛАКАТ РАҲБАРИ СИФАТИДА ТАН ОЛМАГАН БЕЛАРУС МУХОЛИФАТИ НУҚТАИ НАЗАРИГА ҚЎШИЛАДИ
    ВА ОХИРГИ МАРТА ПРЕЗИДЕНТЛИК САЙЛОВЛАРИДАГИ ҚОНУНИЙЛИКНИ ТАН ОЛМАЙДИ. ШУНИНГ УЧУН QALAMPIR.UZ НИНГ ИНГЛИЗЧА ВЕРСИЯСИДА ҲАМ ЛУКАШЕНКО ШУНЧАКИ “ФУҚАРО” ДЕБ ТАНИШТИРИЛГАН.

    Жорий йилнинг 1 март куни чоп этилган мақолада “1 март санасида Беларус фуқароси Александр Лукашенко Хитойга давлат ташрифи доирасида Си Сзинпин билан учрашгани” қайд этилган. Шу билан бирга, нашр Лукашенкони “давлат раҳбари” ва “президент” деб атайдиган Беларуснинг “БелТа” давлат телеграф агентлигига ҳавола беради.

    Айнан шу куни “Qalampir.uz” Беларус республикаси давлат раҳбари матбуот хизматига таяниб, яна бир материал эълон қилди, унинг тизерида “Беларус фуқароси Александр Лукашенко 28 февраль куни давлат ташрифи билан Хитойда бўлди” дейилади. Нашр шунингдек, Лукашенкони “Путиннинг асосий иттифоқчиси” деб атайди. “Бу ташрифга Ғарб ОАВда шубҳа билан қаралмоқда. Хусусан, Путиннинг асосий иттифоқчиси бўлган Лукашенко Пекинга АҚШнинг Хитой Россияга ёрдам беришни кўриб чиқаётгани ҳақидаги даъволари кучайиб бораётган бир пайтда етиб келди. Хитой бу айбловларни рад этган бўлса-да, Лукашенконинг ташрифи алоҳида сигнал сифатида баҳоланмоқда”, дейилади хабарда.

    Александр Лукашенко тилга олинган деярли барча материалларда нашр “Беларус фуқароси” ёки “мамлакат резиденти” атамасидан фойдаланади. Дарвоқе, нафақат Беларус мухолифати, балки кўплаб Украина ва Ғарб ОАВлари ҳам ўз материалларида уни президент деб атамайдилар. Масалан, Озодлик радиоси (RFE/RL) янгиликларда фақат Александр Лукашенконинг исми ва фамилиясини ёзади, унинг давлат лавозимини тилга олмайди. Deutsche Welle (Немис тўлқини) радиостансияси ҳам худди шундай усулда ишлайди, баъзида “Беларус ҳукмдори” иборасини ҳам қўллайди.

    Бундан ташқари, Qalampir.uz Украина билан урушда Россияни қўллаб-қувватлаётган таниқли санъаткорлар ёки сиёсатчиларга нисбатан “Путинпараст”, “Россияпараст”, “Кремлпараст” каби эпитетлардан фойдаланади.

    Лекин “фуқаро Лукашенко” ўзбек матбуотининг рус тилидаги вариантларидаги бирорта мақоласида сезилмади.

    Хулоса

    Умуман олганда, ўзбек матбуоти баланд овозда бўлмасада, лекин мамлакат Украинадаги урушга ва бошқа муҳим сиёсий воқеаларга нисбатан ўз позициясини, ўз баҳосини акс эттиришга ҳаракат қилмоқда. Ўзбек тилида бу позиция анча дадил ва кескин ифодаланаётган бўлса, рус тилидаги вариантларда юмшоқроқ риторика тарзида қўлланилмоқда. Аксарият ҳолларда уруш мавзусидаги мақола ва суҳбатлар рус тилига таржимасиз фақат ўзбек тилида эълон қилинади.

    Шу билан бирга, материалларни фақат рус тилида нашр этадиган баъзи нашрлар одатда Россия-Украина уруши мавзусини ва у билан боғлиқ бўлган ҳар қандай нарсани эътиборсиз қолдиряптилар.

    Шунга қарамай, ўзбек журналистлари Украинадаги воқеаларни махсус операция эмас, балки уруш деб атаётганлари қувонарли ҳол. Шунингдек, аввалги тузум ва таъқиблардан “қўрқиб қолган” ОАВ вакиллари кўп бўлмаса-да, ўз позициясини ҳам, экспертлар позициясини ҳам анча журъатли ифодаламоқдалар. Ҳеч бўлмаганда ҳозирча битта мавзу доирасида бўлса ҳам.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read