Бугун Олмаота шаҳрида “Марказий Осиёда интернет соҳасини ривожлантириш Internet CA-2023” 14-Марказий Осиё интернет форуми бошланди. Форумнинг асосий мавзуси рақамли ҳуқуқларни тартибга солишда оқилона мувозанатни белгилаб олиш зарурати бўлди. 14-Интернет форуми ишида рақамли ҳуқуқлар, фактчекинг, медиасаводхонлик, сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари, нотўғри ташвиқотга қарши кураш бўйича Марказий Осиё, Европа ва АҚШдан келган мутахассислар иштирок этмоқда.
Олти ёшдан катта қозоғистонлик 90 фоиз аҳоли интернетдан фойдаланади. Бу ҳаётимизнинг ажралмас қисми, аммо бу тенденция фойдаланувчиларга янги имкониятлар берса, давлатнинг ушбу жараённи тартибга солиш йўлида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларни ҳал этиши лозимлигини тақазо этади.
АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) минтақавий миссияси директори вазифасини бажарувчи Луис Ривера шундай деди: “USAID технологик инновацияларни рағбатлантиришга содиқ, лекин шу билан бирга, рақамли ҳуқуқларни тартибга солиш ва асосий эркинликларни ҳимоя қилиш ўртасида оқилона мувозанатни сақлаш ҳам муҳим. Бунинг учун эса, албатта, рақамли асрнинг хавф-хатар ва имкониятларини аниқ тушуниш, шунингдек, халқаро стандарт ва илғор тажрибаларга содиқлик асосида эҳтиёткор ва хабардор ёндашув талаб этилади”.
InternetCA-2023 муҳокамаси учун асосий мавзулар: рақамли ҳуқуқларни тартибга солиш ва хавфлар, сўз эркинлиги ва интернетдаги цензура, сунъий интеллектнинг истиқболлари ҳамда хатарлари ва бошқалар.
Алоҳида сессиялар ташвиқот ва дезинформация мавзусига бағишланади. Зеро, интернет ахборот урушларида самарали ва ажралмас қуролга айланди. Бу асосан жамиятнинг қутбланишига ва нафрат нутқининг ўсишига олиб келди. Бундай шароитда фуқаролик маконининг янада қисқаришига йўл қўймаслик учун зарур рақамли кафолат ва уларни давлат томонидан тартибга солиш ўртасида ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ ваколатли мувозанат лозим.
“Бугун айнан ижтимоий тармоқлар сўз эркинлигини таъминлаш пиллапояси вазифасини ўтамоқда ва табиийки, уларни назорат қилиш ва тартибга солиш улар зиммасига тушмоқда. Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари қонунчилиги ҳар доим сўз эркинлигини тартибга солиш соҳасида репрессив ёндашув билан ажралиб турган, бироқ сўнгги тенденциялар тобора кўпроқ ташвиш уйғотмоқда”, — дейди Freedom House Қозоғистон ваколатхонаси директори Виктория Тюленева.
InternetCA форумининг 14 йиллик фаолияти давомида 2200 дан ортиқ киши унинг иштирокчисига айланди. Шу вақт мобайнида дунёнинг 26 мамлакати экспертлари томонидан глобал тармоқни ривожлантиришнинг долзарб масалалари бўйича 300 дан ортиқ маъруза, тақдимот ва маҳорат дарслари ўтказилди.
Тадбир анъанавий тарзда “MediaNet халқаро журналистика маркази” жамоатчилик жамғармаси томонидан “Очиқ жамият” жамғармаси, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), Internews Network, ЕХҲТнинг Остонадаги дастурлар офиси ва Freedom House кўмагида ташкил этилди.
Қўшимча маълумот учун Снежана Цойга мурожаат қилиш мумкин: snezhana.tsoy@medianet.kz