No menu items!
More
    ДомойМедиа танқидЮлдузлар халқ орасида: MilliyTV да «Ҳорманг» дастури

    Юлдузлар халқ орасида: MilliyTV да «Ҳорманг» дастури

    «Биз одамларга табассум ва қувонч келтирамиз!» — совет давридаги «Бремен мусиқачилари» мультфильмида шундай куйланган эди. Ўзбекистондаги «Milliy TV» хусусий телеканалининг «Ҳорманг» дастури бошловчилари ҳам тахминан шундай қўшиқ билан эфирга чиқишлари мумкин эди. «Янги репортёр» медиатанқидчиси Навруз Хуррамов дастурнинг бир нечта сонини томоша қилиб, у кўплаб таркибий қисмлардан иборат эканлиги ва «микс» жанрга мансублигини аниқлади ҳамда бу «халқ шоу»си фойдасига нечоғли хизмат қилиши ё қила олмаслиги масаласига таҳлилий ёндашди.

    Яхши кайфият сизни тарк этмасин!

    Яқин вақтга қадар «Ҳорманг» кўрсатуви ҳар куни соат 17:35 да эфирга чиқар, унинг ҳар бир сони тахминан 20 дақиқа давом этарди. Ҳозир  дастурда танаффус, эҳтимол, навбатдаги мавсум тугагандир.

    Дастурнинг экран пардасига «Юртимиз бўйлаб саёҳат» деб ёзиб қўйилган. Бироқ, амалда, у мутлақо «Орёл и решка» теледастурининг ўзбекча шакли ҳам ва ҳатто бошловчи — Елена Кукеле Қозоғистон кенгликлари бўйлаб кезиб юрадиган «Life is food» дастурининг аналоги ҳам эмас. «Ҳорманг»да тасвирга олинадиган жой  ёки объект кўпроқ фон ё динамик лавҳа сифатида хизмат қилади. Сюжет марказида эса бошловчилар ва уларнинг йўлида учрайдиган оддий одамлар. Бошловчилар бирор диққатга сазовор жойни танлашмайди ҳам. Камдан-кам ҳолларда Тошкент ва Тошкент вилоятидан нарига йўл олишади. Тасвирга олиш ишлари картошка ёки пахта далалари, қишлоқлар, маҳаллаларда бўлади. Шаҳарда эса съёмка гуруҳи истироҳат боғлари, хиёбонлар, ишлаб чиқариш корхоналари, илмий институтлар, турли муассасалар, ўқув юртларида бўлади.

    Ҳар бир кўрсатув хонанда Дилноза Ҳакимова ва шоумен Лазизнинг қай манзилда эканлиги, кейин эса уларнинг бирга ёки алоҳида сайрга бориши ҳақида ҳикоя қилинувчи кадр билан бошланади. Яна «Орёл и решка»ни эслатяптими? Аммо, бу кўрсатувда бошловчилар диққатга сазовор жойлар ҳақида ҳикоя қилишмайди. Уларнинг мақсади — одамлар билан суҳбатлашиш ва уларнинг кайфиятини кўтариш. Қандай қилиб? Йўлда учраган кишилар билан танишиб, бироз суҳбат қурилади, ҳазиллашилади. Одамларга «Кайфиятингиз қандай?», «Кайфиятингизни нима кўтаради?», «Сизнинг биринчи муҳаббатингиз», «Ҳаётингиздаги энг бахтли кун?», «Нимадан кўпроқ хурсанд бўласиз?», «Одамларга нима етишмайди?», «Қандай сериалларни томоша қиласиз?» қабилидаги оддий саволлар берилади. Ёки ҳатто бироз жиддийроқ саволлар, масалан, «Ҳақиқий дўст қандай бўлиши керак?», деган мазмунда бўлиши ҳам мумкин. Бу мини-сўров, одатда, «Сизга қайси қўшиқ ёқади?», деган савол билан якунланади. Бошловчиларга тан бериш керак: Ўзбекистонда озми-кўпми оммалашган ҳар қандай қўшиқни ёддан билишади. Улар — профессионал хонанда. Шу боис, албатта, суҳбатдошлари эсга олган қўшиқни дарҳол куйлаб беришади: Дилноза Ҳакимова а капелла жанрида, Лазиз эса гитарада ижро этади. Суҳбатдошлар, одатда, қўшиққа жўр бўлишади. Бошловчиларнинг вокалдаги маҳорати қувонарли ва шубҳасиз, кўрсатувнинг ёрқин жиҳатларидан биридир.

    Кўрсатув диққат марказида — одамлар

    Қувноқ ва хушчақчақ бошловчилар, ҳақиқатан ҳам, йўлларида учраган кишининг кайфиятини кўтаришни уддалашади. Бироқ, бу ерда бош қаҳрамон бошловчилар ҳам, ҳатто уларнинг тасодифий суҳбатдошлари ҳам эмас, балки томошабиндир. Дастур муаллифлари, биринчи навбатда, экран ортидаги кишининг кайфиятини кўтариши лозим.

    Маълумки, медиа воситалари орқали етказиладиган ҳар қандай мазмуннинг асосида «одамларга бошқа одамлар ҳақида ҳикоя қилиш» принципи туради. Айнан кимга ва ким ҳақида гапириш — буниси энди мавзу ва формат масаласи. Албатта, томошабинларнинг кўпчилиги кўпроқ «юлдуз»лар ҳақидаги лавҳаларни хуш кўради. Ва шуниси ҳам борки, деярли ҳаммада мана бундай истак мавжуд: «Юлдуз ролида бўлсам, ҳеч бўлмаса беш дақиқага».

    Кўпчилик журналистлардан сўрасангиз, улар сизга хизмат вазифасини бажараётган маҳал камера объективига тушиш истагида бўлган одамлар тасвирга олиш жараёнига неча марталаб халал бергани ҳақида сўзлаб беришади. Айни сабабга кўра, қачонлардир «Сам себе режиссёр» («Ўз-ўзига режиссёр») дастури жуда машҳур бўлган эди: одамлар ўзларини телеэкранда кўриш орзусида кўрсатувга узлуксиз равишда уйда олган видеоларини жўнатишарди, кўпинча, бундай лавҳалар кулгили бўлса ҳам. Шу сабабга кўра, «бобслей» деб аталувчи янгиликлар сюжетларининг даражаси юқорида айтилган лавҳалардан анча юқори ва мақсадга мувофиқдир. Чунки уларда одамларга кўча-кўйда дуч келиниб, бирор савол берилади ва бу шуни англатадики — сизнинг жавобингиз биз учун муҳим.

    «Ҳорманг» дастури одамларга телевизион шуҳрат дақиқаларини туҳфа этадиган кўрсатув ва у ана шу шуҳратга муносиб бўлган оддий кишилар ҳақида. Буларнинг бари — табассум, ҳазил-ҳузул, «Ҳорманг!» сингари самимий тилаклар, қўшиқ ва рақслар, баъзида эса кутилмаган саволлар орқали намоён бўлади. Шу маънода айни жиҳатларни «Орёл и решка» ва «Минуты славы» («Шуҳрат лаҳзалари») кўрсатувларининг ёқимли гибриди деса ҳам бўлади.

    Уйғунлашув муаммолари

    Бу кўнгилочар дастур классик комедия ёки юмористик кўрсатувлар тоифасидан эмас; одамлар кайфиятини кўтариш — биринчи галдаги вазифа, асосий мақсад эса оддий одамларнинг ҳаётини уларга одатий маромда кўрсатиш, уларни нима қувонтириши, нимага қизиқишлари ҳақида ҳикоя қилиш; агар омадлари чопса, эртага уларни ҳам худди шундай телевизорда кўрсатиш мумкинлигини эслатишдир. Тан олиш керак, ҳозир блоггинг ва интернет асри бўлишига қарамай, «телевизорда чиқиш» барибир қизиқлигича қолмоқда.

    2019 йилги сўров натижаларига кўра, ахборот манба бўйича берилган саволга респондентларнинг барча ёш тоифалари бўйича энг оммавий жавоб «телевидение!» бўлди. Сўровномада 14 дан 65 ёшгача бўлганларнинг аксарияти шундай жавоб беришган. Энди ушбу дастурнинг камчиликларига келсак.

    Биринчидан, одамлар билан мулоқотлар жуда қисқа, кўпинча, улар муайян шаблонга тушиб қолган. Кўрсатувнинг аксарият сонларида бу жараён экспресс-сўровни эслатади. Бошловчилар дастур давомида имкон қадар кўпроқ одамларга эътибор қаратишга — кўпроқ қаҳрамонларни қамраб олишга ҳаракат қилишади ва бундай ёндашув билан кўпчилик иштирокида ранг-баранг шаклдаги қизиқарли суҳбатлар қуриш мушкул масала. Мазкур масаланинг ечимларидан бири шуки, ҳар бир кўрсатувда бош қаҳрамонларни танлаб олиб, қолганлар билан қисқа мулоқот шаклида суҳбатлашиш йўли билан миқдор ва сифат мувозанатини сақлаб қолишга эришиш мумкин.

    Иккинчидан, кўрсатувнинг кўп сонларида тасвирга олиш учун нега айнан шу объект ёки жой танлангани ҳақида изоҳ йўқ.

    Учинчидан, дастур географияси Тошкент ёки Тошкент вилояти билан чекланиб қолган, яъни, телекўрсатув ижодий гуруҳи деярли пойтахт ҳудудини тарк этмайди (Андижонда тасвирга олинган бир неча кўрсатувни ҳисобга олмаганда).
    Ва ниҳоят, тўртинчидан: дастурда, чамаси, сценарий йўқ ёки бўлса ҳам у жуда оддий. Дастур географиясини режалаштириш ва пухта ўйланган сценарий кўрсатувнинг бундай камчиликларини тўлиқ бўлмаса ҳам бирмунча бартараф этган, унинг асосий мақсадини яхшироқ очиб берган бўлар эди.

    Навруз Хуррамов
    Навруз Хуррамов
    Журналист, редактор

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read