No menu items!
More
    ДомойМедиа саводхонликОлмаотада Медиа саводхонлик бўйича биринчи халқаро конференция иш бошлади

    Олмаотада Медиа саводхонлик бўйича биринчи халқаро конференция иш бошлади

    9 июнь куни Олмаота шаҳрида Медиасаводхонлик бўйича биринчи халқаро конференция иш бошлади. Икки кун давом этадиган офлайн тадбир Марказий Осиё ва бошқа мамлакатлардан 60 нафар медиасаводхонлик бўйича экспертларни минтақада медиа ва ахборот саводхонлигини ошириш мақсадида бирлаштирди.

    Марказий Осиё мамлакатлари – Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда медиа ва ахборот саводхонлигини оширишни қўллаб-қувватлаш бўйича кўплаб инновацион лойиҳалар амалга оширилмоқда: стол ва мобил ўйинлар, театрлаштирилган томошалар, комикс ва бошқалар. Бироқ бу ташаббусларнинг аксарияти нодавлат ва жамоат ташкилотлари томонидан амалга оширилмоқда. Минтақадаги давлатлар барча манфаатдор томонларни ўз ичига олган миллий медиасаводхонлик стратегияларидан катта фойда олишлари мумкин. Конференциядан кўзланган мақсад маҳаллий ва халқаро тажриба асосида бундай стратегияларни ишлаб чиқиш бўйича концептуал асос ва тавсияларни шакллантиришдан иборат.

    Марат Бигалиев. Алексей Ли фотоси

    Анжуманда Internews ташкилотининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси ва MediaCAMP Марказий Осиё дастури раҳбари Марат Бигалиев табрик сўзи ирод қилди. У анжуманда минтақадаги таълим соҳасида фаолият юритаётган давлат муассасалари ва вазирликлардан вакиллар иштирок этишини маълум қилди.

    — Йил сайин биз яшаётган ахборот асрида медиасаводхонлик кўникмалари муҳим эканига тобора кўпроқ ишонч ҳосил қилмоқдамиз. Ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Фуқаролик жамияти, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва ҳукумат бир-бирининг фаолиятини қўллаб-қувватласа, биз шунча тез илдамлай оламиз. Медиасаводхонлик бўйича MediaCAMP халқаро конференцияси келгуси ҳамкорлигимиз учун пойдевор бўлади, деб умид қиламиз. Бугунги тадбиримиз ноодатий тарзда ўтмоқда. Бу, бизнинг режамиз бўйича, мутахассисларни бир жойга тўплаш, мамлакатларимизда медиа ва ахборот саводхонлигини ривожлантириш борасидаги ишлар ҳолати ҳақида суҳбатлашиш, муваффақиятлар билан ўртоқлашиш, муаммолар ва истиқболларни қайд этишни учун қулай майдондир, — деди Марат Бигалиев.

    Лоуренс Харди II. Алексей Ли фотоси

    – Медиасаводхонлик мафкура ёки сиёсат эмас, балки хабарларни шифрлаш ва ахборотни танқидий идрок этиш қобилиятидир. Танқидий фикрлаш – бу барча фуқаролар, ёшлар ва ёши катталар ҳам демократик жамиятнинг фаол иштирокчиси сифатида эгаллашлари керак бўлган ҳаётий кўникмалардир. Бу барқарорликни таъминлаш ва ижтимоий масалаларни ҳал этиш учун қулай макон. Бу, шунингдек, ҳукумат билан фуқаролар ўртасидаги кўприк, фаолиятнинг шаффофлиги ва ҳисобдорлигини таъминлайди, – деди USAID ташкилотининг Марказий Осиёдаги минтақавий миссияси директори Лоуренс Харди II.

    Рухшона Нажмиддинова. Алексей Ли фотоси

    — Ҳозирги вақтда медиасаводхонлик нақадар аҳамиятли эканини таъкидлаш учун, бир ҳолат ҳақида гап очмоқчиман. Мен тез-тез қизимга онам, бувим ҳақида турли воқеаларни айтиб бераман. Ва бир куни қизим мендан бувим кичкиналигида электр мавжуд бўлмаганини эшитиб: “Нима, улар ҳатто планшетларини ҳам қувватлантира олишмаганми?”, деб савол берди. Замонавий болалар ушбу гаджетлар ва бугунги кунда биз катта маълумотлар оқимини қабул қиладиган барча юқори технологияли воситалар илгари мавжуд бўлмаган оламни сира тасаввур қила олмайдилар. Бугунги кунда болалар дуч келаётган маълумотлар оқими ҳам бизнинг болалигимизда йўқ эди. Бугунги кунда медиасаводхонлик шунчаки русумдаги сўз эмас, бу мен учун аҳолининг умумий саводхонлиги даражаси билан баробар. Одамлар маърифатли бўлиши керак – бу шубҳага ўрин қолдирмайдиган ҳақиқат. Ахир бир вақтлар ўқиш ва ёзиш қобилияти олий даража мақомида эди. Жамият қанчалик билимли бўлса, шунча яхши, – деди Internews ташкилотининг Тожикистондаги минтақавий директори Рухшона Нажмиддинова.

    Конференция иштирокчилари, шунингдек, фанлараро ёндашув, геймификация, мобил технологиялар ва саҳна санъатларини жалб қилиш каби медиасаводхонликни ошириш тенденцияларини муҳокама қиладилар. Конференциянинг яна бир муҳим мавзуси – инқироз даврида жамиятнинг дезинформацияга чидамлилиги. Бир неча сессиялар бу борада Марказий Осиё дуч келаётган муайян муаммолар ва уларни ҳал қилиш йўлларига бағишланади. Шунингдек, ижодий ёндашувларга эътибор қаратилган ҳолда Марказий Осиё ва бошқа мамлакатлардаги илғор тажрибалар намойиш этилади. Тадбир доирасида минтақавий MediaCAMP Эдьютон 2022 танлови финалчиси, қозоғистонлик ёш муаллиф Aннас Багдатнинг медиасаводхонликка бағишланган мюзикли премьераси бўлиб ўтади.

    Алексей Ли фотоси

    Медиасаводхонлик мавзусига қизиқувчилар 2022 йил 9 ва 10 июнь кунлари Internews YouTube-каналида эфирга узатиладиган очиқ сессияларда иштирок этишлари мумкин. Машғулотлардан Финляндияда медиасаводхонликни ривожлантириш миллий стратегияси, медиа саводхонлик бўйича таълимнинг янги стандартлари ва дезинформация билан боғлиқ минтақадаги муаммолар каби мавзулар ўрин олган. Очиқ сессиялар жадвали билан ушбу ҳавола орқали танишишингиз мумкин. Биринчи сессия ёзувлари ушбу ҳаволада тақдим қилинган.

    Лойиҳа АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) кўмагида Марказий Осиё MediaCAMP дастури доирасида амалга оширилмоқда.

    ОСТАВЬТЕ ОТВЕТ

    Пожалуйста, введите ваш комментарий!
    пожалуйста, введите ваше имя здесь

    Must Read