Фейкни ишончли ахборотдан қандай фарқласа бўлади? Бундай кўникмага эга бўлиш учун интернетда ишлаш тажрибаси ва фотосуратни таҳрир қила олиш керак бўлади. Ҳар ҳолда бу омиллар фейкли янгилик қандай тайёрлангани ва у қаерда — Facebook ёки New York Times да жойлаштирилганлигини билишдан кўра муҳимроқдир.
Баъзида фейкли фотосурат шунчалик пухта тайёрланган бўладики, унда ҳақиқий сурат тасвирланганми-йўқми, билиб бўлмайди. Ушбу икки тасвирга диққат билан қаранг ва улар ростакамми ёки фейкми, айтинг.
Хитой Чжэнчжоудаги кўприкнинг бир қисми қулаб тушгандан кейин камида бир киши ҳалок бўлди. Унча катта бўлмаган, чанг босган, камбағалгина ҳолга эга бўлган бино Зимбабвенинг пойтахти ёнидаги шаҳар бўлмиш Хараредаги бошланғич синф ўқувчилари учун синф хонаси вазифасини ўтайди.
Сизнинг баҳоингиз фақат ташқи кўринишдан олинган ахборотга асосланиши мумкин. Ёки баҳолаш чоғида сиз манбанинг нуфузини ёки лайк босган ва репост қилган одамларнинг сонини эътиборга олишингиз мумкин.
Калифорния ва Виржиния университетларининг профессорлари одамлар онлайн-воқеликларни акс эттирувчи тасвирларнинг ишончлилигини қандай баҳолашлари ҳамда бу баҳолашда қандай унсурлар қўлланилишини ўрганишди. Маълум бўлишича, фойдаланувчи қанчалик интернет, рақамли фотосурат ва онлайн-медиаплатформалар билан ишлаш кўникмасига эга бўлса, унинг фейкли тасвирлар “қармоғи”га тушиб қолиш хавфи кам экан. Бошқача айтганда, сизнинг медиасаводхонлик даражангиз қанчалик юқори бўлса, сизни алдаб кетиш шунчалик қийин бўлади.
Кимларни алдашга эришилди?
Материалнинг бошидаги фотосуратларга қайтамиз.
Ҳар иккала тасвир ҳам — фейклар.
Мазкур тадқиқотнинг асосий вазифаси одамларнинг онлайн-тасвирлар хусусидаги фикрларига ҳар бир омилнинг қандай ва қанча таъсир этишини аниқлашдан иборат бўлди. Биринчи манбанинг ишончлилиги шундай унсурлардан бири бўлиши мумкинлиги тахмин қилинган эди. Бинобарин, ҳар қандай иккинчи манба — репост қилган одамларга бўлган ишонч масаласида ҳам шу ҳолат. Бошқа яна бир тахмин — томошабиннинг қарорига унинг тасвирланган муаммога бўлган муносабати таъсир қилиши мумкинлиги эди. Масалан дейлик, интернет-фойдаланувчи суратда тасвирланган нарсани қабул қила олмаса, унинг бу нарсани фейк деб ўйлашининг эҳтимоли катта. Ва аксинча, кўриб турган нарсасини қабул қилса, фотосуратнинг ҳаққонийлилигига ишончи кучли бўлади.
Бундан ташқари, тадқиқот муаллифлари тасвирлар билан манипуляция қилиш ҳамда фейкларни яратишга имкон берувчи дастак ва техникалар борасида инсоннинг ожизлик даражаси қанчалик эканлигини кузатиш эди. Сўнгги йилларда ахборотни қалбакилаштириш усуллари рақамли манипуляцияни фош этиши мумкин бўлган технологияларга нисбатан тезроқ ривожланиб кетди.
Шунга қарамасдан, фейкли янгиликлар билан боғлиқ таваккалчилик ва хатарлар даражаси юқорилигича қолмоқда. Одатда қалбаки тасвирлардан ғараз ниятда – ижтимоий фикрга таъсир ўтказиш ёки руҳий кечинмаларни юзага чиқариш мақсадида фойдаланишади. Узоққа бормайлик, ўтган ойда Индонезиядаги сайловлардан кейинги тартибсизликлар вақтида бир киши ғаразли ниятда ижтимоий тармоқларда жамиятда аксилхитой кайфиятларини аланга олдириш мақсадида “Хитой хорижий ишчилар сифатида Индонезияга жангариларни юбориди” номи остида фотосуратни тарқатган.
Фейкли тасвирларни тестлаш
Барча шу назарияларни текшириб кўриш мақсадида тадқиқот муаллифлари турли хил мавзуларда, шу жумладан, ички ва ташқи сиёсат, илмий кашфиётлар, табиий офатлар ва ижтимоий муаммолар мавзуларида олтита фейкли фотосуратларни яратишди. Кейинги навбатда мазкур тасвирлар 28 та макетли композицияларга ажратилиб, ушбу фотосуратлардан ҳар бири интернетда акс этиши мумкин. Масалан, бу фотосурат Facebook да ёки The New York Times нинг веб-сайтида янгилик сифатида берилиши мумкин.
Ҳар бир макет қисқача матнли ёзув ва бир нечта контекстли ёрдамчи луқма ва хусусиятларга эга бўлган қалбаки тасвирдан иборат бўлиши мумкин: фотосурат қаерда олинганлигини кўрсатувчи аниқ жой, унинг манбаси тўғрисидаги ахборот, сурат муаллифи тўғрисида, шунингдек, мақолага нисбатан қанча лайк босилган ёки бошқа муносабатлар билдирилгани акс эттирилади. Барча тасвирлар ва кузатиб борувчи матн ва ахборотнинг ҳаммаси тўлиқ ясамадан иборат бўлган. Якуний вариантлар қандай кўринишга эга бўлганлигини материал бошидаги иккита фотосуратдан кўриб, билиб олса бўлади.
Фақат қалбаки тасвирлардан фойдаланилганини айтиш муҳимдир: иштирокчилардан бирор ким тадқиқотга қўшилишдан олдин тасвирнинг асл нусхасига дуч келиши имкониятини бекор қилиш учун шундай қилинган. Тестдан ўтказишда Amazon Mechanical Turk компаниясидан 3476 нафар киши иштирок этган. Барча иштирокчиларнинг ёши камида 18 ёш бўлган, барчаси АҚШда яшаган.
Тадқиқотнинг биринчи қисмида ҳар бир иштирокчи ўзининг интернетда ишлаш малакаси, рақамли тасвирлар билан ишлаш тажрибаси ва турли хил ижтимоий-сиёсий масалаларга муносабати билан боғлиқ бир туркум саволларга жавоб берди. Тасвирга диққат билан қараб, унинг ишончлилигига баҳо бериш сўралди.
Контекст ёрдам бермади
Иштирокчиларнинг тасвирлар ишончлилиги тўғрисидаги мулоҳазалари мазкур фотосуратлар тақдим этилган контекстдан келиб чиқиб ўзгармади. Қулаб тушган кўприк тасвирини у Facebook даги пост бўладими ёки New York Times сайтидаги мақоланинг бир қисми бўладими, бундан қатъи назар, уни фейк сифатида ҳисобга киритишган.
Интернет ва рақамли фотосурат билан ишлаш малакасининг даражаси натижага таъсир кўрсатувчи асосий омиллардан бўлди. Ижтимоий тармоқлар ва тасвирларга рақамли ишлов бериш дастаклари билан яхши таниш бўлганлар фотосуратларнинг асллигига кўпроқ шубҳа билан қарашди ва уларнинг асллигига доир масалага камроқ ишонч билдиришди.
У ёки бу масалада одамларнинг қатъий фикр ва мулоҳазаларига келсак, бу омил ҳам фотосуратлар ишончлилигини баҳолашда муҳим таъсир кўрсатган. Масалан, киши тасвирга берилган изоҳни қабул қилмаса, уни фейк сифатида қабул қилиши эҳтимоли юқори бўлади.
Бу омилнинг ўзи ҳам нима учун фейклар бу қадар осон ва тез тарқалишини изоҳлаши мумкин: одамлар уларнинг нуқтаи назарларини тасдиқлаган бирор нарсага дуч келишса, бу мавзуларни ўз дўстлари ва интернетдаги обуначилар орасида ўртоқлашишга катта ғайрат билан киришиб кетадилар.
Нима қилмоқ керак?
Таассуфлар бўлсинки ёки шундай бўлгани яхшиликкадир, манипуляция ва фейкларнинг қурбони бўлиб қолмасликнинг бирдан-бир йўли бор. Дарвоқе, унинг ҳам самарасини тадқиқотлар тасдиқлайди. Бунинг учун онлайн-медиа ва рақамли тасвирларни таҳрир қилиш ишларига иложи борича кўпроқ одамларни жалб этиш, бунга шу жумладан, таълимга инвестиция киритиш йўли билан ҳам эришиш лозим. Ана шунда улар интернетдаги тасвирни қандай баҳолаш кераклиги ҳақида кўпроқ билиб оладилар, чунончи, бунда фейкларнинг қурбонига айланиш эҳтимоли ҳам камаяди. Бошқача айтганда, медиасаводхонлик малакасини ошириш зарур. «Янги репортёр»нинг мазкур мавзудаги материалларини бу ерда топиш мумкин.
Материал niemanlab.org сайтидаги мақола асосида тайёрланган.
Муаллиф: Ольга Королева